Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Шайх ҳазратлари асарларида нималарга ишора қилган?


Сақлаш
17:20 / 15.11.2024 12 0

Адабиётшунос Санобар Тўлаганова мутолаа қилади.

 

Китоб ортидаги сакинат

 

Отам 41 ёшида вафот этди, етти жон – қўлида касб-ҳунари бўлмаган онамизга омонат бўлиб қолдик. Энам “жесир” деган номни олганда 29 ёшда бўлган – куюкнинг зўридан момом “бети қора жесир” деган сўзни кўп ишлатардики, ҳар эшитганимда елкамга биров ургандай энкаярдим. Бизга сағир деган “ёрлиқ” ёпиштирилди, ёши катталар “Панжи бечоранинг сағирлари” деб ачиниб қарарди. Бу сўзнинг маъносини унчалик тушунмасдим, аммо ич-ичимда оғриқ пайдо бўлар эди. “Еттовига бир қатор қилиб жой солиб, томоша қиламан, кўзга уйқу келмайди, буларга нима едираман, нима кийдираман?” деб қайғураркан энам. У вақтларда Меҳрибон Зотнинг ҳар бир бандасига атаб қўйган насибаси борлигини на волидам, на биз билар эдик...

 

Эсимни таний бошлаганимда бу дунёда яшаш бир ташвиш бўлиб кўринди. Энамнинг ҳорғин қиёфаси, чорасизликдан унсиз йиғлашлари ичимдаги норозиликларни ошириб юборар, ожизлигим ортар, қўлимдан ҳеч иш келмаслиги алам қилар эди. Онажоним тирикчилик машаққатларидан қийналиб кетса-да, “Болам, ўқишинг керак, китоб-дафтарни ўйлама”, “Ўқинглар, одам бўлинглар, сағирлар қорнидан ортмабди демасин, отангизнинг изини босинглар, менинг ўрнимга ҳам ўқинглар” дейишни канда қилмасди. Бошқалар билан суҳбатлашганимда мендаги кемтиклик баттар кучайиб кетарди. Бахтли болалик, пионер лагерлари, тўгараклар, шаҳарларга саёҳатлар – буларнинг ҳеч бири менинг болалик дафтаримда йўқ эди-да. Ўйлаб қарасам, уларга ҳасад ҳам, ҳавас ҳам қилмаганман. Етимлигимни биров юзимга солмаса, ачинмаса бўлди, деган ҳадик бўлган. Одамларнинг раҳм-шафқат, мурувват кўзи билан қараши ғашимни келтирар, ғурур қўзғалар эди. Сағирлигимни ҳеч ким билмайдиган бир маскан қидирардим. Бахтимга, менга қувонч ва умид берувчи бир жой бор эди: кутубхона. Жами ўксиклик ва армонлар унут бўладиган, орзулар юз очадиган макон! Бу ерда ўзимни киройи одам ҳисоблар эдим. Мансурова деган татар аёл мудирлик қиладиган туман кутубхонаси уйимизга жуда яқин эди. Мени доим шу ердан топишарди. Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема”сидаги болакай билан қандайдир яқинликни ҳис қилар, боланинг мактаб портфели билан суҳбатларида учинчи томон бўлиб иштирок этар эдим. Гўё ёзувчи менгинани овутиш учун асар ёзгандай. Толстойнинг болалигидаги сертамизлиги, Горькийнинг аччиқ ҳаётий кечинмалари, Чехов ҳикояларидаги меҳрга ташналик – булар барчаси менга таскин бергандай бўларди. “Болалик”даги Мусанинг хархашаларига сабр қилган бобосига ҳавас қилар, “Ўтмишдан эртаклар”даги отасига нисбатан ҳис-туйғусиз болакайнинг кечинмаларини тушуна олмас эдим. “Кечмиш-кечирмишларим”даги қаҳрамон менга жуда яқин одамни эслатарди. Кутубхонада қаҳрамонга айланар, онажонимга дунёларни олиб берар эдим. Кейинчалик Тоғай Муроднинг “Ойдинда юрган одамлар” қиссасидаги Момоқизнинг кечмишлари бу хотираларни қайта янгилагандай бўлди. Энг муҳими, кутубхонада биров етимлигимни пеш қилмас, Мансурова опа “Энанг, укаларинг омонма, отанг жуда яхши одам эди” деб кўнглимни кўтарар, истаган китобни олишимга рухсат берар эди. Кутубхона бекаси “Сенга яна янги кинижка тутаман-да, бунисини ҳам тўлдирдинг”, деб қўярди енгилгина койиб. Африка, рус, хитой эртакларидан тортиб, Гулливер, Том Сойер, капитан Грант... бу ёғи Алпомиш, Гўрўғли, Авазхон... Барчин, Қалдирғоч бекагача... Бир кун шомонларга қўшилиб олов атрофида ўтирар, бир кун музликларда, бир кун ўрмонда... ишқилиб, китоб ортига беркинар эдим. Мен малика эдим гўё, қаҳрамонлар ўзи ҳақида сўйлаб берар эди. Китоб ортидаги сокинлик армон ўрнига орзулар йўлаги томон бошлади. Китоб камимни тўлдирди, йўғимни бор қилди. Болалигимнинг ёрқин ранги кутубхона ва китоб билан боғлиқ бўлган экан.

 

Таниш бир аёл ёлғиз ўғлидан ажралиб, жигарлари кетма-кет вафот этса-да, ҳар кимга тақдирдан шикоят қилиб йиғламади, қандайдир ички хотиржамлик бор эди унда. Бир куни ўзи айтиб қолди: “Яхшиям китоб бор экан, бўлмаса мен аллақачонлар куйикдан ўлиб кетган бўлардим, китоб мени овутди, ғамдан чалғитди”. Дарҳақиқат, китоб – руҳга малҳам, қалбга ҳамдам...

 

 

Нафас ичидаги нафс

 

Абдулла Қодирий. Ўткан кунлар. Меҳробдан чаён. Тошкент, Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1992.

 

“Ўткан кунлар”нинг “Кутилмаган бахт” фаслида бундай эпизод бор: “Кумушбибидан ваколат олиш ҳам жуда қийин бўлди. Домланинг “Сизким Кумушбиби Мирзакарим қизи, ўз нафсингизни (таъкид бизники – С.Т.) тошкандлик, мусулмон Отабек Юсуфбек ҳожи ўғлига бағишламоқ ваколатини амакингиз Муҳаммадраҳим Йўлдош ўғлига топширдингизми?” деган сўроғи олти, етти қайтарилғандан кейин, шунда ҳам янгалар қистоғи остида аранг унинг ризолиғи олинди”. Нафсни бағишлаш... қизиқ-ку! Ҳар бир топилмада романнинг янги умри бошланади. Асар кўп бора чоп этилган, кўрсатилган нашр Хондамир Қодирий томонидан андак таҳрир қилинган. Бошқа нашрни кузатамиз: “...Сизким Кумушбиби Мирзакарим қизи, ўзингизни тошкандлик, мусулмон Отабек Юсуфбек ҳожи ўғлига бағишламоқ ваколатини...” (Абдулла Қодирий. Ўткан кунлар. Меҳробдан чаён. Тошкент, Ғ. Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий бирлашмаси, 2018. 33-бет). 2008 йилги нашрда ҳам айнан шундай...

 

“Нафс” сўзи бежиз ишлатилмагани аниқ. Устоз Сайфиддин Сайфуллоҳ фикрига кўра, никоҳ хутбасида “нафс” сўзини қўллаш ҳали ҳам айрим жойларда сақланиб қолган. Демак, никоҳ хутбасида бундай сўров шакли янгилик эмас, таомилда бўлган. Кейинги нашрларда “нафс” сўзи нега “ўзингиз”га алмаштирилгани бизга қоронғи. Энди савол туғилади: қайси бири ёзувчи назарда тутган маънони ўзида жамлайди? Бағишламоқ сўзи ҳадя этмоқ, борини бермоқ, сарф қилмоқ маъноларига тўғри келади. Кўникиб улгурганимиз “ўзини бағишламоқ” маъноси “нафсини бағишламоқ”дан кенгроқми ёки тор? Манбаларда ўз сўзи туркий бўлгани, у арабий нафс сўзига синоним шаклида ишлатилгани қайд этилади. Романни асл манба асосида қиёслаб бир оз таҳрир қилган Хондамир Қодирийнинг матн билан ишлашда катта малака ва тажрибага эга экани ҳисобга олинса, нафс сўзи ўз ўрнида қўлланганига амин бўламиз.

 

Абдулла Қодирий нафс тушунчасини жуда кенг тушунган ва қўллаган. Ислом маърифати нафс илмига, нафсни поклаш ва тарбиялашга алоҳида эътибор қаратади. Кумушнинг нафсини бағишлаши нимани англатади? У орзу-ҳаваси ва кўнглини, инон-ихтиёри ва ишончини Отабекка топширади. Оила икки томонлама розилик асосида тузилган мақсад ва ният, ҳавас ва майллар бирлашувини назарда тутади. Ўзини бағишлаш борини бермоқ бўлса, нафсини бағишлаш ҳавас ва истак бирлигига эришмоқдир. Ёзувчи сўзга ёндашувда тасаввуф ҳамда мумтоз адабиётимиз анъаналарига таянган. Адиб яшаган даврда нутқда арабий, форсий сўзларни қўллаш урф бўлган. Эҳтимол, бугунга келиб “ўзини бағишламоқ” сўзи жисм билан боғлиқ ҳолда тушунилгани учун ҳам “ўзингизни танмаҳрамликка бағишламоқ” шаклига айлангандир?..

 

Нафс тушунчасининг руҳий-маънавий асоси, даража, хусусияти ва маъно қамровида ўта нозик илғамни талаб этадиган айирма бор. У қайсидир даражасида ҳайвоний, қайсисида инсоний, яна қайси бирида қудсий... Шаҳват ҳам нафс, ғазаб ҳам нафс, муҳаббат ҳам нафс, адоват, кибр, риё ҳам нафс. Ўзликнинг ўзаги “ўз” бўлиб, туб асоси, аввалида бори англанса, нафсда беқарорлик, тугал бўлмаган руҳий ҳолат, ўзгаришга мойил ҳислар назарда тутилади, чамамда. Нафси билан имтиҳон қилинган Юсуф алайҳиссалом қиссаси инсониятга сабоқ беради, ўрнак ўлароқ хизмат қилади. Улуғларимиз нафс мужодаласини энг катта жиҳод, инсоният қавмининг қиёматга қадар давом этадиган азалий муаммоси деб билганлар. Мавлоно Румий ҳазратлари “Эй, Ҳақ йўлчиси! Ҳақиқатни билмоқчимисан, унда эшит: Мусо ҳам, Фиръавн ҳам ўлмаган! Улар сенинг ичингда яшамоқда. Улар сенинг борлиғинг ичига яширинган. Қалбингда ўзаро урушаётир. Шу сабаб бир-бирига душман бўлган бу иккисини ичингдан чиқариб ташлашинг керак!..” Алқисса, ҳар биримизнинг ичимизда Мусо ва Фиръавн бор, нафсимиз нафасимиз ичида яшаётир.

 

 

Шахсият кирларидан холи битиклар

 

Абдулла Қодирий. Диёри бакр. Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2007.

 

Теранроқ назар солинса, Қодирийнинг кичик ҳажвий асарлари ва романларида услубий фарқланиш бор. Кичик асарларига хос ифода ўқувчини сергаклантирса, роман тилидаги улуғворлик оҳанрабодай ўзига тортади. Услубдаги тафовут ижодкор дунёқарашидаги тебранишлардан дарак беради. Қодирий шахси ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлиш учун йирик ва мўъжаз насрий асарлари, журналистик фаолияти ҳамда таржимаи ҳолига доир ёзишмаларини бир-бирига боғлиқ ҳолда ўрганиш лозим. “Диёри бакр” мажмуасида ёзувчининг кичик асарлари жамланган.

 

Турли жанрларда ижод қилган ёзувчининг журналистик фаолияти ўзбек танқидий тафаккурида алоҳида босқич саналади. “Биз жасорат сўрар эдик. Лекин бериш қаерда – жасоратимизнинг қолған-қутғанини ҳам олмоқ муддаосида эдилар. Биз сўз эркинлиги сўрар эдик. Лекин тилимизни тек-тугидан кесмоқчи эдилар. Жасорат биткан эди, тил кесилган эди... Юрагимиздаги бир оз умидни истисно қилғанда бошқа нарсалар юлинуб-юлқинған эди”, деб ёзади “Жасорат айб эмас” мақоласида. Муаллиф зиёлилар орасида “шахсият кирларидан” холи муносабат зарур эканини алоҳида уқтиради.

 

“Давосиз дардлар” мақоласида шўроларнинг ёлғон сиёсатга асосланиб иш юритиш услуби киноя, қочирим воситасида танқид қилинади: “Дард кўб – давоси йўқ, ҳасрат узоқ – кечалар қисқа, манзаралар ажиб – кўзлар кўр, жарт-журт зўр – натижалар кичик, манзил узоқ – роҳила оз, ваҳима катта – тўй бедарак...”.

 

Матбуот майдонида “фельетонлар қироли” бўлиб танилган ёзувчининг шахс сифатидаги адабий сийрати ҳар бир мақолада, ҳар бир сатрда чўғдек йилтиллаб ўзини намоён этади. “Муштум” журнали ёзувчи ижодида янги саҳифа ўлароқ Калвак махзум, Тошпўлат тажанг сингари бетакрор қаҳрамонларни сўз майдонига олиб кирди.

 

“Йиғинди гаплар” деган мақола Қодирий шахсиятини очиқлашда алоҳида ўрин тутади. Адиб ҳаётидаги бурилиш айнан шу материалда акс этган. У ўша даврдаги мамлакат раҳбарларидан бири Акмал Икромовга хитоб қилади: “Мен ҳар куни Xудоға тўққиз мартаба осий бўлиб, ўн саккиз мартаба тавба ва истиғфор айтаман. Исёним бепоён бўлганидек, истиғфорим ҳадсиз ва лекин исёнсиз қолган соатимга жуда оз учрайман! Бас, онглағилким, эй Акмал, тавбага бўйин буккан банда – бандаларнинг энг ярамасидир, қуллиқ бунёд қилган расво – расволарнинг яна ашаддий расвосидир. Ўз бутунлиғини сақлай олмаған бошқаға эн бўла оладир, деб ҳеч бир китобда учрата олмадим. Ҳақиқат олдида бўйин эгиш тавбадир, ўзгаси ғавғодир!”

 

Ёзувчининг суддаги нутқи ҳам характерли. “Банда ҳақиқатни тушуниб эмас, кучланиб, ожизланиб бўйин букадир. Бас, бу ҳолатдаги тавба тавбамас, балки шахсий ихтиёрни, муҳокамани қўлдан бериб одамгарчиликдан чиқишдир. Ўзинг бир ҳақиқатка қониқмай туруб ва ўзингнинг хатоингга тушунмай туруб, фақат ожизликдан қилинған тавба тавба эмас, ҳам ўзингни, ҳам ўзгани алдаш” билан баробардир дейди у. Қодирий бир неча саҳифали нутқида “шахс” сўзини бир неча маънода қўллайди: “шахсий адоват”, “шахсий роҳати йўлида элни эмиб”, “баъзи устолпараст, танпараст шахсларимиздан киноядир”, “шахсиятига чўқиниб”, “шахсий ҳазил”, “шахсий бутунлиқ”, “мустақил шахс”, “шахсини кўра олмайсиз”, “мен турлик бўҳтон, шахсият ва сохталар” билан “бир неча шахсларнинг орзусича маънавий ўлим билан ўлдирилдим”. Ёзувчи маҳкама жараёнида ўзига қўйилган айблов мақола туфайли эмас, балки шахсиятига қаратилганини яхши билган ва эътиборни шахсий муносабатлар масаласига қаратган. Қуйидаги фикр ёзувчини янада яқинроқ танитади: “Шахсий бутунлиқ, мустақил шахсият қуллик билан зиддир. Шахсий бутунлиғи бўлмаған, яъни ўзида ҳақиқатни ихтиёр қила билиш кучини тополмаған ожиз, ихтиёрсиз одамлар жамият учун фойдалик ва чин ағзо бўла олмаслар”.

 

 

Тўрт томон қибла

 

Ғафур Ғулом. Танланган асарлар. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2012.

 

Бугун ёшлар орасида шўро даври ёзувчиларини танқид, маломат қилиш, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Уйғун, Комил Яшин, Ҳамид Олимжон сингари ижодкорлар адабий меросини менсимаслик кайфияти пайдо бўлмоқда. Ёзувчи яшаган давр билан ҳисоблашмаслик ёки асар тагматнидаги ишораларни ҳисобга олмаслик бирёқлама муносабатни юзага келтиради. Бундай кайфиятнинг пайдо бўлишида адабиётшунослар ҳам айбдор. Зеро, бугун тарихийлик кесимида улар ижодига янгича ракурсда, холис ёндашиш талаб этилмоқда.

 

Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”си “Тўрт томоним – қибла, лекин қаёққа қараб йўл олсам экан?..” деган жумла билан якунланади. Ҳар сафар уни ўқисам, шу жумла эътиборимни тортади. “Тўрт томони қибла” бирикмаси асарда бир неча бор такрорланади. Бунда қандайдир ишора бормикан?

 

Ғафур Ғулом – фавқулодда истеъдод эгаси, йирик ижодий феномен. Шундай катта ёзувчи мафкурага анчайин дастёр бўлиб қолмагандир, истеъдод қаердадир ўз кучини намойиш этган чиқар. Муаллиф қибласини йўқотган, сиғинар меҳробидан айрилган, борар манзили аниқ бўлмаган халқнинг руҳий ҳолатига ишора қилдимикан?.. Шўронинг асл моҳиятини англаб етмаган, динидан айро тушган, қадриятлардан узилган, аросатдаги миллатнинг аҳволига айнан “тўрт томон қибла” ибораси мос келадигандек.

 

Манбаларда “Шум бола” қиссаси 1936 йили ёзилгани қайд этилган. Миллат тарихида ўчмас из қолдирган қатағон арафасида шундай асарни ёзмоққа чоғланишнинг ўзи жумбоқ. Унинг дастлабки варианти “Довдираш” деб номлангани ҳам бежиз эмас. “Довдираш” фақатгина асар мазмунига эмас, балки ёзувчининг ўзига, жамиятга, одамларга ҳам тааллуқлидир?..

 

Қисса ёзилган кезлар пичир-пичир, шубҳа-гумон, таҳдид, ижодкорларнинг тўсатдан йўқолиб қолиши, кутилмаганда сўроққа чақирилиш хавфи, чақимчилик, хиёнат авж олган эди. Ижод хатарли машғулотга айланган эди. Шундай таҳликали замонда адиб “Ёдгор”, “Шум бола” сингари бетакрор асарларни ёзишга ижодий қувват ва ишончни қаердан олди? Қатағон машинасининг шовқини ижодкорни эҳтиёткорликка ундагани аниқ, аммо қалтис лаҳзаларда Ғафур Ғулом йўлсизликда йўл топа билдими?..

 

Қодирий, Чўлпонларни такрорлаш ақлга сиғмас эди. Ижодкор фақат янги йўл, янгича ёндашув заруриятини қалбан ва ақлан ҳис этади. Қолаверса, ижодий салоҳияти ва истеъдод кўламини яхши билган шоир ўзгаларга тақлид қилиш, бошқалар юрган йўлдан юришни ўзига раво кўрмасди ҳам. Муаллиф “Шум бола” асарини эълон қилган вақтда қалами мафкура қолипларига анчагина мослашиб бўлган эди. Аслида, сиёсий талатўплар кучайган, ёлғон авж олган муҳитда санъат асари пайдо бўлиши қийин. Аммо адиб қўрқувга тобе бўлиб қолмади, “Шум бола”ни санъат асарига айлантира билди.

 

Қиссада етимлик Қоравойни асрагувчи тумор каби хизмат қилади. Оғир вазиятларда болакай “етимнинг ҳаққини еб бўлмайди”, “етимга озор бериш – гуноҳ” каби қадриятга айланган тушунчалар билан омон қолади. Етимликнинг сўқмоқлари қалтис ва хатарли бўлгани боис қувлик ва шумлик, айёрлик ва тадбиркорлик билан бирга меҳрибонлик, бағрикенглик, мурувват унинг ҳаётий формуласига айланади.

 

Қисса муаллиф томонидан қайта-қайта таҳрир қилинган. Илк варианти “Довдираш” (1936), кейингиси “Шум бола” (1938) номи билан нашр этилган. “Танланган асарлар”да қисса (1941 йилги вариант) бундай хотима топади: такяхонадан чиққан болакай, ювиниб покланади, чунки у янги ҳаёт остонасида. Бозорда муҳтожликдан чорасиз турган бир косибдан этик сотиб олади, ўзига ўхшаган юпун болани меҳмон қилади, озроқ пул билан сийлайди. Эътиборга молик жиҳати, бош қаҳрамон бозордан ҳавас ва умид билан китоб сотиб олади. “Фурсат келганда айтарман, бу китоб “Хамса”и Алишер Навоий экан”, деган сўзлар билан якунланади асар. Афсуски, кейинги нашрларда хотима ўзгаришга учраган.

 

Дарвоқе, мана бу парча ҳам қизиқ: “Ўша йиллари Тошкентда шунақа ҳам жинни кўп эдики, санаб саноғига ета олмайсиз: Малла жинни, Карим жинни, Майрамхон, Холпаранг жип-жинни, Тожихон, Жуфт каптар, Олим жинни, Эшон ойи, Аваз жинни ва бошқалар...” Ёзувчи уларга алоҳида­алоҳида изоҳ беради. Уларнинг ҳеч бири онасидан жинни бўлиб туғилмаган, замона зайли билан дардга чалинган ёки ўзини шу йўл билан ҳимоялаган. Карим жинни чит чиқиб, бўз ўтмай қолганидан, Эшон ойи – эрининг хиёнатидан, Холпаранг дастгоҳига ўт тушгандан сўнг ақлдан озган. Жуфт каптарга “ҳукуматдан теккан”. Улар орасида Аваз жинни каби “ҳаваскор” тентаклар ҳам йўқ эмас. Бу ерда бир гап бор. Назаримизда, муаллиф ҳам қатағон йилларида омон қолиш учун йўл қидирди. Дунё бозоридан ўзини жиннига солиб ўтаётган қаҳрамонлар руҳияти муаллифга ҳам бегона эмасдек...

 

Ғафур Ғулом бурч ва шаънга хиёнат қилган сохта уламоларни “бир ёлғондан қирқ ёлғон” усулида фош қилади. Болани ёлғон ишлатишга мажбур қилган сабабларга назар солади, жамиятнинг алдов ва зулм-зўравонлик асосига қурилганига ишора этади. Қиссадан ҳиссага кўра, “илмни воситаи жоҳ” айлаганлардан кўра саводсиз камбағал болакайнинг ҳаётий тутумлари афзал. У бировнинг ҳақидан, ўзгага туҳматдан қўрқади, ҳалол-ҳаромни фарқлайди. Қаҳрамон табиатидаги бу хислатларга ёзувчининг ўзи “донорлик” қилган бўлса ажаб эмас.

 

 

Ҳуррият ва адабиёт

 

Сирожиддин Аҳмад. Миллий ҳуррият адабиёти. Икки империя асоратида. 1-2-жилдлар. Тошкент, “Info Capital Group”, 2018.

 

Сирожиддин Аҳмад – қўлёзмаларни синчиклаб ўрганадиган, бирламчи манбаларга таянадиган, тагматн сирларини пухта билган заҳматкаш олим, жадид даврининг улкан билимдонларидан бири. У умрини Туркистон тарихининг энг мураккаб даврини ўрганиш, юрт ойдинлари фаолиятини ёритиш, маърифатпарварлар ҳаётини чин мазмун-моҳияти билан очиб беришга бағишлади.

 

“Миллий ҳуррият адабиёти” ва “Икки империя асоратида” китобларининг композицияси анъанавий мундарижалардан фарқланади. Шаклдаги ўзига хослик мазмунда ҳам аксини топган. Уларда давр муаммолари, тарихий-адабий жараён бўй-басти билан кўрсатилган.

 

Икки жилддан иборат тадқиқот Туркистон мустақиллиги йўлида жон олиб, жон берган юрт қаҳрамонлари ҳақида. Муаллиф асл манбаларга таяниб “қизил террор” сиёсати даврида 15 мингдан зиёд уламо қатл қилинганини аниқлаган, уларнинг миллат маънавий ва маданий равнақи йўлида олиб борган хизматини кўрсатиб берган. Ўша кезлар босқинчилар юртда динга бўлган эҳтиромни кўриб, энг аввал диний уламоларни қириш, бадном этишни мақсад қилгани маълум.

 

С.Аҳмад Туркистон ойдинларидан Тоҳир Шокирнинг “Танланган асарлар”ини ҳам нашр этган. Тоҳир Шокир (Чиғатой) ҳазрат Навоий ижодига бағишланган мақоласида Туркистонда турк мафкураси ҳамда Алишер Навоий ижоди ва туркий тафаккур масалаларини кўтарган. Олим Навоий феноменини очиб беришда туркий тафаккурнинг қадим илдизларига назар солади. Туркистонда туркликнинг Навоийгача бўлган маданий ва адабий даврини тадқиқ этади. У “Қутадғу билиг”ни миллий руҳ ва миллий тафаккурнинг тимсоли деб баҳолайди. Туркий қавм араб ва форс тили босими остида ўз руҳидан узоқлашиб кетаётган паллада Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавийлар кураш байроғини кўтариб чиқди. Кейинроқ Навоий “турк руҳи, турк ранги, турк фикр адабиёти”ни якқалам қилди...

 

Сирожиддин Аҳмаднинг Туркистон тарихи ва жадид ҳаракатига бағишланган асарлари билан танишиш ҳар бир ўзбек зиёлиси учун манфаатлидир.

 

 

Руҳни тарбиялаб бўладими?

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Руҳий тарбия. 3 жилдлик. 1-жилд. Покланиш. Тошкент, “Hilol-nashr”, 2016.

 

Инсоннинг ўзини англашида диний-маърифий китобларнинг ўрни катта. Ислом оламининг етук уламоларидан бири, улуғ шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзидан катта илмий мерос қолдирди. Олимнинг фалсафий-маърифий характерга эга “Ҳадис ва ҳаёт” рукнидаги 40 жузга яқин асари, “Мукаммал саодат йўли”, “Бахтиёр оила”, “Одам ва олам, дин ва илм”, “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китоблари миллат тафаккуридаги маънавий бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилмоқда.

 

Олим ҳар не масалага вазмин ва холис ёндашуви, мавзуни кенг қамровда шарҳлаши, фикр ифодасида халқона усулдан фойдаланиши, муомала-муносабатда авомнинг дидини ҳисобга олиши билан ўрнак кўрсатган эди. У киши ҳар бир масалага мантиқан ёндашиб, фикр ифодасида эҳтиросга берилмай, улуғворлик ва салобатни маҳкам тутарди.

 

“Руҳий тарбия” китобининг номиёқ фикр уйғотади. Руҳни тарбиялаб бўлармикан? Руҳ тарбиясида нафс етакчи муаммо саналади. Баъзи адабиётларга кўра, нафс ва руҳ айни маънони англатади. Бу икки тушунча психология билан боғлиқ тадқиқотларда ҳам алоҳида ўрин тутади. Арабларда психология – “илмун нафс”, яъни нафсни ўрганиш илми деб аталади. Ҳозир психологияни руҳшунослик деб аташ урфга кирди, аммо нафс аслида руҳ эмас. Руҳ – Оллоҳ тирик коинотга жойлаган илоҳий сирдир. Инсон маърифатда ҳар қанча юксалмасин, руҳ сирини очишга ожиз. Одамлар Расулуллоҳдан (с.а.в.) руҳ ва унинг моҳияти ҳақида сўраганида, қуйидаги оят нозил бўлган: “Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен “Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир”, деб айт” (Исро, 85).

 

Жилдларнинг тартибланишида ҳам теран қонуниятга риоя этилган: “Покланиш”, “Тикланиш”, “Хулқланиш”. Нафси амморани жиловлаб покланган инсон кейинги босқичда ўзини тиклайди, сўнггисида эса гўзал сифатлар ила хулқланади. Инсоннинг комилликка етишув босқичлари шу тариқа содда ва гўзал кўрсатилган.

 

Муаллиф муқаддимада бундай ёзади: “Ислом дини инсоннинг жисми ва руҳига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Руҳий-маънавий қисм “тазкиятун нафс” – “нафсни поклаш” деб аталиб, унда мўминларнинг нафсларини, яъни шахсиятларини поклаш, уларга фазилатларни касб қилдириш ва разолатлардан холи этиш киради. Бу борада “нафс” сўзи билан бирга “қалб”, “руҳ” деб аталадиган маънолар катта аҳамият касб этади. Қалб раббоний, руҳоний ва латиф нарса; руҳнинг ҳақиқатини Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Аммо Қуръони каримда нафсни поклаш ҳақида кўп сўз кетгани учун “қалб”, “руҳ” сўзларидан айнан нафс” сўзини ишлатиш кенг тарқалган”. Демак, олим руҳнинг сирлилигини эътибордан қочирмаган ва уни нафс сўзига синоним сифатида қўллаган.

 

Глобаллашув даврида инсониятни ахлоқий қадриятларгина таназзулдан сақлаб қолиши мумкин. Бу жиҳатдан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ижодий меросини илмий-фалсафий кўламда ўрганиш муҳимдир.

 

“Тафаккур” журнали, 2024 йил 3-сон.

“Орзулар ушалгувчи манзил” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

12:11 / 13.11.2024 0 45
Маънавий экспертиза керакми?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10028
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//