Каримбек Шарифбек ўғли – Камий (1865–1922) – миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг йирик вакилларидан бири. 1890 йиллардан шоир сифатида танилган. Камий мумтоз шеъриятнинг ғазал, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, рубоий, қитъа, фард жанрларида қалам тебратди. Ижтимоий-фалсафий руҳдаги манзумалар ёзди. Адабий-ижтимоий ҳаётдаги энг муҳим воқеалар санасини ўзида дарж этган тарихлар яратди. Шоирдан 6000 мисрага яқинроқ адабий мерос қолган.
Камий ижоди мураккаб, дунёқараши зиддиятли. Шоир ўзининг “Темир йўл хусусида”, “Дилки миллат ғамида қон ўлди…”, “Солди беилмлик хатоларға” каби қатор шеърларида халқни маърифатли бўлишга даъват этган.
Шоирнинг жўшқин ишқий ғазаллари, заҳарханда ва дадил ижтимоий манзумалари, миллат келажагига куюниб, унинг фарзандларини илм-маърифатга даъват этган шеърлари ўз даврида катта мавқега эга бўлган.
Таъкидлаш жоизки, Камий шеърларида чархнинг “равиши каж” (қинғир йўл)лигидан то золим подшоҳнинг зулмигача, очлик йилларининг “суубату алами” (қийинчилик алами)дан Февраль буржуа инқилобининг “сурури”гача, Октябрнинг “ранжу зулми”дан бошлаб Туркистон Мухториятини қонга ботирган большевикларнинг “феъли бад”и (ёмон ишлари)гача ўз ифодасини топган.
Тарихдан маълумки, ХХ асрнинг бошларида ўзбек халқи тарихида ўчмас из қолдирган, озодлик ва мустақиллик ғояларини ўзида мужассамлаштирган, ўлкадаги биринчи миллий-демократик давлат тузилмаси – Туркистон Мухторияти ташкил этилади. Афсуски, узоқ йиллар мустамлака зулми остида яшаган Туркистон халқининг азалий орзу-умидларини ўзида намоён этган, уларнинг манфаатларига тўла мос келадиган Мухторият янги мустабид большевиклар томонидан шафқатсизларча тор-мор келтирилди.
1918 йил февралида Қўқонда содир бўлган ана шу фожеали воқеа кўпчилик ватанпарвар шоирлар қаторида Тошкандий Камийни ҳам бефарқ қолдирмади. Ижодкорнинг “Ал-Изоҳ” журналининг 26-сонида (21 март 1918 йил) эълон қилдирган “Афсуснома Хўқанд фожеасина” сарлавҳали мухаммаси айнан Қўқон шаҳрида большевиклар томонидан қуролли босқин йўли билан Мухторият тугатилиши воқеаларига бағишланади.
Маълумот ўрнида:
“Ал-Изоҳ” журнали 1917-1918 йилларда Тошкентда нашрдан чиқарилган. Журнал ХХ асрнинг бошларида туркистонликларнинг миллий манфаатларини ифода этувчи, ҳаётнинг турли соҳаларини ёритувчи, ўлкада рўй бераётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар ва маданий воқеалардан хабар берувчи миллий матбуот нашрларидан бири бўлган.
Унинг муассиси бўлган “Уламо” жамияти эса 1917 йилнинг июнь ойида Тошкентда бир гуруҳ уламолар томонидан “Шўрои исломия” ташкилоти билан умумий иш кўриш билан баробар, миллатлар ҳамда мусулмонларнинг ахлоқий асосларини муҳофаза қилиш, мусулмон фуқаролар орасида диний заминда юзага келиши мумкин бўлган ҳар хил шикоят ва англашилмовчиликларни ҳал этиш мақсадида таъсис этилган.