“Отамнинг болалиги бўлмаган” – Худойберди Тўхтабоев ҳақида қизи хотиралари


Сақлаш
20:39 / 06.11.2024 319 0

“Очарчилик йиллари эди. Бутун қишлоқни айланиб, одамлардан оз-оздан нарса – кимдандир сабзи, яна кимдандир гуруч, кимдандир мой олиб, дўппидайгина палов қилдик. Ҳаммамиз тамшаниб, кутиб ўтирибмиз. Бир соатлар ўтди чамаси, палов ҳам пишди. Иссиққина таомнинг ҳиди димоғимизга урилди. Биз болалар қулт этиб ютиниб қўйдик. Бир товоқ палов дастурхонга келиши билан ўгай акамиз шартта товоқни кўтариб, орқа-олдига қарамай чопди. Ҳаммамиз унинг ортидан ҳай-ҳайлашиб қувдик. Амаллаб етиб олсак, паловни йўл-йўлакай паққос туширган экан шоввоз. Хуллас, паловдан қуруқ қолдик, бир луқма ҳам ея олмадик...”

 

Болалигимда шу ҳикояни отамдан эшитсам, амакимизнинг паловни олиб қочиш саҳнасини тасаввур қилиб, мириқиб кулардим. Улғайиб билсам, отамнинг қийин кечган болалиги ҳақидаги бу ҳикоялар кулиб эмас, йиғлаб эшитадиган айтимлар экан.

 

Каттатагоб хотиралари

 

Болалигим отамнинг сеҳрли эртаклари-ю турли ҳикоялари оғушида ўтган. Отам туғилиб ўсган Каттатагоб қишлоғи ҳам менга эртакдаги мамлакатдай туюларди. Болалигимнинг илк хотиралари ўша қишлоқ билан боғлиқ. Гарчи Тошкентда туғилиб вояга етган бўлсам ҳам, болалигим ҳақида хаёл сурсам ўша қишлоқ кўз олдимда гавдаланаверади.

 

Отам машинани жуда яхши ҳайдарди. Машинада Боғишамолдан ўтиб, қишлоққа кириб борар эканмиз, яқинлашганимиз сари энтикиб, дақиқаларни санай бошлардик... Мунча километр қолди, мунча бурилиш қолди... Қишлоқ сокин, бир ёқдан қушларнинг сайраши эшитилса, бир ёқдан мотоциклу тракторларнинг тириллаган овози келарди. Каттатагобга кираверишда чапга қайрилиб, каттагина бочканинг ёнидан ўтиб, қишлоқда қорамиз кўриниши билан ҳамма ортимиздан югурар, боғчада ишлайдиган Ойша ва Доно аммаларим ҳам чопқиллаб келишарди. Ҳамма аммамларникида йиғиларди. Сўрида узумлар узилган, қаймоғу турли ноз-неъматларга тўла дастурхон атрофида ўтириб, ширин суҳбат қурардик. Қишлоқ мен учун меҳрга, муҳаббатга тўлиқ, қуёш тафтидай иссиқ бир муҳит эди. Отам каби содда ва самимий одамларида меҳр деганлари дарё эди назаримда. Шунинг учун бўлса керак, ота юртимизга севгимиз бўлакча бўлган.

 

 

Ҳозир ҳам қалбимиз ота макон бағрига талпинаверади. Афсуски, бугун бизни қучоқ очиб кутадиган аммаларимиз, қалби дарё меҳрибон инсонлар ва энг асосийси, бизни машинага солиб қишлоққа олиб борадиган отам йўқ, қишлоқ ҳам уларсиз ҳувиллаб, мунғайиб қолгани тайин.

 

Отамнинг эркатойи

 

Мен отамнинг эркатойи эдим. Бирор кун эртаксиз ухлаганимни эслолмайман. Кеч тушиб ухлайдиган вақт бўлаверса, отамнинг олдига югуриб бориб, маҳкам қучоқлаб ётардим. Отам бир кун эртак, бир кун достон, яна бир куни ҳикоя айтиб берарди. Қизиқ-қизиқ воқеаларни эшитиб, у кишининг бағрида ухлаб қолардим. Онам дакки берса, отам дарров ёнимни олиб, “Санобар, болани уришманг, қизим мен билан ётади” дерди. Отамнинг ҳимояси менга янаям куч берарди. Тунда сеҳрли эртакларни эшитиб мазза қилиб ухлаб турсам, онам эрталаб нонуштани тайёрлаб қўйган бўларди. Яна югуриб келиб отамнинг тиззасига ўтириб олардим. Табиийки, онамдан “тез пастга туш, жойингга ўтир” деган даккини эшитардим. Нажот кутиб отамга қарасам, у киши “Санобархон, биласиз, мен болаларсиз ўтиролмайман, томоғимдан овқат ўтмай қолади, Муаттар тиззамда ўтиради” дерди. Отамнинг тиззасида ўтириб нонушта қилар эканман, луқмалар ҳам томоқдан бир ширин ўтардики... Нонуштадан кейин ҳаммамиз отамни ишга кузатардик. Отамнинг бирор марта овозини баландлатиб дакки берганини ёки қаттиқ гапирганини эслолмайман. Қирқ тўрт йил у киши билан ҳамнафас яшаган бўлсак, фақат отамнинг мен билан гаплашмай қолишидан жуда қўрқардим.

 

 

Шивирлаб берилган сабоқ

 

Ҳалиям яхши эслайман, ўртоқларим билан музқаймоққа чиқсак, “ота, пул беринг” деб югуриб келардим. Иш столида берилиб ишлаб ўтирган отам “костюмимнинг ўнг чўнтаги пастидаги чўнтакдан оласан” дерди. Пулни ҳар доим сўраб олганман. Бир куни ишдан келганида сўрамасдан чўнтагини ковладим. Ўша пайт кимдир ўтганини сездим. Ўгирилсам ҳеч ким йўқ. Хайрият, айниқса отамдан чўчидим. Лекин кўрмади. Шундай деб ўзимни овутиб, хурсанд бўлиб кўчага югурдим, музқаймоқни паққос туширдим. Кечки олтида дастурхон атрофида ўтирганимизда ҳам отам индамади. Ҳа, демак, сезмабди. Эрталаб нонуштадан кейин отамни ишга кузатиш пайти ҳамма билан хайрлашаётиб менга навбат келганда секингина қулоғимга “Қизим, бундан кейин рухсатимсиз чўнтагимни кавламанг, сўрасангиз ўзим бераман” деди. Бу гапни шунақанги секин айтганки... Аслида ҳеч ким эшитмади, лекин менинг наздимда бутун дунё эшитгандай бўлди гўё. Ўша пайти ер ёрилмади, ерга кирмадим. Шолғомдай қизариб кетдим, шекилли. Лекин отамнинг тарбиядаги бу усули ва мана шу воқеа умрбод ёдимда қолган. Отам жазо бермасдан мени жазолади. Агар мени уришганида ёки қўрқитиб қаттиқроқ дакки берганида шу иш балки яна қайтариларди, балки мен ҳаммасини унутиб юборардим. Аммо отам ундай қилмади, ҳамманинг олдида мени изза қилмасдан, бир умрга етгулик сабоқ берди. Мен ҳам бугун тўрт ўғилнинг онасиман. Ҳар бир боламнинг табиатидан келиб чиқиб муомала қилишни отамдан ўргандим. Отам билан яшаган ҳар бир кунимиз биз учун энг катта сабоқ бўлган. Оллоҳга шукур, улуғ инсонларнинг фарзанди бўлиш тақдиримизга битилган экан. Кейинчалик фарзанд тарбиясида отамнинг бу усулини кўп қўлладим.

 

Пулнинг онаси тийин бўлади

 

Отам тартибга амал қиладиган одам эди. Ярим кечаси иккида туриб, икки қошиқ асал еб ётарди. Тонгда уйғонгач, йўлакчага чиқиб бадантарбия қилишни ҳам канда қилмаган. Бадантарбиядан кейин боғда айланиб келиб, ювиниб, нонушта қилиб кейин ишга кетарди. Ҳар куни тонгда тўқсонга кираман деб такрорлаган. Ва бизгаям буни такрорлатарди. “Тилдан чиққан гап мияга боради, миядан ҳужайраларга ўтади ва организм тўқсонга киришга ўзини тайёрлайди, шундай яшасанг, эллик ёшингдаям ёш кўринасан” дерди. Бу отамнинг бизга берган ҳикматларининг биттаси эди. У киши жуда ҳаётсевар инсон бўлган. Бир куни, адашмасам, тўқсонга киришига уч-тўрт йил қолганида, “она қизим, мен энди ҳаёт программамни ўзгартираман” деб қолди. Ҳайрон бўлиб қараб турсам, “110 гача яшамоқчиман, худо умр берса, ўша ёшга етаман” деди. Рости, ўша пайт отамдан яшаш учун куч олганман, қандай яшаш кераклигини англаганман. Оллоҳга шукур, у киши бир кам тўқсон йил умр кўрди. Уйда ҳар қадамда отам ташкил қилган тартибни ҳис қилганмиз. Ишонсангиз, битта тароқни ўттиз йил ишлатган бўлса, битта ботинкани йигирма йил кийган. Ҳатто чой ичадиган чойнагини ҳам ўзгартирмасди. Отам ҳар бир нарсани қадрлаб, авайлаган. Бирор нарсанинг қадрига етмасак, “пулнинг онаси тийин бўлади, Оллоҳ берган озгина неъматнинг қадрига етсанг, шукур қилсанг, ўзи кўпайтириб беради” деган. “Беш сўм топсанг, икки сўмини албатта олиб қўйгин, шунда зориқмайсан!”. Бу ҳам отамнинг навбатдаги сабоқларидан эди. Пулни тежаб, тақсимлаб ишлатишни у кишидан ўрганганмиз.

 

Отам меҳнаткаш одам бўлган. Меҳнатни қадрлаган. Болалигимизга бориб иш қилишдан бош тортсак, “Йиғлаб-йиғлаб ариқ қазган, кулиб-кулиб сув қуяди, кулиб-кулиб ариқ қазган йиғлаб-йиғлаб сув қуяди” дерди. “Меҳнат қилишдан қочма, болам, ёшликда машаққатли меҳнат қилсанг, қариганингда қийналмайсан” деганлари ҳали-ҳали қулоғимда. Бу гапларни ҳар куни такрорлагани учун қон-қонимизга сингиб кетган. Бугун болаларимизга ҳам отам берган сабоқларни ўргатамиз. “Ким фарзандини тарбияламоқчи бўлса, аввал ўзини тарбияласин” деган гап бор-ку. Биз отамда шу гапнинг исботини кўрганмиз.

 

Отамнинг иккинчи ярми

 

Айтишларича, ота-онам Тошкентга битта жомадон билан кириб келишган. Аста-секин уй қуриб, боғ қилиб ўз ҳаётларини давом эттирган. Биз олти фарзанд – тўрт ўғил, икки қиз ота-онамнинг меҳрига қониб катта бўлганмиз. Ҳаётимиз давомида отамдан олган энг катта совғамиз ҳам, бойлигимиз ҳам у кишининг онамга бўлган меҳри, муҳаббати эди. Отам онамни қаттиқ севиб, ардоқлаб яшади. Биз ана шу муҳаббатга чўмилиб яшаганмиз. Ёшлигимда муҳаббат ҳақидаги достонларни ўқиб, қаҳрамонларини тасаввур қилмоқчи бўлсам, биринчи бўлиб ота-онам кўз ўнгимда гавдаланарди.

 

Отам қачон уйга қайтса, ишдан келадими, боғдан келадими “Санобархон!” деб кириб келарди. Ишдан қайтса қўлида даста-даста гул, боғдан қайтса дўпписининг ичида сархил мевалардан териб кирган. Айвонимиз бир умр гулга тўла бўларди. Дўпписини тўлдириб мева олиб келса, биринчи онамга едириб, кейин бизнинг оғзимизга тутарди. Ота-онамнинг тортишишлари ҳам ажойиб эди. Мабодо,  уришиб қолишса ҳам беш дақиқада ярашиб олардилар.

 

 

Онам отамнинг котибаси эди. Отам вақтини тақсимлаб, доим битта дафтарга ёзиб қўярди. Эсимда, бир куни телефон жиринглади. Уйимизда иккита параллел телефон бўларди. Отам гўшакни кўтарса, бир мактабга учрашувга таклиф қилишаётган экан. У киши “Йўқ-йўқ, вақтим йўқ, мен чарчадим, боролмайман” деб гапнинг дангалини айтиб турса, нариги гўшакдан онам “Отаси, ўша кунга вақтингиз бор, борсангиз бўлади” деса бўладими. Отам босиқлик билан “Тек ўтиринг, Санобархон” деса ҳам онам роса тортишди. Нариги одам қолиб, иккови тортишиб кетишди. Отам охири рози бўлди. Мактабга бориб, доимгидай бир қучоқ гул билан уйга қайтди. Улар олтмиш йил бирга яшаган бўлса, отам қўлида гулсиз кириб келмаган. Ҳамма жойда гулдонларимиз тўла гул бўларди. Онамга гулларни бериб, бўлган воқеаларни роса бир соат гаплашиб ўтиришарди. Ўзи ҳар доим ишдан келиши билан хонасида иккови узоқ суҳбатлашишарди.

 

Онамнинг ўлимидан олдин отамга меҳрим янада юксалган. Волидамиз қаттиқ бетоб бўлиб тўшакка михланиб қолганида отам онамни жуда яхши парвариш қилди. Омонатини топширар маҳал отамни ичкарига олиб кирдик. У киши онамни қўйиб юборгиси келмай, “Санорбархон, ҳали тузалиб кетасиз, иккаламиз саёҳатларга борамиз” деди. Шунда мен “Отажон, онамга умид бераяпсиз, кетолмаяпти” дедим. Кейин отам “Санобархон, сиз бораверинг, мен ортингиздан дарров етаман, иккаламиз бир жойда ётамиз, қабримизнинг устига шийпон қуришади, дарахтлар экишади” деганди, онамнинг жони узилди. Отам чиқиб кетди. Отамга далда бўлиб, тасалли бериш учун ёнига кирдим. Қўлини силаб, “Отажон, онамнинг йўқлигини сизга билдирмаймиз” деб юзига боқсам, “Олтовинг бир бўлсанг ҳам мен учун онангнинг ўрнини босолмайсан” деб кўзини қаттиқ юмиб олди. Шунда билганманки, онам отамнинг  ҳақиқий иккинчи ярми бўлган.

 

Дабдабани жини суймасди

 

Онам чиройли нарсаларни хуш кўрувчи, зодагонча ҳаёт кечиришга интилиб  яшарди. Отам эса қишлоқнинг тўпори, жайдари боласи бўлган. Шу боис онам билан баъзан тортишиб ҳам қолишарди. Онам оппоқ дастурхонлар тўшаб, қошиқ-вилкалар, гуллар, чашкаларни рисоладагидай қўйиб, нонуштани ё бўлмаса кечки овқатни стол устига тортса, боққа ишлашга чиқиб кетган отам чанг, тупроқ кийимлари билан келиб ўтириб оларди. Устини алмаштиришни ҳам истамасди. Онам ҳамма нарса кўнглидагидай бўлмаганидан койиниб гапириб қолса, отамнинг парвойига ҳам келмасди. Айтганида туриб оларди, анчагина қайсар эди. Ҳозир ҳам шу воқеаларни кулиб эслаймиз. Ота-онамнинг тўйи бўлганига эллик беш йил тўлиши муносабати билан Бобур акам иккаласини Францияга таклиф қилди. Онам жуда хурсанд бўлди, алоҳида тайёрланди. Режа бўйича бир ой айланиб келишлари керак эди. Отам самолётдан тушиши билан акамни бир четга тортиб, “Ўн кунда юртга қайтамиз, боғимни кўпга ташлаб қўёлмайман, хомток қилишим, дарахтларимнинг тагини юмшатишим керак” деб огоҳлантирибди. У киши чиндан ҳам ватанини, уйини, боғини жуда яхши кўрарди. Ҳамма ўртоқлари оиласи билан чет эл сафарларига борса, отам умуман бормасди. Ўзи ўрганиб қолган нарсаларни ўзгартиришни сира истамасди. Ҳатто кийиниш масаласида ҳам шундай эди. Умуман янги кийим кийгизолмаганмиз. Битта кийимини авайлаб-асраб, тозагина қилиб йиллаб киярди.

 

Францияда яна бир қизиқ воқеа бўлган. Акам уларни гипермаркетда айлантириб юрганда, “Ота, сизга битта костюм-шим совға қиламан” дебди ва бир костюм-шимни кийдириб кўрмоқчи бўлса, отам олмайман деб, жаҳл қилиб дўкондан чиқиб кетибди. Акам билан онам кўришга олинган кийимларни қайтариб бериб дўкондан чиқишса, отам йўқ эмиш. У киши француз тилини билмайди. Роса излаб топишолмагач, охири акам радиодан ўзи ўзбекча гапириб, амаллаб топишган. Хуллас, отам ўта меҳрибон, лекин дабдабани жини суймайдиган жуда қайсар одам эди. Қизиқ воқеаларга бой Франция сафари тугаб юртга қайтишгач, отамдан кўра онамнинг сафар таассуротлари кўп бўлган, ҳаяжонланиб кўп нарсаларни гапириб берган. Отам эса яна боғига, ижодига шўнғиган.

 

Ширин қовунлар мамлакати

 

Отамнинг болалиги бўлмаган. Шу боис бўлса керак, болаларни жуда яхши тушунган, ўзи ҳам боладай эди. Жоиз бўлса, болаларнинг моҳир психологи эди. Давр отамнинг болалигини ўғирлаган. У кишининг эслашича, икки ёшлар бўлган чамаси ёки ундан хиёл эслироқ... “Қулоқнинг боласи” деган даъво билан бобомизни уйдан олиб кетишган экан. Бобом қаршилик кўрсатган шекилли, тўрт-беш киши ўртага олиб тепкилаб ташлашган... “Шу манзара сира-сира кўз олдимдан кетмайди” деб кўп эсларди отам. Назаримда, отамнинг орзу-умидларга тўла болалиги ана шу тепкилар остида қолиб кетган. У киши яна “Болалик ва ўсмирлик йилларим уруш йилларига тўғри келган, ота-онасиз қолган етим ўртоқларимнинг қайғуларини кўрганман” дерди. Отамнинг асарларини ўқир эканман ҳаммаси у кишининг ўзи ҳақида ёзилгандай туюларди менга. Масалан, биргина “Беш болали йигитча” романини олинг. Асарнинг бош қаҳрамони Орифжон билан танишаркансиз, унда Худойберди Тўхтабоевнинг ўзини кўрасиз. У кишининг қаҳрамонлари ҳам ўзи каби содда, ўзи каби тўпори. Илк марта қўлимга китоб олиб отамнинг “Ширин қовунлар мамлакати” асарини ўқиганман. Шундан кейин қўлимдан китоб тушмайдиган бўлган. Отамнинг бир яхши одати бор эди. Ҳар бир асарини ёзар экан, ёзув хонасига олиб кириб ҳаммамизга бобма-боб ўқиб берарди. Ҳаммамиз фикримизни айтардик. Отам китоблари-ю эртаклари билан ҳар биримизда адабиётга меҳр уйғотган. У киши нафақат бизнинг, балки миллионлаб болаларнинг қалбида китобга, адабиётга меҳр уйғотган адиб.

 

 

Бутун дунёда миллионлаб болалар отамнинг асарларини ўқиб катта бўлган, бўлишмоқда. Отам ҳар бир қаҳрамонида – Ҳошимжонлари-ю Орифжонларида яшайди.

 

Мактабимизга отам икки марта келган. У киши мактабга келса, мен беркиниб олардим, нега ундай қилганимни ҳозир унча тушунмайман, уялгандирман балки... Лекин ҳозир “Худойберди Тўхтабоевнинг қизимисиз?” дейишса, ич-ичимдан қувониб, шундай отанинг қизи эканимдан фахрланиб кетаман.

 

Худойберди Тўхтабоевнинг боғи

 

Отам ҳовлимиз олдидаги қаровсиз бир жойни боғ қилган. У киши доим меҳнатдан мазза қиларди. Боғимизда ҳамма мевали дарахт бор эди. Шафтоли, олма, ўрик, жўхори-ю қулупнайгача боғимиздан чиқарди. Бозордан умуман мева сотиб олмаганмиз.

 

Айниқса, шафтоли дарахтини яхши эслайман. Отам улфатлари келсаям шафтоли билан сийларди, ҳатто онам тўйларга ҳам тоғорада шафтоли олиб борарди. Отам боғда ишлаётган бўлса, “Кел, шафтоли бераман” деб мени чақирарди. Югуриб бориб қўлимни дарахтга узатганимни биламан, “Э-э, дарахтдагиси ҳали ширинмас, энг ширини тагига тушгани бўлади” дерди-да, ерда ётган шафтолини ўртасидан очиб, “Ма, ол” деб берарди. “Э, мен буни емайман” деб бурнимни жийирсам, ўзи мазза қилиб еб оларди. Отам шунақа содда ва камтар эди. Умрининг охиригача шундай қолди.

 

Бу боғ отамнинг энг яхши, энг гўзал кунларига гувоҳ бўлган. Эркин Воҳидов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Мирпўлат Мирзо ва яна кўпчилик адиблар келиб, боғда шахмат ўйнашарди. Лекин отам “Менинг улфатларим – болалар” деб, ҳар доим туғилган кунида ёки ёзги таътилда боққа болаларни чақириб ош берарди. Ҳатто 2012 йил декабр ойида катта бир тўйхонада юбилей қилганимизда ҳам болаларни чақирганмиз. Отам атайлаб чақирмаса ҳам ҳар куни уйимиз мактаблардан келган ўқувчилар билан тўла бўларди. Отамнинг уйи баракали уй эди.

 

Фарзанд доғи

 

2005 йили тоғдай забардаст қирқ уч ёшли акамдан қўққисдан айрилдик. Кутилмаганда совуқ хабарни эшитиб, ҳаммамиз нима қилишимизни билмай қолдик. Оғир жудолик бўлди. Бу дардни жигаридан айрилганлар яхши ҳис қилади. Ортидан уч фарзанди қолди. “Ота-онам энди буни кўтаролмаса керак” деб ўйлагандим. Лекин ҳар қандай мусибатда ота-онам жипслашиб оларди. Биз ўзимизни йўқотиб қўйган пайтимиз ота-онам бизга далда бўлди. Ўзларининг куйганини бизга сездиришмади. Ота-онамнинг жуда кучли инсон эканига ўшанда амин бўлганман. Яқинда 2020 йили опамдан ҳам айрилдик. Лекин опамнинг кетганини отамга бир йилгача айтолмадик, кўтаролмайди деб ўйладик. “Сен эрка қизим бўлсанг, опанг менинг онам” дерди отам. Ўша пайтлари у киши юрак хуружи билан реанимацияда эди. Чиқибоқ опамни сўради. “Опам ковид бўлди, Америкага жўнатмоқчимиз” деб алдашга мажбур бўлдим. “Агар кетса, йўлкирасини мен тўлайман” деди отам шўрлик. Хуллас, у киши ҳар куни опамни сўрарди. Бир йиллар ўтиб кимдандир эшитиб қолибди. Ўша куни уйга келиш, бор гапни айтиш менга жуда оғир бўлди. Келсам отам ҳар доимгидай кўзи юмуқ креслода ўтирибди. “Она қизим, келдингми?” деди. Ҳамма нарсани сўради. Одатда кўп гапирмаган отам ўша куни роса кўп гапирди. Лекин опам ҳақида оғиз очмади. Мен ҳам гапиролмадим. Қўлини силаб ўтирдим. Охири секингина “Муҳаббат ҳам кетибди-да” деди. “Кетди” дейишнинг ўзи жуда оғир. Отам жудаям оғриқли нарсаларни деярли гапирмасди. Опам ҳақида ҳам бошқа гапирмади. Шу воқеадан кейин жуда тез орқага кетди. Дарди ичида эди. Отам қанча катта шахс бўлган бўлса, дардга сабри ҳам буюк экан. Бирор марта дард олдида эгилиб қолганини эслолмайман. Изтироб чекканини кўрмаганман. Фақат креслода ўтириб кўзини юмиб оларди. Умрининг охирларида фақат креслода ўтириб ухлайдиган бўлди.

 

Тарбия

 

Отам бизнинг кўнглимизни авайларди. Ҳатто овқатларимизнинг тузи кўп ё кам бўлиб қолса ҳам “Жуда ширин бўлибди” деб иштаҳа билан еб оларди. Лекин, шунча меҳрибон бўлса-да, барибир у кишидан ҳайиқардик. Бирор муаммо чиқиб қолса ҳам онам “Отанг ранжийди, отанг билса хафа бўлади” деса бўлди, биз фарзандларга шу гапнинг ўзи етарди. Отам йўқ деган масала қайта муҳокама қилинмаган уйимизда. Баъзан эркалигимиз тутиб мактабга боргимиз келмай қолса, отам қирқ километр узоқликдаги мактабга бориш учун машинанинг устида қиш куни музлаб қолганини айтиб берарди. Ҳа, ўшанда отажоним қаттиқ музлаб қолган экан. Боргандан кейин битта муаллими духтирларга олиб бориб, ўзига келтириб олган экан. Бу воқеани эшитганимиздан кейин уялганимиздан ҳам мактабга кетардик.

 

 

Отам ҳар доим “Фарзандларингизнинг кўнглига яхшилик уруғини сепинг, кун келиб мева тугса ўзингиз баҳраманд бўласиз” дерди. У киши бизнинг ҳам, набираларининг ҳам маънавий камолотига жиддий эътибор қаратган. Одатда набиралари кичкина бўлса қўлига олмасди, лекин сал улғайгач, биринчи ўргатган нарсаси қўлини қулоғининг орқасига қўйиб “ба-а” дерди. Шунинг учунми, набираларнинг ҳаммаси у кишини “ба бобом” деб чақиришарди. Уч-тўрт ёшга етганидан кейин тиззасига ўтирғизиб, турли эртакларни эринмасдан айтиб берарди.

 

Ҳисобрақам

 

Отам менинг номимга банкдан ҳисобрақам очдирган эди. Балки бошқа фарзандларига ҳам шундай қилгандир, ноқулай бўлгани учун ака-опаларимдан сўрамаганман. “Тўртта ўғлинг бор, фарзандларингга керак бўлса ишлатасан” дерди. Ҳанузгача банкка бориб, отамнинг ҳисобрақамга ташлаган пулларидан ишлатаман, болаларимнинг тўйида “бобонгдан сенга тўёна” деб бераман.

 

Ота-онам менда яшайди

 

Хайрлашар чоғ отам жимгина кетди. Ҳеч кимни қийнамади, ўзи ҳам қийналмади. Оллоҳга шукур, файзли ва баракали яшади. Меҳнатдан куч олган қўлларидан ушлаб розилик сўрар эканман, калимасини қайтартириш ҳам насиб қилди. Ота-она чин дунёга кетар экан, энди сиз учун ҳеч нарса олдингидай бўлмайди. Бирор тансиқ таом есам, шуни отам ёки онам яхши кўрарди дейман, гўзал жойларга саёҳатга чиқсам ҳам албатта ота-онам ёдимга тушади. Дунёга уларнинг кўзи билан боқаман. Мен уларни йўқотмаганман. Ота-онам менда яшайди!

 

Муаттар ТЎХТАБОЕВАНИНГ хотираларини

 Гулжаҳон НАМОЗОВА оққа кўчирди.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 3-сон.

Отамнинг дўстлари болалар эди” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 20187
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//