Бошқа диндаги китобларни ўрганиш мумкинми?


Сақлаш
14:11 / 30.11.2021 1677 0

Халқимиз ичида ислом динидан бошқа диндаги китобларни ўқиш мумкинми ё мумкин эмасми, деган турфа саволлар юради. Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати Инжил, Таврот каби китобларни ва бошқа динларни ўрганиш жоизми?” деган саволга жавоб берди.

 

Ҳар бир мусулмон Таврот, Инжил, Забур китоблари ва Иброҳим алайҳиссаломга туширилган саҳифаларга имон келтириши зарур. Аммо бундан аввалги самовий китобларни ҳам Қуръон каби ўқилиши мумкин, деган хулоса чиқарилмайди. Чунки Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам Тавротнинг айрим саҳифаларини ўқиётган Умар розияллоҳу анҳуни кўриб ғазабландилар ва бундай деганлар:

 

أفي شك أنت يا ابن الخطاب ؟ لقد جئتُكم بها بيضاء نقيةً ، لو كان موسى حياً ما وسعه إلا اتباعي

 

яъни: "Менга шак қилаяпсанми, эй Хаттобнинг ўғли? Мен у (дин)ни сизларга оппоқ, покиза ҳолда келтирдим. Агар Мусо тирик бўлганда менга эргашишдан бошқа чораси бўлмас эди".

 

Шунинг учун аввал ўзимизни динимизни тўлиқ ва мукаммал ўрганинг. Ақида, ибодат ва муомала масалаларини устозлардан ва асл манбалардан атрофлича ўзлаштиринг. Ана шунда сизда ўз динингиз таълимотларини бошқасига қориштириб қўймаслик малакаси пайдо бўлади. Бу деганимиз бир-иккита китобдан айрим маълумотларни ўрганиб олиб мен Исломни ўзлаштирдим, энди бошқа дин китобларини ўқишга ҳаққим бор, дегувчиларга рухсат дегани эмас.

 

Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссалом зинокорларга жазо бериш масаласида ҳукм сўраб юзланган яҳудийларга ўз китобларида ҳам бу жиноятга жазо бор эканлигини исботлаш учун Тавротга мурожаат қилганлари ривоят қилинган. Бундан келиб чиқадики, ўз динини пухта билиб амал қиладиган етук мутахассис бўлган одамни бошқа дин адабиётларини муайян, раддия беришга ўхшаш мақсадларда  мутолаа қилишга ҳаққи бўлади. Акс ҳолда, яъни ҳар ким ҳам ўзга динлар адабиётларини билиб-билмасдан ўқиб, миссионерлар тузоғига илиниб қолиши ҳеч гап эмас”, дейилади унда.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси