Муваффақиятсиз 14-юриш, Султон Жалолиддин ҳақида котиб ёзган китоб


Сақлаш
18:03 / 01.12.2021 1671 0

 

Ануштегинийлар сулоласи бошқарган Хоразмшоҳлар давлатининг (1027–1231) кўп йиллик тарихи ўша давр мусулмон тарихчилари томонидан ёзилган қатор асарларида ўз аксини топган. Улар асосида ушбу сулоланинг сўнгги вакили, буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди ҳукмронлиги, унинг мўғул истилочиларига қарши қаҳрамонона кураши ҳақида Ғарбий Осиё сарҳадларидаги фаолияти кузатиш ва таҳлил этилганлигини кўриш мумкин. Айрим манбалар ва адабиётларда унинг исми Мангбурни шаклида ҳам келтирилади.

 

Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги XIII асрдан то ҳозиргача яратилган асарлар салкам 500 жилдга яқин китобни ташкил этади. Бу асарлар шартли равишда икки даврга: биринчи даври – XIII–XVIII асрларда ёзилган битикларга; иккинчи даври – XVIII–XX асрларда яратилган асарларга бўлиб ўрганиш мумкин. Биринчи даврда яратилган асарларнинг аксарияти Шарқ тарихчиларининг, ижодкорларининг қаламига мансуб ҳисобланади. Уларда Жалолиддин ҳаёти, фаъолияти, тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Мўғулларга қарши олиб борган курашлари акс эттирилади. Мазкур асарлар муаллифларининг аксарияти Жалолиддинни кўрган, билган, у ҳақда эшитган, унинг ҳаётидан хабардор инсонлардир (Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий. Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти. Камол Матёқубов таржимаси. Тошкент: Ўзбекистон-Ёзувчи. 1999. 7-б).

 

Манбашунос олимлар мазкур давр хусусида сўз кетганда кўпроқ “Сийрати Жалолиддин Манкбурни” ва “Тарихи жаҳонгушо” каби асарларга урғу беришади. Чунки уларнинг муаллифлари Шаҳобиддин ан-Насавий ва Алоуддин Атомалик Жувайний тасвирдаги воқеаларни ўз кўзи билан кўрган, уларда қайсидир маънода иштирок этган ва тарих воқеаларига имкон қадар холис кўз билан қараб, мушоҳада юритган.

 

Жалолиддиннинг ҳайти ва курашлари ҳақида энг мукаммал манбалардан бири Шаҳобиддин ан-Насавийнинг “Сийрат ус-султон Жалолиддин Мангуберди (Мангубурну)” асаридир.

 

Нассо (Нисо) вилоятидаги қалъалардан бирининг соҳиби бўлган Насавий 1224 йилда хизмат юзасидан Ироққа бориб қолади ва ўша ерда Султон Жалолиддин хизматига киради. Шундан эътиборан у Жалолиддиннинг ишончли мулозимларидан бирига айланиб, то 1231 йилгача, яъни Жалолиддин Мангубердининг фожиали вафотидан сўнг Насавий хизматни бошқа ҳукмдорлар қўл остида давом эттириб, 1249 йилда Ҳалаб шаҳрида дунёдан кўз юмди.

 

Тарих китобларидан маълум бўлишича, султон Жалолиддиннинг Насавийдан бошқа котиби ҳам бўлган. Унинг исми Хожа Нуриддин Зайдарий Хуросоний бўлиб, форс тилида “Нафсат ал-масдур фи футур заман ас-судур ва заман су дур ал-футур ” номли биографик асар ёзган. Мазкур асар мазмуни ва муаллифи ҳали тарихчиларимизга номаълум бўлгани учун уни айрим олимлар Насавий асарига айнанлаштириб, иккинчи китоби деб қарасалар, айримлари “Сийрати Жалолиддин Манкбурни”нинг бошқа номи деган хато талқинларга борадилар.

 

“Сийрат ас-султон” асари эсдалик тарзида ёзилган асар бўлиб, муқаддима ва 108 та бобдан иборат. Асарнинг I–IV бобларида мўғул-татарлар, Чингизхоннинг келиб чиқиши, Чингизнинг хон бўлиб кўтарилиши ва унинг Мўғулистон ва Шимолий Хитойни бўйсундириши масалалари қисқача баён этилган. V–XXII боблар Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммаднинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган. XXIII бобдан бошлаб китобнинг то охиригача мўғул истилоси ва Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад ўз юртини шармандаларча ташлаб қочиши, султон Жалолиддиннинг ҳаёти ва унинг мўғул истилочилари билан олиб борган қаҳрамонона кураши, унинг Озарбайжон ҳамда Ироқдаги фаолияти ва ниҳоят, фожиали ҳалокати ҳикоя қилинади. “Сийрат ас-султон” асарининг, айниқса, 1224–1231 йиллар воқеаларини ўз ичига олган боблари ноёб ва муҳим илмий қимматга эга, чунки баён этилган воқеаларнинг кўпчилигида муаллифнинг шахсий иштироки кўриниб туради (Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий. Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти. Камол Матёқубов таржимаси. Тошкент: Ўзбекистон, 2006).

 

Насавийнинг Жалолиддин Мангубердини яқиндан билган, асарида баён этилган воқеа-ҳодисаларнинг аксариятида бевосита иштирок этган ёки шоҳид кишиларнинг хабарларига таянган, энг муҳими холисона ва ҳаққоний сўз айтишга интилганки, булар асарнинг илмий қиммати ҳамда ишончлилик даражасини оширади. Насавий ўз асарини битишга Жалолиддин вафотидан қарийиб 10 йил ўтгандан сўнг, 1241 йилдан киришган ва табиийки, эркин фикр билдириш имконига ҳам эга эди. Насавийнинг “Сирот ас-султон Жалолиддин Мангубур”нинг арабий асл матни ва турли тилларга қилинган таржималари бир неча бор дунё юзини кўрди.

 

Насавийнинг асари араб тилида ёзилган ва унинг тўлиқ бўлмаган икки нусхаси етиб келган. Ундан бир нусха Франция Миллий кутубхонасида ва иккинчиси Британия музейида сақланаётир. Асарнинг арабча матнини 1891 йили Октав Уда нашр этган. Шу олим уни 1895 йили француз тилига ҳам таржима этиб, чоп этган (Paris, 1895. In PÉLOV, IIIe., sér., vol. IX-X). Шу таржима асосида 1914–1916 йилларда Ю.Зиё ва А.Тавҳид, 1934 йили мустақил тарзда Нажиб Осим асарни турк тилида, 1945 йили Муҳаммад Али Носих томонидан араб тилидан форс тилига, 1953 йили эса О.Уда таржимаси асосида яна араб тилига Ҳофиз Аҳмад Ҳамдий ўгирган. Асар рус тилида қисман 1850 ва 1900 йиллари чоп этилган. Хусусан, у таниқли шарқшунос олим З.М.Бунётов томонидан рус тилига ўгрилиб, икки марта (иккинчиси арабча матн билан бирга) чоп этилди. Асар ўзбек тилида ҳам К.Матёқубов таржимасида “Султон Жалолиддин Мангуберди” номи билан икки марта нашр этилган (Исмат Очилов. Ёзма манбаларда Жалолиддин Мангуберди тавсифи// "Oriental Art and Culture" Scientific-Methodical Journal – (4) IV/2020. 64-б).

 

Насавий ўз асарида саркарда Султон Жалолиддин сиймосини шундай тасвирлайди: “У (Жалолиддин) қорачадан келган, ўрта бўйли, нутқи ва ифодаларига кўра турк, аммо форсча ҳам гаплашар эди. Унинг жасурлиги ҳақида айтадиган бўлсак... у шерлар ичра шер, моҳир чавандозлар ичида энг ботири эди. У мулойим табиатли бўлиб, ҳеч қачон жаҳлланмас ва сўкинмасди. Ўзини жиддий тутар, аммо у дуч келган исёнлар даври табиатига ҳам таъсир қилди. У фуқаролар турмушини яхшилашга интилар, аммо тушкунликлар даврида ҳукмронлик қилгани учун  зўрлик ишлатишга мажбур бўлди... Унинг ёрлиқларидаги тамғасидаМадад фақат Оллоҳдандеган сўзлар ёзилган эди” (Носир Муҳаммад. Сирли зарварақлар. Тарихий этютлар. Тошкент: Ўзбекистон, 2016. 9-б).

 

Сийрат ас-султонда Насавий 1218 йилдан 1231 йилгача Жалолиддиннинг  вақтинча бўлса ҳам қўл остида бўлган салтанатда, яъни Хоразм, Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Озарбойжон, Грузия каби давлатларда бўлиб ўтган воқеалар, Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад ва Жалолиддин Мангуберди фаолиятлари, Чингизхон босқини ҳикоя қилинади. Асарда келтирилган воқеалар тафсилоти Хоразмшоҳлар мавқеида турган тарихчи тарафидан баён қилинади. Насавий бошқа давр тарихчиларидан фарқли ўлароқ Хоразмшоҳлар давлатининг ички ва ташқи ҳаёти, Туркон хотун ва унинг мамлакат ҳаётидаги ўрни, салтанатнинг емирилиши сабаблари, кўчманчи турк қабилаларнинг (айниқса қипчоқлар ва Туркон хотун уруғидагиларнинг) сотқинликлари, Боғдод халифасининг икки юзлама сиёсати, Жалолиддиннинг ички ва ташқи сиёсати (исмоилий ва аюбийлар, ғуррийлар билан муносабатлар), юришларининг сабаб ҳамда оқибатлари янгича асосда баён қилиниб, талқини берилади (Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий. Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти. Камол Матёқубов таржимаси. Тошкент: O’zbekiston, 2006).

 

Асар маълумотларидан кўриниб турибдики, Жалолиддин Мангуберди оғир бир пайтда, Мовароуннаҳр уруш домига тортилган, мамлакатнинг катта қисми мўғуллар томонидан истило этилган, хоразмшоҳлар қўшини яксон қилинган, амирларнинг бир қисми хоинлик, қолгани ўз жони-мулкини асраш йўлига тушган, султон мамлакатни ўз ҳолига ташлаб қўйган, ўзаро саросима ва таҳлика ҳукм сурган бир вақтда тарих саҳнасида пайдо бўлди. Жалолиддин шундай бир оғир вазиятда, Ватан ва халқ эрки учун курашиб, мўғулларга қарши 11 йил давомида кураш олиб борди, 14 маротаба мўғулларга қарши от суриб, унинг 13 тасида ғолибликни қўлга киритишга муваффақ бўлди (Машарипов Қ. Жалолиддин Мангуберди ҳарбий санъати. Парвон жанги// Хоразм Маъмун академияси ахборотномаси. 2020. № 10. 121-122-б).

 

Мазкур даврга оид муҳим ҳамда батафсил манбалардан бири Алоуддин Атомалик ЖувайнийнингТарихий жаҳонгушойасаридир. Жувайнийлар хонадонининг бир неча вакиллари Хоразмшоҳнинг арконларидан бўлган (Турсунов Н. Ҳафтхони Темурмалик. Хужанд: Хуросон, 2003. 16-б; 3. Давлатов М. Сопротивление таджикского народа монгольскому завоеванию. Душанбе: Деваштич, 2007. С. 12).

 

Жумладан, Баҳауддин ибн Али Жувайний 1192 йилда Султон Алоуддин Такеш (1172–1200) хизматига киради. Унинг набираси Алауддин Атомалик Жувайнинг бобоси Шамсиддин Муҳаммад (1200–1220), кейинчалик Жалолиддин Мангубердининг бош вазири сифатида фаолият кўрсатган. Аммо унинг ўғли Баҳоуддин тахминан 1232 йилда бир гуруҳ аслзодалар билан бирга мўғуллар хизматига киришга мажбур булади ва ўғли Алоуддинни ҳам хизматга жалб этади.

 

“Тарихи жаҳонгушой 1252–1260 йиллар оралиғида форс тилида таълиф этилган, уч жилддан иборат: 1-жилд мўғуллар тарихи, Чингизхоннинг давлат тепасига келиши ва истилочилик юришларидан то Куюкхон даври (1246–1248)гача кечган воқеалар, шунингдек, Жўжихон, Чиғатой ва авлодларининг тарихини акс эттиради; 2-жилд Хоразмшоҳлар тарихи ва Мовароуннаҳр ва Хуросондаги мўғул ҳукмдорлари кечмишига бағишланган; 3-жилдда Хулогухоннинг Эронни забт этиши (1256–58), Исмоилийлар давлати тарихи батафсил баён этилган. Ўрта Осиё тарихи учун асарнинг 1-2 қисмлари алоҳида қимматга эга (Алоуддин Атомалик Жувайний. Тарихи жаҳонгушо. Таржумон Назарбек Раҳим. Тошкент: Mumtoz so‘z. 2015. 4-б).

 

Жувайний асарида қисқа бўлса-да Жалолиддин шахсияти ва фаъолиятига оид муҳим маълумотларни келтиради: “Жалолиддин Султон Муҳаммаднинг ўғиллари орасида ёш жиҳатидан каттаси, жасорат ва билим жиҳатидан устуни, салтанат тожи ва илоҳиёт чироғининг нури Султон Жалолиддин эди” (Алоуддин Атомалик Жувайний. Тарихи жаҳонгушо... 364-б).

 

Шунингдек, асарда муаллиф Жалолиддин Мангубердининг Чингизхонни ҳайратга солган жасорати, ақл-заковати ҳақида қуйbдагиларни келтиради: “Чинзигхон унинг дарёдан ўтиб келаётганини кўргач, сув бўйига от сурди. Мўғуллар ҳам ўзларини дарёга отмоқчи бўлдилар, бироқ Чингизхон уларни тўхтатди. Ғанимлар камондан ўт отмоққа киришдилар. Бу ҳолни ўз кўзлари билан кўрган кишиларнинг айтишига қараганда, дарёда ўқ захмидан ҳалок бўлганлар қонидан сув қизариб кетган экан. Султон битта қилич, найза ва қалқон билан дарёдан ўтди. Чингизхон ва барча мўғуллар ҳайрат бармоғини тишлар эдилар. Чингизхон ул ҳолни мушоҳида этгач, ўғилларига юзланди ва: “Отадан ана шундай ўғил қолиши керак. Модомики, у иккита сел-сув ва олов селидан ўтиб саломатлик соҳилига етар экан, демак ундан кўп ишлар ва саноқсиз жанг-жадаллар зоҳир бўлажак, унинг ишларига оқил киши қандай қилиб кўз юмиши мумкин” – деди (Бўриев О., Тошев Н. Жалолиддин Мангуберди (Даври. Саркардалик фаъолияти. Манбалар). Тошкент: Фан, 1999. 51-52-б).

 

Мазкур воқеа XIX аср Қўқон тарихнавислик мактабининг йирик вакилларидан бири бўлган турли сулолалар қатори Хоразмшоҳлар даврига оид маълумотлар мавжуд бўлган, аммо мутахассислар назаридан четда қолган ва етарлича ўрганилмаган, қисқа бўлса-да бошқа манбаларда учрамайдиган нодир маълумотларни акс эттирувчи “Мунтахаб ат-таворих” асари ва унинг муаллифи Муҳаммад Ҳакимхон талқинида қуйидагича баён этилади: “Сулоланинг еттинчи вакили Султон Жалолиддин бўлиб, лақабини Мангуберди дерлар. Баъзилар айтибдурларки, бир минг юз маротиба жанг қилибдур, шунинг учун мазкур лақабни олмиш. Отаси вафотидан кейин тахтга ўтириб, жуда шужоатли подшоҳ эди. Чингизхон билан кўп жанглар қилди. Чингизхон элчи юбориб деди: “Агар бизга тобеъ бўлса, унинг мулкини қайтариб берурман”. Султон Жалолиддин қабул қилмади ва мўғулларга ҳужум қилди. Ҳаракат қилиб Жайхун дарёсига етдилар ва Султон Жалолиддин ҳамроҳлари билан ўзларини сувга отдилар, барчалари ғарқ бўлишди.

 

Султон Жалолиддин ва уч тўрт киши дарёдан саломат ўтдилар. Чингизхон давлат арконлари билан Султон Жалолиддин ишига тасаннолар айтдилар ва Жалолиддин дарёдан ўтиб ўз кийимини офтобга ёйиб ва отини бойлаб, Чингизхон тарафига орқасини ўгириб, бемалол ўтирар эди. Чингизхон унинг бу жасоратидан уларни қўлга олишига кўзи етмас эди. Оқибат Чингизхон макр ишлатиб деди: “Менинг олдимга келишинг орзуида эдим, англадимки, бу муддао амалга ошмайди. Энди сендан бир илтимосим бор: ўрнингдан турсанг ва мен сенинг қоматингни кўрсам. Шу мен учун етарли”. Султон Жалолиддин қабул қилиб, ўрнидан турди ва бир неча қадам қўйди ва ўз ўрнига ўтирди. Чингизхон деди: “Энди сен менинг таҳту тасарруфимга кирдинг. Ихтиёр ўзингда, қаерга борсанг бор”. Султон Жалолиддин Чингизхоннинг муддаоси нимада эканини тушуниб етди...” (Мухаммад Хакимхан. Мунтахаб ат-таварих. Подгот. факсим. текста, введ. и указ. А. Мухтарова/ Мухаммад Хакимхан. В двух книгах. Книга 1. Душанбе: Дониш, 1983. С. 85).

 

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Султон Жалолиддин Мангубердининг Кавказорти ва Кичик Осиёдаги фаолияти, маҳаллий сулолалар билан муносабати каби муҳим масалаларда ан-Насавий ва Жувайний асарлари қимматли маълумотлар беради.

 

Шундай қилиб, Шаҳобиддин ан-Насавий ва Алоуддин Атомалик Жувайний “Сийрати Жалолиддин Манкбурни” ва “Тарихи жаҳонгушо” Хоразмшоҳлар давлати, мўғуллар истилоси, махсусан Султон Жалолиддин Мангуберди шахсияти ва ўз ватани озодлиги йўлида қўлига қилич олиб, душманга қақшатқич зарбалар келтира олган Хоразмнинг мард ўғлони Жалолиддин Мангуберди ҳарбий фаъолиятини ўрганишда бирламчи манба ҳисобланади. Тадқиқ этилган манбаларда келтирилган Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти ва ватанга эътиқод йўлидаги фаолиятини ўрганиш ўсмир ёшдаги ўқувчиларнинг ватанга эътиқод, чексиз муҳаббат, ғурур ва ифтихор, ватан ва халқ тинчлиги йўлида жон фидо этиш, инсонпарварлик каби қарашларини ривожлантириш ва шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

 

Жамолиддин АБДУКАРИМОВ,

Академик Бобожон Ғафуров номли

Хўжанд давлат университети катта ўқитувчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10349
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//