Маънавий экспертиза керакми?


Сақлаш
12:34 / 13.11.2024 103 0

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциациясининг қарори билан Теле ва радиоканаллар, ижтимоий тармоқларга мўлжалланган медиа маҳсулотлар, хусусан, сериал, мультфильм, кино, қўшиқ, клипларни маънавий экспертизадан ўтказиш тартиби жорий этилмоқда. Ушбу экспертизанинг таҳлилий натижалари ва маълумотлари тавсиявий характерга эга бўлиб, цензуралаш ваколати берилмаган. Аммо ушбу янгилик ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Айрим блогерлар ташаббусга “жамият қадриятларини сақлаб қолиш учун муҳим қадам” дея муносабат билдирган бўлса, баъзи сайт ва фаолларнинг саҳифаларида маънавият экспертизаси цензуранинг янги тури мазмунида ёритилди. Аммо бироз теранроқ ўйлаб кўрилганда, бу қарор медиамаконни цензуралаш, ижодни бўғиш эмас, аксинча, маиший мавзуларга ўралашиб қолган, беҳаёлик очиқдан очиқ тарғиб қилинаётган ва кино, санъат дунёсини тобора пастга шўнғишига ҳисса қўшаётган айрим “ижод маҳсуллари”ни тузатишга қаратилганини илғаш қийин эмасди, менимча...

 

Глобаллашув мафкуралар курашини ҳам глобал даражада катталаштириб юборган айни пайтда айнан ОАВ, ижтимоий тармоқлар, умуман ахборотлар орқали келадиган маълумотлар энг ўткир қуролга айланади. Бунда инсон онги нишонга олинади. Қандайдир яширин ғоя, тарғибот жо бўлган медиа маҳсулотлар онгга бошқа либосда кириб, уни эгаллашга хизмат қилади. Болаликда бир томчи қон ё ваҳший ҳайвоннинг ожизига бўлган ҳужумини кўрсак, этимиз жунжикар, бирор кўрсатувдаги ваҳшийлик саҳналари тушимизга кириб чиқарди баъзан. Бу бола руҳиятининг ўта таъсирчан бўлиши, дунёни кўрган нарсаларидан англаб, характер, туйғулар шаклланиб боришига боғлиқ экан ҳозир ўйласам. Аммо бугун болаларимиз кўраётган медиа маҳсулотлар, ўйинларнинг деярли ҳаммаси бутунлай бошқача – “бағритошроқ”, “бешафқатроқ”. Улар “уруш” ўйинида ким кўп одам ўлдиришдан беллашади, экрандаги душманининг чинқириб, азобланиб, қонга беланиб ўлаётгани уларни заррача ҳам ҳайиқтирмайди. Хўш, бугун қўрқмай, онлайн тиғ санчиб, одам ўлдираётганлар, буни шунчаки томоша қилаётганлар эртага ким, қандай одам бўлишади? Ҳаётда ҳам худди ўйиндаги сингари зарра ҳам сесканмай, бировга тиғ санчмаслигига кафолат бера оламизми? Азалдан бирор фильмда эркак киши аёлнинг билагидан ушласа ва айниқса, шу намойишни кўраётган вақтимизда ёнимизда ота-оналаримиз, катталар бўлса, уятдан қизариб кетадиган миллат эдик. Ҳозир-чи? Мультфильмлардаёқ болакайлар севишиб, ўпишяпти! Буни кўриб катта бўлган болаларда уят инстинктининг ўзи шаклланмаяпти, назаримда. Ота-боболаримиз таъбири билан айтганда, “дийдалари қотиб” улгуришди фарзандларимизнинг.

 

Бир мақоламда “Юзда парда бўлгани каби, миллатнинг ҳам ахлоқ пардаси бўлади”, деб ёзгандим. Агар кўчада бировнинг либосини йиртиб кетсангиз, ҳеч бўлмаганда маъмурий жазо қўлланилади сизга. Лекин миллат пардасини ечишга ҳаракат қилаётган, ечаётганларга қандай жазо бор? Биринчи ҳолатда бир нафар одам озор чекади, иккинчи ҳолатдаги ҳужум бутун бир миллатга ё келажакка қаратилган-ку! Мана шу ҳужум – мафкуравий ҳужумдир ва афсуски, бугун ҳам миллий, ҳам халқаро ахборот бозоридаги медиа маҳсулотлар, жумладан, турли сериал-у фильмлар, қўшиғ-у клиплар, мультфильм ва кўрсатувлар, реклама маҳсулотлари ва бошқалар мафкуравий ҳужумдан ҳимояланганми? Афсуски, йўқ!

 

Медиа маҳсулотларни медиабозорга тақдим этаётганларнинг кўпчилиги миллат, соҳа ривожи учун жон куйдиришади, аммо улар орасида билиб-билмай, лоқайдлик, билимсизлик ва асосийси, фақатгина даромадни кўзлаб “ижод” қилаётганларнинг тобора кўпаяётгани бугуннинг энг оғриқли масаласидир. Мен бу ерда четдан туриб, бизга тўн бичмоқчи бўлганларни эмас, ўз орамиздаги маҳсулот “эгалари”ни назарда тутяпман. Бугун ижтимоий тармоқлардаги блогер-вайнерларнинг аксарида мақсад кузатувчини кўпайтириш орқали рекламадан пул ишлаш бўлиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу йўлда отасини урмоқчи бўлганлар, онасининг юзига ширинликни улоқтирганлар, фаҳшни тарғиб қилаётганлар ҳам бор. Энг ёмони уларнинг кузатувчилари бизнинг фарзандларимиз – бизнинг келажагимиз экани. Ва биз бунга шунчаки томошабин бўлиб қолаётганимиз.

 

Медиа маҳсулотлар – мафкура курашининг энг оммабоп қуроли, мафкуравий курашлар давридаги ниқобланган ўйинлардан бирига айланиб улгурди. Бизнинг оммавий ахборот бозоримизда ҳам мана шундай “ниқобланган” медиа маҳсулотлар кўпайиб бормоқда. Хўш, уларнинг ниқобини ким ечади? Ёки бу ниқоб ечилмаслигидан кимлар манфаатдор?

 

Шуларни мушоҳада қиларканман, вазият бугун шу қадар “пишиб, етилиб”, қалтис ҳолатга келдики, фарзандларимизнинг онг-у шуурини, маънавий тарбиясини бой бериб қўйишимиз ҳеч гапмас. Шунинг учун ҳам бу экспертиза аллақачон бўлиши керак эди, дея оламан. Ва ишонаманки, бу фикримни қўллаб-қувватловчи зиёлилар, ижодкорларимиз ва юртдошларимиз кўп бўлaди.

 

Шаҳло Аҳророва

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10730
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//