Унинг жиноят иши 12 минг 192 варақни ташкил этган – Усмон Носир қандай шахс бўлган?


Сақлаш
12:44 / 13.11.2024 183 0

1912 йил 13 ноябрь Наманганнинг Танҳоғор маҳалласида ўзбекнинг истеъдодли шоири, таржимон ва драматурги Усмон Носир дунёга келди. Отаси Маматхўжа давр қийинчилиги, очлик ва хасталикдан 1916 йил вафот этди. Шоир кейинчалик ана шу вақтларни хотирлаб:

 

Отам ўлди, мен сарсон бўлдим,

Шум етим деб сўкдилар мени.

Ажаб кунларга мубтало бўлдим,

Кўчаларга қувдилар мени...

 

дея ёзади. Отасидан етим қолган бола онаси билан бойларнинг уйида хизмат қилади. Усмон Носирнинг онаси Холамбиби кейинчалик Носир ҳожи деган рус тилини биладиган, тижоратчи билан оила қуради ва 1921 йил улар Қўқонга кўчиб келади. Шу тариқа шоир Қўқоннинг улкан тарихга эга адабий муҳитига кириб боради.

 

Ҳаётининг “пошшо” даврида болалар билан ўйнаши, завқланиши керак бўлган бола ўгай отанинг доимий калтаклари ва ҳақоратлари қуршовида қолади. Оғир жазолардан бири ҳақида шоирнинг дўсти Темур Фаттоҳ ўз хотираларида айтиб ўтади. Бир куни Холамбиби уйда бўлмаган вақтда, ҳожи ёш Усмонни ҳолдан тойгунча уриб, қўлини орқасига боғлаб, оёғидан қудуққа осиб қўяди. Кутилмаганда келиб қолган Тоҳиржон Собиров уни қудуқдан қутқариб олади. Шундан сўнг “Янги ҳаёт” мактабида ўқиётган болани онаси “Дор-ур шафақа” – етим болалар ётиб ўқийдиган мактабга беришга мажбур бўлади. Зулмкор отадан озод бўлган Усмон энди шеъриятга бутун вужуди билан шўнғийда. Абдулаҳад Қаҳҳоров раҳбари бўлган “Санойи нафиса” тўгарагига аъзо бўлади ва шеър машқ қила бошлайди.

 

1927 йилда Қўқон шаҳар хотин-қизлар мухбирлари митинги муносабати билан “Бизнинг кўзгу” деворий газетаси чиқарилади. Унга мактаб ўқувчилари мақола, шеър, очерклар беришади. Улар орасида Усмон Носирнинг “Ҳақиқат қалами” номли илк шеъри ҳам бор эди. Кейинчалик Мухторхон домла ташаббуси билан бу шеър “Янги йўл” журналининг 8-сонида қайта нашр этилади.

 

Ҳақиқатни ёзасан,

Борлиқни сен кезасан...

 

дея мухбирларни олқишлаб ёзган шоирни, афсуски қалам аҳли ҳимоя қилмайди.

 

Усмон Носирнинг ҳаёт йўли ранг-барангликлардан иборат. Мисол учун, 1929 йил тўққиз йиллик мактабнинг биринчи битирувчилари бўлгани учун Москва ва Ленинградга экскурсияга боради. Саёҳат давомида Усмоннинг дунёқараши кенгаяди. У Москва Кинемотаграфия давлат институти ва Самарқанд Педагогика академиясига ўқишга киради, аммо соғлиғи ва хулқидаги муаммолар сабаб бу икки олийгоҳни ҳам тугата олмайди.

 

Собир Абдулла хотираларига қараганда Усмон Носир Амин Умарий билан Қўқон мумтоз адабиётини ўрганади. Темур Фаттоҳ эса улар 1926 йилда нашр этилган Сергей Есениннинг тўрт жилдлик асарларини ўқишганини айтади. Шоирнинг “Монолог” шеърида Дездемона, Отелло қаҳрамонлари, Шекспир номлари келтирилади. Бундан кўринадики, Усмон Носир шарқ ва ғарб адабиётидан хабардор бўлиб, уларнинг моҳияти, йиғиндисини ўз шеърларида жамлаган.

 

Туроб Тўла шоирни “Қаламида Навоий, Фузулий, Бобур, Фурқат нафаси уфурган, Данте, Петрарка муҳофазаларини эслатган, Пушкин, Лермонтовларни ўзбек тилида гапиртирган шоир” дея таръифлайди. Усмон Носирнинг илк тўплами “Қуёш билан суҳбат” бўлиб, 1932 йилда нашр этилган. Шоирнинг ижодий мероси бешта шеърий китоб, тўртта драма ва учта достондан иборат. Асарларидаги исмлар маҳорат билан танланганки, улар инсонни ўзига ипсиз боғлайди. Масалан, “Атлас пьесасида бош қаҳрамон Атлас ёки “Нахшон” достонидаги Нахшон исмлари ноёб ва ўзига хос. Шунингдек, “Юрак”, “Монолог”, “Йўлчи”, “Нил ва Рим” шеърлари Усмон Носирнинг туғма талант эканини исботлайди.

 

Ўткир Рашид “Усмон Носир ҳақида” номли мақоласида шоирга қуйидагидек таъриф беради: “Унинг 1927 йилдан 1932 йилгача бўлган ижодида публицистика, воқеаларга публицистик муносабат, публицистик пафос ва риторика кўпроқ кўзга ташланади. Шунинг учун унинг шеърлари шиор ва чақириқ бўлиб янгради. Бу хусусият Усмон ижодининг замон талабига ҳозиржавоблигини кўрсатди… Шоирнинг мана шу дастлабки давр ижодида тематик актуаллик ва ранг-баранглик устун бўлса-да, бу йиллар бадиий маҳорат ва ижодий мустақиллик йўлида изланиш даври эди.”

 

Усмон Носир таржимон ҳам эди. У 1937 йил рус шоири А.С.Пушкин вафотининг юз йиллиги муносабати билан унинг “Боғчасарой фонтани” асарини ўзбек тилига таржима қилади. Нодира Рашидова суҳбатларининг бирида айтиб ўтади: “1937-йил Москвада Пушкинга бағишланган пленум бўлади. Ўша пленумга ўзбек ёзувчилари ҳам таклиф этилади. СССР Ёзувчилар уюшмаси раиси Безименский минбарга чиқиб маъруза қилаётганида Пушкин немис ижодкори Гётенинг шеърларини таржима қилгани ҳақида сўз юритиб, ўша таржимадан мисоллар келтиради. Шунда энг орқадаги ўриндиқда ўтирган Усмон Носир шартта ўрнидан туриб, “Кечирасиз, Николай Александрович, бу Гётенинг эмас, Шиллернинг мисралари!” дейди. Шунда уюшма раиси довдираб қолади ва уни саҳнага таклиф қилади. Тоғам ўзини таништиргач, Николай Александрович ундан, сен Шиллерни ўқиганмисан, деб сўрайди. Усмон Носир эса, нафақат ўқиганман, ҳатто ёд олганман, дея Шиллернинг достонини ёддан ўқиб беради. Безименский ҳайратда қолади. Тоғамнинг елкасидан маҳкам қучиб, залга қараб, “Ҳамма кўриб қўйсин! Шарқда Пушкин пайдо бўлди!” дейди, шундан сўнг Москва газеталарида Усмон Носир ҳақида мақолалар ёзилган.

 

Шунингдек, у М.Й.Лермонтовнинг “Демон” (“Иблис”), ва “Эгмонт” трагедиясини ҳам ўзбек тилига таржима қилади. ХХ асрнинг 30-йилларида Ўзбекистон радио қўмитаси раҳбари Қурбон Берегин бу асар ҳам ўзбек тилида қўйилиши шарт деган фикрга келади ва уни таржима қилишни Усмон Носирга топширади. Лекин 1937 йил август ойларида Усмон Носир ҳибсга олингани сабаб “Эгмонт” трагедиясини ўзбек тилига ўгирган одам сир тутилади. Наим Каримов изланишлари натижасида ўтмишнинг биздан яширган махфий маълумоти ошкор бўлди.

 

1937 йил 27 январ кечаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси союзида 25 ёшли Усмон Носир ижодининг ўн йиллиги муносабати билан ижодий кеча ўтказилади. Ойбек: “Усмон Носир – улуғ шоир. Унинг 25 йиллигини нишонласа арзийди. Эҳтимол ҳали унга ҳайкал қўярмиз. У ўзбекларнинг Лермонтови”, дея шоир ижодига юксак баҳо берган.

 

Шоирнинг ҳаётидаги шўхликларни айтиб ўтиш ҳам ўқувчи олдидаги бурчимиз. Усмон Носирнинг дўстлари кўп бўлган ва улар доимий базмларда иштирок этган. Шоир шундай жойларда шеър ўқишни ёқтирган, айниқса ёш қизларнинг олдида, уларга бағишланган шеърларни маромига етказиб ўқиган.

 

1937 йилнинг қақшатқич қатағон сиёсати Ўзбекистонга ҳам кириб келади. Бу сиёсат биринчи галда адабиёт устунлари Чўлпон, Фитрат, шунингдек Усмон Носирга ўз таъсирини кўрсатди. Бу вақтда Усмон Носир энди 25 ёшга кирган, ҳали оила ҳам қурмаган, ёш ва навқирон эди. 1937 йил 12 июлда Усмон Носир Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасидан ўчирилади, 13 июль куни эса НКВД ходимлари томонидан қамоққа олинади. Шоир қалами ўткир, маърифатпарвар, мухлисларининг доим эътибор ва эътироф марказида бўлган, шунинг учун ҳам баъзи ҳасадгўйлар уни “миллатчи”ликда айблаб ариза ва кўрсатма беришади. Унинг жиноят иши 12 минг 192 варақни ташкил этган.

 

Даврнинг қийинчилиги, НКВД ходимларининг тергов жараёни қандай бўлгани ҳаммага маълум. Қамоққа олинганлар у ердан қайтиб чиқолмаган, айби бўлмаса НКВД ходимлари томонидан айб яратилар эди. Усмон Носирни 1938 йил 5 октябрда ўтказилган суд “миллатчи”, “Пушкин асарларининг савиясини тушуриш учун таржимани қасддан бузган”, “русларга қарши хунрезли нияти бор” деган айбловлар қўйиб, ўн йил озодликдан маҳрум қилади.

 

Шоир адолат нималигини билмайдиган замондан ҳақиқатни излайди. Қамоқда бўлган вақтида Сталинга жиноий ишини қайта текширишини сўраб хат ёзади. Доимий ҳаракатлар бесамар кетмайди. 1944 йил 15 декабрда Ҳарбий прократура Усмон Носир иши бўйича чиқарилган ҳукмни бекор қилади. Афсуски, оқлов тизими анча кечикади. Усмон Носир 1944 йил 9 март санасида юрак заифлиги ва ўпка силидан вафот этган эди.

 

Шоир хотирасини абадийлаштириш йўлида Абубакир Ражабий биринчилардан бўлиб 1969 йилда шоирнинг икки жилдлик “Танланган асарлар”ини нашр этган. Нодира Рашидова, Наим Каримовлар эса у ҳақида китоб, мақолалар ёзишган.

 

Хулоса ўрнида Абдулла Ориповнинг шоир ҳақидаги фикрини келтирамиз: “Усмон Носир улуғ ва абадий шеъриятнинг дийдасини оқиб улгурмаган шабнамдир, у ҳали қаҳқаҳага айланмай лабларимизда мангуга қотиб қолган ним табассумдир”.

 

Зебо РАХМАТУЛЛА қизи,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети талабаси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10726
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//