Турк хоқонлигигача Марказий Осиёда иккита йирик давлат – Эфталлар давлати (V аср ўрталари – VI аср бошлари) ва Жужан (ёки Жуан‑жуан, Руоран) хоқонлиги (402–555) бор эди. Эски туркларнинг ўтмиши жужанлар билан тўғридан тўғри боғлиқ бўлиб, Турк хоқонлигининг кейинги сиёсий воқеликларида ҳам уларнинг ўрни йўқолмаган.
Жужанларнинг келиб чиқиши тўғрисида бир нарса дейиш қийин. Гарчи бу масалага кўп бора юзланилган бўлса-да, ҳалигача бир тўхтамга келинмаган. Хитой йиллликлари “Бэй ши” ва “Вэй шу”га кўра, турли хил қабила ва халқларнинг йиғиндиси ўлароқ юзага келган уюшмага “Жеужан” ёки “Жужан” деб от берилган. Ушбу давлатнинг афсонавий асосчиси атрофида турли кўчманчилар уюшмасини “бирлаштирган” ва у IV асрнинг 50-йилларидан то 555 йилгача “жуан-жуан” ёки “жужан” деб аталган. Жужанларда этник жамоа бўлмаган. Улар “умумий тақдир” ёрдамида уюшган, тўғрироғи, у ёки бу даражада ўз этник муҳитини ташлаб кетган кишилар бўлган. IV асрнинг 50-йиллари сянби отлиқ қўшиннинг собиқ қули Мўгулюй (Югюлюй) ўлимга ҳукм қилинган эди. Бироқ у тоққа қочишга эришади ва унинг атрофида ўзига ўхшаган 100 га яқин қочоқлар тўпланади. Шу тариқа Жужан хоқонлиги тузилган эди.
Жужанлар билан тинимсиз уруш олиб борган, хоқонликнинг душмани Тоба Вэй[1] императори Тай Уди эса (424–452) уларни ҳашаротга қиёслаб, “Жуан-жуан” деб от беради[2]. Умуман, хитой йилликлари уларни ҳунлар, айримлари эса дунхулар (шарқий хулар; мўғул тилли қабилалар)дан келиб чиққан деб кўрсатади[3]. Л.Н.Гумилев уларнинг сянби тили (мўғул тилларидан бири)да сўзлашганини аниқлаган[4].
Гарчи жужанлар тарих майдонига анча олдинроқ (“Ганму”да илк бор уларнинг оти 391 йилда учрайди[5]) чиққан бўлсалар-да, Жужан хоқонлигининг юзага келиши Шелун билан боғлиқ. Хитой йилликларида берилишича, Шелун хоқон (402–410) 50 га яқин турк тилли қабилани ўз ичига олган Телэ қабилалар уюшмасини ўзига бўйсундиргач кучаяди, ҳарбий ислоҳот ўтказади. Кичик давлатлар уларнинг босқинчилик ва талончилик юришларидан кўп қийиналади, уларга бўйсунишдан бошқа йўллари қолмайди.
Шундай қилиб, хоқонлик чегараси ғарбда Куча (Янци) ва Қорашаҳардан шарқда Корея (Чаосяни)гача, шимолда эса Байкалдан жанубда “Буюк Қум чўли” (Гоби)гача кенгаяди. Шундан сўнг Шелун ўзини “хоқон” деб атаб, Жужан хоқонлиги остида минтақада яна бир янги империяни бошлаб беради[6].
Олдинига Табғач (Тоба-Вэй; 386–533) сулоласи билан яхши борди‑келдиси бўлган жужанлар Шелун хоқон (402–410) бошқаруви чоғида бу сулоланинг кучайишига йўл бермаслик сиёсатини тута бошлайди[7]. Табғач сулоласи ҳам император Тай Уди (423–452) даврига келиб ўзининг энг юксак чўққисига чиққан, бутун Шимолий Хитой унинг бошқаруви остига ўтганди.
Жужан хоқонлигида эса Датан хоқон бошқарувга келгач (415–429) Табғач сулоласи билан уруш қайта бошланади. Жужанлар бир неча бор Табғач ерларига юриш қилганларидан сўнг[8], уларга қарши Гаочан (Турфон) ва Табғач сулоласи ўртасида иттифоқ тузилади[9]. Табғач императори Тай Уди 429 йили жужанларга қарши юриш қилиб, уларнинг Ички Мўғулистон ва Тарим ҳавзасидаги бошқарувини анча пасайтиришга эришади[10].
Ғарбий ўлка (хитойча Си‑юй)ларда[11] жужанлар билан иттифоқчи бўлган давлатлар бўлиб, улардан бири Юэбан давлати эди. Бироқ “Вэй шу” йиллигида кўрсатилишича, Датан хоқон олдига бораётган Юэбан ҳукмдори жужанларнинг кир-чир, ифлос турмушини кўргач, бу иттифоқни тугатади[12]. Шундан сўнг Юэбан ҳукмдори-да жужанларга қарши император Тай Уди билан келишиб олади, 448 йилда иккала давлатнинг бирлашган қўшинлари жужанларга қаттиқ зарба беради[13].
Жужанлар ўзларига янги иттифоқчи топиш учун Шарқий Туркистондаги Гаочан, Хўтан каби шаҳар-давлатларда ўз бошқарувини ўрнатади. “Вэй шу”да ёзилишича, 460–470 йилларда Тарим ҳавзасидаги бутун шаҳар-давлатларни жужанлар эгаллаб олганидан бу ўлкаларнинг ҳукмдорлари Табғач императорига ёрдам сўраб юзланадилар[14].
Телэлар ва жужанлар. Умуман, хитой йилликларини ўрганар эканмиз, Жужан хоқонлигининг кучайиши ёки кучсизланишида бош ролни Телэ (Гаочэ) қабилалари ўйнагани ойдинлашади. Телэлар кейин-да бошқа давлатлар, айтайлик, Турк хоқонлигида ҳам шундай ролни бажарган.
Юқорида кўрсатиб ўтилганидек, жужан хоқони Шелун (402–410) Телэ қабилалар уюшмасини ўзига бўйсундиргач кучайган эди. Телэларнинг Бўркли (Фуфуло) қабиласи жужанларга бўйсунган. Доулун хоқон (485–492) бошқаруви кезларида Телэ эли 100 минг оиладан ошиб кетган, уларга Бўркли уруғидан бўлган Афужило ва унинг амакиваччаси Цюнки бошчилик қилган[15].
Доулун хоқон (485–492) 487 йилда Табғач давлатига бостириб кирмоқчи бўлганида, Афужило жужан хоқонини бу йўлдан қайтармоқчи бўлади. Бироқ хоқон унинг сўзига кирмагач, Афужило укаси Цюнки билан бирга ўз элини олиб ғарбга кўчади[16]. У Гаочанни эгаллаб, у ерда ўзини мустақил ҳукмдор деб эълон қилади[17]. Доулун хоқон уларнинг устига қўшин тортади, бироқ Афужило уни тор-мор этади[18]. 490 йилда Афужило Табғач давлатига элчи юбориб, жужанларга қарши биргаликда курашишни билдиради. Кўп ўтмай Эфталлар (хитойча Идан, Йеда) Афужило устига юриш қилади, Цюнки ўлдирилиб, унинг ўғиллари ва неваралари қўлга олинади[19].
Жужанларнинг эфталлар билан борди‑келдиси яхши бўлган дея оламиз. Негаки, жужанларнинг сўнги хоқони Анағуйнинг амакиси – Поломиннинг уч синглиси ҳам эфтал ҳукмдорига турмушга чиққан[20], қолаверса, эфталлар, жужанлар ва тибетликлар Табғач империясига қарши иттифоқчи бўлиб ҳаракатланган кўринади. Телэларга Афужилодан кейин Балиян ҳукмдор бўлади. Бироқ Цюнкининг ўғли Мивотани тахт вориси қилиш учун эфталлар шу йиллар ичида Телэларга қарши бир неча бор уруш очади ва сўнгида Балиян ўлдирилиб, Мивота тахтни эгаллайди[21].
Мивота Табғач сулоласи билан борди-келдини яхшилаб, элчилардан совға-саломлар юбориб туради. Император Сюан Ву унга: “Эфталлар, Жужанлар ва Тогонлик (Тибет)лар ўзаро бир-бирлари билан Гаочандан ўтадиган йўл орқали борди-келди олиб боради, уларни бирлаштирадиган битта ер ҳам шудир. Мана энди Гаочан вассалимизга айлангач, жужанларнинг йўли тўсилди. Уларнинг унча катта бўлмаган тарқоқ гуруҳларигина айрим чоғларда талончилик қилиб, элчиларимизни ушлаб қолмоқда. Бу жиноятларини, албатта, кечириб бўлмайди”[22] деб ёзиб, Мивотани жужанларга қарши урушга ундайди. Шундан сўнг Мивота Вэй давлати қўшини билан бирга жужанларга қарши юриш қилиб, жужан хоқони Футуни ўлдиради.
Демак, Телэ қабилалар уюшмасининг ҳарбий қўшинидан бир Жужан хоқонлиги эмас, балки Табғач сулоласи ўзининг Ғарбий юртдаги босқинчилик юришларида ҳам яхшигина фойдаланган кўринади. Айтиш керакки, телэ қабилалари уюшмаси бутун Евросиё дала-қирлари бўйлаб кўчиб юрган ўта кенг қамровли қабилалардан иборат эди.
Ҳун империяси емирилгач, хитой йилликларида “тэлэ” tәk-lәk деб юритилган қабилалар Буюк Хитой деворининг шимоли-ғарбидаги Хэси йўлагидан то Ўрта Ер ва Қора денгиз қирғоқларигача бўлган улкан теграларда тарқоқ яшардилар[23]. Телэлар хитой тилида “ди”, “чиди”, “динглинг”, кейинроқ эса “гаочэ” (гаогуй – баланд араваликлар) деб аталган[24]. “Вэй шу”да берилишича, уларнинг илк ҳукмдори ҳун шанюйининг[25] жияни бўлган[26]. Телэлар икки гуруҳга бўлинган бўлиб, уларнинг биринчиси 6 та катта қабиладан, иккинчиси эса 12 та қабиладан иборат бўлган[27].
“Бэй шу”да берилишича: “Телэларнинг ота-боболари ҳунларнинг авлодларидир. Уларнинг уруғ-қавмлари энг кўп бўлиб, Ғарбий денгизнинг[28] шарқидан тортиб тоғ жилғалари бўйлаб ўрнашган. Туғла (Ло дарёси – Н.В.Кюнер) дарёсининг шимолида бўга (пугу), тўнгро (тунло), уйғур (бэйхэ), байирқу (байегу), бўркли (фуло) каби қавмлар бўлиб, уларнинг барчаси “эркин” (хит. сыцзинь) унвони билан бошқарилган. Яна мингчин (мэньжэнь), турғиш (дужу), азгил (хэци), ғун (цзйехунь), қушур (хусйе) каби қавмлар бўлиб, уларнинг лашкарликка ярайдиган 20 минг кишиси бор эди. Авирғулнинг ғарби, Кангитнинг шимоли ва Оқтоғ атрофларида чуба, булағ, азлар, супу, нах, ўғуз, хаккас, эртуш, ўнқу қабилалари бўлиб, уларнинг лашкарликка ярайдиган чамаси 20 минг кишиси бор эди. Олтинтоғнинг ғарби-жанубида сиртардуш, айавир, запандир, даш каби қабилалар бўлиб, уларнинг 10 мингдан кўпроқ лашкари бор эди. Кангиянинг шимоли, Эдил дарёси бўйларида адиз, гасар, баху, печенег, орол денгизликлар, ҳабияч, черчес, яйирму, гут каби қабилалар бўлиб, уларнинг 30 мингдан кўпроқ лашкари бор эди. Тенги денгизининг шарқий ва ғарбий тарафида сарурғул, саскин, марчи, сарқиш каби қабилалар бўлиб, уларнинг аҳолиси 8 мингдан кўпроқ эди. Фарангнинг шарқида аскил, аланийлар, бошқирт, қутриғуз, хуум каби қабилалар бўлиб, уларнинг аҳолиси 20 мингга яқин эди. Шимолий денгизнинг жанубида тубас кабилар бор эди. Гарчи уларнинг уруғ-қабилалари ўхшаш эмас-у, барчаси телэ деб аталади. Уларнинг қабила бошлиқлари йўқ бўлиб, шарқий ва ғарбий туркларга тобе эди. ... турк эли қурилгандан кейин шарқ ва ғарб тарафларга жазо юриши қилишда телэларнинг кучидан фойдаланиб шимол тарафларни тизгинлади[29].
Хитой йилликларида ёзилишича, уларнинг тили ҳунлар тилидан бирозгина фарқ қилган[30]. Шунингдек, мазкур манбаларнинг телэларнинг келиб чиқиши билан боғлиқ афсонавий шажараларига кўра, ҳун шанюйларидан бирининг қизи бўридан ўғил туғади ва телэларнинг авлоди шундай кўпаяди[31]. Туркларнинг шажараларига ўхшаш телэлар-да ўзларининг келиб чиқишини бўри билан боғлашлари қизиқ. Тўққиз ўғуз (хитойча hsing Chiu) телэ қабилалар иттифоқи хитой йилликларида баъзи ўринларда Турк (хитойча Chiu hsing T'u-chüeh) деб ҳам аталган[32].
Жужан хоқонлиги бошқарувига Футунинг ўғли Чэуну хоқон (508–520) келади. У Доуло фубадо уфа кэхан унвонини олади. Бу унвон Вэй сулоласи тилида[33] “бошқарувни ёритувчи” маъносини билдиради[34]. Япон туркологи Шираторига кўра‚ ушбу унвоннинг биринчи қисми доуло аслида мўғулча türu – “бошқарма/маҳкама”‚ “давлат бошқаруви”ни англатади[35].
Чеуну хоқон даврида жужанларга будда дини кириб келади. Янги хоқон кучли ва ҳарбий ишларга уста эди[36]. Шунинг учун у 516 йили телэлар билан бўлган урушда уларни бутунлай енгиб, Мивотани қўлга олади. Отасининг ўчини олиш учун Мивотани ноанъанавий усулда ўлдириб, даштликлар удумига кўра унинг бош чаноғидан қадаҳ ясаттиради[37].
Чэуну хоқон одатдагидек телэларни ўзига бўйсундиргач, янада кучаяди. Табғач сулоласи билан тенгликка таянилган тинчлик битимини тузади. Бироқ телэлар 520 йили Чэуну хоқонга қарши бош кўтариб, уни урушда енгади. Енгилган хоқон ўз онаси ва яқинлари томонидан ўлдирилади. Жужанларнинг сўнгги ўтмишида бош рол ўйнаган Чэуну хоқоннинг укаси Анағуй (Анахуан, Тубин хон; 520–552) бошқарувга шундай келади.
Анағуй хоқон бўлгач унинг узоқ қариндошларидан бири Силифа Шифа унга қарши бош кўтаради, натижада Анағуй укаси билан Табғач императори саройига сиғинишига тўғри келади[38]. Табғач императори Анағуйни яхши кутиб олиб, уни жужан хоқони деб тан олади. Бу ёқда эса Анағуй қочиб кетгач, унинг амакиси Силифа Поломин Силифа Шифани енгиб, ўзи ҳукмдор бўлиб олади[39].
Умуман, Анағуй хоқон бошқаруви кезларида ҳокимият учун кураш чўққисига чиққан, хитой йилликларида ёзилганидек: “давлат парчаланиб, ҳар бир уруғ алоҳида-алоҳида яшамоқда, вақти-вақти билан бир-бирининг устига босқинчилик юришларини қилмоқда эди”[40].
Бу вазият Телэ қабилаларига қўл келади. Телэларга Мивотанинг ўрнига укаси Ифу ҳукмдор бўлгач, 521 йилда жужанларни тор-мор этади. Жужан ҳукмдори Силифа Поломин эса Табғач саройига қочиб кетади[41]. Табғач сулоласи ўзининг азалий орзусига эришади, яъни ашаддий душмани бўлган Жужан хоқонлиги амалда унинг вассалига айланган эди.
Табғач императори Анағуйни кўпроқ қўллаб-қувватлайди. Табғач ёрдамида Анағуй яна олдинги элини қайтариб олади, бойлигига эришади. Ҳатто, 532 йилда император билан қариндошлик ришталарини боғлашни таклиф ҳам қилади[42]. Император ҳам бунга кўнади, бироқ никоҳ бўлмасидан олдин Шимолий Хитойда сиёсий вазият ўзгариб кетади. Табғач империясида ҳам ички курашлар кучайган бўлиб, 10 йилга чўзилган (524–534) урушлар туфайли Табғач империяси иккига: Шарқий Вэй (534–550) ва Ғарбий Вэй (535–557) сулолаларига бўлиниб кетади[43]. Бундай қалтис вазиятда ҳар иккала давлат ҳам жужанларни ўзларига иттифоқчи қилиш учун Анағуй хоқон билан никоҳ ришталарни боғлашга уринадилар. Ғарбий Вэй императори Вынди 535 йилиёқ ўз амалдорларидан бирининг қизини Анағуйнинг укасига турмушга бериб, Анағуйнинг қизига эса ўзи уйланади. Шундан сўнг Анағуй хоқон Ғарбий Вэй давлати томонида туриб, уларнинг ҳудудига босқинчилик юришларини қилмайди, деб ёзилади хитой йилликларида. Шу йилнинг ўзида Шарқий Вэй давлати ҳам ўз маликаларидан бирини Анағуйга турмушга беради[44].
Олдинига Ғарбий Вэй давлати томонида бўлган Анағуй хоқон императорга берган қизи касал бўлиб ўлгач, вазиятдан фойдаланган Шарқий Вэй давлати Ғарбий Вэй императорини унинг қизини атайлаб ўлдирганликда айблаб, хоқонни ўзларига оғдириб олишга эришади. Шарқий Вэй саройидан яна бир маликанинг Анағуйнинг ўғлига узатилиши (541) билан бу муносабат янада мустаҳкамланади[45]. Шундан сўнг Анағуй тўрт йил кетма-кет Шарқий Вэй давлатига совға-салом билан элчилар юбориб туради. Анағуй хоқон бу чоққа келиб хитой тарихчилари тили билан айтганда, яна “шимолда бирдан бир ҳукмдорга айланиб, ўта кучаяди”[46].
Жужан хоқонлигида бошқарув. “Син гo” – бу “чорваси билан бирга ҳаракатланувчи” чорвадорлар ёки “деҳқон бўлмаган” элатларнинг давлати (хитойча бу ту-чжэ). Кўчманчи давлат кўчувчи, у чорваси изидан ҳаракат қилади. Хитой йилликларида Жужан хоқонлигига қарата “го ло” (кўчиб юрувчи, кўчманчи давлат) атамаси учрайди. Хитойшунос В.С.Таскин ушбу атамани “ўтов давлати” кўринишида ўгирган. Шунингдек, Ван Моу ўзининг “Дао шан цин худ” номли асарида бундай давлат уюшмаларига шундай таъриф беради: “Деворлар билан ўралган шаҳарларга [эга] давлатлар (хитойча ю чан го) бўлади, кўчманчи давлатлар (хитойча ю син го) бўлади”[47].
Ашина турклари жужанлардан кўплаб давлатчилик удумларини мерос қилиб олган. Хитой йилликларида ёзилишича, олий бошқарувчининг унвони ўлароқ “хоқон”, бош хотини – маликанинг унвони эса “хотун” Ашина туркларига уларнинг эски хўжайинлари – жужанлардан қолган эди. Туркча ўзакдан ясалган эркин, элтабар каби унвонларнинг хитой йилликларида сыцзин, силифа кўринишида Турк хоқонлигидан олдинроқ жужанларда учраши, изланувчиларнинг турклар ушбу унвонларни улардан олган дейишларига қўл келган[48]. Шу ўринда, ушбу унвонларнинг жужанларда учрашини Жужан хоқонлигининг маълум (нисбатан кўпроқ) қисми турк тилида сўзлашувчи элатлар экани билан тушунтириш керак. Буни Жужан хоқонлигининг юзага келишида турклар ҳам қатнашгани, хитой йилликларида уларнинг тили қоришиқ бир тил (балки турк-мўғул-манжур) экани тўғрисидаги маълумотлардан билса бўлади[49].
“Вэй шу”да жужанлар билан боғлиқ ушбу билгилар қизиқ: “Жуанжуанлардаги удумга кўра‚ ҳукмдорлар ва амалдорлар бажарган ишларига кўра унвон олишади. Бу худди “Ўрталиқ давлат” (Хитой)да ўлгандан кейин бериладиган унвонларга ўхшаб кетади‚ фақат уларда ўлганидан кейин фахрий унвонлар берилмайди”[50]. Чиндан, бирорта турк битиктошида‚ хитой йилликлари ёки бошқа ёзма манбаларда турк амалдори ўлганидан сўнг унга унвон берилгани тўғрисида билгилар учрамайди.
Турклар ўз давлатларини “хоқонлик” деб аташлари шунчаки эмасди. Негаки, Жужан хоқонлиги ўрнига келган турклар ўзларини ушбу хоқонликнинг меросхўри деб билар, кўпгина сиёсий бошқарув тизимлари ҳам туркларга жужанлардан ўтган эди. Жужанларга эса ўзларидан олдин Марказий Осиёнинг хўжайинлари бўлмиш сянби ва ҳун давлатларидан мерос қолган эди[51]. Демак, Турк хоқонлиги давлат бошқарувидаги қатор унвонлар жужанлардан ўтган экан. Ўз ўрнида жужанлар ушбу унвон ва удумларни ҳунлардан ўзлаштирганлар.
Хусусан, жужанлар ҳунларнинг олдинги ерларини эгаллашга киришганлар ва Хангай тоғларини ўз хоқонликлари маркази ўлароқ белгилаганлар. Ҳунларнинг олдинги бош қароргоҳи Лун-чен (“Аждарҳо шаҳри”) шаҳри ўрнида жужанлар Мумо-чен шаҳрини қуриб, уни хоқонликнинг пойтахти этиб белгилайди: “Тян Цзян бошқаруви чоғи (501-519) жуан-жуанлар дин-линларни енгиб, ўзларининг олдинги ерларини қайтариб олдилар, илк бор ташқи ва ички деворлар билан ўралган шаҳар қурдилар ва уни Мумочен деб атадилар” [52]. A.В.Тиваненкога кўра, ғалабалар натижасида Марказий Осиёнинг барча қадимий муқаддас теграларини (Ўтукан) эгаллаб, жужанлар минтақада янада катта сиёсий таъсирга эга бўлдилар[53].
Мўғул археологлари Мумо-ченни Мўғулистондаги Унгетудаги шаҳар харобалари билан тенглаштиришади[54]. Бу ердаги қазишмаларда кўплаб қурилиш материаллари: пишиқ ғишт ва лойдан ясалган қолиплар, зарб қилинган турли хил темир буюмлар ва тош ҳайкаллар топилган, – бу жамиятнинг моддий ривожланиш даражаси анча юқори бўлганини кўрсатади. Мазкур шаҳар миллий зиёратгоҳга айланди, кейинги турк ва мўғул сулолаларининг муқаддас ери – Ўтукан шундай келиб чиққан эди. Хитой йилликларида Турк хоқонлари ўз пойтахтларини қачон Ўтуканга кўчиришгани ойдинлашмаган. Шунга қарамай, айрим изланувчилар турклар жужанларни енгач, тез орада ўз марказларини Ўтуканга кўчиришган, деб қарайдилар[55]. Тўғрироғи, жужанлар ҳокимиятининг қонуний вориси ўлароқ турклар уларнинг сиёсий марказини қўлга киритишган. Шунингдек, жужанларнинг Ассен уруғи 433 йилда Канжу вилоятидаги Олтин тоғнинг кунгай этакларини эгаллаб, ўз қароргоҳ шаҳрини Цзиншан – “Олтин тоғ” деб аташган.
Ашина турклари жужанларга ўлпон тўлаб турган қабилалардан бири эди. Сянбиларга енгилган Ашина қабиласи вакиллари Гаочан (Турфон) воҳасига қочишади ва Бўгда-ула тоғи (Урумчининг шимоли-шарқидаги тоғ)даги ғорларга беркинишади. Кейинчалик Шимолий Лян давлатига кириб, бу ерда моҳир металлурглар ўлароқ ном чиқаргач, жужанлар ўзларининг Гаочандаги бошқаруви чоғларида (460-йиллар) уларни темир конларига бой Олтой этакларига кўчириб келтиришади[56].
Олтой тоғларидаги ғорлар кейинчалик ҳам “уруғ ғори”, “аждодлар ғори” деб ардоқланган ва турк хоқонлари ҳар йили бу ғорларга келиб қурбонлик маросимларини бажаришган[57]. Турколог Д.Синорнинг кўз-қарашича, “уруғ ғори” деб аталадиган бу ғорлар аслида конлар бўлган[58]. Буни Рашид-ад-дин ва Абулғози Баҳодирхон ишларида “турк элларининг аждодлари келиб чиққан ер” деб кўрсатилган Эргэнакун ёки Арқанақун ғори тўғрисидаги ёзувлардан билса бўлади[59].
Демак, Ашина қабиласи жужанлар қўл остида бўлган кезларда уларга темир ва ундан ясалган буюмларни ўлпон сифатида тўлаб туришган. Булар орасида ҳужум ва мудофаа қуроллари ҳамда от анжомлари ўзгача ўрин тутган.
Телэ қабилаларининг қўзғолонини бостириб жужанлар олдида улкан хизмат кўрсатган, қолаверса, ўз кучига ишонган Бумин ябғу Анахуан хоқондан қизининг қўлини сўрайди. Жужан хоқони эса Буминнинг элчисига: “Сен менинг темирчимсан, бундай дейишга қандай ҳаддинг сиғди?” дея қўполлик билан йўқ дейди[60]. Бумин ҳам орадаги муносабатни бутунлай узиш учун Анахуан хоқоннинг элчисини ўлдиртиради[61].
Шундан сўнг Ғарбий Вэй давлати билан борди-келдисини билдириб қўйиш учун 551 йили улар билан қариндошлик ипларини боғлайди. 551 (552) йили Бумин ябғу жужанларга қарши қўшин тортиб, уларни тор-мор этади. Жужан хоқони Анағуй ўзини ўзи ўлдиради. Унинг ўғли Янлочен яқинлари билан Ци давлатига[62] қочиб кетади[63]. Анағуй хоқоннинг ўлими Бумин ва унинг халқи учун ўта муҳим воқеа эди ва минтақада янги империя – Турк хоқонлиги қурилади.
Анағуй хоқоннинг амакиваччаси Дынчжу Сыли 553 йили жужанларга хоқон бўлади. 552 йил ўлган Бумин хоқоннинг ўрнига ўғли Қора Иссиқ хоқон (Коло; 552-553) тахтга ўтиради. У жужанларни енгади, кўп ўтмай ўлади. Енгилган жужан хоқони ўз амалдорлари томонидан ўлдирилиб, ўрнига ўғли Куди хоқон бўлади. Турк хоқонлигида эса бошқарувга Қора хоқоннинг укаси Муқан хоқон (553–572) келади[64]. Янги хоқон “иродали, қаттиққўл, жасур ва ақлли эди, кўпроқ урушлар билан шуғулланди”[65]. У 553 йили жужанларни енггач, Куди ўз халқи билан Ци давлатига қочиб боради. Кўп ўтмай Ци императори жужанларни чегараларини талон-тарож этганлиги учун ўз еридан ҳайдаб чиқаради ҳамда улар яна турклар ва қитанлар билан тўқнашади. Жужанларнинг қолган-қутган мингга яқин оиласи Дыншуци бошчилигида Ғарбий Вэй саройига сиғинади. Бироқ турклар билан иттифоқчи бўлган Ғарбий Вэй императори жужанларни туркларнинг элчисига топширади. Ва у 3000 жужанни қатл эттиради[66]. Ўз ўрнида турклар ҳам Ғарбий Вэй давлатининг Тогонга қарши урушида иттифоқчи бўлиб қатнашиб, уларни енгадилар[67]. Шундай қилиб, Жужан хоқонлиги Марказий Осиё ерларидан бутунлай йўқ қилинади.
Ашина туркларининг минтақа ғарбидаги ҳарбий юришлари тўғридан тўғри жужанлар билан боғлиқ эди. Ғарбдаги урушлар кўпроқ Шарқий Европага қочган‚ Ашина туркларининг собиқ хўжайинлари бўлган жужанлар ёки аварларни ортидан таъқиб қилиш ва уларни бутунлай йўқ қилишга қаратилган эди. Турк хоқонлиги иттифоқчиси Византияни уларнинг ғаними жужан (авар)ларга ёрдам берганликда айблаган эди. “Лян шу”да (А)варлар жужанларнинг бир қисми деб эслатилса, яна айрим хитой йилликларида улар Катта Юэчжиларнинг авлоди деб ёзилган[68].
Шундай қилиб, юз йилдан кўпроқ Марказий Осиёнинг сиёсий, этник ва маданий ўтмишида сезиларли ўрин тутган Жужан хоқонлиги қулайди. Бироқ Шарқий Европада унинг вориси ўлароқ Авар хоқонлиги қурилади ва узоқ вақт Византия империяси ва бошқа кўплаб давлатларни қўрқувда ушлаб туради.
Мунира ҲОТАМОВА,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
[1] 385–556 йилларда бугунги Хитой ерларида бошқарув ўрнатган, хитой йилликларида “Тоба сулоласи” ёки “Шимолий Вэй сулоласи” деб аталган, келиб чиқиши кўчманчи қабилаларга бориб тақаладиган сулола.
[2] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. Том 1. М.–Л.: Изд-во АН СССР, 1950. – С. 184-185.
[3] Sinor D. The establishment and dissolution of the Turk empire // The Cambridge History of Early Inner Asia. Ed. by D.Sinor. Cambridge, 1990. – Р. 292.
[4] Гумилев Л.Н. Древние тюрки. М.: Наука, 1967. С. 12.
[5] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 185.
[6] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 186-187; Peter B. Golden. An Introduction to the History of the Turkic Peoples. Weisbaden, 1992. – P. 77.
[7] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 185; Гумилев Л.Н. Древние тюрки... С. 12.
[8] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 189-190.
[9] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 250; Sinor D. The establishment... Р. 293.
[10] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 189-190; Peter B. Golden. An Introduction... Р. 75.
[11] 1914 йилда япон олими Х.Рётай “Сиюй (Ғарбий ўлка, юрт) атамаси илк бор Олдинги Хан чоғида учрайди, бироқ унинг мазмуни тушунарсиз бўлган. Бизнингча, бу атама Хан сулоласининг чегара қоровуллик маҳкамалари Юймэн ва Янгуандан ғарбдаги теграларга қарата ишлатилган бўлиб, бу ерларнинг аниқ чегараси ҳар қайси даврнинг географик билим доирасидан келиб чиққан” деб ёзган эди. Қаранг: Малявкин А.Г. Танские хроники о государствах Центральной Азии. Тексты и исследование. Новосибирск: Наука, 1989. – С. 110.
[12] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 2. – С. 259.
[13] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 260; Sinor D. The establishment... Р. 294.
[14] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 2. – С. 247.
[15] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 216.
[16] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 216-217.
[17] Краткая история... 1991. С. 73-74.
[18] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 195, 217.
[19] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 217.
[20] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 203.
[21] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 217.
[22] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 217-218.
[23] Хўжаев А., Хўжаев К. Қадимги манбаларда... 2001. 15-б; История Казахстана... 2000. С. 35.
[24] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 213-214.
[25] Шанюй – ҳунлар ўзларининг олий ҳукмдорларини “тангриқут”, яъни Тангри фарзанди деб атаган. Хитой манбаларида қадимги ўқилишида “танйи”, ҳозирги ўқилишида эса “шанюй” деб транскрипция қилинган. Ходжаев А. Сведения... 2004. 25-б.
[26] Хўжаев А., Хўжаев К. Қадимги манбаларда...8-б; Бичурин Н.Я. Собрание… Т. 1, с. 213-214.
[27] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 213-214.
[28] Ғарбий денгиз – хитой тарихчилари кўпинча Орол, Каспий каби денгизларни тушунганлар. Ходжаев К. Китайский историк о путях миграции и месте возрождения потомков Ашины – племени тюрк // “Ўзбек халқининг келиб чиқиши...” семинар материаллари. Т., 2004. С. 37; Кляшторный С.Г. Древнетюркские рунические памятники как источники по истории Средней Азии. М.: Наука, 1964. С. 103.
[29] Шимолий сулолалар тарихи. Бэй шу. – Урумчи, 2002. 568–570-б.; Кюнер Н.В. Китайские известия о народах Южной Сибири, Центральной Азии и Дальнего Востока. – М., 1961. С. 38-39.
[30] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 214.
[31] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 214-215.
[32] Малявкин А.Г. Историческая география Центральной Азии (Материалы и исследования). Н.: Наука, 1981. С. ; Sinor D. The establishment and dissolution of the Turk empire // The Cambridge History of Early Inner Asia. Ed. By D.Sinor. Cambridge, 1990. Р. 289.
[33] “Вэй сулоласи тили” – ушбу тилни айрим изланувчилар туркча деб қарашса, бошқалар мўғулча бўлган, деб талқин қиладилар. Қаранг: Boodberg P.A. The Language of the T'o-Pa Wei // Harvard Journal of Asiatic Studies. – 1936. – Vol. 1. No. 2. – P. 167–185.
[34] Материалы по истории древних кочевых народов ... – С. 279.
[35] Материалы по истории древних кочевых народов ... – С. 413‚ к. 51.
[36] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 196-197.
[37] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 197, 218.
[38] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 198.
[39] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 200, 201.
[40] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 202.
[41] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 218-219.
[42] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 218.
[43] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 204; Peter B. Golden. An Introduction... Р. 75; Гумилев Л.Н. Древние тюрки... С. 10.
[44] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 205.
[45] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 206.
[46] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах… Т. 1. – С. 207.
[47] Кычанов Е.И. Кочевые государства от гуннов до маньчжуров. Москва, 1997. – С. 264.
[48] Таскин В.С. Материалы по истории древних кочевых народов группы дунху. М., 1984. – С. 279-280, 414.
[49] Таскин В.С. Материалы по истории древних кочевых народов группы дунху. М., 1984. – С. 47-48.
[50] Таскин В.С. Материалы по истории древних кочевых народов группы дунху. М., 1984. – С. 269.
[51] Peter B. Golden. An Introduction... 1992. Р. 146; Бичурин Н.Я. Собрание... Т.1, с. 228.
[52] Таскин В.С. Материалы по истории древних кочевых народов группы дунху. М., 1984. – С. 290.
[53] Дробышев Ю.И. История взаимодействия человека и природы в Центрально-азиатских кочевых обществах раннего средневековья. Автореф. ... канд.ист.наук. – М., 2008. – С. 16.
[54] Таскин В.С. Материалы по истории древних кочевых народов группы дунху. М., 1984. – С. 290; Данилов С.В. Древние и средневековые города в кочевых обществах Центральной Азии.: Дисс. ... док. ист. наук. – Улан-Удэ, 2005. – С. 237.
[55] Дробышев Ю.И. История взаимодействия человека и природы в Центрально-азиатских кочевых обществах раннего средневековья. Автореф. дис. канд. истор. наук. М., 2008. – С. 18.
[56] Кляшторный С.Г. Памятники древнетюркской письменности ... – С. 291-293.
[57] Бичурин Н.Я. Собрание сведений ... I. – С. 230-231.
[58] Sinor D. The establishment and dissolution of the Turk empire // The Cambridge History of Early Inner Asia. Ed. by D. Sinor. – Cambridge, 1990. – Р. 296.
[59] Рашид-ад-дин. Сборник летописей. Том I. Книга первая. Перевод с персидского Л.А. Хетагурова. – М.-Л.: Изд-во АН СССР 1952. – С. 152; Абулғозий. Шажарайи турк. Нашрга тайёрловчилар: Қ.Муниров‚ Қ.Маҳмудов. – Т.: Чўлпон, 1992. – Б. 28-29; Бичурин Н.Я. Собрание сведений ... II. – С. 223–227.
[60] Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах ... Т. 1. – С. 228.
[61] Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах ... Т. 1. – С. 228.
[62] Ци давлати – 550 йил Шарқий Вэй давлати вазири Гао Юаннинг ўғли Гао Ян ўзини ҳукмдор деб эълон қилади ва Бэй Ци, яъни Шимолий Ци давлати (550–577)га асос солади. Бичурин Н.Я. Собрание... Т. 1. – С. 207.
[63] Бичурин Н.Я. Собрание... Т. 1. – С. 207, 228.
[64] Бичурин Н.Я. Собрание... Т. 1. – С. 228.
[65] Бичурин Н.Я. Собрание... Т. 1. – С. 229.
[66] Бичурин Н.Я. Собрание... Т. 1. – С. 208, 231.
[67] Бичурин Н.Я. Собрание... Т. 1. – С. 231.
[68] Sinor D. The establishment... 1990. Р. 298-299.
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Тил
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ