“... Ҳануз жиддий тадбир кўролмадик” – Ўзбек тили учун бир ярим асрлик кураш тарихига қисқача назар


Сақлаш
10:36 / 18.11.2024 58 0

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 35 йил тўлди.

 

Ўз тилини сақлаб қолиш учун кураш ўзбек халқининг кейинги асрлардаги ҳаётида доим долзарб ва эзгу ғоялардан бири бўлиб келди. Негаки, Чор Россияси ҳукмронлигининг илк давридаёқ Туркистонда олиб борилиши кўзда тутилган руслаштириш сиёсатининг моҳиятида маҳаллий халқнинг тилига нисбатан ҳам қаттол муносабат бор эди. Шарқшунос-миссионер Н.Илминский Чор Россияси таркибидаги туркий халқларнинг ёзувини кирилл алифбосига ўтказиш консепсиясини ишлаб чиқди [1: 43]. Гарчи империя даврида буни амалга оширишга журъат этишмаган бўлса-да, кейинги большевиклар мустамлакачилиги даврида бу иш осонгина ҳал этилди.

 

Бу муҳим масала, албатта, Туркистон зиёлиларининг доим диққат-марказида турди. Исмоил Гаспрали: “Миллат бу – тил ва дин бирлиги, ушбу икки нарсадан бири йўқотилса, миллат ўзлигини йўқотади”, [1: 32] дейди. Жадид зиёлилари ҳам буни чуқур англаб етган эдилар. Шунинг учун ҳам она тили ривожи учун қайғуришди. Матбуотда барчанинг эътиборини шу масалага қаратишди. Жумладан, Абдурауф Фитрат “Тилимиз” мақоласида шундай ёзади: “Дунёнинг энг бой тили туркчадур, энг бахтсиз тили худ туркча... Дунёнинг энг бой тили бўлған туркчамиз ёлғуз арабча қумруқлар (забт этилиш) билан эмас, форси(й)ча тепкилари билан дахи эзилмишдир. Кўзларимизни тўрт очиб қарайлиқ, дунёнинг энг буюк ҳакими бўлған Ибн Сино туркдир. Иккинчи Арасту аталған Форобий туркдир. Араб тилини мангулик тирғизиб келган Жавҳарий туркдир. “Ваҳдати вужуд” фалсафасининг имомларидан бўлған Жалолиддин Румий туркдир. Форсий адабиётининг пайғамбарларидан бўлған Низомий дахи туркдир. Шу ерларда отлари ёзилған кимсалар-да ёлғуз турк улусини эмас, бутун дунёнинг улуғ кишилариндан эрурлар... Бунлар ўз битикларини туркча ёзсалар эди, букун турк улусининг ҳоли, эҳтимолки, бошқа турли бўлур эди. Бахтсизлик бундан-да ортиқ бўлурмикин?!” [2: 124] дейди.

 

Ашурали Зоҳирий ҳам “туркий тилнинг узоқ давр араб ва форс тиллари тазйиқи остида қолиб келганидан, сўнгги пайтда эса унинг бутунлай “арабий имло тартибида ёзиладирғон, ўндан бир калимасини ҳам киши ёзиб англамайдурғон бир даражага етиб қолғонлиғидан” қайғурар экан, шундай ёзади: “Бунинг билан кундан кун, йилдан йил ўткан сари тилимиз оқмай қолғон сувдак музламоққа бошлади. Ҳатто баъзи кишиларимиз арабийга хейли иқтидорли бўлса, ўз тилимизнинг энг кераклик қоидаларини ҳам билмайдурғон бўлдилар” [3: 30].

 

Жадид зиёлилари ўзбек тилининг қонун қоидаларини ишлаб чиқиш, луғатлар тузиш ишига сидқидилдан киришишди. Айтиш жоизки, бугунги ўзбек адабий тили ривожида Фитрат, Ашурали Зоҳирий, Шокиржон Раҳимий, Қаюм Рамазон, Элбек, Ғози Олим Юнусов сингари тилшунос олимлар катта ҳисса қўшишди.

 

Чор империяси ағдарилиб, большевиклар ҳокимият тепасига келгач, маҳаллий миллатларни бўйсундириш мақсадида 1918 йили туркий тил – давлат тили деб эълон қилинди. Албатта, кейинги 50 йил давомида ҳукуматга тилмочлар ёрдамида рус тилида мурожаат қилган Туркистон халқини бу қувонтирди. Лекин кўп ўтмай маълум бўлдики, берилган ваъдалар фақат қоғозларда қолиб кетмоқда. Жадид зиёлиларидан бири Ҳожи Муин 1921 йили “Сўз, қарор ва иш” сарлавҳали мақоласида буни афсус билан: “Бу уч ярим йиллик инқилобий даврда кўб сўзлар сўйланди, митинглар қилинди, ташвиқотлар этилди. Ва ғоят мутараққий яхши қарорлар чиқарилди, лекин йўқ даражасинда оз иш қилинди... Туркистонда аксар аҳоли мусулмон бўлдиғи эътиборга олиниб, мундан уч йил бурун туркча тил – расмий давлат тили деб эълон этилса-да, буни амалға киргизмак учун ҳануз жиддий тадбир кўролмадик. Балки бу “эски ҳаммом – эски тос” мазмунича кўп маҳкама ва идораларда ҳануз рус тили ҳукмфармойишдадир” [4], деб ёзади. Тарихдан маълумки, жадид зиёлиларининг тил масаласидаги орзулари ҳам амалга ошмади, аксинча, кўп ўтмай улар миллатчиликда айбланди.

 

Большевиклар доҳийси В.И.Ленин 1922 йили “Лотинлаштириш бу – Шарқдаги улуғ револуциядир”, дейди. Лотинлаштириш туркий халқларни бир-биридан, тарихидан узиш учун узоқни кўзлаб қилинган сиёсатга қўл келар эди. Туркистонда 1930 йилга келиб эски араб алифбосидан лотин графикасига, 1940 йилдан рус графикаси асосида кирилл алифбосига ўтилди. Бу Чор Россияси даврида ишлаб чиқилган режанинг амалга ошиши эди.

 

Албатта, фақат алифбо ўзгаргани йўқ. Совет ҳокимиятининг ўзбек тилини рус тили ҳисобига “бойитиш” режаси ўз самарасини бера бошлади. Илгари бемалол қўлланиб келинган сўзлар энди архаик сўз сифатида рус тилидан киритилган сўзларга алмаштирилди. Бу ҳақда матбуотда бонг урилди. Масалан, “Ўзбек тилини кўп асрлар давомида араб ва форс сўзлари босиб кетган бўлиб, кенг меҳнаткашлар оммаси тушуниши қийин бўлган архаик терминлар билан тўлиб-тошган эди. Буржуа миллатчилиги таъсири остида бўлган баъзи матбуот ходимлари социализм қурилиши даврида вужудга келган янги интернационал сўзларни архаик, араб-форс сўзлари билан алмаштиришга ҳаракат қилдилар. Масалан, улар “совет” сўзи ўрнига “шўро”, “республика” ўрнига “жумҳурият”, “доклад” ўрнига “маъруза”, “коммунист” ўрнига “иштирокиюн”, “социализм” ўрнига “ижтимоиюн” сўзларини ишлата бошладилар. Партия ва совет матбуоти бу оқимларга қарши кураш олиб бориб ва ўз амалий иши билан ўзбек тилининг чет эл сўзларидан тозаланишига ва ўзбек тили луғат составининг рус ва интернационал сўзлар, терминлар ва иборалар билан бойишига ёрдам берди” [5], дейилади 1967 йили “Маҳаллий матбуот ходимларига ёрдам” журналида.

 

Шу тарзда ўзбек тилидаги сўзларни “русча-интернатсионал” сўзларга алмаштиришга ружу қўйилди. ХХ асрнинг 60–70 йиллар матбуотини варақласак, ҳар бир материал сарлавҳасида ҳеч бўлмаганда икки ёки учта рус тилидан кириб келган сўз қўлланилганини кўрамиз. Масалан, “Планни ошиғи билан бажарган ударник” сингари.

 

Ўша давр ҳақида ёзилган мақолаларда тилни сақлаб қолиш учун қилинган ишлар ҳам қайд этилган. Жумладан, Иброҳим Раҳим “Гулистон” журналига муҳаррир бўлгач, “революция” – “инқилоб”, “редакция” – “таҳририят”, “автор” – “муаллиф”, “поезия” – “назм” ёки “шеърият”, “проза” – “наср”, “философия” – “фалсафа” тарзида русча сўзларнинг ўзбекчаси муомалага киритилади. Бу, албатта, “рус тилига нисбатан қўполлик” деб қабул қилиниб, журнал бош муҳаррири Иброҳим Раҳим миллатчи тамғаси билан ишдан олинади.

 

Шундай бўлса-да, ўзбек зиёлилари қараб туришмади. Қайта қуриш йилларида матбуотда тил масаласи бот-бот кўтарилди. Ниҳоят, мустабид тузумнинг сўнгги йилларида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишига эришилди. Бугун давлатимизда бошқа тилни иккинчи тил сифатида қўллашни ёқлаб чиқаётган ўзбек фарзандлари ўз она тили мавқейи учун курашиш бурчи эканини унутиб қўяётгани янги хавотирларни уйғотади. Зеро, тарих сабоқлари унутилмаслиги, миллат сифатида келажак учун қайғуриш ҳиссиёти ҳеч биримизни тарк этмаслиги лозим.

 

Нилуфар НАМОЗОВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети доценти

 

“Тил ва адабиёт таълими” журнали 2024 йил 10-сон.

 

Фойдаланилган адабиётлар

1. Абдурашидов З. Туркистонда жадидчилик. – Тошкент: Академнашр, 2023.

2. Фитрат А. Танланган асарлар. – Тошкент: Маънавият, 2006.

3. Тоғаев Т. Ашурали Зоҳирий ва унинг тилшунослик мероси. – Тошкент: Нодирабегим, 2021.

4. Ҳожи Муин. Сўз, қарор ва иш. // “Меҳнаткашлар товуши” газетаси, 1921 йил 26 май.

5. Совет миллий матбуотининг вужудга келиши ва мустаҳкамланиши // Маҳаллий матбуот ходимларига ёрдам. 1964 йил 6-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 21
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10768
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//