Ишдан зерикканда яралган ихтиро – Миянгизни чиниқтирувчи Тетрис


Сақлаш
18:35 / 04.11.2024 107 0

Телефон, интернет ва бошқа замонавий технологиялар кўп бўлмаган даврда яшаган авлод сифатида болалигингизни қандай эслайсиз? Иссиқ кунларда тўп тепиб, салқин ҳавода қўлбола олов ёқиб картошка пиширилган вақтлар ёдингиздами? Кейинчалик қишин-ёзин ажойиб эрмакка айланган Тетрис ўйини-чи?

 

 

Бундан 40 йил илгари дастурчи Алексей Пажитнов бошқа қурилмаларни умуман такрорламайдиган, оригинал компьютер ўйинини яратди. 1984 йил Совет илмий тадқиқот институтининг компьютер марказида ишидан зериккан олим математик қобилиятини янги соҳада синаб кўрмоқчи бўлиб, компьютер ўйинини ёзади. Шу тариқа, Тетрис ўйини пайдо бўлади. Тетрис содда, шуниси билан қизиқ бўлган бошқотирма ўйинларини ўзида жамлайди ва тез орада оммалашади.

 

Тетрис сўзи Тетрамин ва теннис сўзларидан ясалган. Ўйин ғояси асосида ноодатий шаклдаги геометрик фигураларни бир-бирига мос томони билан жойлаш талаб этиладиган Пентамино классик ўйини ётарди. Тетрис ҳам унга жуда ўхшаш ғояни ўзида акс эттирди: ўйинчи юқоридан тушадиган, ҳар бири 4 квадратдан иборат геометрик фигураларни (уларни тетрамино деб ҳам аташади) шундай жойлаштириши керакки, қатор бошидан охиригача узлуксиз юзани ҳосил қилиши керак.

 

Тетрис “дунёга келган” даврда ҳали компьютер технологиялари етарлича оммалашмаган, ривожланмагани ўйиннинг кенг тарқалишига халал бермади. Россиялик журналист Юрий Дудь ўйин асосчиси билан суҳбатда айнан шу саволга тўхталади.

 

Тетрис персонал компьютерлар орқали оммалашган. Лекин у даврда кимларнинг шахсий компьютери бор эди?

 

АҚШнинг Вашингтон штати, Сиэтл шаҳрида яшаётган Алексей Пажитнов шундай дейди: “Шахсий компьютер ҳеч кимда бўлмаган. Лекин кўплаб ташкилот, муассаса офисларида турарди. Улар ишда нима қиларди? Албатта, Тетрис ўйнаган...”

 

1985 йилда 16 ёшли Вадим Герасимов Тетрис ўйинини Turbo Pascal дастурида қайта ёзиб, илк оммавий персонал компьютерларга мослаштиради ва Тетриснинг иккинчи яратувчисига айланади. Икки йилдан кейин ўйинга яна баъзи қўшимчаларни киритилади. Бу эса Тетриснинг глобал даражада оммалашувига муҳим ҳисса қўшади.

 

Ўйин чиққанидан бир неча ой ўтиб, у ҳақда хабар топган венгриялик дастурий таъминот импортчиси Роберт Стайн Пажитнов билан ўйинни ишлаб чиқариш лицензияси борасида музокаралар олиб бориш мақсадида Москвага келади. Пажитнов эса унга Тетрисни совға қилади. Бундан Стейн ўйинни эркин сотиш мумкин, деган қарорга келиб, Mirrorsoft ва унинг шўба корхонаси Spectrum HoloByte`ларга Тетрис ҳуқуқини сотади. Бироқ у Москвага келишув бўйича навбатдаги музокараларни олиб бориш учун борганида, унга таклиф қилинган шартлар асосида сотиш ҳуқуқи бекор қилинади. Стейн келишувга эришишга урингунига қадар эса Mirrorsoft ва Spectrum HoloByte ўзининг Тетрис-вариантини ишлаб чиқади. Янги Тетрисда Пажитновнинг оригинал версиясидан фарқли равишда, товуш ва рангли ифодалар, масалан, ўйин фонига Юрий Гагарин ва бошқа персонажлар сурати туширилади.

 

Роберт Стейн ўйиннинг асл эгаси билан келишувга эришолмайди. Унинг позицияси айниқса, журналистлар асл муаллифдан интервью олгач ўзгарди. Кейинчалик ўйинни турли қурилмалар учун чиқариш ҳуқуқига бўлган кураш жиддий тус олди. Натижада, Тетрисга бўлган қизиқиш яна-да кучайди.

 

Ҳозиргача Тетрис қурилмаси-ю унинг турли платформаларга мосланган дастурларига бўлган талаб камайгани йўқ. Олимлар шунчаки ўйин эмас, мияни фаол ишлатишга туртки бўладиган бу бошқотирманинг ақлий фаолиятга ҳам ижобий таъсирини кашф қилган. Натижада, фанда “Тетрис эффекти” пайдо бўлди.

 

“Тетрис эффекти” ёки ўйиннинг мия фаолиятига таъсири

 

Ўйин у билан кўп вақт ўтказган одамнинг фикрлаши, ўйлари ва ҳатто, тушида ҳам ўзи билан боғлиқ тасвирлар шакллантира бошлайди. Бу ҳодиса “Тетрис эффекти” ёки синдроми деб номланади. Унинг таъсирида инсон онги турли вазиятларда энг тўғри ва мос турли йўлларни излаш кўникмасини шакллантира бошлайди.

 

Тетрис эффекти билан боғлиқ энг эски тадқиқотлардан бири 1991 йил Калифорния университетида таниқли психолог Ричард Хайер ва унинг ҳамкасблари томонидан ўтказилган. Хайер ушбу тадқиқотни ўтказар экан, “Тетрис ўйинидаги шаклларнинг тушиш тезлиги ошиши билан қарор қабул қилиш жараёни қийинлашса, миянинг энергия сарфи ошадими?” деган саволга жавоб топишни истаган.

 

Тадқиқот доирасида мияси таҳлил қилинаётган ўйинчининг миясида парадоксал натижалар акс этган: Хайер ўйинни юқори даражали мураккабликда ўйнаётган инсон миясида бошланғич даражалардан кўра камроқ энергия талаб этилишини аниқлаган.

 

Тажриба давомида аниқланишича, илгари Тетрис ўйнамаганлар миясида дастлаб глюкоза алмашинуви сезиларли даражада ошган. Бу эса миянинг энергия истеъмоли даражасига бевосита боғлиқ саналади. 6-8 ҳафтадан кейин эса ўйин натижалари билан миянинг ишлаш самарадорлиги икки баробарга ошиб, глюкоза алмашинуви нормал даражага келади. Бир сўз билан айтганда, энг юқори натижаларга эришаётган ўйинчининг мияси энг кам энергия сарфлаган бўлиб чиқади.

 

Ушбу эффект таъсирида инсон онги турли вазиятларда энг тўғри ва мос турли йўлларни излаш кўникмасини шакллантира бошлайди. Бу ноодатий одатдан ташқари, ўйин таъсирида мияда жисмоний ўзгаришлар ҳам кузатилиб, мия фаолиятининг самарадорлиги ошади.

 

Олимларнинг шу ва бошқа бир қатор тадқиқотларидан айтиш мумкинки, Тетрис асосчисининг зерикканида яралган ихтиро шунчаки ўйин эмас, маданий феноменга айланган. Унга сарфланган вақтни эса бошқа ўйинлардан фарқли, нисбий олиб “мияни чиниқтириш” деб аташ мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

12:11 / 13.11.2024 0 39
Маънавий экспертиза керакми?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10013
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//