Батафсил ёзилган хабарга “ок” деб жавоб берилмайди. Расмий, иш бўйича мулоқотда, айниқса, шошилинч вазиятларда аудио-хабар қолдирилмайди. Келган хабарни очиб, ўқигач (узоқ вақт) жавобсиз қолдирилмайди. Ишдан кейинги вақтларда огоҳлантиришсиз қўнғироқ қилинмайди. Буларнинг барчаси рақамли этика қоидалари саналади. Рақамли этик ўзи нима? У қандай нормаларни қамраб олган-у, унга қаерда риоя қилиш керак? Қуйида шу ҳақда билиб оламиз.
Рақамли технологиялар ривожланиши билан, интернет, ижтимоий тармоқ ва технологик қурилмалардан фойдаланишда ахлоқий масалаларга эътибор қаратиш зарурати ортиб бормоқда. Бу эса мазкур жараёнининг иштирокчиси бўлган ҳар бир инсон, айниқса, медиа-контент ишлаб чиқарувчиларини янги тартиб-қоидаларга мослашиши, унга имкон қадар риоя қилиши кераклигини англатади. Чунки рақамли этикетга амал қилиш ёки уни билиб-билмай четлаб ўтиш томонлар ўртасидаги алоқаларнинг яхшиланиши ё бўлмаса, кўнгилсизлик келтириб чиқариши, фаолият доирасида эса муваффақият ёки ортга силжиш натижасини бериши мумкин.
Рақамли этика ўзи нима?
Рақамли макон этикаси – онлайн муҳитдаги хулқ-атвор нормалари, қоида ва тартиб тамойилларининг йиғиндиси саналади. Ушбу ахлоқ қоидалари барча рақамли технологияларни қўллашда, айниқса, мессенджердаги кундалик ёзишмалар ҳамда телефон орқали мулоқотда риоя қилиниши керак бўлган қоидаларни ўз ичига олади.
Рақамли этикага нималар киради?
Суҳбатдошнинг шахсий чегараларини ҳурмат қилиш, унга ноқулайлик келтириб чиқармаслик ҳамда у билан тўғри, дўстона муносабатда бўлиш каби универсал қоидалар худди барчага маълумдек кўриниши мумкин. Бироқ мавзуга чуқурроқ кириш орқали бошқа муаммоли масалаларга дуч келасиз.
Ушбу тартиб-қоидалар рақамли макондаги шахсий хавфсизликдан то ўзгаларнинг ҳуқуқлари, вақти ва имкониятларини ҳурмат қилишгача бўлган интизом қоидаларини назарда тутади. Бироқ бу қоидалар ўта кенг қамровли бўлгани учун уларни қисмларга ажратиб, энг муҳимларини кўриб чиқамиз.
ҲАМКАСБЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАВСИЯЛАР
Авваллари ташкилот аъзолари фақат иш соатларидагина суҳбатлашган. Ярим кечаси телефон қилиш ҳеч кимнинг ҳаётлига келмаган. У вақтларда мулоқотга чегара қўйишга эҳтиёж бўлмаган. Чунки одамлар қўнғироқ қилишга ҳам осон “эришмас” эди.
Бугун эса ҳаммаси бошқача. Рақамли олам мураккаблашиб, реал ва виртуал ҳаёт ўртасидаги чегарани топиш қийинлашиб боряпти. Ва ана энди, катта ҳажмдаги ахборотлар билан ишлашда, интернет маконда ўзини тутиш қоидалари алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Симметрия принципига риоя қилинг. Агар ҳамкасбингиз сизга катта ҳажмли, батафсил хабар юборган бўлса, сиз ҳам унга яраша жавоб қайтаришга вақт ажратинг. “Ок” деган жавоб, бирор эмодзи ёки шунчаки лайк босиш етарли эмас.
Босим қилмай, масъулиятни оширишга чақиринг. Дедлайн яқинлашиб, масъул ходим билан боғланишга зарурат бўлса, биринчи мобил рақамига хабар юборинг. Жавоб бўлмаса, телеграмда телефон қилишингиз ҳақида хабар беринг. Шундан кейингина қўнғироқ қилинг. Мурожаатларда шахсиятга ўтишдан ва ҳақоратлардан узоқ бўлинг.
Бундан ташқари, ҳамкасбларингиздан аввалдан сўраб, аниқлаштириб олинг:
“Агар сўнги муддатга (дедлайнга) яқин боғлана олмасак, Сизни қаердан топиш мумкин?” деб. Шу тариқа сиз сўнгги чора сифатида уларни қаердан топиш мумкинлигини ўзларидан билиб оласиз. Қолаверса, ходим бу савол ортидан ишни топшириш муддатига яна-да диққатлироқ бўлади.
Умумий давраларни ҳурмат қилинг. Қўнғироқларни алоҳида хона ёки ташқарида амалга оширинг. Агар олдингизда одамлар бўлса, албатта, улардан ҳурмат маъносида сўранг, яъни огоҳлантиринг:
“Телефонда гаплашиб олсам, ҳеч кимга халал бермайманми?” деб.
Ҳамкасбларингизни беҳудага чалғитманг. Умумий чатга бирор нима ёзишдан аввал саволингизга ўзингизда бор ва / ёки чат юқорисига қадалган маълумотлардан калит сўзлар билан жавоб излаб кўринг.
Зиддиятли вазиятларда онлайн-коммуникациядан фойдаланманг. Муаммога дуч келсангиз, уни шахсан муҳокама қилинг. Онлайн ёзишмаларда томонлар эмоцияси ҳаётдагидан бошқачароқ талқин қилиниши мумкин.
Мессенджерлардаги гуруҳ, умумий чатларнинг мақсадини ёдда тутинг. Уларда барча ходимларга тегишли масалалар бўйича хабар бериш мумкин. Ишдан ташқари ҳазиллар ёки миш-миш хабарлар юборишдан ҳам сақланинг. Иш билан боғлиқ бўлмаган суҳбатлар, бирор воқеага муносабатлар учун эса шахсий чат энг тўғри манзил.
Бир муаммо – битта гап. Агар бир хабарда бир нечта масала бўйича ёзмоқчи бўлсангиз, унинг ўқилувчанлигини яхшилаш учун қисмларга ажратиб, алоҳида хатбоши билан ёзиш тавсия этилади. Қўшимча эмодзилардан эса фойдаланмаганингиз маъқул.
Контекстни сақлаб қолинг. Ёзишмаларда, айниқса, гуруҳдаги суҳбатда доим “жавоб бериш” (Ответить) функциясидан фойдаланинг. Яна кучукча белгиси ва фойдаланувчи номи билан жавоб қайтариш бошқаларнинг диққатини чалғитмайди. Шу тариқа, билдирган фикрингизнинг тезроқ ва тўғри манзилга етишига муваффақ бўласиз.
Ҳазилларни жавобсиз қолдирган маъқул. Ҳатто, ўта ақлли жавоб ўйлаган тақдирингизда ҳам, иш учун очилган мессенджер гуруҳларида ҳазилларни имкон қадар жавобсиз қолдиринг.
Аудио-хабар юбормасликка ҳаракат қилинг. Суҳбатдошингизнинг қўл остида доим ҳам қулоқчин бўлавермайди. Бундан ташқари, айтилаётган гап касб сири ёки шахсий суҳбат бўлиши ҳам мумкин. Агар шунда ҳам аудио юборишга зарурат бўлса, ҳеч бўлмаганда, хабар нима ҳақида эканини матнли хабар билан огоҳлантиринг. Рақамли этикет шуни талаб этади. Расмий ёзишмаларда эса умуман овозли хабардан фойдаланмаслик тавсия этилади.
Ишдан ташқари вақтларда безовта қилманг. Бошқаларнинг биоритми ва дам олиш ҳуқуқини ҳурмат қилинг. Ишдан кейин пайдо бўлган савол, ғоя ва фикр-мулоҳазаларингизни унутиб қўйишдан чўчисангиз, уни тонгги вақтда юбориш учун мессенджерда режага қўйинг.
Хабарни очгач жавоб қайтаришни унутманг. Хабарга имкон қадар кечикмасдан жавоб беринг. Уни ўқиб, жавобсиз қолдириш рақамли этикада иккинчи томонга ҳурматсизлик деб баҳоланади.
Агар ҳамкасбингиз онлайн бўла туриб жавоб қайтармаётган бўлса, эҳтимол, муҳимроқ масалаларни ҳал қилаётган бўлиши мумкин. Ёки Сиз билан ёзишув чати ёзишмаларнинг энг пастига тушиб кетган бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Бундай вазиятда сўнги хабарни қайта юбориш керакли натижани бериши мумкин.
Хабарни битта-биттадан сўзлар билан юборманг. Бу шаклда хабар юбориш рақамли этикага зид эканлигидан ташқари, 90% ҳолатларда негатив натижа беради. Бир одамдан келадиган кетма-кет билдиргилар ҳатто, энг сабрли ҳамкасбингизни ҳам чарчатиб, сизни овозсиз режимга ўтказиб қўйишига сабаб бўлиши мумкин.
Токсик мурожаатларни чиройли ифодаларга алмаштиринг. Ҳамкасбингизнинг кўп қирралилиги унга қарши ишламаслиги керак. Ёзишмаларда оҳанг ва эмоцияларни ифодалаш мураккаб эканини инобатга олиб, ходимнинг вазифасидан ташқари бўлган бирор ёрдамига эҳтиёж сезсангиз, уни “имкони борми?”, “илтимос”, “хурсанд бўлардим” каби жумлалар билан сўранг. Илтимосингиз буйруқ тарзида бўлиб, “Фалон ишни қила олар экансан, менга ҳам қилиб бер” тарзида айтилса, сизга ҳам беҳурматлик билан жавоб қайтишига тайёр туринг.
Умуман олганда, саналган қоидаларга риоя қилиш реал ҳаётда ҳам ўзини маданиятли тутадиган инсонлар учун мураккаблик келтириб чиқармайди.
Билмаслик уят эмас, лекин билишга ҳаракат қилмаслик ёки била туриб амал қилмаслик ёқимсиз оқибатлар билан юзлаштиради. Шундай экан, ҳар қандай доирада тегишли нормаларга амал қилиб, ҳурматингизни сақлаб қолинг.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ