Ибн Синонинг асл сурати сақланиб қолганми?


Сақлаш
17:35 / 13.11.2024 35 0

Тарих қатларида бизни ҳайратга соладиган маълумотлар ниҳоятда кўп. Улар билан танишар экансиз, ҳайратингиз ортиб бораверади. Ана шундай ҳайратланарли тарихий маълумотларни ХХ асрнинг 20-йилларида совет ҳокимиятининг зуғуми остида юртни ташлаб хорижга чиқиб кетган муҳожир жадидлар ҳам матбуот саҳифаларида эълон қилиб борган (Уларнинг – ҳатто муҳожирликдаги қаттиқ ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий қийинчиликларга қарамасдан – илмий фаолиятдан бир дақиқа бўлса-да тўхтаб қолмаганлари алоҳида таҳсинга сазовордир).

        

Масалан, муҳожир жадидлар томонидан 1929–1939-йилларда Франция пойтахти Париж шаҳрида чоп этиб борилган “Ёш Туркистон” журнали таҳририяти Ўрта осиёлик алломалар меросига алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг биринчи ренессанс даврига қўшган улкан ҳиссалари тўғрисида муҳим тадқиқотларни эълон қилиб борган.

 

Хусусан, “Ёш Туркистон” журналининг 1937 йилги 89 ва 91-сонларида чоп этилган ҳамда Ибн Сино вафотининг тўққиз юз йиллигига бағишланган махсус мақолалар шулар жумласидандир.

 

Дастлабки мақола Абдулваҳоб Ўқтой (1904–1962) томонидан ёзилган бўлиб, мақоланинг номи “Ибн Синонинг вафотига 900 йил тўлиши муносабати билан” деб номланади. Унда муаллиф томонидан Ислом шарқида “Шайх ур-раис”, христиан ғарбида эса “Ҳакимлар қироли” деган тахаллуслар билан машхур бўлган буюк турк олими Ибн Синонинг вафотига 900 йил тўлиши қайд этилиб, ушбу муносабат билан Туркиянинг пойтахти Анқара шаҳрида Турк тарихи академияси томонидан юбилей санани юксак савияда ўтказиш ҳамда олимнинг танланган асарларини нашрга тайёрлаш ишлари бошлаб юборилгани таъкидланади: “Турк тарихи академияси бу ишлар ила машғул бўлиш учун профессор Шамсиддин Олтой бошчилигида бир ҳайъат сайламишдир. Туркия матбуотинда босилиб чиққон хабарларга кўра, илм тарихи, фалсафа тарихи соҳасинда чалишатурғон турк мутафаккирлариндан ташкил топган бу ҳайъат олти ойдан бери ҳозирлиқлар кўрмоқдадир”.

 

Абдулваҳоб Ўқтой ислом маданияти тарихида ўзининг илмий фаолияти билан катта ўрин тутадиган, исми инсоният цвилизациясининг меҳробига олтин ҳарфлар билан ёзилган Ибн Сино ҳаёти ва меросини ўрганишда Европа халқлари анча илгарилаб кетганини қайд этиб, бироқ туркий халқлар бу борада улардан анча орқада қолганини афсус билан ёзади.

 

Бундан ташқари муаллиф Ибн Синонинг турк эканини алоҳида урғулаб, бироқ Европа халқи уни араб миллатига мансуб деб ҳисоблашини, бу эса жуда катта хато фикрлигини таъкидлайди: “Оврўпа эса бизим Ибн Синомизни араб деб таништириб келмоқда. Уни “Авиценна” (Avicenne) деб атайдилар, араб ўлароқ танирлар ва танитадурлар. Бу қандай ғафлатдирки, бу кунда ушбу фикр билан қаноатланурлар”.

 

Абдулваҳоб Ўқтой томонидан ҳавола этилган Ибн Синонинг миллий тарихимиз ва маънавиятимизда тутган ўрни хусусидаги қуйидаги фикрлари ҳам эътиборга молик: “Ибн Синонинг Туркистон турклари назарида миллий, тарихий, илмий юксак бир сиймо эканлиги, айниқса, 1917 йилғи инқилоб бошларинда очиқча сезилмишдир. Чорлиқ (Россия империяси назарда тутилмоқда – М.Алижонов) йиқилар-йиқилмас Туркистоннинг маркази Тошкентда ташкил қилинғон миллий илм ўчоқларининг энг муҳимларини ўлка жадидчилари Ибн Сино исми ила атамишлардир. Фақат, бироз вақт сўнгра Туркистонни қонға бўяб, уни қайтадан Русия ҳокимияти остина олғон рус болшевиклари Туркистон турклигининг ўз тарихина, ўз кечмишина кўрсатган алоқасидан, боғлиқлиғиндан сиёсий натижалар чиқариб, Ибн Сино номига қўюлғон илм юртларини ҳам советлаштирдилар”.

 

Шунингдек, “Ёш Туркистон” журналининг 1937 йилги 91-сонида “Улуғ миллий сиймо” номли мақола эълон қилинган бўлиб, мақола остига “Бошқарма” деб имзо қўйилган.

 

Ушбу мақолада қуйидагиларни ўқиймиз: “Ибн Синони ўзимиздан, турк миллатидан дейиш билангина қониқиш ҳосил қилиш ярамайди. Ибн Сино каби шахслар бутун башариятникидир. Уни ўзлаштириш ва у қолдирғон меросға лойиқ ва ярарлиқ бўлиш учун Туркистон ёшлари илмга берилиши ва унинг асарларини мутолаа қилишлари ва яқиндан ўрганишлари лозимдир. Ибн Сино асарлари, табиий, бу замонғи илмнинг талаб этган савиясида эмасдир. Бу ғоят табиий бир нарса, чунки илм бир нуқтада тўхтаб турмай, доимо тараққий этадурғон бир нарсадур. Илмнинг тараққийси учун энг муҳим нарса – асос принципларга таянмоқдир. Илмнинг принципи – табиатнинг бизга билинмай келаётғон яширин аломатларини юзага чиқариш ва белгилаш учун энг тўғри восита, йўлидир. Баъзи оврўпалик буюк олимларнинг айтишларича бизнинг Ибн Сино ўз замонасида катта роль ўйнағон, баъзи илм соҳалари принципини кашф этганлардан бири бўлғон”.

 

Шу билан бирга мақолада Ибн Синога замондошлари томонидан муносиб қиймат берилмагани, ҳатто баъзи олим ва жоҳил муллалар уни “Дин душмани” деб эълон қилгани, натижада асарлари таъқиқлангани, оқибатда унинг Туркистондан қочиб кетиш мажбуриятида қолгани қайд этилган. Шу боисдан ҳам диний илм билан шуғулланувчилар дунёвий илмларнинг ҳам аҳамиятини теран англаган ҳолда, ушбу илмларни ўрганишга одамларга қаршилик қилмасликлари лозимлигини, дунёвий илмлар инсоният тараққиётининг асоси экани мақолада алоҳида таъкидлаб ўтилган.

 

Бундан ташқари номаълум муаллиф Европада ҳам Ибн Синога ўхшаб аниқ фанларга доир илмлар билан шуғулланиб таъқибга учраган олимлар яшаб ўтганини урғулаб, бунга Галилео Галилейни мисол ўлароқ келтиради: “Ибн Синодан тахминан 400 йил сўнгра дунёға келган машҳур италян физиги ва астрономи Галилео Галилей (Галилее – 1564–1642)ни католик руҳоний маҳкамаси (суд – М.Алижонов) ваҳшиёна қайнатиш ва тирик ҳолинда ўтға солиб ёндириш таҳдиди остида у инонғон ва замонимизнинг асосий илмий ҳақиқатларидан бўлғон юлдузлар илми (илми нужум) қонунларидан воз кечишга мажбур этган эди”.

 

Шунингдек, Абдулваҳоб Ўқтой томонидан “Ёш Туркистон” журналининг худди шу 91-сонида Ибн Синога бағишланган яна бир мақола чоп этилган. Бу мақоланинг номи ҳам “Ибн Сино вафотига 900 йил тўлиши муносабати билан”дир. Ушбу мақоланинг ўзига хослиги шундаки, унда Абдуваҳоб Ўқтой “Ибн Синонинг асл сурати сақланиб қолганми?” деган масала устида таҳлиллар олиб борган. Муаллиф дастлаб мақоласининг кириш қисмида Ибн Сино туғилган қишлоқ тарихи хусусида қизиқарли маълумотларни тақдим этади. Унда ёзилишича: “Баъзи туркча асарлар ила Оврўпа тилларида босилғон асарларда Ибн Синонинг 980 йилда туғилғонлиғи билдирилмишдир ва унинг туғилган ерининг номи Туркия маориф ваколати тарафидан 1931 йилда Истанбул давлат матбаасинда болсилғон “Тарих” китобининг II жилд, 163-бетида “Афшине”, баъзи олмонча асарларда эса “Efschene” шаклинда кўрсатилмишдир. “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1937 йил 27 март кунги 70-сонида Ибн Синонинг туғилган ери ҳақида ўз мухбирининг Бухородан биридаги шу маълумотни босмишдир: “Машхур файласуф Абу Али ибн Синонинг Бухоро атрофидағи “Афсона” (газета имлосида “Афсана” қишлоғида туғилғон деб юритилур, лекин бу қишлоқнинг қаердалиги, ҳозир қайси райўнға қараши, тарихи номаълум эди. Бу олим номидағи қироатхонанинг ходимлари бу чигални ечдилар. Ул “Афсона” номи билан юрган бу қишлоқға ҳозир “Ифсоний” (газета имлосида “Ifsani”) номи берилган экан. Бу қишлоқ Бухородан 24 километр нарида, Вобкент райўниға қарашли Пешкуҳ (газета имлосида “Peshkoh”) қишлоғининг шарқида экан. У ҳозир “Дече” (Dece) қишлоқ советига қарайди. Унда яшовчи 50 хўжалиқнинг ҳаммаси колхозлашиб “Қизил меҳнат” номли колхоз тузилган. Афсона қишлоғи Абу Али Сино туғилғон вақтда (газета имлосида “Zandaniy”) туманининг маркази экан. Қишлоқнинг аҳолиси 200 дан ортиқ бўлғон. 7 та катта масжид ва “Авлиё мақбараси” бўлғон. Буларнинг ҳаммаси ҳозир йўқолиб “Тош масжид” номи билан юрган масжиднинг ғиштлари, эшиклари қолғон. Унинг меҳроб ўрни ҳам аниқ. Ўша ердаги бу масжиднинг бундан 250 йил илгари ремўнт қилинғонини айтадилар. Қолғон 6 масжиднинг ҳеч бири қурилғондан кейин ремўнт бўлмай бузилиб кетган”.

 

Абдулваҳоб Ўқтой Ибн Синонинг асл (оргинал) сурати сақланиб қолганига доир қизиқ тарих ёритилган Фуод Кўпрулузода томонидан “Жумҳурият” газетасининг 1936 йил 7 октябрь кунги сонида чоп этилган “IХ асрда ислом санъати ва Ибн Синонинг тасвири” номли мақолани таҳлил этади.

 

Фуод Кўпрулузоданинг фикрича Ибн Синонинг сиймосига доир турфа хил суратлар ишланган бўлиб, уларнинг бирортаси тарихий асосларга эга бўлмасдан, фақат хаёлот маҳсулидир. Абдулваҳоб Ўқтой Кўпрулузоданинг номи юқорида зикр этилган мақоласидан қуйидаги иқтибосларни келтиради: “Хорамзшоҳ Абул Аббос Маъмуннинг Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Сахлий (тўғриси Сахилий) исмли бир вазири бор эдики, у фозил, карим, илмсевар бир одам эди. Бу сабабла у тибда (тиббиёт), фалсафада, риёзиётда (математика), нужумда энг илгари кетмиш олимларни саройга тўпламишдир. Беруний, Ибн Сино, Абу Наср, Абу Сахл буларнинг энг пешқадамаларидан эди. Ниҳоят бир куни Ғазнавий Султон Маҳмуд ҳам уларнинг донғини эшитди. У Ғазнанинг буюк олимларидан Хўжа Ҳусайн ибн Алини мактуб билан Маъмунга элчи қилиб юбориб, бу олимларни Ғазнага юборишини сўради. Маъмуннинг шоҳ Маҳмуд амрига қарши келмакка кучи етмас эди. Бино алайҳ, у олимларни ўз ҳузурига чақиртирган ҳолда вазиятни тушунтириб, уларни Ғазнага юборишини билдирди. Ибн Сино ила Абу Сахл қатъийян кетмасликларини билдирди. Қолганлари эса мамнуниятла кетишга розиликларини сўйладилар. Ибн Сино ила дўсти Хоразмда қолмай дарҳол шаҳардан чиқдилар, йўлларда кўплаб қийинчиликларга учрадилар, Абу Сахл бу машаққатларга чидолмай йўлда вафот этди. Ибн Сино заҳмат билан аввал Тусга, ундан сўнг Нишопурга борди. Бу орада қолган уч олим, яъни Беруний, Абу Наср ва Абулхайр Ғазнага бордилар. Ҳолбуки Султон Маҳмуднинг асл мақсади Ибн Синони Ғазнага келтириш эди. Уни кўрмагач, риёзиётчи ва наққош бўлган Абу Насрга Ибн Синонинг расмини чиздирди, наққошларни келтириб унинг қирқ нусхасини чиқартирди ва амрномалар ёздириб бу расмларла баробар, мамлакатнинг ҳар тарафига юборди. Маҳмуд Ғазнавийнинг ушбу амрномасида “Бу расмнинг соҳиби бўлган Ибн Сино исмли одамнинг қаерда кўрилгани замон Ғазнага юборилиши шартлиги” ёзилганди.

 

Ибн Сино Нишопурга келгач, Маҳмуднинг ўзи тўғрисида чиқарган фармонидан хабар топди. Бир неча кун у ерда яшагандан сўнгра, Журжонга кетди. Чунки у Журжоннинг подшоҳи бўлган Қобуснинг илмни ва олимларни ҳимоя этиши тўғрисида эшитган эди.

 

Ибн Сино Журжонга келиб бир карвонсаройда хасталарни даъволаб танилди. У даврда Қобуснинг ақраболаридан (яқин киши, қариндош – М.Алижонов) бири хаста эди. У ердаги ҳакимларнинг бутун ғайратларига қарамай касал тузалмасди. Унинг одамларидан бири Ибн Синонинг шуҳратидан хабардор эди, уни Қобусга тавсия этди. Ибн Сино у хастани ҳам даъволаб тузатди. Буни эшитган Қобус бу моҳир ҳакимни кўрмакни истади. Ибн Синони ҳузурига чақиртирди. Бироз аввал Ғазнавийнинг амрномаси ва суратини олган Қобус Ибн Синони кўриши билан дарҳол таниди. “Сен Ибн Синомисан?” дея сўради. “Ҳа” жавобини олгач Қобус тахтдан тушиб унга ҳурмат кўрсатди, ёнига ўтказди, суҳбатлашди. Бундан сўнгра Ибн Сино Рай шаҳрига кетиб Алоуддавланинг вазири бўлди…”.

 

Профессор Муҳаммад Фуод Кўпрулу Ибн Синонинг ҳақиқий бир сурати чизилганини айтиб, ҳайрат ичра ўз мақоласини шундай тугатади: “Ажабо, ХI асрнинг бошида ёйилган ва ХII асрда одамларнинг қўлларида мавжуд бўлганлиги айтилаётган бу тасвир, ёхуд, муаххир бир даврда ундан истеъфода этилган ҳолда ёйилган бошқа бир янги нусхалардан бирини қўлга киритиш мумкинми? Йўқса, кўплаб ёнғинлар, зилзилалар, харобалар, истилолар, жуда кўп култур хазиналар каби буни ҳам ўртадан қолдирмишдир? Бунинг жавобини беришга ҳозир ҳеч ким қодир эмасдир. Ҳозир бизнинг вазифамиз умид қилиш ва изланишдир!”.

 

 

Ибн Синонинг “Ёш Туркистон” журналида босилган сурати

 

Абдулваҳоб Ўқтой шундай бир улуғ сиймонинг вафотига 900 йил тўлиши муносабати билан – доимо халқлараро дўстлик шиорини илгари суриб келган – СССРда ушбу сана кенг миқёсда нишонланмаганини қайд этиб, қачон Туркистон озод ва ҳур бўлсагина халқ ўзининг миллий тарихини эркин ўргана олишини, ана шундагина Ибн Синонинг ҳам ҳурматини ўз жойига қўйиш мумкинлигини таъкидлаган.

 

Хулоса ўрнида айтганда, совет ҳокимиятининг қатағон сиёсати натижасида она ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган муҳожир жадидлар, гарчи ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий машаққатларга қарамай миллий тарихимизни, Ўрта осиёлик олимларнинг илмий меросини, хусусан Ибн Синонинг ҳаёти ва фаолиятини узлуксиз тарзда тарғиб этиш билан шуғулландилар.

 

Қолаверса, юқоридаги қайдлардан ҳам яққол кўриниб турибдики, буюк алломамиз бўлмиш Ибн Синонинг ҳақиқий сиймоси тасвирланган асл сурати чизилган ва нусхаларга кўпайтирилган ҳолда бутун мусулмон олами бўйлаб тарқатилган. Эҳтимол, айни шу кунларда ушбу нусхалардан бириси дунёнинг қайсидир кутубхонасида ёки бирор кишининг шахсий коллекциясида сақланаётгандир? Нима дедингиз?

 

Муслимбек АЛИЖОНОВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

12:11 / 13.11.2024 0 41
Маънавий экспертиза керакми?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10016
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//