Миллат қандай тарбияланади?


Сақлаш
16:03 / 01.11.2024 72 0

Кундалик одатларга риоя қилиш натижасида ўқувчида масъулиятни ҳис этиш, онгли тарзда интизомга бўйсуниш кўникмаси шаклланади. Одат аста-секин шахсиятнинг феъл-атворига айланиб боради. Инсонда фазилат ҳам, иллат ҳам шу тарзда юзага келади. Мисол учун, бола ҳар куни дарсга кеч қолаверса ёки уйқудан уйғониши билан телефон ўйнаса ва бу ҳол такрорланаверса, иллатга айланади. Агар тарбиявий тадбирлар режаси тўғри тузилиб, кунига уч-тўрт бет китоб ўқиш, бадантарбия қилиш, тил ўрганиш ёки тозалик ишларига машғул бўлиш каби одатлар меъёрга айлантириб борилса, ўқувчи ўз ҳаётига бефарқ бўлмасликка ўрганади, унда вазиятни таҳлил этиш, тўғри баҳолаш қобилияти пайдо бўлади. Муттасил ўқиб-ўрганиш инсонни янгитдан шакллантиради. Ўқилган ҳар бир китоб эски ғояларга янгича қарашни ўргатади. Маънавий жиҳатдан чинакам ўсиш жараёни аста-секин, яъни мунтазам амалиёт билан юз беради.

 

Бир мисол келтирамиз. Бамбук дарахти дастлабки беш йил ичида бўй кўрсатмайди. Чунки у зўр бериб илдиз отаётган бўлади. Олтинчи йили эса кўкка шундай бўй чўзадики, олти ҳафтада нақ ўттиз метргача ўсади. Шу каби, фазилатлар ҳам аввалига шахсда ҳеч қандай ўзгариш ясамагандек туюлади. Бесабрлик кўпчилигимизга хос – дарров натижа кутамиз. Тарбияда ҳам кўзга кўринарли самара, яъни ўсиш кўрмагач, тарбиячининг ҳафсаласи пир бўла бошлайди. Ҳолбуки, тарбия масаласида жўжани кузда санашга тўғри келади.

 

Тарбия – буюк иш. Барча буюк ишлар кичик қадамлардан бошланади. Ҳар бир одат жажжигина қарордан келиб чиқади. Бу қарорлар ҳар куни такрорлангани сайин илдиз отиб, кучайиб боради. Бу одатлар замирида эса мақсад ётиши керак. Аниқ мақсад сари интилиш орқалигина натижага эришилади. Ёш авлод онгида аниқ мақсадни шакллантириш учун, аввало, унинг кун тартибини ўрганиш лозим. Шу мақсадда бир академик лицей ўқувчилари орасида “Менинг кун тартибим” деган сўровнома ўтказилганда, 22 нафар боладан китоб ўқишини – 3, дарс тайёрлашни 9 нафари қайд этган. Кўринадики, кенжа авлодни ҳавойи гаплар билан китобхонликка ўргата олмаймиз.

 

Японияликлар кунни мутолаа билан бошлар, агар нонушта дастурхонида янги келтирилган газета ёки журнал бўлмаса, ўзидан кўнгли тўлмас экан.

 

Ўтказилган тадқиқот ўқувчиларда бўш вақтини бекорчи ишларга сарфлаш кўрсаткичи юқори эканини кўрсатди. Номақбул усул, хулқ-атворга таъсир этувчи омилларни ҳисобга олмаслик оқибатида ижобий одатларни ўзлаштириш қийин кечади.

 

Инсоний фазилатларни шакллантиришнинг асл ўчоғи – оила. Бу борада асосий дастак ота­она қўлида, бола тарбияси учун, аввало, улар жавобгар. Боланинг яхши ё ёмон бўлиши ота­она томонидан тузилган маънавий-тарбиявий тадбирлар режасига боғлиқ. Шу боис ҳам буюк рус адиби Антон Чехов “Фарзандларингизга тарбия берманг, улар барибир сизга ўхшаб улғаяди. Шу сабаб, аввало, ўзингизни тарбия қилинг” деганида ҳақ эди.

 

Яхши одам бирданига ёмон, одобли бола ўз-ўзидан бадхулқ бўлиб қолмайди. Демак, қаердадир тарбия занжири, узлуксиз таълим, меъёр, мувозанат бузилган. Нимагадир эътибор сусайган ёки ҳаддан зиёд кучайган. Ёки тарбияда танаффус рўй берган...

 

Ёшларимизнинг маънавий комил инсон бўлиши, гўзал фазилат эгасига айланиши босқичма-босқич амалга ошади. Бунда таълим тизими ҳамда муҳитнинг ўрни беқиёсдир.

 

Ойгул КАЖАНОВА,

мустақил тадқиқотчи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10327
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//