Тил-ижтимоий ҳодиса. У ҳар куни, ҳар соатда ўзгариб боради. Жамиятдаги инсонларнинг ўзаро мулоқотлари тилдаги сўзларнинг янгича шакл ва мазмун касб этишига олиб келади. Аммо биз ўзгаришларни деярли пайқамаймиз. Бугун сиз ва биз гаплашаётган ўзбек тили ҳам ўн йил олдинги кўринишидан фарқ қилади. Бир томондан, ривожланган замонда яшаётганимиз туфайли янгича атама ва лексик бирликлар шиддат билан она тилимизга кириб келмоқда. Иккинчи томондан айрим сўз ва иборалар улар англатган тушунчалар бугун ҳаётда кам содир бўлаётгани туфайли истеъмолдан чиқиб кетмоқда. Айрим сўз ва жумлалар нотўғри талаффуз қилиниш оқибатида бошқача тусга кирмоқда. Ушбу мақоламизда бир пайтлар халқ тилида тўғри қўлланган, бироқ мутахассислар томонидан кейинчалик нотўғри вариантда адабий тилга қабул қилинган айрим сўзларни кўриб чиқамиз.
1. Ўзбек тилида “Суғормоқ” сўзи бор. Бу сўз бирон экин ёки чорвани сув билан тўйинтиришга нисбатан ишлатилади (сувламоқ). “Суғормоқ” жумласининг асоси сув ҳисобланади. Қишлоқ шеваларимизда у “сувормоқ” шаклида учрайди. Адабий тилга сўз олинаётган пайтда соҳа мутахассислари унинг шаҳарча шаклини олишади. Менимча, бунга асосий сабаб қипчоқ лаҳжасида “тоғ” “тов”, “боғ” “бов”, “соғ” “сов” шаклида ишталишидир.
Аммо бундай ҳодиса барча сўзларда ҳам бўлавермайди. Сув асосига “-ар” феъл ясовчи қўшимчаси қўшилишидан “сувар” буйруқ феъли ҳосил бўлган. Худди “оқ+ар”, “кўк+ар” каби. Нега унда “сувормоқ” дея ёздим? Аслида, “сувармоқ” энг тўғри вариант. Лекин шу ерда ҳам талаффузда воҳа сўзлашувига тегишли бўлган “алашиш” бор дея қаралади. Мисол учун қипчоқ лаҳжасида Тошкент -Ташкен, қозон — қозан, коса — каса дея айтилади. Бундай ҳодиса қозоқ, қирғиз ва қорақалпоқ тилларида ҳам учрайди. Шунинг учун адабий тилга сўз олинаётганда, аввало, “сувармоқ”даги “в” билан “а” товушлари фақат қишлоқ аҳолиси томонидан ўзгарган шакллар дея қаралади. Битта нарсани унутмаслик керакки, ҳар доим ҳам қипчоқ лаҳжаси “алаш”авермайди. Аксинча, шаҳар шевалари “олашиб” кетган. Буни “катта” сўзининг Тошкентча версиясидан ҳам билсак бўлади. Хулоса қилиб айтганда, сўзнинг энг тўғри варианти бу “сувармоқ”дир.
2. “Чавандоз” сўзини ҳаммамиз биламиз. Бу сўз ўзаги адабий тилдаги “чоп” сўзининг шевадаги варианти “чов” ҳисобланади. Бир қарашда ҳамма шундай ўйлайди. Аммо, аксинча, “чоп” шевага хос элементдир. Мисолларга юзланамиз: Қадим замонларда элчиларни “човуш” дея аташган. Бу сўз кейинчалик “чопар”га ўзгарган. Асоси “чов” бўлган номлар талайгина. Улардан бири “човдур” қабиласи номидир. “Чавгон” ўйини ҳам дастлаб от устида ўйналган. “Чопағон”, аслида, “човоғон” эканлиги ҳам бор гап.
Ўзбек тилидаги иккинчи “чопмоқ” сўзи “кетмон ёки тешада ерга ишлов бериш”ни англатади. “Чопмоқ” югурмоқ ва бирон нарсани қаттиқ зарб билан кесиб ташлаш маъносида келади ҳозир. Аслида, “чоп” сўзи умуман бўлмаган – “чов”ни ўзгартиришган. “Ичак-чавоқ” деганда ҳам “ичак” ўз маъносида, “чавоқ” чопилган нарса маъносида келмоқда. “Ичак-чавоқ” қайдаю, чопилган нарса қайда дерсиз, Сиз ҳақсиз. Бироқ бизнинг тасаввуримиз “ичак”нинг ўзи билан чекланган. “Чавоқ”ни эса умуман нима эканлигини ҳам билмаймиз. Ўзбек тилида “чавақламоқ” сўз бор. Унинг асли қуйидагича: Чов+оқ+ла-моқ. Ассимиляция ва диссимиляция ҳодисаси туфайли шакл ўзгаришга учраган.
Қишлоқ аёллари экинларни чопиқ қилишади. Кекса авлод вакиллари бу жараённи “човиқ” дейишади. Қипчоқ лаҳжасида “қуртга тут човип келдим”, “човип-човип ташладим” каби жумлалар бор. Бундан кўринадики, “чопмоқ”нинг ҳар иккала маънодаги аслий шакли “човмоқ”дир. Фақат мутахассислар шаҳар шевасини кўпроқ адабий тилга олишган. “Човмоқ”ни эса баъзи қарлуқ лаҳжасида гаплашувчилар “чопмоқ” шаклида қўллай бошлаган. Даврлар ўтиши билан тил мутасаддилари қипчоқ лаҳжасини бир чеккага суриб қўйиши сабабли сўзнинг асил шакли “чопилиб кетди”.
3. Маълумки, Тошкент Чингизхон босқинидан то ХВИИИ асрга қадар мўғул хонлари томонидан идора қилинган. Улар ичида Бароқхон, Кучукхон каби ғалати исмга эга хонларни эшитганмиз. Қуйида Кучукхон исмининг асл маъноси ва баъзи сўзларнинг ўзгарган шакллари ҳақида ҳикоя қиламиз:
Турк тилида “кучук” кичикни, “буюк” каттани англатади. Ўзбекчада эса биринчи сўз итнинг боласини, иккинчиси эса куч-қудратда тенгсизликни билдиради. Аслида эса, “кучук” кичикнинг қадимий шакли ҳисобланади. Кичкина ит маъносида бир пайтлар “кучук ит” сўз бирикмаси қўлланган. Вақтлар ўтиши билан “ит” сўзи тушиб қолган. Натижада “кучук” атамаси итнинг боласи маъносида турғунлашиб қолган. Бундан кўринадики, Кучукхон, аслида кичик хондир.
Энди “буюк”ка юзлансак. Бу сўз, аслида, бўйга етган маъносини билдирувчи “бўйик”дир. Улғайган, камол топган кишиларга, ёш жиҳатдан катталарга нисбатан ишлатилган. Сўзнинг қадимий шаклининг ўзи “буюк”. Кейинчалик, “буй” “бўй”га ўзгариб кетди. Натижада эса тарихий ва замонавий маънолари айрича бўлиб қолди.
Сўнгги йилларда “бағоятда”, “миннатдорчилик”, “ёкида”, “балкида” каби калималар урфга кирди. Худди шу ҳолида радио, телевидение бошловчиларининг нутқида, газета ва журналлар саҳифасида пайдо бўлди. Бора-бора бу ҳолат ўттиз миллионли халқимиз лексикасига ҳам шундай кўчиши эҳтимолини оширади. Бу эса уларни тилшуносларнинг навбатдаги авлоди томонидан адабий тилга олиб кирилишига замин яратади. Шу боис сўзларни тўғри талаффуз этиш, қўллашга ҳаракат қилиш тилимиз тозалиги учун манфаатли бўлар эди.
Анвар ЭШНАЗАРОВ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ