Ёзувчи Жўра Фозил билан суҳбат.
– Жўра ака, бедор бир зиёли ўлароқ Сиз бугунги дунёнинг паст-баланди, одамларнинг кор-амалини мушоҳада этсангиз, образли тасаввур қилсангиз керак. Агар мен карикатурачи рассом бўлганимда, узун тил, чағир кўз, хўппа семиз қорин, бошсиз тана, юриб кетаётган бўйинбоғ ёки олти бармоқли қўлни чизган бўлардим...
– Бугунги дунё, одамлар ҳақида наинки ижод аҳли, балки ҳар бир уйғоқ фикрли замондошимиз ўйлаши шубҳасиз. Зеро кейинги йилларда кузатилаётган турли офатлар, катта-кичик урушлар, маънавий хатарлар ўзини инсоният тақдирига дахлдор ҳисоблагувчи ҳар бир кишини теран мушоҳадага ундаётир. Айниқса, адабиёт, сўз санъати замону макондан четда тура олмайди.
Даврнинг энг ёмон иллати порахўрлик, коррупция деган бўлардим. Ўтган йили Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши кураш рамзи сифатида “Очиқ қўл” монументи ўрнатилди. Ўзимча шундай фикр қилдим: маҳобатли композиция фотиҳ Искандарнинг очиқ кетган қўлига ишора бўлса ажаб эмас. ОАВда бот-бот коррупцияда айбланиб қамоққа олинган ёки маҳкамага тортилган судьялар, прокурорлар, ҳокимлар ҳақида хабар берилади. Ана шу тоифага мансуб ҳокимлардан бирини ёшлигидан яхши танирдим. Ўзи чаласавод, маҳмадана бўлса-да, қай бир фазилати ёқиб раҳбарлик курсисига ўтирган эди. Ўша йигит (у маҳаллар ҳоким ўринбосари эди) йигирма йилча олдин маънавиятга бағишланган йиғилишда менга сўз бериб, “Домла, битта шеър айтиб беринг...” дея роса хунобимни оширган, ҳамкасбларим “Бу киши шеър эмас, ҳикоя ёзади” деса ҳам, “Наҳотки катта-катта китобларида битта шеър бўлмаса?” дея тиқилинч қилган эди...
Хўш, нафс кўйига кирганларни адабиёт тарбиялай оладими? Менимча, бу мушкул вазифа сўз санъатининг қўлидан келади. Улуғ мутасаввиф Жалолиддин Румий ҳикматига эътибор беринг: “Дори бор, аммо бемор уни ичмаса, вужуд ҳазм этмаса, хасталик ҳеч қачон чекинмайди”. Аҳмад Яссавий умрининг сўнгги йилларини ер остида, танҳоликда ўтказгани маълум. Ул зот золим ҳокимлар, адолатсиз қозиларнинг раиятга ўтказган жабр-ситамига норозилик сифатида шундай йўл тутган дейишади. Яссавий бобо замонамизнинг айрим мансабдорлари қилмишларини кўрса, маънавиятдан, ахлоқдан, инсофу диёнатдан айро тушганимиздан воқиф бўлса, ер бағрига янада чуқурроқ кириб кетармиди денг?!
Камина дунёи ноқиснинг нохуш манзараларидан дилгир бўлганимда, мумтоз куй-қўшиқ тинглайман, дардимни оқ қоғозга тўкиб соламан, табиат қўйнига ошиқаман. Сокин табиат инсонни худди адабиётдек тарбиялай олади.
Ҳа, адабиёт мудроқ қалбларни уйғотиб, юмуқ кўзларни очишга хизмат қилиши керак. Ҳар қандай оламшумул кашфиёт инсон корига хизмат қилсагина буюк аталишга лойиқ. Бироқ... бояги хаёлий суратларингизда тасвирлаган одамларни фақат китоб ўқитиш билан тарбиялаб бўлмайди, назаримда. Қорин бандаларини китоб ўқишга ўргатиш ҳам осон иш эмас. Яна шундай кимсалар борки, бинойидек китобхон, аммо қилиб юрган ишларини кўриб тавба дейсиз. Мутолаа ҳаётий заруратга айланмас экан, мажбурлов йўли билан нимагадир эришиш мушкул.
Саволингизга жавоб беряпману менинг ҳам хаёлимга турли рамз, тимсоллар келяпти. Масалан, улкан музтоқ. Уни лоқайдликнинг музтоғи деб атаса бўлади. Лоқайдлик гўзалликни, эзгуликни, агар қўйиб берсангиз, бутун борлиқни-да маҳв этади. Бу музликларни меҳр, илм-урфон, китобхонлик, адабиёт қуёши эритишига ишонгим келади.
– Маънавият ҳақида ўйласам, яна бир масала юрагимни ўртайди. Оналаримиз бизга, айниқса, аёлларимизга ёшликдан “Турмуш уйининг уч девори заҳар, бир девори шакар” деб тарбия берганлар. Бугун ижтимоий тармоқларда айрим юртдошларимиз ўз ҳаддини билмай, шаънини ўйламай арзимас, ўткинчи муаммолар ҳақида ҳам пашшадан фил ясагудек бўлиб айюҳаннос соляпти. Ҳолбуки, озгина сабр, меҳнат, муомала-муроса қилинса, ҳал бўладиган ишлар. Бугун дунё шиддат билан ўзгариб, глобал муаммолар кўлами ҳам кенгаймоқда. Шундай мураккаб шароитда биз миллат сифатида оилани мустаҳкамламас эканмиз, нажот топишимиз қийинга ўхшайди.
– Албатта, ҳар бир жамиятнинг таянчи, устуни – оила. Инсон боласи оилада киройи тарбия кўрсагина баркамол бўлиб вояга етади. Мен оддий ўзбек оилаларида шарқона ахлоқ-одоб ва тарбиянинг мукаммал кўринишларини кўп кузатганман. Шарқона тарбияда эса мусулмон ахлоқи устувор. Бу – ўзаро ҳурмат-иззат, кичикларнинг катталарга эҳтироми, бировни бекорга ранжитмаслик, “чумолига ҳам озор бермаслик” каби қадриятлардир.
Бозор иқтисодиётининг ижобий жиҳатларини инкор этмаган ҳолда айтмоқчиманки, бебилиска даромад, товламачилик, ўғрилик, порахўрлик ва бошқа шубҳали йўллар билан пул топиш истаги жамиятни бутунлай ўзгартириб, издан чиқарди. Бел оғритмасдан топилган бойлик айрим замондошларимизни ҳаволантириб юборди. Улар ўзини кўз-кўз қилмоқ учун дабдабали тўйлар, бачкана урф-одатларга ружу қўйди. Каттага ҳурмат, кичикка иззат ҳам унутилаётгандек. Оппоқ соқолли мўйсафидга дўқ ураётган, ҳатто қўл кўтараётган ёшларни кўриб, ичдан зил кетасиз, “Шулар ҳам ўзбек болаларими?” дея ёқа ушлайсиз. Кўча-кўйда ёш-ялангни кузатаман: қўлида смартфон, қулоғида эшитиш мосламаси. Кўзлари ҳеч нимани кўрмайди, қулоқлари ажнабий оҳанглардан бошқасини эшитмайди. На салом бор, на алик... Бу ҳол учун фақат “оммавий маданият”ни айблаш, менимча, унчалик тўғри эмас. Ўзимизда ҳам камчилик-иллатлар тўлиб ётибди. Аксаримиз хатти-ҳаракатимизни танқидий баҳолашга журъат қилмаймиз. Кўпчилик оилаларда ҳам шу ҳол – ҳеч ким ўзининг, фарзанд-невараларининг камчилигини кўрмайди, тан олгиси келмайди. Айтайлик, сиз радио-телевидение орқали тўғрилик, ҳалол меҳнат ва покиза луқма ҳақида гапирсангиз-у, ўзингиз қинғир йўл билан олинган қимматбаҳо хориж маркабида юрсангиз, оилангиз шоҳона қасрда яшаса, қуруқ сафсатангизга ким ишонади?! Пулдорларнинг қуюшқондан чиқиши айрим қўли калта, аммо дабдабага ўч кишиларни ҳам йўлдан оздиряпти. Улар қаноатни унутиб ношукрлик қилмоқда. Алҳол, адолатсизлик аламзадаликка, аламзадалик эса қаноатсизликка йўл очади.
– Виртуал макон бошқа иллатларни ҳам урчитяпти: қалбаки бахт, йўқни бор қилиб кўрсатиб, ўзини кўз-кўз қилиш, ижарага машина олиб ота-она, ёр-дўстларга “ҳадя” этиш, тўй (ҳатто аза) дастурхонидаги ижарага олинган неъматлар... Яна бир антиқа ҳолат: қари пулдорга тегиб олиб, тўйда сохта куёв – ёш йигитни тўрга ўтқазиб қўйилишига нима дейсиз! Булар комедиями ё трагедиями – билмайман...
– Йўлини йўқотган гумроҳларга ачинаман, раҳмим келади. Ёмони шундаки, энди бу иллатларни ачиниш, раҳм-шафқат билан йўқотиш мушкул. Улар билан кенг жамоатчилик, ОАВ, қўйингки, ҳаммамиз курашмоғимиз даркор. Чин ўзбекона одамгарчилик, ақл, фаҳм-фаросатни эса на ижарага олиб бўлади, на харид қилиб! Ижара неъматларга ҳеч эътибор қилмаган эканман, ҳаётдан бутунлай орқада қолиб кетибманми, деган хаёлга ҳам боряпман. Ижарага олинган куёвтўралар ҳақида эса ҳатто гапиргим ҳам келмаяпти.
Ўтган аср ўрталарида никоҳ тўйлари камчиқимроқ бўлса-да, келин-куёв учун либослар, тилла тақинчоқлар, қимматбаҳо буюмлар, уй, палос ва зарур жиҳозлар ижарага олинганини яхши эслайман. Ноиложлик ортидан пайдо бўлган бу удум Бухоро шевасида “эрати” деб аталар, шу сўз замирида ҳам буюм бировники эканига нозик ишора, қолаверса, андак камситиш маъноси бор эди. Бу нарсалар учун, адашмасам, ҳақ тўланмасди. Келин ёки куёв обрўсини сақлаш учун ўйлаб топилган ёрдам усули эди-да. Бугунгиси эса шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилишдан бошқа нарса эмас.
Эътибор қилсангиз, қариндош-уруғ, ака-ука, опа-сингил, ҳатто фарзанд ва ота-она ўртасидаги муносабатларда ҳам ёлғон, риё, субутсизлик кўпайиб боряпти. Бир-биримизнинг кўзимизга тик қараганча ёлғон гапирамиз, ваъдага вафо қилмаймиз.
Қарз олди-бердисидан-ку азият чекмаган одам йўқ ҳисоби. Айтайлик, сиз кимгадир қарз бердингиз, қайтариш муддатини ҳам келишдингиз. Афсуски, йиллар ўтса-да, омонат қайтарилмайди, қарздор қочиб юраверади. Агар олди-бердини ҳужжатлаштирган бўлсангиз, суд пулни ундириш тўғрисида қарор чиқаради, жаноби қарздор эса қамалса қамаладики, бир тийинингизни ҳам қайтармайди, вассалом!
Кимдир буларни майда гап деб ҳисоблар. Йўқ, биродар, адашасиз, мана шу икир-чикирлар катта иллатларга доялик қилади!
– Мамлакатимизда маънавият масаласига давлат даражасида эътибор қаратиляпти. Аммо ҳар қанча куч ва маблағ сарфламайлик, кўнгилтўлар натижага эришолмаётгандекмиз. Юрак ларзага тушадиган хабарлардан безиб қолдик: биров икки қарич ер деб қўшнисига болта ўқталган, ўғил отасининг, ота ўғлининг умрига зомин бўлган, қай бир жувон бола туғиб дарахт тагига ташлаб кетгану бошқаси эрининг қасдига болалари билан юқори қаватдан сакраган, яна бирови машина олиб бераман деб юзлаб одамларни чув туширган... Киши айтмоққа хижолат бўлади: юртдошларимиз ҳали у мамлакатдан фоҳишалиги, қўшмачилиги учун, ҳали бу юртдан фирибгарлиги учун тутиб келтирилади. Хуллас, бугунги манзара қўлга дастрўмол олиб йиғлагудек... Жўра ака, сиз ҳам, мен ҳам зиёлимиз, маънавият соҳасининг вакилимиз. Бизлар мамлакат бўйича юзлаб-минглабмиз. Баъзан аччиқ ўйга толаман: демак, биз ўз вазифамизни уддалай олмаяпмиз, нонимизни ҳалоллаб емаяпмиз...
– Сиз санаган фожеий ҳолатлар аслида ҳар бир миллатдошимизни ларзага солиши керак. Аммо бундай бўлмаяпти-да. Назаримда, жамият бунга кўникиш пайдо қилгандек. Бу сира қабиҳ жиноятларнинг туб илдизини сал олдинроқдан излаган маъқул. СССР парчалангач, кўплаб завод-фабрикалар фаолияти тўхтади, ишсизлик кўпайди, одамлар ҳеч нимага ишонмай қўйди. Рўзғор тебратиш қийинчиликлари оқибатида болалар тарбияси бузилди. Ахир, ярим оч-ярим тўқ, уст-боши юпун ўсмирлар, ёшларга тарбия қандай кор қилсин? Қийин иқтисодий аҳволга тушган илмий-ижодий соҳа вакиллари, шоир-ёзувчилар, зиёлилар ҳам амаллаб рўзғор тебратиш билан овора бўлиб қолди. Ижтимоий-иқтисодий бўҳрон, камхаржлик ва бошқа қийинчиликлар одамларни секин-аста бир-биридан узоқлаштирди. Киши кўнглига ваҳм, даҳшат соладиган ҳозирги жиноятлар ана ўша синовли давр оқибати.
Ҳар тур жиноятларга баъзан арзимаган манфаат, рашк, ҳасад сабаб бўлаётгани ҳам кишини ўйга толдиради. Нега айрим одамлар бунчалик қаҳрли, сержаҳл бўлиб қолди? Нега ўзгаларни, ҳатто ўз яқинларини ҳам кўришга кўзи йўқ? Гап фақат ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлардами? Менимча, фақат бунда ҳам эмас. Сабабларни тарбия ва яна тарбиядан излаш керак. Мактаб, оила, маҳалла ва жамоатчилик тарбияси кутилган натижа бермаяпти. Яқинда бир танишим шикоят қилиб қолди: “Неварам мактабга боргим келмайди, деб хархаша қилади. Суриштириб кўрсам, кўп дарслар ўқитилмас, муаллимлар аллақайси тил ўргатиш курслари учун пул йиғиб оларкан-у, дарс ҳам, хорижий тил машғулотларини ҳам ўтмас экан”. Ана холос! Бола илк қадамданоқ ёлғону манфаатпарастликка гувоҳ бўлса, у эртага олим бўладими ёки золим?..
Жиноятлар ҳақидаги ахборотни тарқатишда ҳам эҳтиёткорлик лозим. Даҳшатли тафсилотлар айрим тажовузкор, ақли ноқис кишиларга, айниқса, ёшлар руҳиятига акс таъсир этиши мумкин. Тўғри, жиноят жазосиз қолмаслиги кенг оммага тушунтирилиши керак, аммо хунук гаплар эртаю кеч такрорланаверса, инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатишини ҳам унутмаслик даркор.
– Бир вақтлар “Адабиёт ўладими?” деган савол қизғин муҳокама қилинган, кўпчилик ижодкорлар “Йўқ, асло, ўлмайди!” дея сўз санъати ҳимоясига ошиққан эди. Ҳозир Сиздан сўрасам ҳам шундай дейишингиз аниқ. Адабиёт ўлмас, ижод аҳли ёзаверар, ёзаверар... Лекин уни ўқигувчи топилмаса-чи? Одамлар китоб ўқимай қўйди, ахир! Асар ўқилмаса, инсонни ўзгартирмаса, ҳатто кераксиз бир матоҳга айланиб қолса ҳам, ёзилгани учунгина “Адабиёт ўлмайди” деб бўлармикан?
– Мен “Адабиёт ўлмайди!” дея баралла айтаман. Зеро, адибнинг бунинг тескарисини айтиб обидийда қилиши аскарнинг жангсиз таслим бўлганидай шармандали ҳолатдир!
Адабиётнинг умрбоқийлигига нега бунчалик ишонишимни изоҳлашга ҳаракат қиламан. Йигирма-йигирма беш йиллар муқаддам, аҳли оилам учун бир қоп ун сотиб олишга имконим бўлмаганида ҳам мен ёзишдан тўхтаганим йўқ. “Нима қиласиз бунча ёзиб, уларни чоп этишга қачон улгурасиз?” дея таъна-маломат қиларди айрим ҳамқалам ўртоқлар. Кейин ҳаёт хийла изига тушгач, ўзим ҳам бу ҳақда кўп ўйладим. Шунда муқаддас китобларнинг бирида ўқиганим ёдимга тушди: “Ёзилган нимарса ҳеч қачон тўзимайди”. Ё Худо, мен ана шу улуғвор ҳикматдан куч олганимни билмаган эканман-да!
Эринмаган одам борки, “Китоб кам ўқиляпти” деб ёзғиради. Ҳолбуки, юртимизда хусусий нашриётлар сони юзга яқинлашиб қолгандир. Улар ҳар йили минг-минг нусхада китоб чоп этаётир. Шундай бўлса-да, ҳақиқий сўз санъати намунаси деб атамоққа лойиқ асарлар кўп эмас. Аксар хусусий нашриётлар детективларни чоп қилишга ишқибоз. Китоблар орасида саёз, маза-матрасиз, сеҳр-жодуга бағишланган қораламалар ҳам талайгина. Руҳияти навниҳолдек нозик ёш китобхонга қайси асар фойдали, қай бири зарарли эканини тушунтириб берадиган ҳақиқий адабиётшунос ва мунаққидлар керак. Кейинги йилларда адабий танқидда зарарли бир иллат пайдо бўлди: бадиий асарга унинг моҳиятига қараб эмас, муаллифига қараб баҳо бериш. Муаллиф мабодо унвондор, мансабдор, пулдор, ошна-оғайниси кўп киши бўлса, китоб деярли ўқилмай, шундоқ бир варақлаб чиқиладию кўкларга кўтарилади.
Адабиётшунослик ва танқидчилик замонавий миллий адабиётга шундай нописанд бўлар экан, саёз, жўн асарлардан қай бирини ўқишни билмай аросатда қолган китобхонни қоралаш тўғри бўлармикан?
Шу кеча-кундузда сунъий онг балоси кириб бормаган соҳа қолмади. Интернетда сунъий онг қурмағур кимнингдир номидан, унга ўхшатиб гапириб, машҳур қўшиқчидан ўн минг евро ундиргани ҳақида хабар тарқалди. Қаранг-а, сунъий онг туппа-тузук товламачи ҳам бўла оларкан! Ҳатто БМТ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти башариятни сунъий онг хавфидан огоҳлантирмоқда. Сунъий интеллект – “темир одам” чапдастлик билан ҳикоя, қисса, романларни ёзиб ташлаяпти. Биз адабиёт ўладими-қоладими дея мунозара юритар эканмиз, аллақачон сунъий онг адабиёти шаклланаётганини эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак.
Бошқа томондан, китобхонлик аҳолининг ижтимоий ҳолати, кайфияти билан ҳам боғлиқ масаладир. “Оч қоринга – аччиқ айрон” деганларидек, бола-чақасини боқа олмаётган одамнинг кўнглига мутолаа сиғмайди-да.
Улуғ адиб Чингиз Айтматов дейдики, “Адиб ҳаёт бўладими-йўқми, китобхон албатта бўлади!” Ана шу фикр менга куч, таскин ва умид беради.
– Жўра ака, тарихий мавзуларда “Айрилиқ остонаси”, “Бухоройи шариф элчилари”, “Ошиқ Бухорий қиссалари”, “Ғозиён зиндони” каби асарлар ёзгансиз. Тарихий асарлар ёзувчидан факт ва рақамлар шаклидаги ўтмишга бадиият воситасида жон ва руҳ бағишлашни талаб этади. Қолаверса, бунинг учун юзлаб манбаларни кўриб чиқиш лозим. Масалан, Алишер Навоий ҳаётини қаламга олмоққа азму қарор қилган ёзувчи у даврда чой ҳали Марказий Осиёга кириб келмагани, кўпроқ шарбат ичилгани ёки патқалам эмас, қамишқалам ишлатилгани каби кичик деталлардан ҳам хабардор бўлиши керак. Акс ҳолда, билгичлар олдида уялиб қолиши ҳеч гапмас.
– Тўғри таъкидладингиз, тарихий мавзуга қўл урган адиб ўша макон ва замонни бирбутун идрок этиши, юракюракдан ҳис қилиши, минглаб тафсилотларни пухта ўрганиши керак. Боз устига, қаҳрамонлар тилидан баён этиладиган фикрлар тарихий ҳақиқатга тўғри келиши ҳақида кўп бош қотириши лозим. Акс ҳолда, сиз айтганингиздек қовун тушириб қўйиб зукко китобхонлар олдида уялиб қолиш мумкин.
Ҳар бир тарихий-бадиий асар – адиб учун янги синов. Профессионал боксчи ҳар бир жангда нимага қодир эканини зарбалари билан исботлашга мажбур бўлганидек, ёзувчи ҳам ҳар бир асарида ўз сўзи, билими, дунёқараши нимага лойиқ эканини қайта-қайта исботламоққа мажбурдир.
Атоқли адиб Константин Паустовский “Тасаввур – бадиий ижод устунларидан бири” деб таъкидлайди. Илмий манбаларда бирор воқеа-ҳодиса фалон вақт, фалон жойда содир бўлди, дея мухтасар тарзда баён қилинади. Қолганини сўз санъаткорининг ўзи тахайюл кучи билан тасвирлайди. Қаҳрамонлар қандай кийиниши, қай лаҳжада сўзлаши, аҳвол-руҳияси – бари тасаввур маҳсули. Ягона шарт шуки, тасаввур тарихий ҳақиқат сарҳадларини бузмаслиги керак.
“Айрилиқ остонаси” романини ёзишда Ҳазар денгизидан Тинч океангача бўлган ҳудудда империя барпо этган туркий миллат ва элатларнинг бобокалони Ўғузхон ҳаётига доир жуда кўп адабиётларни ўқиб-ўргандим. Жангларда ишлатилган қурол-аслаҳа ҳақида катта-кичик деталлар қидиришга мажбур бўлдим. Масалан, Ўғузхон ихтиро этган овозли ёй ўқи қандай эканини билиш учун талай манбаларни варақладим. Охир-оқибат, ўқ найсимон шаклда бўлган деган тўхтамга келдим. Ҳали қоғоз ихтиро этилмаган даврда қаҳрамонлар мактубларни нимага, қандай битгани ҳақида ҳам кўп бош қотиришга тўғри келди.
– Бадиий таржима билан ҳам шуғулланасиз. Константин Паустовскийнинг “Севги” романи ва талай ҳикояларини, яна Виктор Астафьевнинг “Ғамгин саргузашт” романини ўзбекчалаштиргансиз. Таржима машаққатли, лекин, шундай десак бўлармикан – фойдаси камроқ юмуш. Худди биров учун – ўқувчининг роҳатию муаллифнинг шуҳрати дея меҳнат қилаётганга ўхшайсиз. Икки ўртада ё озгина қаламҳақи оласиз, ё китобни ўз ҳисобингиздан чиқариб, сотолмай сарсон бўласиз. Ўқувчи таржимани ура-ура қилиб ўқийди-ю, кўп ҳолларда мутаржимнинг кимлигини билмайди, қизиқмайди ҳам. Таржимон ўз руҳига яқин ижодкорни танлайди дейишади. Лекин, назаримда, Сиз таржима қилган муаллифлар билан услубингиз ўртасида уйғунлик сезилмайди.
– “Сардафтаримни ковлаб” қўйдингиз, Илҳомжон иним. Таржима учун жуда кўп вақт сарфладим, ранжу алам чекдим. Таржима санъатидан йироқ, аммо унинг ортидан бола-чақа боқаётган кишиларнинг қаршилигига дуч келдим. Шу боис таржима камфойда машғулот деган гапингизга қўшиламан. Алҳол, пулни, фойдани ўйлаган одам таржима кўчасига йўламагани маъқул. Бадиий ижод ҳам соҳибига ҳамиша давлат ва шуҳрат олиб келмайди-ку! Начора, сўз санъатини чидаганга чиқарган.
Икки ўртада руҳан ва қалбан яқинлик бўлмаса, таржимага уннамаслик керак. Услубдаги яқинлик эса, менимча, бутунлай бошқа масала. Мен айнан Паустовскийдек ёза оладиган бошқа бир адибни билмайман. Адиб романтизмининг буюклиги шундаки, у ҳатто ўлим ҳақида ёзганида ҳам китобхон тушкунликка тушмайди. Адибнинг “Инглиз устараси” деган ҳикоясини ўгирганда буни ҳис этган эдим. Мен таржима эшигини қоққан замонда Паустовскийдек забардаст адибнинг китобларини топиш ниҳоятда қийин эди. Тўққиз жилдли асарларига обуна чиптасини туман марказидаги китоб дўконидан харид қилганман. Тўпламнинг ҳар бир жилди Москвадан икки ойда етиб келарди. Қалингина жилдни бир ҳафта-ўн кунда “хатм” қилардиму навбатдагисини кутишга сабрим чидамай, яна қайта-қайта ўқирдим. Ниҳоят, бир йилдан зиёд вақт мобайнида тўққиз жилднинг ҳаммасини қўлга киритганман. Уларни йигирма йил мобайнида, такрор-такрор ўқиганимдан кейингина биринчи роман таржимасига киришгандим.
Паустовскийнинг менга, умуман, ўзбек халқига яқинлиги ҳақида икки оғиз изоҳ. Биз ўзбеклар романтизмга мойилмиз. Паустовский эса романтик адабиётнинг энг йирик, кўзга кўринган вакили. Шу боисданми, таржима қилаётганимда омма уни севиб ўқишига умид қилганман. Лекин... Паустовскийни ўқийдиганлар ҳозир ўтган асрнинг 60-йилларидагига нисбатан анча кам. Айрим зиёлилар, адиблар, олимлар ва ҳақиқий китобхонлар – шу, холос.
Таржима асносида В.Астафьев, К.Паустовскийнинг услуби менга таъсир этмай қолмади. Бу ҳол ёзганларимда яққол сезила бошлагач, улардан узоқлашишга қарор қилдим. Астафьев асарлари 32 йил, Паустовский роман ва ҳикоялари эса 25 йил ўтиб чоп этилди. Улар “Рус адабиёти дурдоналари” 100 жилдлигига киритилди.
– Бизга “Адабиёт – адаб демак”, “Адабиётнинг бори – тарбиядир” деб ўргатилган. Сўз санъатининг тарихи ҳам бу хил ёндашув устувор бўлганига шоҳидлик беради. Адабиёт бутун жамиятнинг мураббийси ўлароқ майдонга чиққан даврлар ҳам бўлган. Афсуски, бугун ундай эмас. Нима дейсиз, жамият ва инсон руҳиятидаги “йиртиқлар”га адабиёт ямоқ бўла олармикан?
– Адабиёт тарбия воситаси эканини инкор этиб бўлмайди. Лекин сўз санъати шунчаки дидактика билан эмас, балки рамзлар, нозик ишоралар воситасида тарбиялайди. Яланғоч, қуруқ ғоялар акс таъсир этиб, одамларни эзгуликдан бездириши ҳам мумкин. Улуғ сўз санъаткори Антон Чехов қалам аҳлига бундай ўгит беради: “Сиз инсонни яхши-ёмонга ажратиб ўтирманг, унга ўзини бор бўйи билан, аниқ-тиниқ кўрсатинг. Шунда у ўзи хулоса чиқариб олади”.
Балойи нафс қутқулари сабаб адабиётнинг жамиятдаги ўрни йўқолиб бораётгани аччиқ ҳақиқат. Шундай бўлса-да, сўз санъати жамиятни, одамларни ўзгартиришига ишончим сўнгани йўқ. Инсонни ўзгартириш коинотни ўзгартириш билан баробар, дейишади. Бу муқаддас вазифага пок кўнгил ва тоза қўл ила киришмоқ лозим.
Илҳом ҒАНИ суҳбатлашди.
“Тафаккур” журнали, 2024 йил 3-сон.
“Лоқайдлик музтоғлари” суҳбати
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ