
Табассум заргарига эҳтиром
ХХ аср ўзбек адабиётида саноқлигина ҳажв ёзувчилари ўтган. ХХI асрдагиларни хаёлан қидириб кўрсак, гўёки ён-атрофда ҳеч ким йўқдек. Айниқса, ёшлар орасида ҳажв устаси ярқ этиб кўзга ташланмаётир.
Неъмат Аминов (1937–2005) ҳаётга мудом ҳажв назари билан боққан, бутун ижодини ҳажвиётга бағишлаган, туриш-турмушини шусиз тасаввур этолмаган, ҳажвий асарлари ва қарашлари ортидан келган таъқибу зарбаларга мардонавор бардош берган, ижтимоий воқеликдаги жамики иллатларни фош этган, ҳажв тиғи ила жарроҳлик қилган, кишилик жамиятини соғлом, пок, мукаммал кўрмоқни орзу этган феноменал адиб эди. Адабиётимизда аминовона назар, аминовона кузатиш, аминовона топқирлик, аминовона бадиият, аминовона табассум, ниҳоят, аминовона сатирик қаҳқаҳаю қаҳру ғазаб алоҳида ажралиб туради.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев Неъмат Аминов адабий хазинасини муносиб қадрлаган ижодкорлардан. Чунки Неъмат Аминов сингари унинг ҳам манаги (ияги) ҳажвиёт “илоҳ”и томонидан кўтарилган. “Виждон қўнғироғи” китобида (Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2021) муаллиф адиб ҳаёти ва ижодини илмий ёритишни мақсад қилмаган. Ундаги маълумотлар ялписига хотираларга асосланган. А. Жўраев мозий мулкига айланган табассум заргарининг ҳаёти ва ижодини тарихий-адабий жараён силсиласида тасвирлаган. Неъмат аканинг ким экани, адиб сифатида қандай мерос ва услубга эгалиги, шахсий фазилатларию ижодий салоҳияти тўғрисида замондошлари озми-кўпми тасаввурга эга эди. Лекин ХХI асрда туғилиб, вояга етган авлод вакиллари уни деярли билмайди. А. Жўраевнинг китоби ана шу кемтикликни тўлдирди.
Замондош шоир-ёзувчиларнинг Неъмат Аминовга берган баҳоси, у ҳақдаги хотиралар улуғ ёзувчи шахсияти ҳамда ижодий портретини ёрқин акс эттиради. Адибнинг фитратида табассум жо эди. Қаҳрамон шоиримиз Абдулла Орипов адиб ҳажвиётида табассум (юмор) билан ижтимоий дард (сатира) уйғунлигини бундай ифодалаган: “Машҳур ёзувчимиз Неъмат Аминовнинг бир кўзида кулги, бир кўзида эса қайғу бор эди”. Инсоннинг табиатию ижодий салоҳияти мутаносиблигини бундан-да топқирлик ва маҳорат ила ифодалаш мумкинмикан?..
Яна бир Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад ижодкор табиатига қуйидагича чизги берган: “Кулги кирган уйда чироқ ёнгандек бўлади. Кулган одамнинг юзи жуда чиройли бўлиб кетади. Кулги ғамни қувиб, қувонч олиб келади. Кўп хонадонларга шунақа файз киритаётган ҳажвчилардан бири бухоролик талантли ёзувчи Неъмат Аминовдир. Неъматнинг ҳикояларини ўқиган китобхоннинг юзига чиройли табассум югуради. Неъмат ҳаётдаги кулгили ҳолатларни тез илғаб олади. Қулоғи кулгили гапларни тез эшитади. Кўзи қизиқ манзараларни дарров кўради...”
Ашурали Жўраев китобининг дастлабки қисми маърифий қисса шаклини олган бўлса, иккинчи қисми Неъмат Аминовнинг бирқайнови ичида жажжи ҳажвий асарларидан таркиб топган. Ҳузур қилиб ўқиладиган бундай китоблар кўп эмас. “Виждон қўнғироғи” наинки мутолаа, балки ҳажв заргари ҳақида илмий тадқиқот яратиш учун тайёр манба ҳамдир.
Янги услуб кашфиётчиси
Айрим катта ёзувчиларимиз, аксар ёшларимизнинг асарлари ўқишли чиқишига тўсқинлик қилаётган жиҳат – тасвирдаги китобийликдир. Улар ёзишни, тасвирлаш усулларини китоблардан ўзлаштирадилар. Шу тариқа анъанавийликка беҳад ружу қўядилар. Уларнинг асарларида ғоя, мавзу, сюжет ва композиция, бадиий тасвир воситалари рисоладагидек бўлади. Аммо китобхон қалбини сеҳрлайдиган бадиият анқога шафе. Чунки муаллифлар тасвирда ҳаётдан узилиб қолади, оригиналликка интилмайди. Ҳали шаклланиб улгурмаган ўзлик юзлаб китоблардан ўзлаштирилган бадиий тажрибаларга қоришиб кетади.
Миллий насримизда балқиб чиққан Тоғай Мурод феноменининг муваффақияти шундаки, у ўз услубини кашф эта билган. Унинг услубидаги асосий фазилатлардан бири ҳаётийликдир. У одамлар, воқеалар ҳаётда қандай бўлса, шундайлигича тасвирлайди, уларни бадиий қолипларга солишга уринмайди. Тоғай Мурод услубида ярқираб турадиган яна бир фазилат – халқчиллик. У бадииятдаги кўп жиҳатларни улуғ даҳо – халқдан олган. Тасвир халқ достонларига ҳамоҳанг. Халқ қўшиқлари асарларга маҳорат билан сингдирилган. Муаллиф халқнинг жонли тил бойликларидан кўп ва хўб фойдаланади. Масалан, у “тўхтади” демайди, “оёқ илди” дейди.
“Ойдинда юрган одамлар” қиссасининг тарҳи тозалиги яна шундаки, муаллиф шунчаки тавсиф йўлидан бормайди. Асосий мақсад икки инсоннинг ўзаро меҳру муҳаббати ва садоқатини кўрсатиш, лекин бирор ўринда “муҳаббат” сўзи қўлланмайди, анъанавий севги изҳори картинаси чизилмайди. Тоғай Мурод қаҳрамони Оймомага нисбатан “хотин” ёки “хотиним” сўзини эмас, балки меҳрга тўлиқ “аёл”, “аёлим” сўзини ишлатади. Аёл ҳам Қоплонга бирор марта тик қарамайди, сенсирамайди, ҳатто сизламайди, “гапирсин” қабилида муомала қилади.
Асарнинг бошланишида бундай жумла бор: “Совчилар қадами қизлик эшикка шараф”. Шеърдай, шиордай жаранглайдиган бу жумладан кўп маънони уқамиз... “Чўғ Оймоманинг юзларидан, Оймоманинг юзлари чўғдан қолишмайди...” Ихчам ва пурмаъно.
Қоплон ўз дардини ичига ютиб яшайди, лекин қишлоқ советининг котиби диёнатсизлигига чидай олмайди. Ўксиниб йиғлайди. “Инсон, ўғри бўл, ғар бўл, эви билан бўл-да!.. Шундан кўра ўлиб кетганинг яхши эмасми? Имон қани, одам деган номинг қани?.. Инсон, сенга пул керакми? Пул қоғоз-ку! Ана далалар, ишла. Бу тупроқ сенга пул деган қоғозни хоҳлаганингча беради. Пул далаларда оқиб ётибди. Инсон, шу ҳолатгача етдингми-а?!”
Асарни ўқисангиз, дастлаб унда салмоқли бир масала қўйилмагандай туюлади. Аслида эса, асар марказида инсон тақдири турибди. Тоғай Муроднинг асарларида матн замирида ётган фикр-ғоялар (тагматн) бор. Бинобарин, машъум тарихий 16-пленумда айблов тарзида айтилган “унинг асарларида муҳим бир ғоя йўқ” деган иддао ўринсиз эди.
“От кишнаган оқшом” биринчи марта “Ёшлик”да чиққан, журналга обуна эдим. Ишдан қайтсам, янги сони келган экан, ўша заҳоти асарни тўлиқ ўқиб чиққанман. Бир нафасда қўшиқдай ўқиладиган асар. Қиссадаги кўп хатбошилар “биродарлар” нидоси билан бошланади. Бу сўз турли маъноларда – контекстга мутаносиб равишда қўлланади. Баъзи хатбошиларда китобхонни ҳамдардликка чақирса, баъзиларида улар билан ҳамдардлигини баҳам кўради. Қаҳрамоннинг фуқаролик туйғулари ифодаланган оташин нутқи ҳам шу ҳайқириқ билан бошланади: “Биродарлар, биз ҳамиша адолат, адолат, деймиз. Тилдан қўймаймиз. Адолатсизликни кўриб, хунибийрон бўламиз. Ҳаётдан, тақдирдан нолиймиз. Адолат йўқ, адолат осмонда, деймиз. Биродарлар, адолат ерда! Оёқларимиз остида! У тупроққа қоришиб ётибди. Уни ким бундайин хор қиляпти? Биз – ўзимиз! ...адолат жафо чекаётганда қочамиз. Ундан юз ўгирамиз. Кўриб кўрмасликка оламиз. Бир иймонсиз адолатни бўғаётганда, йўлимизни чап соламиз. Ёмондан қоч-да, қутул ё тон-да, қутул, деймиз ўзимизга. Ёмон билан тенг бўлмайин, деймиз. Уйга келиб, фалончини ноҳақдан айблади, ўзи ҳақиқат йўқ экан, деймиз. Шуни ўртага чиқиб, ёмонларнинг юзига айтиб солмаймиз. Ўзимизни билмаганга олиб ўтираберамиз. Тилимизни тишлаймиз. Обрўйимиз кетиб қолишидан ё амалимиздан айрилиб қолишимиздан қўрқамиз. Ё ўзимизга ғаним орттиргимиз келмайди...”. Бу ҳайқириқ жуда кучли ижтимоий, маънавий-ахлоқий моҳиятга эга. Бир маҳаллар мактабда Ғофир, Жамила, Навоий монологларини ёдлаганмиз. Ҳозирги мактаб таълимида кенг ўқувчилар оммасига ёдлатилаётган шунақа монологлар бормикан?..
Тоғай Мурод отни ҳам теран тушуниш кераклигини уқтиради: “Биродарлар, ҳар отнинг ўз феъл-атвори, кайфияти бор. От кайфияти йўқ кунлари инсонга бўйин эгмайди. Кўп ғашига тегаберсак, елкамиздан ғарчиллатиб тишлаб олишдан ҳам, қовуғимизга тарсиллатиб тепишдан ҳам қайтмайди. Бундай вақтларда айрим чавандозлар қамчи дастаси билан отнинг бошига уради. Шунда от жон аччиғида чавандозини йиқитиб қочади. От инсондан безади, қайтади! Ўзининг девлар аждодига тортади! Аждодларини қўмсаб, адирларга қочади. Галага бориб қўшилади. Айғир, биялари билан кўришиб, искашади, суйкашади. Аждодларининг ҳавосини олади! Искашиб, инсондан нолийди. Дев бошим билан инсонга бош эгдим, таъзим қилдим, қул бўлдим, лекин эл бўлмадим, дейди!” Замондошларимиз эса инсонни тушуниши қийин. Бир отнинг шунча дарди бўлар экан, унга қанчалик меҳр керак экан. Одамлар бир-бирини қанчалик эзадилар-а! Одамга қанчалик меҳр-оқибат керак экан унда?..
Ҳар икки қиссада бир хил тип бор. Жўра бобо ва Қоплон. Бу икки образ бир типнинг такомили. Жўра бобонинг тақдири Қоплоннинг тақдирига ўхшайди. У ҳам фарзанд доғида куйганлардан. Жўра бобонинг тушунчасича, фарзандларсиз жамиятга муносиб хизмат қилиш мумкин эмас. Фарзандсиз кишининг эл қатори яшашга ҳақи йўқдай. Аммо Жўра бобонинг дарди улкан дард эмас. У енгилгина овунади. Унинг орзуси ҳам юксак эмас. Орзуси – ном чиқариш, шуҳрат. Шу учун машина олади. Мақсад – кўчани чангитиб юрсин, одамлар бу Жўра бобонинг машинаси десин. Жўра бобонинг машинаси осмонранг десин. Йўлда ГАИлар ушлаб ҳужжат кўрсин, унинг номини ўқисин... Аммо машина унинг истагини қондира олмайди. Машинани сотиб, пулига тўриқ от олади: “Жўра бобонинг қайғуси ягона бўлди: тўриғи улоқчи айирса, баковул улоқни Жўра бобонинг оти айирди, дея жар солса. Жўра бобонинг оти, кел, ҳақингни ол, деса. Номини тумонат одам эшитса...” Жўра бобонинг идроки, тушунчаси маҳдуд.
Ёзувчи тафаккури халқ донишмандлиги билан уйғунлашиб кетган. Шу даражада уйғунлашиб кетганки, айрим фикрлар, жумлавий андозалар бевосита ёзувчининг ўзиникими ё халқ оғзидан олинганми – ажратиш қийин: “Чақалар кун сайин болалаб, каттарди”, “Бешинчи синф каллам билан қолдим”, “Орқа кезанаги боланинг билагидай бўлиб турадиган от яхши келади”, “От олсанг, Обоқлидан ол, Аёл олсанг, Ирғалидан ол”, “От олсанг, ҳўкиз қориндан ол, Ҳўкиз олсанг, от қориндан ол”. Мана, яна фикр ёмбилари:
“Биродарлар, оғзинг қора қон бўлсаям, ғанимнинг олдида тупурма”.
“Яхши отдан йиқилса, ёмон таънали бўлади”.
“Биродарлар, ўзбек эли ўр келади, ўзи ўжар, зўр келади”.
“Эшак йиқитса, туёғини тўшайди, от – ёлини!..”
Навоийшунослик – жаҳон саҳнида
30 жилддан иборат “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” (Тошкент, “Тамаддун”, 2022) тўплами Алишер Навоий номидаги халқаро фонд томонидан тайёрланиб, нашр этилди. Унга Ўзбекистон миллий мустақиллиги даврида яратилган энг яхши тадқиқотлар саралаб киритилган. Мазкур фонд Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан ҳар йили 9 февраль куни “Алишер Навоий ва Шарқ ренессанси” номли халқаро симпозиум ўтказади. Симпозиум натижалари катта ҳажмда 1000 нусхада чоп этиб тарқатилади. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан ўтказилаётган анъанавий “Алишер Навоий ва ХХI аср” мавзусидаги илмий конференция жаҳон илмий марказларига кўчмоқда. Ушбу конференция 2023 йили Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган бўлса, 2024 йилда Туркиянинг Бурса шаҳрида ташкил этилди. Дунё навоийшуносларининг ушбу конференцияда эълон қилинган янги тадқиқотлари салмоқли илмий тўплам сифатида чоп этилмоқда.
* * *
Навоийшуносликдаги ривожланиб келаётган йўналишлардан бири луғатлар яратиш ва чоп этишдир. Маълумки, Навоий асарлари учун луғат тайёрлаш шоирнинг ҳаётлик давридаёқ бошланган. Дастлаб форс тилида Толе Ҳиравийнинг “Бадое ул-луғат”и шахсан Ҳусайн Бойқаронинг буйруғи билан тахминан 1500-йилларда тартиб берилган. Ражаб ибн Али Шомлунинг “Хазойин ул-маоний” куллиёти асосида “Луғати Навоий”си (1599), Туркияда Мустафо бинни Содиқнинг “Абушқа”си, ХVIII асрда Мирза Маҳдихоннинг “Санглох”и (1760), Фазлуллохон Барлоснинг “Луғати туркий”си (1779), Фатҳ Алихоннинг “Китоби луғати атрокия”си (1862), Шайх Сулаймон Бухорийнинг “Луғати чиғатойи ва турки усмоний”си (1881) яратилган. ХVIII асрларда Ғарбий Европа мамлакатларида Навоий ижодига қизиқиш уйғонган. ХIX асрда француз шарқшуноси Паве де Куртейл “Dictionnaire turc-oriental” (“Шарқ туркий луғати”) номли луғатни нашр этади. Унда Навоий сўзларига французча изоҳ берилиб, асарларидан мисоллар келтирилган. Ҳозиргача шоир асарлари тилига оид йигирмадан зиёд луғат тузилган.
1939 йилда Навоий таваллудининг 500 йиллигига тайёргарлик жараёнида 4 жилдли изоҳли луғат тузиш режалаштирилган ва бу иш ЎзР ФА Тил ва адабиёт институтига топширилган, етук олимлардан нуфузли жамоа шакллантирилган. Иккинчи жаҳон уруши туфайли иш тўхтаб қолган. Урушдан сўнг масала яна кун тартибига кўтарилган. Луғатни бир неча босқич ва тасниф асосида тузиш режалаштирилган. Дастлаб 1953 йилда “Ўзбек мумтоз адабиёти асарлари учун қисқача луғат” нашр этилган. 1972 йилда эса Алишер Навоийнинг 525 йиллигига бағишлаб бир жилдлик “Навоий асарлари луғати” тайёрланган. Тил ва адабиёт институти Тарихий лексикология ва лексикография бўлимидаги катта жамоанинг кўпйиллик фаолияти натижасида 1983–1985 йилларда академик Эргаш Фозилов раҳбарлигида 4 томлик “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” (АНАТИЛ) тузилган ва “Фан” нашриётида нашр этилган.
1972 йилда чоп этилган луғат фойдаланиш учун қулай бўлиб, у халқимизга 50 йилдан ортиқ беминнат хизмат қилди ва ҳамон хизматда. Унинг қайта нашрига катта эҳтиёж ва зарурият бор эди. 2023 йили адабиётшунос олим Сайфиддин Рафиддинов луғатнинг тўлдирилган ва тузатилган иккинчи нашрини яратди, китоб “Академнашр”да (1000 нусха) чоп этилди. Нашрда С. Рафиддинов томонидан бир қатор луғатчилик ислоҳотлари амалга оширилган. Сираси, бундай луғатни қайта нашрга тайёрлаш ва ислоҳ этиш ҳар қандай мутахассиснинг қўлидан келавермайди. Бунинг учун комил алломалар Порсо Шамсиев ва Собиржон Иброҳимовларнинг панжаларига панжа ура оладиган илмий қудратга эга, Навоий меросини мукаммал ўзлаштирган, матншуносликнинг минг бир мураккаб муаммосига тиши ўтадиган, туркий тил билан бирга форс, араб тилларини ҳам яхши биладиган, диний манбаларни пухта ўрганган, хаттотлик санъати сиру синоатларини, эски ўзбек ёзуви сир-асрорларини биладиган етук мутахассис бўлиш талаб этилади. С. Рафиддиновда ана шу фазилатлар мужассам. “Навоий асарлари луғати”ни такомиллаштириб қайта нашр этиш – замонавий бир китобни қайта нашрга тайёрлашдек осон иш эмас. Йилларни ямлаб ютадиган муттасил қора меҳнат маҳсули бу!
Луғатнинг янги нашрида йигирмадан зиёд ижобий ўзгаришларни кузатиш мумкин. Уларнинг ҳаммаси луғатни такомиллаштириш ва фойдаланишда қулайликка қаратилган. Биринчи нашр амалга оширилган даврда, барча соҳалар сингари, навоийшунослик илми ҳам шўро мафкураси исканжасида эди. Диний қарашлар қатъиян тақиқланган эди. Мутафаккир меросининг луғавий бойлиги эса исломий сўз-тушунчалардан ҳам таркиб топган. Даҳриёна жамиятда яшаб, диний сўз-ибораларни аслидагидай талқин қилиш имконсиз бир шароитда луғатчилар жорий сиёсатга мувофиқ иш тутишга мажбур бўлганлар. Қуръонда келган пайғамбарлар ёки диний атамалар “афсонавий”, “мифга кўра” дея талқин этилган. Янги нашрда чоҳи Бобил, Ҳорут ва Морут фаришталари сўзларидан шу хил сифатлашлар олиб ташланган. Бундай сифатлашлар Исо алайҳиссалом, Намруд, Сомирий, Нуҳ алайҳиссалом номларида ҳам таҳрир этилган. Ҳадиси шарифлар билан боғлиқ тушунчалар асл манбаларга мувофиқлаштирилган. Хато таржима қилинган диний жумлалар аслиятига мослаштириб таҳрир этилган. Навоий асарларидан келтирилган ва нотўғри ўқилган баъзи жумлалар саҳиҳ ҳолатга келтирилган. Айрим изоҳлардаги запас, нормал, порошок, штраф, пияниста, христиан, момент, ремонт, план, проект каби русча сўзлар ўзбекчалаштирилган. Биринчи нашрда айрим диний-тасаввуфий сўз-тушунчаларга замонавий мафкура тазйиқи сабаб жуда қисқа изоҳ берилган. Янги нашрда бундай ўринлар (масалан “силсила” сўзига берилган изоҳ) қўшимча шарҳлар билан тўлдирилган. Эски нашрдаги баъзи изоҳларда авлиёларга хос каромат тушунчаси пайғамбарларга хос мўъжиза билан аралаштириб юборилган. Янги нашр муаллифи эса каромат авлиёларга, мўъжиза эса фақат пайғамбарларга хос фазилат эканидан келиб чиқиб тузатишлар қилган. Луғатда мисол тариқасида келтирилган айрим байтлар матний нуқсонли бўлгани учун янги нашрда улар Навоий мукаммал асарлар ва тўла асарлар тўпламларига мувофиқ саҳиҳ ҳолга келтирилган. Иккинчи мисраси тушиб қолган айрим байтлар тўлдирилган. Янги нашрга зарур деб топилган сўзлар илова қилинган.
Таҳрирларда мулоҳаза уйғотувчи айрим жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, “Нашрга тайёрловчидан” сарлавҳали кириш мақолада бундай жумла учрайди: “Имло хатоси кўриниб турган мутаммакин, мустаҳик, муззаҳаб, мулламаъ, муллахас, мутасаввуф, аллачи каби сўзлар: мутамаккин, мустаҳиқ, музаҳҳаб, муламмаъ, мулаххас, муттавалли, яллачи каби сўзларни тўғрилаб ёздик”. Аввало, биринчи қатордаги мутасаввуф сўзи ўрнида иккинчи қаторда мутавалли сўзи тургани ажабланарли. Майли, буни техник хато дейлик. Иккинчидан, сўзларнинг нуқсонли шакллари орасида мутасаввуф сўзининг тўғри кўриниши, сўзларнинг саҳиҳ шакллари қаторида эса мутаваллининг нуқсонли шакли туриши ғалатдир. Бу ҳам майлига, тасодифдир. Учинчидан, мутасаввуфдай фаол сўз эски луғатда ҳам, янги нашрда ҳам йўқ. Бу энда жиддий камчилик. Чунки бу сўзнинг ёзилишида илм ва олимлар ўртасида баҳс бор. Кўпчилик мутасаввуф деб ёзса, айримлар қатъиян мутасаввиф деб қўллайди. Бу бўйича луғатда аниқ нуқтаи назар акс этиши лозим эди.
Янги нашрда толеъ, мисраъ, таъйин, видоъ каби сўзлар ҳозирги имломизга мослаб айириш белгисисиз ёзилган. Бироқ бир бўғинли навъ, нафъ, жамъ, манъ каби сўзлар олдинги нашрда айириш белгиси билан берилгани учун ўз ҳолича қолдирилган. Бундай икки хил ёзиш матнчилигимиздаги умумий иллатдир. Мазкур сўзларнинг бари ҳозирги ўзбек тили имло луғатларининг асоси – 1976 йили ЎзР ФА нашриёти томонидан чоп этилган “Ўзбек тилининг имло луғати”да айириш белгисисиз тўғри ёзилган. Биз кейинги нашрларга эмас, шу луғатга қатъий амал қилишимиз лозим.
Луғатчининг мана бу қарашида ҳам иккиланиш бор, қатъият йўқ: “Арабча деб берилган хотин ва хоқонларнинг кўплик шакли хавотин, хавоқин каби сўзлар асли туркий сўзлар. Улар арабийлашгандан кейин арабча ёки арабийлашган сўз деб бериладими? Ёки шу ҳолича ёзиладими, буни ўйлаб кўриш керак”. Назаримизда, иккиланмай, ушбу сўзларни арабийлашган ёки туркча-арабча деб берган маъқул эди. Лекин улар янги нашрда ҳам аввалгидек арабча деб берилибди.
Умуман, “Навоий асарлари луғати”нинг янги нашри навойишуносликнинг муҳим ютуқларидан бири бўлди.
* * *
“Илмда луғатчилик энг машаққатли соҳа. Луғат тузувчининг қисмати оғир. Баъзан луғатчи бир луғатни тузиш учун бутун умрини сарфлайди. Шунинг учун кўп луғатлар нашр этилганда, луғат яратувчининг исми шарифи рамка ичида ёзилади. Чунки луғат нашри амалга ошгунича унинг муаллифи оламдан ўтган бўлади”. 1970 йили эндигина Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Ўзбек филологияси факультетига ўқишга кирганимизда, тилшунос устоз Миразиз Миртожиев шу фикрларни айтган эди. Ўтган эллик йиллик фаолиятимизда устоз ушбу фикрларида нақадар ҳақ эканлигига иймон келтирдик. Кўп луғатчилар билан бирга ишладик, талай луғатлардан баҳраманд бўлдик. Бутун умрини, ижодий фаолиятини шу соҳага бағишлаган ва кўнгли тўлиб, тузган луғатлари ўзи барҳаётлигида нашр этилиб, халқ тасарруфига муваффақ бўлаётган олимлар ҳам бор. Улар бахтиёр инсонлар, албатта. ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори илмий тадқиқот институтининг етакчи илмий ходими Бердак Юсуф ана шундай бахтли инсонлар сирасидандир. Унинг муаллифлигида нашр этилаётган 5 жилдли “Навоий тили луғати” (1-жилд. Тошкент, “Шарқ”, 2018; 2-жилд, Тошкент, Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2022) олимнинг бутун умрлик ижодий маҳсулидир. Ҳозиргача ушбу муҳташам луғатнинг икки жилди нашр этилиб, халққа тортиқ этилди. “Навоий тили луғати” – юқорида биз тилга олган луғатларнинг вориси, давоми десак, янглишмаган бўлармиз.
“Навоий тили луғати” олдингиларидан мукаммал бўлиши кутилмоқда. Уни тузишда дунё адабиётидаги Пушкин, Абай, Салтиков-Шчедрин, Лермонтов, Абдулла Тўқай каби йирик адабий сиймолар тилига бағишлаб махсус тузилган луғатлар тажрибасига таянилган. Луғат номи ғайриоддий туюлиши мумкин. Аслида 1939 йилда режалаштирилган луғатнинг номи ҳам шундай бўлиши керак эди. Англашиладики, муаллиф ўтган аср Навоий асарлари луғатчилиги ибтидосидаги номни тиклаган. Чунки ўша даврдаёқ мазкур луғат учун “Пушкин тили луғати”, “Шчедрин тили луғати”, “Абай тили луғати” андоза бўлган.
Ўтган аср бошида профессор Александр Боровков бошчилигидаги жамоа Навоийнинг “Чил ҳадис”, “Назм ул-жавоҳир” ва “Девони Фоний”дан бошқа ҳамма асарларини текшириб, танлаб олиш йўли билан 200 мингга яқин сўз ва мисолларни карточкаларга кўчириб, “Навоий луғати” сўз жамғармасини яратган ва шу асосда “Навоий тили луғати”нинг бир жилдини 70 босма табоқ ҳажмида тузиб, босмага тайёрлаган. Аммо бу луғат Иккинчи жаҳон уруши бошлангани сабабли босилмай қолиб кетган. Демак, Навоий сўз бойлиги миқдори ноаниқлигича қолган. Чунки у даврда Навоий мероси илм тасарруфида тўлиқ мавжуд эмас эди. 1980 йилларда навоийшунос олим Баҳром Бафоев докторлик диссертациясини яратиш чоғида шоир ишлатган сўзларни санаб чиқди ва қатор мақолалари ҳамда “Навоий асарлари лексикаси” номли монографиясида натижани эълон қилди: 26 минг 35 та сўз. Олим ҳар йилги навоийшунослар конференциясида ўз қатъиятини кўрсатиш учун сўзни шу рақамни уқтириш билан бошлашдан эринмасди.
Лекин йиллар ўтиб илмий жараёнда бу натижага ҳам ишончсизлик пайдо бўлди. Навоий бундан кўпроқ сўз ишлатгани ҳақидаги фикр илгари сурилди. Филология фанлари доктори, профессор Эргаш Умаров илмий мақолаларидан бирида шоир мероси 30-35 минг сўзга эга бўлганини таъкидлади. Навоийнинг бирин-кетин нашр этилган 20 томлик “Мукаммал асарлар тўплами” ва 10 томлик “Тўла асарлар тўплами” ҳам шундай фикрга асос беради. “Навоий тили луғати” ана шу тўпламлар асосида яратилмоқда. Олимларнинг қайд этишларича, жаҳон адабий луғатчилигида энг кўп, яъни 21 минг 197 та сўз “Пушкин тили луғати”да акс этган. “Навоий тили луғати”нинг 1-жилдида 4730, 2-жилдида 3724 та бош сўз борлиги қайд этилди. 5-жилд босилиб чиқмагунча, Навоий қанча сўз ишлатганини аниқ айтиб бўлмайди. Чунки кейинги жилдлар ҳали ишланиш жараёнида. Луғат муаллифи Б. Юсуфнинг айтишича, Навоий ишлатган сўзларнинг ҳаммаси луғатда тўлиқ акс этади. Унинг тахминича, бизнинг шоиримиз ишлатган сўзлар Пушкинникидан кўп бўлиб чиқади. Бироқ бу ҳали шоирнинг фақат ўзбек (туркий) тилида ёзган асарларидаги сўз бойлиги, форсий асарларида ишлатган сўзлар бундан мустасно. Навоий зуллисонайн шоир сифатида форс тилида ҳам кўп асарлар ёзган ва ўша асарларда қўллаган сўзлари ҳам шоирнинг сўз бойлигига киради. Назаримизда, луғатшунослар бу ҳақда ҳали ўйлаб кўрганлари, илмий тадқиқот бошлаганлари йўқ.
Хўш, “Навоий тили луғати” юқорида эслатилган 4 томлик “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”дан (АНАТИЛ, 1983–1985) қандай фарқ ва афзалликларга эга? Бу ҳақда луғат тузувчисининг ўзи кириш сўзида 14 бандда батафсил маълумот берган. Биз улардан биринигина мухлислар эътиборига ҳавола этамиз: “АНАТИЛда атоқли отларга берилган изоҳларнинг баъзилари нотўғри. Масалан, “Ширин – Арманистон мамлакатининг ҳукмдори Меҳинбонунинг жияни, Фарҳоднинг севгилиси. (Хазойин ул-маоний, 1б – 22)”. Ширин сўзига берилган бу изоҳ нотўғри. Ҳақиқатга зид. Чунки ҳеч қачон Меҳинбону деган инсон Арманистоннинг ҳукмдори бўлмаган. Изоҳ шундай бўлиши керак эди: Ширин – “Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони бош қаҳрамонларидан бири”.
Луғат яқин йилларда тўлиқ чоп этилади, деган умиддамиз. Лекин жами 2000 нусха луғат олимлар ва зиёлилар жамоасигагина етиши мумкин, холос. Демак, луғатларнинг қайта-қайта нашрларини, ададларини кўпайтириш лозим. Шу билан бирга, Навоий каби мумтозларимиз асарларининг оммавий нашрларига луғатлар илова қилинса, нур устига нур бўларди.
Нусратулло жумахўжа,
адабиётшунос
“Tafakkur” журнали, 2024 йил 2-сон.
“Кўнгилга яқин китоблар” мақоласи
Санъат
Тарих
Санъат
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ