Орол денгизи қадимда қандай тасаввур қилинган ва қандай аталган?


Сақлаш
17:09 / 31.10.2024 106 0

Орол денгизи аслида кўл бўлиб, ҳавзасининг улканлиги (кенглиги 690 минг км2, сувининг сиғими 1000 км3) учун денгиз деб аталган. Сувсиз қуруқ чўл – Турон пасттекислиги ўртасида улкан ҳавза, оролдек бўлиб турганидан туркий элатлар бу кўлни Орол деб аташган. Чиндан‑да, Орол – турк ва мўғул тилларида “орол, дала-қирдаги ўрмонли орол”; “дарё ва кўллар қирғоғидаги буталар бўлган чангалзор, ўрмон”ни англатади[1]. Шунингдек, мўғул тилида орол – “дарё”ни-да билдирган. Тилшунос Э.В.Севортян орол / арал сўзидаги ар ўзагини “сув”дан келиб чиққан деб қарайди, бунга кўплаб ўрнаклар қаторида венгерча аr – “оқим”ни билдиришини келтиради[2]. Таниқли географ, топонимист Э.В.Мурзаев бу маълумотга қўшимча қилиб орол сўзи туркча ар – “ажратмоқ”, “бўлмоқ”; ара – “ора, оралиқ, иккита объект ўртасидаги чақирим, узунлик” англамидаги ўзакдан келиб чиққан бўлиши кераклигини илгари сурган[3].

 

Орол денгизида умумий 300 дан ортиқ ярим орол ва қўлтиқлар бўлган. Дейлик, унинг шимолий қирғоқларида энг катта қўлтиқларидан Чернишев, Паскевич, Сари-чиғаноқ, Перовский, жануби-шарқий ва шарқий қирғоқларида Тушбас, Ашши-бас, Оқсаға, Сулув ва б., Амударё билан Сирдарёга қуйиладиган ерларида эса Ажи-бой, Толлиқ, Жилтирбас қўлтиқлари, Қулонли ва Мўйноқ каби йирик ярим ороллари бўлган.  Демак, бу теграда орол, оролча ва ярим ороллар кўп бўлганидан у “Орол” деб аталган экан. Бироқ энг эски чоғлардан Орол денгизи ёки кўли шундай аталганми? Қуйида VI асрдан то XVIII асргача бўлган кезларда Орол денгизи тўғрисида бирмунча маълумотлар учрайдиган юнон, хитой, араб ва форс тилларидаги манбалар кўздан кечирилади.

 

Юнон манбалари. Византия элчиси Земарх (568 й.) ва унинг йўлдошлари Турк хоқонлиги Ғарбий қаноти хоқонлари қароргоҳи бўлмиш Эк‑тоғ[4] ва Талас шаҳридан ортга қайтаётганларида Холиатлар (Хоразм) ўлкасига келишади. Земархнинг айтишича, Холиатлар ўлкасининг ҳукмдори Истеми ябғудан Византияга элчисини юбориш, буюк империяни ўз кўзлари билан кўриб келишлари учун изн олган. Истеми Холиатлардан бошқа ҳукмдорларга эса рад жавобини берган.

 

Хоразм элчилари билан биргаликда Земарх ва унинг йўлдошлари Оих дарёси (Амударё ёки Сирдарё)ни кечиб ўтиб, узоқ юришгач, кенг ва суви кўп кўл (юнонча λίμνη)га етиб келишади. У ерда Земарх 3 кун бўлади, Георгий исмли қисқа хабарларни етказувчи йўлчиларидан бирини Византия императори (юнонча василевс)га ўзининг қайтиб келаётганини етказиш учун юборади. Георгий 12 та турк билан бирга Византия томон сувсиз ва кишиларсиз, бироқ қисқа йўл орқали кетишади. Земарх эса кўлнинг қумли соҳили бўйлаб 12 кун ичида йўл босиб, ўтиб бўлмас ерлардан ўтиб, Иха (Эмба дарёси бўлиши керак) ирмоғига етиб келади[5].

 

Умуман, Земархнинг Орол тўғрисидаги маълумотларида бироз чалкашликлар бор. Шунга қарамай, А. Гумбольдт, В. Бартольд ва бошқа кўзга кўринган олимлар Земарх тилга олган улкан λίμνη – “кўл” аслида Орол денгизи бўлиши кераклигини илгари суришади[6].

 

 

 

 

Земархдан сўнг орадан 1200 йиллар ўтиб бошқа бир юнон сайёҳи Василио Ваттаце ўзининг 1727 йили Ўрта Осиёга қилган саёҳатида Орол тўғрисида қизиқ билгилар ёзиб қолдирган. Василио Ваттаце (Basilio Battatzi) Констонтинополдаги христиан черкови коҳинининг ўғли бўлиб, савдо-сотиқ ишлари билан кўп шаҳарларда бўлган. У савдогарлик билан бирга дипломатик миссияни ҳам ўтаган. Саёҳатга ва ўтмишга бўлган қизиқишлари туфайли кўп йиллар Европа ва Осиёдаги турли юртларда бўлади[7]. Ана шу саёҳатларига таяниб, В. Ваттаце юнончада “Саёҳатнома” ёзиб қолдирган, у 1886 йилда Э. Легран томонидан чоп этилган[8].

 

В. Ваттаценинг Европа илм-фани олдидаги энг биринчи хизмати шуки, сайёҳ Марказий Осиёда Орол денгизининг борлигини Европага илк бор танитган эди. Унинг “Сharta, in qua cruditis spectanda exhibeteur pas Asiae […] Tabula Maris Caspii et Maris Aral” (London, 1732 г.) отли харитаси фанда ўзгача ўрин тутади[9]. Лотин ва юнончада кўплаб билгилар берилган бу харитадаги ёзувларнинг асл нусхаси Қироллик География Жамиятида (The Royal Geographical Society, mrAsia Div. 464), унинг чоп этилган нашри Лондондаги Британия кутубхонасининг картография бўлимида сақланмоқда (The British Library, Maps, King’s Topographical Collection, 114, 53).

 

Ватаче харитасида Каспий денгизи, Орол денгизи, кўллар, дарёлар, тоғлар ва ер отлари кўрсатилган. Шу билан бирга, бу ерда яшовчи халқлар ва кўчманчи қабилалар отлари тўғрисида сўз борган. Энг кераклиси, харитада “Ўзбекистон” атамаси тилга олинган[10].

 

 

 

“Саёҳатнома”да ёзилишича, В.Ваттаце 1727 йилда Марказий Осиёга саёҳат уюштириш учун Константинополдан чиқиб, Москвага йўл олади. Сўнг у Окс (Амударё) ва Яксарт (Сирдарё) дарёлари томон саёҳат уюштиради. Ўз саёҳати давомида у Орол ва Каспий денгизлари орасида катта чўл борлигини билган. Унгача эса Орол денгизи ҳам Каспий денгизининг бир бўлаги ёки кўрфази, деб қараб келинган эди. В. Ваттаце Орол денгизини уч бор яёв айланиб чиқиб, уни ўз харитасига туширган. Унинг Марказий Осиёга саёҳатлари 1733 йилгача давом этган. Қуйида “Саёҳатнома”нинг Орол денгизи бўйича берилган парча келтирилади:

 

“... Ушбу қабилага ёнма-ён деярли бир хил урф-одатлар, бир хит тил ва бир хил динга эътиқод қилувчи, бошлиқ танлашда ҳам юқоридагидек бўлган халқ қозоқлар яшашарди. Улар қорақалпоқлар билан доимий аҳилликда эди. Одатда бу икки уруғни битта ном – қирғизлар деб ҳам аташарди. Улар асосан Орол денгизи ва Яксарт дарёси бўйларида кўчманчилик қилиб кун кечиришарди.

 

Денгизнинг ўнг томонида яшовчи қабилалар (бу денгиз мавжудлигини айрим одамлар биларди) жанубга яқинроқ бўлиб, уларнинг илдизлари татарларга бориб тақаларди. Уларни ....... деб аташарди (бу ном денгиз номидан келиб чиққан, ёки акси? Бу саволга жавоб топиш керак). Улар Орол денгизига жуда яқин ерларда ўтовларда, ўз бошлиқлари билан бир қишлоқда яшашарди. Улар  ....ометан динига эътиқод қилишарди. Бу ҳудуднинг ўнг тарафида Оролга келиб қуйилувчи Окс дарёси жойлашган эди.

 

... Энди ҳикояни давом эттириш учун бироз ортга қайтиб Астраханга юзланамиз. Бу шаҳарни тарк этгач, саёҳатимиз беқиёс чўлга дуч келди ва бу чўлда от ва туялардан фойдаланишга мажбур бўлдик.

 

Олтмиш икки кун йўл юриб, ниҳоят, Хивага етиб келдик. Бундай хатарли ва чарчоқли саёҳатни ким ҳам ҳикоя қилиб беради дейсиз? Шу олтмиш икки кун ичида биз худди уммонда адашгандек бўлиб қолдик. Кўзимизга фақат осмон ва ер кўринар, дарахтлардан асар ҳам йўқ: бу чўлнинг адоғи йўқдай туюларди. Кундузи қуёш бизга йўлбошчилик қилса, кечалари эса самодаги юлдузлар бу ишни бажаришарди. Бу чўлда биз сон-саноқсиз юрган ёввойи подаларга дуч келдик. Булар: эчкилар, қўйлар, отлар, кийиклар, ундан ташқари, заҳарли ҳашоратлар ва йиртқич ҳайвонлар эди. Биз кетаётган йўлда ровочлар ҳам кўп ўсаркан, лекин уни ҳеч ким емасди.

 

Бундай катта саёҳатда энг қийини сув муаммоси эди. Баъзида беш-олти кунлаб сувни учратмасдик, шунинг учун, туяларда мешга сув солиб юрардик. Мабодо фалокатга учраб йўлдан адашадиган бўлсак, бутун карвон бундай кенг саҳрода сувсизликдан ҳалок бўлиши аниқ эди. Жонимиз соғ-омон бўлса‑да, худди мурдалардек бир аҳволда Хивага етиб келдик.

 

Йўлда кетаётиб қалмиқ қабилаларини учратдим, уларнинг аёллари қуролни эркаклардек ўйнатишар, керак бўлса, жангга ҳам киришар экан. Худони ўзи бизни қўллаб, хавф-хатар ва йўқотишларсиз бу ўрда ҳудудидан ўтишимизга ёрдам берди.

 

Астрахандан жўнаб кетганимиздан олти-етти кун ўтгач, биз бир денгизга яқинлашдик. Бу денгиз ҳақида қадимги тарихчилар ҳеч нарса билишмаган, ҳозирги тарихчилар ҳам унинг мавжудлигини инкор этишарди. Мен Орол денгизи ҳақида сўз юритмоқчиман. Бу денгизга етиб келганимизда, унинг сувлари бошқа денгиз сувларидек шўрлигига амин бўлдим. Уни айланиб чиқиш учун эса 30 кун керак бўларкан. Окс ва Яксарт дарёлари шу денгизга қуйилар экан. Қадимги тарихчилар айтишганидек, улар Каспийга қуйилмас экан. Бу икки денгиз орасидаги масофа анчайин узоқлигига ҳеч қандай шубҳам йўқ.

 

Юқорида айтиб ўтган Орол денгизини биринчи бўлиб Европага мен танитдим, аниқлаган кашфиётларим натижалари Лондонда жўғрофий тадқиқот олиб бораётган барча олимлар эътиборини ўзига қаратди.

 

Хива томон саёҳатимиз давом этаркан, Орол бўйлаб анча кун кун юрдик. Окснинг чап қирғоғида йўлимизни давом эттириб, Худо ёрдами билан Хива шаҳрига етиб келдик”[11].

 

Хитой манбалари. “Ши‑цзи”да берилган Амударё‑Сирдарё оралиғидаги ерлар тўғрисидаги маълумотлар у ерда бўлган элчи Чжан‑цзян (эрадан олдинги 139 йил)нинг эсдаликларига таяниб ёзилган. Чжан‑цзяннинг айтишича, Юйтян (Хўтон)дан ғарбдаги дарёлар ғарбга қараб оқади ва Шихай (“Ғарбий денгиз”)га бориб қуйилади[12].

 

 

 

Бу ерда тилга олинган “Ғарбий денгиз”ни хитойшунослар Орол денгизи билан қиёслашади. Бироқ шуниси борки, хитой йилликларида “Ғарбий денгиз” оти билан Хитойдан ғарбдаги ҳар қандай денгиз ёки кўл, айтайлик, Каспий денгизи, Ўрта ер денгизи кабилар кўзда тутилган[13]. Матнда қайси денгиз тўғрисида сўз бораётганини ундаги географик объектларнинг ўрнашувига қараб ойдинлаштирса бўлади.

 

723-726 йилларда Ғарбий ўлкалар (хитойча Си‑юй) – Шарқий Туркистон‚ Амударё – Сирдарё оралиғидаги ерлар, Шимолий Ҳиндистон ва Афғонистонга саёҳат қилган хитой сайёҳи Хуэй Чао ху халқларидан шимолда то “Шимолий денгиз”гача, ғарбда “Ғарбий денгиз”гача, шарқда эса Тан имериясигача бўлган теграларда чорвадор турк тилли элатлар яшашини ёзиб қолдирган[14]. Археолог А.Н. Берштам “ху” атамаси остида минтақанинг ўтроқ аҳолиси кўзда тутилганини, “Шимолий денгиз” Орол денгизи, “Ғарбий денгиз” эса Каспий бўлиши кераклигини ёзиб, Хуэй Чао келтирган билги кўпроқ Сирдарё бўйларида яшовчи чорвадор турклар билан боғлиқ эканини илгари сурган[15].

 

“Син Тан-шу”да берилган Ғарбий ўлкалар тўғрисидаги билгилар 751 йили Талас урушида қўлга тушган Ду-хуан отли тан аскари (751-762)нинг эсдаликларига таяниб ёзилган бўлиб, унга кўра, Лин (Тангри‑тоғ) тоғидан шимолга оқувчи дарёларнинг барчаси турклар еридан оқиб ўтиб, Шимолий денгизга қуйилади[16].

 

Айрим олимлар хитой йилликларидаги Ши‑хай (“Ғарбий денгиз”) ва Жэн-хай (“Туз‑кўл”) оронимларини-да Орол денгизи билан қиёслашади[17]. Таниқли шарқшунос Ш.С. Камолиддиннинг  фикрича, Орол денгизининг маҳаллий оти Туз-кўл бўлган, ундан хитойликлар Жэн-хай, тўғриси Туз‑кўл кўринишида олганлар, чунки XVIII асрдаги Марказий Осиё хариталаридан бирида Орол денгизи айнан Salt water Lake – “Тузли сув кўли” деб кўрсатилган[18]. Бироқ “Ҳудуд ул‑олам” (Х аср)да қарлуқлар еридаги узунлиги 10 фарсанг, кенглиги 8 фарсанг бўлган Туз‑кўли тўғрисида сўз кетиб, ундан қарлуқларнинг 7 та қабиласи туз олишлари ёзилган. Шарқшунос В. Минорский Туз‑кўлни Иссиқ‑кўл билан тенглаштирган ва унинг яқинидаги Тузун‑арж отли ерни Узун‑ағоч деб тиклаган[19]. Аслида ҳам хитой йилликларида Иссиқ‑кўл хитойча Жэн‑хай деб юритилган. Шунингдек, хитой йилликларида Лобнор кўли ҳам Туз‑кўл (хитойча Жэн‑хай) деб аталган. Демак, хитой йилликларида Орол денгизи Ши‑хай (“Ғарбий денгиз”), Бэй‑хай (“Шимолий денгиз”) отлари билан юритилган экан.

 

Араб ва форс манбалари. Бирмунча кейинги чоғларда ёзилган араб ва форс манбаларида эса Орол денгизи кўпроқ “Хоразм кўли” деб юритилган.  Ўрнак учун, Амударёнинг қуйи оқими ва Орол денгизи тўғрисида Ибн Руст (ўз битигини чамаси 903‑913 йиллар орасида ёзган) анчайин кенг билгилар қолдирган. Унинг сўзларига қараганда, дарёнинг ўзи айланаси 80 фарсах бўлган кўлга қуйилади; унинг ғарбий қирғоқлари бўйлаб Сийах‑куҳ (Қора‑тоғ) отли тоғлар чўзилиб кетган, шарқий қирғоқлари эса ботқоқлик, қалин чакалакзор дарахтлар (саксовул) билан қопланган. У ерга деярли кириб бўлмайди, у ердан тўнғизлар кириб‑чиқиб очган тор ва текис бўлмаган йўл орқали ўтса бўлади. Ва қирғоқ адоғидаги йўл бўйлаб шимол томон Янги қишлоқнинг ҳукмдори ўтади[20].

 

Географ Л.С. Берг ўзининг илмий экспедициясига таяниб, Ибн Руст Орол денгизининг шарқий қирғоқларини ўта тўғри тасвирлаганини ва ХХ аср бошларида ҳам бу ерлар араб географи айтганидек эканини ёзади[21].

 

 

 

Араб муаллифларидан ал‑Балхий, Истаҳрий ва Ибн Хавқалларнинг изланишларида ҳам бир‑бирини деярли такрорлаган маълумотлар учрайди. Истаҳрий ишини кенгайтирган географ ибн Хавқал (X аср) ўзининг “Китоб сурат ал-ард”ида Хоразм кўли тўғрисида шундай ёзиб қолдирган:

 

Хворазм кўли қирғоғида Жағир Уғур[22] номли тоғ бор. Унинг ёнида сув музлаб, ёзда ҳам эримайди. У ерда тўқайзорлар бор.  Менга айтишларича, Хворазм кўлининг айланаси илм аҳлининг бир тўхтамга келган фикрига кўра, тахминан юз фарсахга тенг. Унинг суви шўр. Унда [кўзга] кўринадиган [сувнинг] кетиш ери йўқ. Унга Жайҳун дарёси, аш‑Шош дарёси ва ўша ерлардаги бошқа сувлар қуйилади. У кичик бўлса ҳам, унинг суви чучукланмайди, сатҳи эса кўтарилмайди. Афтидан, Аллоҳга эса бу яхшироқ аён, у билан ал‑Хазар денгизи (Каспий) орасида сув йўли бўлиб, унинг суви ал‑Хазар кўлининг суви билан қўшилади. Бу ҳақда [айрим] одамлар ҳикоя қилганлар, лекин мен бунинг ҳақиқатдан шундайлигига амин бўлмадим. Бу икки кўл орасидаги [масофа] йигирма марҳалага яқин[23].

 

Демак, юқоридагилардан Хоразм кўли (Орол денгизи)нинг айланаси 80 ёки 100 фарсах бўлганини билса бўлади. Шунингдек, Хоразм кўлининг суви шўрлиги, чунки унинг остида Хазар денгизи билан боғловчи ерости канали борлиги тўғрисидаги маълумот Идрисийда ҳам учрайди.

 

Мас’удийнинг “Муруж аз‑захаб” (IX аср)да Орол денгизи тўғрисида шундай ёзилган:

 

Жайҳун деб аталувчи Балх дарёсининг бир қанча сув бошилари бўлиб, у Термиз, Исфайрам ва Хуросоннинг бошқа қисмлари орқали оқиб ўтиб, Хворазмгача етиб боради ҳамда у ерда кўплаб каналларга бўлинади. Унинг қолган сувлари эса Хворазмнинг бош шаҳри (Кат)дан қуйидаги қирғоғида Журжон шаҳри бор кўлга қуйилади. Бу ерларда ундан бошқа кўл йўқ; айтишларича, у бутун дунёдаги энг катта кўлдир, чунки унинг эни ва бўйига кенглиги чамаси 30 кунлик йўл чиқади. Унда кемалар қатнайди ва кўлга Жадис шаҳри яқиндаги Фароб ўлкасидан оқиб келувчи Фарғона ва Шош (Сирдарё) дарёлари келиб қуйилади. Бу дарё бўйлаб кемалар кўлгача келади. У кўлда кўп масжидларга эга туркларнинг Янгишаҳр (арабча “ал-мадина ал-жадида”) деган шаҳи [бор][24]. Бу ерда бир қисми кўчманчи, бир қисми ўтроқ яшовчи туркларнинг ғузз қабиласи кўпчиликни ташкил этади. ... улар 3 гуруҳга [бўлинади]: қуйи [ғуззлар], юқори ва ўрта [ғуззлар][25].

 

Ма’судий ўзининг бошқа “Китоб ат-танбиҳ” ишида эса Орол ва Каспий денгизлари ўртасида боғлиқлик борлигини янглиш чамалаб, шундай ёзган:

 

Келиф дарёси ниҳоят Хворазм ўлкасидан оқиб ўтиб, Журжон шаҳри яқинидаги Журжон деб аталувчи кўлга келиб қуйилади. Бу дунёдаги улкан кўлдир. Унинг эни ва бўйига кўндаланг ўлчами 40 кунлик йўл. Кўлдан Хазар денгизига бориб қуйилувчи катта дарёлар оқиб чиқади. Худди шу кўлга Шош дарёси қуйилади. Уларнинг кемалари Барка деган катта дарё бўйлаб келади ва бу дарё ҳам худди Фарғона ва Хўжанд дарёларига ўхшаб шу кўлга қуйилади. Бу дарё Фароб ўлкаси томон оқади; бу катта ва тез оқувчи дарёдир. Ундан кемалар юклари билан кўлнинг ўзигача келади[26].

 

Истаҳрий ва ундан кейинги географлар “Хоразм кўли” (арабча Бухайрат ал‑Харазм) деб аташган Оролни ёпиқ шўр, тузли кўл деб тасвирлашган. Истаҳрий Чоч ўлкаси чегараларини тасвирлаб туриб, ушбу вилоятнинг чегараларидан бири Чоч дарёси (Сирдарё) водийсигача туташади, ўша ерда у Хоразм кўлига қуйилади деб ёзиб қолдирган[27].

 

Марказий Осиёдаги кўпгина шаҳарлар бирор-бир дарёнинг яқинида бўлгани учун, дарё отининг шаҳарга кўчиши ёки дарёни унинг бўйидаги шаҳар оти билан аташ удуми эскидан кенг ёйилган[28]. Бу минтақада келиб чиқиши туркча бўлган топонимларнинг ўзаги кўпроқ анча йирик дарё ва кўл отларида сақланиб қолганида ҳам яхши кузатилади[29].

 

Шу сингари араб географларидан Ибн Ҳўрдодбеҳ (IX аср) Орол денгизини Курдер кўли (арабча бухайра) деб атаган[30]. Изланувчилар бу гидронимни Кердер шаҳри отидан олинган деб қарашади[31]. Нажиб Бекраннинг “Жаҳоннома” битиги (XIII аср)да ва ундан манба ўрнида фойдаланган бошқа изланувчиларнинг ишларида ҳам Орол денгизи “Хоразм кўли” деб аталишидан ташқари Сирдарёнинг қуйи оқимидаги Жанд шаҳрига нисбат берилиб “Жанд кўли” деб ҳам юритилган.

 

Форс тилида ёзилган “Ҳудуд ул‑олам”да эса Орол денгизи дунёнинг етти денгизидан бирига кирувчи Хворазм денгизи деб юритилган бўлиб, у Хоразм шаҳридан 40 фарсанг узоқликда, денгизнинг айланаси 300 фарсанг экани берилган[32].

 

Бир сўз билан айтганда, Орол денгизи юнон манбаларида шунчаки “кўл” деб, хитой манбаларида эса географик ўрнига қараб – “Ғарбий денгиз” ёки “Шимолий денгиз”, араб ва форс манбаларида эса кўл бўйидаги шаҳар отларидан келиб чиқиб Курдер / Кердер, Журжон, Жанд деб юритилган бўлса, кўпроқ воҳа оти билан Хоразм деб аталган экан.  

 

Мунира ҲОТАМОВА,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

 



[1] Мурзаев Э.М. Словарь народных географических терминов. М., 1984. – С. 42.

[2] Севортян Э. Этимологический словарь тюркских языков (общетюркские и межтюркские основы на гласные). Т. 1. М., 1974.

[3] Мурзаев Э.М. Словарь народных географических терминов ... – С. 42.

[4] Турклар “Эк‑тоғ”, юнонлар эса “Олтин тоғ” деб атаган тоғ сўнгги изланишларга кўра, Текес ва Кунгес дарёлари ҳавзасидаги Юлдуз водийсида жойлашган.

[5] Dobrovits M. The Altaic World through Byzantine eyes: some remarks on the historical circumstances of Zemarchus’ Journey to the Turks (AD 569–570) // Acta Orientalia Academiae Scientiarum Hungaricae. Volume  64  (4). Budapest, 2011. – P. 390‑393; Жданович О.П. Посольство Земарха в ставку тюркского кагана (Перевод и комментарии фрагментов труда Менандра Протектора) // Золотоордынские обозрение. – Казань, 2014. – №2(4). – С. 16.

[6] Бартольд В.В. Сведения об Аральском море и низовьях Амударьи с древнейших времен до XVII века // Сочинения. Т. 3. М., 1965. – С. 37-38; Dobrovits M. The Altaic World through Byzantine eyes... – P. 390‑393.

[7] Leo Bagrow. History of Cartography, revised and enlarged by R.A.Skelton. Second edition. Chikago: Precedent Publishing inc., 1985. Р. 230.

[8] Voyages de Basile Vatace en Europe et Asie. Ed. by Emile Legrand. Paris: E. Leroux, 1886.

[9] Karta, di es tois filomathesi parekhetai eidein meros ti tes Asias . . . Nin proton tipois ekdotheisa par’ ema, Basileia Batatzi . . . Scale [1: 7 500 000]; 38x32,5 cm.

[10] Камолиддин Ш.С. Василио Ватаченинг Ўрта Осиё харитаси // Мозийдан садо, №4. Т., 2005. 16-17‑бетлар.

[11] Voyages de Basile Vatace en Europe et Asie / Ed. by Emile Legrand. Paris, 1886.

[12] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. Т. 2. М.-Л., 1950. – С. 149‑150.

[13] Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах ... Т. 2. – С. 151.

[14] Бернштам А. Н. Тюрки и Средняя Азия в описании Хой Чао (726) // ВДИ. – М., 1952.1. – С. 194.

[15] Бернштам А. Н. Тюрки и Средняя Азия в описании Хой Чао ... – С. 192‑­195.

[16] Берг Л.С. Аральское море. Опыт физико‑географической монографии. СПб., 1908. – С. 4.

[17] Камолиддин Ш.С. Древнетюркская топонимия  Средней Азии. Т., 2006. – С. 25‑26; Хўжаев А. Фарғона тарихи. Фарғона, 2013. – 34‑б.

[18] Камолиддин Ш.С. Древнетюркская топонимия  Средней Азии ... – С. 25‑26.

[19] Hudud al-‘Alam. The regions of the world, a Persian geography / Translated and explained by V.Minorsky. London, 1970. – Р. 54, 98.

[20] Бартольд В.В. Сведения об Аральском море и низовьях Амударьи ... – С. 40‑41.

[21] Берг Л.С. Аральское море. Опыть физико‑географической монографии ... – С. 8.

[22] В.В.Бартольд бу тоғни Чақир‑ўгуз деб берган. Қаранг: Бартольд В.В. Сведения об Аральском море и низовьях Амударьи... – С. 42.

[23] Ибн Хавқал. Китоб сурат ал-ард: Моваруннаҳр / Араб тилидан таржима ва изоҳлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. Т., 2011. 38‑39‑б.

[24] Янгикент Сирдарёнинг чап қирғоғида, Қазали (Казалинск)нинг жанубидаги Жанкент харобалари ўрнида бўлган.

[25] Macoudi. Les prairies d'or. Texte et traduction C.Barbier de Meynard. T. 1. Paris, 1861. – P. 211-212.

[26] Берг Л.С. Аральское море. Опыть физико‑географической монографии ... – С. 9.

[27] ал-Истахри. Книга путей и государств (Китаб масалик ал-мамалик) (персидский перевод) // Материалы по истории киргизов и Киргизии. М., 1973. – С. 258.

[28] Мурзаев Э.М. Топонимика Синьцзяна // Географические названия. М., 1962. С. 124.

[29] Мурзаев Э.М. О происхождении географических названий // Природа. 1956. – №7. С. 40; Гулиева Л.Г. Тюркская гидронимия Кубани // СТ. Баку, 1976. №2. С. 50.

[30] Ибн Хордадбех. Книга путей и стран / Перевод с арабского, комментарии, исследование, указатели и карты Н. Велихановой. Баку, 1986. – С. 136.

[31] Кардар/Курдар – Амударёнинг ўнг қирғоғида, бугунги Кегайлидан 10 км ғарбда Ҳайвонқалъа номли шаҳар харобаси ўрнидаги шаҳар.

[32] Hudud al-‘Alam. The regions of the world, a Persian geography / Translated and explained by V.Minorsky. – London, 1970. – Р. 53.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

12:11 / 13.11.2024 0 39
Маънавий экспертиза керакми?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10011
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//