Замонавий мангқуртлик чизгилари – бугунги қуллар кимлар?


Сақлаш
17:40 / 30.10.2024 32 0

“Дaлaгa тaшлaнгaн aсирлaрнинг кўпи Сaриўзaк қуёши тиғидa дaҳшaтли қийноқлaргa бaрдош беролмaй ҳaлок бўлгaн. Беш-олтитa мaнгқуртдaн[1] биттa ёки иккитaсигинa тирик қолгaн. Бошқaлaри очликдaн эмaс, ҳaтто тaшнaликдaн ҳaм эмaс, кaллaгa қоплaнгaн терининг қуёш иссиғидa қовжирaб, қоқ мияни чидaб бўлмaс дaрaжaдa сиқиши нaтижaсидa жон тaслим қилaр эдилaр. Олов пуркaб тургaн қуёш остидa тери қaлпоқ шaфқaтсиз рaвишдa торaйиб, қулнинг қирилгaн бошини темир чaмбaрaк сингaри жингиртоб қилиб қисaрди. Орaдaн бир кун ўтиши билaн жaбрдийдaлaрнинг тaқир бошидa соч ниш урa бошлaйди. Осиёликлaргa xос тикандaй тик дaғaл сочлaр бaъзидa xом терини тешиб чиқaрди, кўп ҳоллaрдa эсa, чиқишгa йўл тополмaй янa қaйтaдaн қaйрилиб, бош терисигa қaрaб ўсaрди вa aввaлгидaн ҳaм бaттaр aзоб берaрди. Сўнгги синов дaвомидa тутқунлaр эс-ҳушлaрини буткул йўқотaр эдилaр. Орaдaн беш кун ўтгaчгинa жунгжaнглaр келиб тутқунлaрдaн қaй бири тирик қолгaнини кўздaн кечирaди. Aқaлли биттa тутқун тирик қолгaн бўлсa ҳaм, мaқсaдгa эришилгaн ҳисоблaнaрди. Бундaй қулни қийноқдaн бўшaтиб, сув бериб, aстa-секин кучгa киритиб, оёққa турғизишaрди. Бироқ у энди бaрибир одaм сaноғидaн чиқaрди, зўрлaб эс-ҳушидaн жудо этилгaн қул – мaнгқуртгa aйлaнaрди, xудди шунинг учун ҳaм бундaй қуллaр ўнтa соғлом тутқундaн кўрa қиммaтроқ турaрди.

 

...Мaнгқурт ўзининг ким экaнини, қaйси уруғ-aймоқдaн экaнини, исмини, болaлик кезлaрини, отa-онaсининг кимлигини бутунлaй ёддaн чиқaргaн бўлиб, одaмлигини ҳaм унутиб юборaди. ...Қочaмaн-қўямaн дегaн xaёл унинг тушигa ҳaм кирмaйди. Қулдор учун энг дaҳшaтли нaрсa – қуллaрнинг исёни. Ҳaр бир қул сиймосидa исёнкорлик руҳи яширингaн. Ёлғиз мaнгқуртгинa бундaн мустaсно, исён кўтaриш, бўйин товлaш унгa бутунлaй ёт. Унгa соқчи қўйишгa, aйниқсa, бузуқ ниятли киши сифaтидa ундaн гумонсирaшгa ҳожaт йўқ. Мaнгқурт xудди ит кaби фaқaт ўз эгaсини тaнийди. Бошқaлaр билaн иши йўқ. Унинг фикри-зикри қорин тўйғaзишдa... Инсоннинг инсонлик фaзилaти, ярaтилгaндa биргa ярaтилиб, ўлгaндa янa ўзи билaн биргa кетaдигaн вa бошқa мaвжудотлaрдaн aжрaтиб турaдигaн бирдaн-бир ноёб фaзилaти – xотирaси, aқл-идроки бўлсa-ю, уни тaг-томири билaн юлиб олсaлaр, axир, бу қaндaй ёвузлик, қaндaй бедодлик?!

 

...Ердaн мaҳрум этиш мумкин, мoл­дунёдaн мaҳрум этиш мумкин, ҳaттo инсoнни яшaшдaн мaҳрум этиш ҳaм мумкин, – дерди oнa ўз-ўзичa гaпириб, – бирoқ oдaмни xoтирaсидaн мaҳрум этишни ким ўйлaб тoпди экaн, бунгa кимнинг қўли бoрди экaн?! Ё Рaббий!”

 

Бу ривоят Чингиз Айтматовнинг “Асрни қаритган кун” романида келтирилган. Дарҳақиқат, душман қабиланинг барча одамлари ўлдирилса, муаммо ҳал бўлмайди: хўжалик даромад келтириши учун кимдир ишлаши, чорва молларини боқиши керак. Қирғин уюштирганлар мағлуб қабиланинг барча аъзоларини ўлдирмай, ишга ярайдиган ёш йигитларни қолдириб, уларни шунчаки қул эмас, мангқурт қилишга тушган...

 

Ҳар бир одам ҳур бўлиб туғилади ва шундай яшашни истайди, дейдилар. Бу Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳам қатъий таъкидланган. Аммо менга қолса, кўпларга эрк эмас, эрксизлик яхши, қул бўлиб яшаш қулайроқ, деб айтган бўлар эдим. Бу фикр ўта кескин ва бирёқлама бўлиб туюлади, албатта. Унга эътироз билдирувчилар ҳам лак-лак бўлса ажаб эмас, лекин бор гап. Нега дейсизми?

 

Одамлар эркини тортиб олган кимсани кўкларга кўтариб мақтайди, унга сажда қилади. Қадимда қуллар “фалончининг қули” эканидан фахрланган. Қуллигига шукр қилибгина қўймай, ким ўзини шу аҳволга солган бўлса, уни эъзозлайди ҳам. Айрим манбаларда ҳатто исёнкор шоир Машраб ҳам Офоқхўжадан норози бўлмагани, балки ўша пуштини маҳв этган ханжарчани бир умр ардоқлаб ёнида олиб юргани ёзилади. Ажабки, инсон руҳиятининг бу хил пучмоқлари ҳали-ҳануз тўлиқ инкишоф этилган эмас.

 

Хожани, золимни, зўравонни мақташ, унга сиғиниш “Стокҳолм синдроми” деб аталади. Хўш, бу синдром қандай пайдо бўлади? Ўз-ўзидан юзага чиқадими? Йўқ, албатта.

 

Аксар хожалар қулоқ қоқмай бўйсунадиган, ўзича фикр-мулоҳаза айтмай, буйруқни сўзсиз бажарадиган ходимларни яхши кўради. Мустақил фикрли, вақти келса “бош кўтариши” мумкин бўлган шахсларни чўқилаб-турткилаб, идорадан, ташкилотдан, маҳкамадан, вазирликдан... четлатиш, изини қуритиш пайида бўлади. Бу шароитда эркин фикрли одамлар ҳам кун кўриш учун “бажарувчи”ликка кўнади. Бора-бора, кўпларининг дилидаги ҳаққоният туйғулари ўлиб, бюрократ, олчоқ бир кимсага айланиб кетади. Дунё билан иши йўқ, фақат шу ишхонани, шу раҳбарни билади, холос.

 

Мисол дейсизми?

 

Биласиз, мустақилликдан сўнг чорак аср қўшни давлатлар билан алоқа сусайиб, муомалалар таранглашиб турди. Оқилона ишлар ўрнига мантиғини тушуниб бўлмайдиган муносабатлар кун тартибига чиқди. Қўшни эл вакиллари тугул, ўша юртларда азалдан яшаб келаётган ўзбекларга ҳам ишончсизлик билан қарала бошлади. Атрофимизда яшайдиган қарийб беш миллион нафар ўзбекларнинг фарзандини Ўзбекистон олий ўқув юртларига қабул қилиш тўхтади, кимдир бир амаллаб ўқишга кирса, худди итальян ё япон болалари каби ақча тўлаши шарт эди...

 

Ҳозир шароит ўзгарди, аммо ҳануз айрим амалдорларнинг онги ўзгариши қийин кечяпти. Янгиланишлардан илҳомланиб, “Ўзбекистон – Қирғизистон” дўстлик жамияти ҳар йили юз нафар қирғизистонлик ўзбек йигит-қизларини Ўзбекистон олий ўқув юртларига қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Бу таклиф маъқулланди ҳам, аммо бизнинг олий таълим вазирлигимиз уч йилдан бери ижрони пайсалга солиб келади. Ниҳоят, “муз кўчди” бўлиб, Қирғизистон томони билан келишилгач, бизникилар у ёққа “юз нафар қирғиз абитуриенти” юборишни сўраб хат ёзибди. Тушуняпсизми, ўзбек болаларини сўраган эмас! Оқибат, 2022 йилда етти қирғиз абитуриенти келиб, тайёр ўринга жойлашган, сўнг иккитаси юртига кетиб, ҳозирда беш нафари ўқимоқда экан.

 

Қирғизистон эса 1992 йилдан бошлаб “Ўзбекистонлик этник қирғиз болалари учун” деб аниқ кўрсатиб, ҳар йили ўттизта ўрин ажратади, бунинг учун Ўзбекистон билан келишиб ҳам ўтирмайди (тўғрида, билим олиш, билим бериш учун ҳам қандайдир шартномалар шартми?). Улар ўқиб битиргач, “Мана, қирғизимнинг боласи, ўқидинг, дипломинг муборак бўлсин, хоҳласанг юртингга қайт, хоҳласанг ўзимиз иш берамиз”, деб эъзоз қилади.

 

Биздаги ходимларнинг кўпи эса бу гапларни фаҳмламайди, ҳатто қирғизистонлик ўзбекни ҳам қирғиз деб тушунади. Бундай идораларга ариза кўтариб борсангиз, қай бирови ярим соатдан сўнг хўмрайиб чиқиб келиб қабул қилади, аммо гапингизни эшитмай турибоқ, ақл ўргатишга тушади. Бафуржа гап уқтирай десангиз, иложи йўқ – “қимматли вақт”лари тугаган бўлади.

 

Чунки... уларда миллий туйғу ўлган. Туғилмай турибоқ нобуд бўлган.

 

Шундай ҳолга дуч келганда (ватанпарварлик... керак албатта, аммо ундан ҳам аввал) ёшларга миллат туйғусини, миллатсеварликни сингдириш лозим экан, деб ўйлар экансиз. Ахир, ватан дегани аввало она халқимиз-ку! Халқ бўлмаган жойда ватан йўқ. Абдулла Ориповнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” шеъри ҳам шу ҳақда...

 

Хулосам шундайки, қулда, жўн бир қулда эмас, балки мангқуртликка етган қулда халқ, миллат сезгиси бўлмас экан. Демак, миллийлик сезгисидан маҳрум одамни мангқурт десак ҳам янглишмаймиз.

 

Майли, бояги саволга қайтайлик: қулликнинг нимаси қулай?

 

Қулликнинг “гашти” шундаки, кўплар ўйлашдан, фикр қилишдан қочади. Топшириқни бажариш эса ҳам осон, ҳам беғалва. Ўша ишни қилаётганида қийналиб фикрламайди, оқибатини ўйлаб ўтирмайди ҳам. Буйруқни бажардими, тамом-вассалом, энди у жавобгар эмас. Мабодо иш ўхшамаса – “юқори”нинг хатоси. Шундай деб енгил тортади. Қуллик мана шу, аслида. Қул буюрилган вазифадан четга чиқмайди. Савол берсангиз, хожасига ҳавола этиб қутулади. Ўзининг “тепа”га алоқадор эканини ҳис этиб, яна қувонади.

 

Кишиларнинг ичкилик, фаҳш, гиёҳвандликка берилиб қолишининг туб сабаби ҳам... бу дунёни унутиш, ҳеч нарсанинг ташвишини қилмай, бир оз бўлса-да, мияни зўриқтирмаслик, дам олиш истагидан бўлса ажаб эмас.

 

Расули акрам (с.а.в.) – дунёда қулликка қарши курашган биринчи одамлардан. Қулларни озод қилиш қанчалик эзгу амал эканини уқтириш учун йиллаб ҳаракат қилганлар. Улуғ савобли амалларнинг даражаси фалон нафар қулни озод қилган билан тенг деган қиёслар ҳам ўша замонда урф бўлган.

 

Биллоҳки, айрим одамларгина эмас, бутунбошли халқлар ҳам инон-ихтиёрини ўзгаларга топшириб, уларнинг изни билан яшашга мойил бўларкан. Ўзлигини йўқотишдан хавотир олмаслик, бошқа юртларнинг жирини айтиб, кийимини кийиш, ўшаларнинг тутумини намуна деб билиш, бўлак эл кишилари билан оила қуришнинг оммалашиши бунга мисол.

 

Одамнинг табиати ўзи шундай. Миллионлаб немислар фашизм доҳийсининг палапартиш буйруғини эшитибоқ, “Ҳайл Ҳитлер!” дея қўл сермаб, жангга жўнаганини ёки қаршидан пулемёт ё танк отиб турган паллада минг-минг одам “Сталин учун!” деб кўкрагини ўққа тутиб югурганини эшитганмиз. Ҳозир ҳам Сталин замонини соғинаётган одамлар лак-лак. Айнан унга таассуб қилароқ, юз минглаб одамлар бир умр галифе шим, этик, гимнастёрка кийиб ўтди. Бугун эса айрим элларнинг ҳовлиқма вакиллари Чингизхонни алқаб кўкларга кўтараётганига, у асли мўғул эмас, бизлардан, деб талашаётганига, мислсиз қирғинларнинг бошида турган бу ваҳшийни доҳий деб атаётганига гувоҳмиз.

 

Бугун ҳам “ўтмишдаги парадокс”лардан узоққа кетганимиз йўқ. Ахир, ҳар бир ташкилот жамоаси камтарин, одамшаванда раҳбарни эмас, аксинча қаттиққўл, дағал “хўжайин”ни кўпроқ яхши кўришини биламиз-ку!

 

Билими ўрта мактаб даражасида, аммо тақдир ғаройиботларидан бири ўлароқ, миллионлаган халққа бош бўлиб қолган кимсаларнинг босган изини кўзига суртаётган, ўзидан, ҳатто бола-чақасидан, эл­юртидан ҳам андиша қилиб ўтирмай, “Сендан улуғ инсон дунёда йўқ! Буюр, шаҳаншоҳим!” дея тиз чўкиб турган не-не савлатли одамларни телевизорда кўриб қоламиз. Ёки бир имога бўйсуниб, яп-янги туфлиси, оҳорли шими билан ариқдаги сувга тушиб кетадиган валломатлар бор: сув ичида ҳам қўлида ручкаю дафтар – бирон гап айтилса, ёзиб олишга шай. Фикр қилмайди, эслаб ҳам қолмайди, ёзиб олса бўлди. Чунки бу каллалар юқорининг буйруғини қуйига етказишга дастурланган, бошқасига ярамайди.

 

Айтадиларки, қиёмат куни ҳар бир одам ўзинигина ўйлаб тик тураркан: на ота-она, на бола-чақа, на қавм-қариндош, на дўст-ёр, фақат ўзининг ғамини ер экан. Бу дунёда топган улфат ва анислар у кунда ҳабата бўларкан.

 

Ёдингизда бўлса, мангқурт Жўломон учун энг қўрқинчли нарса – онгининг уйғониши. Ундан кўра буюрилганини бажариш қулай, осон. Хожаси амр қилади – ўз онасини отиб ўлдиради. Собитжон – ўша мангқуртнинг бугунги нусхаси ҳам “юқори” белгилаган инструкциялар доирасидан четга чиқмайди, кимдир дадилликка чорласа, душман қатори кўради. Шундоқ донишманд отаси ўлса, уни аждодлари ётган қабристонга элтиб дафн этиш малол келади – бирон дўнгроқ ердан чуқур қазиб, кўмиб кетақолиш пайида.

 

Кекса темирйўлчи Қозонғапни кўмиш учун “Онабайит” қабристонига олиб кетаётган кишиларнинг ғамгин ва тажанг кайфияти тасвир этилган ўринда бош қаҳрамон Эдигейнинг хаёллари тарзида мангқуртлар ҳақидаги бояги ривоят келтирилади. Асарда мангқурт ҳатто ўз фожиасини ҳам сезмаслиги фожиа экани далилланган. Жўломон – қул. Қул бўлганида ҳам онг-шуурдан мосуво бир тирик жон, шарпа. Хожаси буюрган, ақлига жойлаб қўйган бир зайлдаги ишни қилади: даштда туя боқиб кун ўтказади.

 

Бизга уқтиришларича, жамият тарихан ибтидоий жамоа, қулдорлик, феодализм, капитализм ва коммунизмдан иборат. Балки ростдир. Аммо яна, ҳар қандай жамият ҳоким ва тобе кишиларга бўлинади. Қандай аталишидан қатъи назар, ҳар бир даврда, ҳар қандай жамиятда яхши-ёмон, ориқ-семиз, бой-камбағал одамлар бўлгани сингари, икки тоифа – фикрини ўтказувчилар ва ўзганинг фикрига итоат қилувчилар ҳам мудом мавжуд. Ана ўша итоат қилувчилар – ўйламайдиганлар, моҳиятан – қуллар тоифасидир.

 

Эски бир нақл бор. Қурилишда уч бинокор ишлаётган экан. Биров улардан бирининг олдига бориб, нима қиляпсан, деб сўраса, қараб ҳам қўймай, “Ғишт теряпман”, дебди. Иккинчиси “Бола-чақамни шу иш орқали боқяпман”, дебди. Учинчи кишига шу савол берилган экан, бошини кўтариб, фахр билан, “Ибодатхона қуряпман”, деб жавоб қайтарибди. Кўряпсизки, бир ишга уч одамнинг муносабати уч хил.

 

Ана шу учовидан ким кўпроқ ўйланиб, кўпроқ қийналади? Албатта, учинчиси. Ёки кимсасиз чўлда карвон кетиб бораётган бўлса, кимга қийин, қисқа, бехавотир йўл топиб, одамларни манзилга соғ-омон етказишни ўйлаган карвон етакчисига. Чунки у ҳар он иккиланади, мудом мушоҳада қилади. Изланиш – машаққат. Аммо қураётган иморатини, етиб борар йўлини ўйлаган кишигина ўсиб юксалади.

 

Назаримда, боласини ўз она тилида ўқитмайдиганларнинг руҳиятида ҳам қуллик мавжуд. Улар – ўзга маданият шайдоси. Ўзи ҳам ўша миллат ичида туғилмаганидан афсусда. Улар ҳамма нарсадан воз кечса кечади, аммо қуллигини тарк эта олмайди, чунки бу – уларнинг моҳияти.

 

Қул буни тарк этиши учун ҳеч бўлмаганда ўзидан каттароқ қул, тўғрироғи, собиқ қул унга йўлбошчи бўлиб ҳурликка чиқиш йўлини кўрсатиши керак. Ўзбек элининг сўнгги юз йиллик тарихида юзлаб, минглаб катта-кичик мансабдорлар, шоиру олимлар, шифокору муҳандислар ўзининг “содиқ” эканини кўрсатиш учун байналмилал оила қурган. Бундай дурагай оила болалари эса оти – ўзбекча, руҳи – ўрисча бўлиб вояга етаркан.

 

Ҳур инсонни мангқуртга айлантириш олис замонлардаги мудҳиш, ёвуз амалиёт эди, аммо у кейин ҳам тамом йитиб кетмай, турли шаклларда давом этаверган. Чунончи, шўро замонида бизда мангқуртларнинг бир неча авлоди шакллангани бор гап.

 

Тўғри, мангқурт қилинган одам хотирасини йўқотганини ўзи билмай, янги хожалари эътиқодига ўтади, бу жиҳатдан уни айблаш ҳам ножоиздай. Аммо мангқурт ожизлиги сабаб ёвузлар қўлида қуролга айланади ва ўзиникиларга қарата ўқ ота бошлайди. Ҳазрат Алишер Навоий ҳам “Бадоеъул васат” девонида мангқуртларни қоралаган:

 

Фалак бошингға қоплаб ит терисин,

Сен они жаҳлдин деб кишу синжоб.

Ажаб йўқ, одамийлиғни унутсанг,

Ўзунгни буйла ит чармида асроб.

 

(Бу фалак бошингга ит терисини қоплаб қўйибди, сен эса жоҳиллигингдан уни қундуз, олмахон пўсти, дейсан. Ўзингни ит териси ичида асраб-авайлай бериб, одамийлик нелигини унутсанг ҳам ажаб эмас.)

 

Халқ – барча олимлардан доно, донишмандлардан аъло. Неча минг йиллик мозийсида беҳисоб шўришларни кўриб, баридан ибрат олиб, тарихий тажриба тўплаб келаётган эл манқуртларни фақат қоралаб ўтаверган эмас. “Асл айнимас” дейдилар. Палаги тоза одамларнинг фарзандлари қул этилган бўлса, ҳақиқат барибир тантана қилиб, улар мангқуртликдан қутулиши фольклор асарларида тасвирланган. Хусусан, ўзбек достонларида, бир қанча эртакларда мангқуртнинг аслига қайтиб, солим ва озод бир одамга айланганини кўрамиз. Тўғри, уларда айнан мангқурт деган сўз ишлатилмаган. Аммо мангқуртнинг ўзи бор, уни ҳам илғаб олиш дафъатан мушкулроқ. Мана, “Ёзи билан Зебо” достони. Ёзи – мангқурт, лекин бу ҳолат “бадиий парда”га ўраб берилган: “Ёзининг онаси икки тилладан кокили билан туққан экан. Буни ҳеч ким билмасин деб, бир қўзининг қорнини Ёзининг бошига ёпиб қўйиб, мен кал туғдим, деган экан. У катта бўлганида ҳам бу сирни ҳеч ким билмасин, мени назарга илмасин, чўтқори кал десин, деб бошига жумур – эчкининг қорнидан ясалган тери кияр, пешонасига тупроқ суртиб қўяр эди”.

 

Бу ўринда қадим инончлардан яна бирига – янги туғилган болага “кўз тегмасин” учун жулдур латта-путталарга ўраб, бош-кўзи кўринмаслиги учун хунук қалпоқ ёпиб ўстиришга дуч келиб турибмиз. Аммо Ёзи – аввало мангқурт эди, Зеболар хонадонида қул бўлиб хизмат қиларди.

 

Достонда Ёзи мангқуртликдан буткул қутулмайди (чунки қул қуллигидан ўзи озод бўла олмайди). Шунинг учун ҳам асар охирида у тулки терисини бошига ёпиб, ғорга кириб кетади. Унинг ортидан Зебо ҳам етиб боради, иккови бир умр ғорда бирга яшаб ўтади. Унинг ҳур инсонга айланиши учун бир раҳнамо йўқ эди.

 

Албатта, барча қул мангқурт эмас ва ҳамма мангқурт ҳам овсар эмас. Йиллар оша ақлини йиғиб, хотирасини тиклаб, ўзининг кимлигини англаб етган мангқуртлар ҳам бўлган, албатта. Уларнинг онгида эврилиш юз берган, ўзини бу ҳолга туширган ёвузларга қарши кураша билган.

 

“Алпомиш” достони персонажи Қалмоқшоҳнинг қули Кайқубод асли Чин-Мочиндан. Боши жумур кал – мангқурт. Алпомиш аввало Кайқубоднинг келажакка умидини тиклайди. Қалмоқшоҳнинг қизи Товка ойимга уйлантиришини айтиб, руҳлантиради. Кайқубоднинг ўзи ҳам асли юракли йигит эди, шу даражадаки, жонини хатарга қўйиб, Алпомиш ётган чоҳ устидан “жуппай бўлиб ирғиб” ўтаверади. Алпомиш ҳатто чўчиб, “Ёзган кал, сен ҳам тушиб кетарсан”, деб хавотирланади. Алқисса, Алпомиш зиндондан қутулади, Кайқубодни тарбиялаб, озод инсонга айлантиради, қалмоқ юртига подшоҳ қилиб, Товка ойимга уйлантиради. Ўша аснода Кайқубоднинг мангқуртликдан қутулиши жараёни юз беради:

 

Бул ишларни билди номдор Кайқубод,

Подшо бўлиб муна юртда туради,

Бирон корсон иссиқ сув келтиради,

Бошини корсонга солиб туради,

Қотган жумур ивиб тушиб қолади,

Асли кал эмасди, шундай бўлади,

Жумур қоплаб сурати кал юради,

Асли ўзи Чин-Мочиндан келади...

Товканинг ишқида кал бўп юради,

Жамоли оқшомни ёруғ қилади,

Кокиллари оч белига келади,

Товка ойим кўнмай шундай қаради,

Кайқубоднинг жамолини кўради.

Кўрган вақтда бу ишқибоз бўлади.

 

Бошдан жумурнинг кетиши – мангқуртнинг ҳур кишига айлангани рамзи. Бундай тасвирлар туркий халқларнинг достону эртакларида бисёр. Чунки мангқурт қилиш тарихда кўп бўлган... Аммо-лекин, қул қуллигини тарк этиши учун “озод бўлдинг, мустақилсан энди”, деб уқтиришнинг ўзи етарли эмас экан, унинг ҳаётида оний эмас, доим давом этадиган шодлик ҳолатлари рўёбга чиқиши шарт экан.

 

Боя, шўро тузуми бир неча авлод мангқуртларни шакллантирди, деб айтган эдик. Хўш, улар бугун фикр ва шуурда ўша ўтмиш исканжасидан қутулиб, озод бўла олдими, оляптими? Бу саволга жавобимиз “ҳа” бўладими?

 

Невлай! Аввало, ўша бир неча авлодга мансуб кишиларнинг ҳаммаси ҳам руҳан қул бўлган эмас. Қуллик психологиясини эътиқод қилиб олганлар эса ўзининг мангқурт эканидан хабари ҳам йўқ. Қолаверса, бизга ҳуррият иқтисодий қийинчиликлар билан қўша келди ва бу ҳол узоқ чўзилди. Нима қилиб бўлса ҳам яшаб қолиш, кун кўриш учун жон олиб-жон бериб курашиш кишилар дилидаги инсоний туйғуларни аввалгидан ҳам камайтириб юборди – одамлар бозор иқтисодиёти шунақа бўлар экан, деб қолди. Бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш, ўғрилик, порахўрлик оммалашиб, орият ва ҳаё кун тартибидан тушиб қолди. Юз ўттиз йиллик мутеликнинг асорати ҳали бартараф бўлмагани ҳам унинг пилигини баландлатиб турибди.

 

Ана энди асосий гапга келдик. Мангқурт фақат эртакларда (Жўломон), бадиий асарларда (Собитжон) учрайдими ё бугун ҳам борми?

 

Бу саволга ҳар ким ўзи билганича жавоб беради, албатта. Лекин мен учун бугунги энг катта мангқурт – “катта”ларнинг ҳар қандай амрига “лаббай” дея қўл қовуштириб, ўйлаб-нетиб ўтирмай бажаришга тушиб кетадиган, бу ишини ватанпарварлик, фидойилик деб хаспўшлайдиган, “пастдан келган” кишиларни эса назар-писанд қилмайдиган кимсалардир. Улар учун муҳокама, мулоҳаза деган нарса йўқ, фикрлашга чорласангиз, “ёв”га айланасиз-қоласиз. Энг биларманлари эса, қозихонанинг аъламига ўхшаб, ҳар қандай “ташаббус”га фатво топиш билан банд.

 

Ҳар бир киши ўз мустақил фикрига эга бўлсин. Бинобарин, мустақил фикрга эга бўлган одамлардан ташкил топган юртгина мустақилдир. Ҳақиқий эрк бир декрет ё декларация билан рўёбга чиқиши, амалга ошиб қолиши амримаҳол.

 

Бизда ҳозир энг катта даъват – шукрона бўлиб қолди. Зиёли аҳли ҳам, дин уламолари ҳам одамларни шукр қилишга ундагани ундаган. Албатта, бизга ҳаёт берган, одам қилиб яратган, фарзанд ва оила неъмати билан сийлаган, соғ-омон асраган Парвардигорга шукримизни айтиб тугата олмаймиз. Аммо жамият ҳаётидаги ҳар қандай ўзгаришга шукр қилаверсак, бизда мустақил фикр деган нарса қиёматгача ҳам пайдо бўлмайди. Эътибор қилсангиз, фуқароларнинг фикрлашидан чўчимайдиган, ғояларига йўл очиб берадиган юртлар энг мутараққий мамлакатлардир.

 

Маънавий тарбия ўссин, ахлоқ тарғиботи таъсир қилсин десак, тадбирбозлик, стадионларда шиор ҳайқириб, байроқ силкитиш билан мурод ҳосил бўлмаслигини ниҳоят англаб етишимиз керак. Ҳалоллик ва адолат жамиятда устувор бўлишига одамларда ишонч пайдо бўлса, ҳокимият эса ваколатини ишга солиб, ҳаромхўр ва золим касларни жиловлаб тура олса, кўп нарса жойига тушади.

 

Одамлар руҳлансин, фозил кишилар жамияти албатта барпо бўлишига ишонсин. Чунки келажакдан умиди йўқ одам ҳалол яшашга интилмайди. Яна бир гап шуки, Худодан қўрққани учунгина ёмонлик қилмайдиган инсон яхши одам эмас, виждони, дилидаги эзгулик туйғулари ёвузлик қилишга қўймайдиган, бундай ёмон нарсалар ҳатто хаёлига ҳам келмайдиган киши – фаришта. Буни жамият миқёсига кўчириб айтсак, прокурору мелисадан ҳадиксирагани учун жиноятга қўл урмаётган кимса билан пок ниятли, ҳур туйғули, эркин, ҳалол одам орасида ер билан осмонча фарқ бор.

 

Биз юқорида, юз ўттиз йил муте бўлиб яшадик, баъзи одамлардаги фикрий мангқуртлик шунинг натижаси, деб айтдик. Ундан халос бўлиш учун ҳам... афтидан, яна шунча давр ўтиши керакка ўхшаб турибди.

 

Майли! Ўшанга ҳам розимиз!..

 

Зуҳириддин ИСОМИДДИНОВ

 

“Tafakkur” журнали, 2024 йил 3-сон.

“Қуллик қасирғаси” мақоласи



[1] Роман русчадан ўгирилгани учун бу сўз бизда ҳам манқурт шаклида қўлланади. Қирғизчада – мангқурт. Аслиятга кўра мангқурт деб ёзиш тўғрироқ. Манг форсий банг – наша сўзига боғлиқ бўлиб, гаранг, ақлдан озган маъносини беради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

//