Шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги давр ҳар қандай давлат органи, йирик компания ёки хусусий корхоналар юқори малакали ходимлар билан таъминлангани ташкилотнинг барқарорлиги ва ривожланиши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга муҳим омил эканлигини кўрсатмоқда.
Ташкилотга юқори малакали кадрларни жалб этиш, кадрлар захирасини яратиш нафақат ташкилотнинг келажагини, балки мамлакатнинг иқтисодий ўсишини ҳам таъминлайди. Кадрлар захираси тизимини ташкил этиш, ривожлантириш ва доимий янгилаб бориш жараёни мамлакат келажаги мувафаққиятининг кафолати ҳисобланади.
Кадрлар захираси – раҳбарликка ёки бошқа лавозимларга муносиб ва тайёр бўлган ходимлар гуруҳини шакллантиришдир. Кадрлар захираси – бу ташкилотдаги потенциал ходимлар базаси бўлиб, улар мавжуд ходимларнинг кетиши ёки бошқа зарур ҳолатлар юзага келганда уларни алмаштириш учун танланган ресурсдир.
Ташкилот бошқарувида кадрлар захирасини яратишнинг аҳамияти қуйидагиларда намоён бўлади:
Иш самарадорлигини ошириш: Малакали ва тайёр кадрларнинг мавжудлиги ташкилотда иш самарадорлигини оширади, чунки улар аниқ ва равшан вазифаларни бажаришга тайёр.
Раҳбарликнинг узлуксизлигини таъминлаш: Агар раҳбар ёки муҳим лавозимдаги ходим ишдан кетса, кадрлар захирасидаги ходимларни лавозимларга тайинлаш орқали ташкилот иш фаолияти узлуксиз давом этади.
Ходимларнинг мотивациясини ошириш: Захирага киритилган ходимлар келажакда юқори лавозимларга тайёрланишини билишади, бу эса уларнинг ишга бўлган қизиқишини ва садоқатини оширишга хизмат қилади.
Ташкилотнинг стратегик ривожланиши: Кадрлар захираси ташкилотнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини қўллаб-қувватлайди, чунки захира кадрлар келажакдаги вазифаларни самарали бажара олишади.
Рақобатда устунликка эришиш: Малакали кадрларнинг мавжудлиги ташкилотни рақобатда устун қилади, чунки бундай кадрлар тез ўзгарувчан бозор талабларига мослашиб, инқироз пайтларида самарали ишлай олишади.
Вақт ва ресурсларни тежаш: Захирадаги кадрлар тайёрлангани сабабли, лавозимга тайинлаш вақтида ресурслар камроқ сарфланади. Бундай ходимларнинг ишга киришиш жараёни тезроқ ва самарали бўлади.
Кадрлар захирасини шакллантиришда бир неча муҳим жиҳатларга эътибор бериш лозим. Хусусан, ходимнинг малака ва тажрибаси, шахсий ривожланиши, маънавий сифатлар ва шахсий хислатлари, ташаббускорлик ва натижага йўналганлиги, масъулият ва садоқат.
Кадрлар захираси ташкилот мақсадларига мос келиши керак. Ҳар бир ташкилот эса моҳиятан барқарор ривожланиш ёки ўзгаришларга мослашиш заруратидан келиб чиқиб, кадрлар захирасини шакллантиради.
Ҳозирда давлат секторида кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш масаласи кадрлар сиёсатининг муҳим инструменти сифатида янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Давлат секторида молиявий ва бошқа ресурслар тақчиллигини инобатга олиб, кадрлар билан ишлашда асосий эътибор биринчи навбатда юқори бўғин раҳбарлари ва истиқболли кадрларга қаратилмоқда.
Соҳа мутахассисларининг фикрича, раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш метатехнологиясини самарали қўллаш оқибатида ташкилотда бошқа HR технологияларни янада ривожлантириш имконини беради. Раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар мамлакатда кадрлар сиёсатини тубдан такомиллаштириш вазифасига хизмат қилиши мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, кадрлар захираси ташкилотда келажакдаги муҳим лавозимларни эгаллаш учун истиқболли ва қобилиятли ходимларни тайёрлаш тизими. Бу ташкилотнинг барқарор ривожланиши, тезкор кадрлар алмашинуви ва қобилиятли ходимларни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Хуршид ИКРАМОВ,
мустақил тадқиқодчи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ