Адабиёт
Улуғбек расадхонаси жойлашган ерни аниқлаш масаласи узоқ йиллар давомида кўплаб олимларни қизиқтирган бўлса, бинонинг тузилиши, унда ишлатилган асбобларни аниқлаштириш ҳам худди шундай узоқ чўзилган баҳсли масалалардан бири бўлиб келган. Улардан бирини ҳал қилиш ЎзФА академиги, тарих фанлари доктори Дилором Юсуповага насиб этди. Д.Юсупова 1963 йилда Тошкент давлат университети Шарқшунослик факультетининг Эрон-афғон бўлимида таҳсилни тамомлагач, Фанлар академияси ҳузуридаги Шарқшунослик институтида иш бошлайди. Олима то ҳозирга қадар шу даргоҳда фаолият юритаётир.
Ҳали илмий даражага эга бўлмаган ёш тадқиқотчи форс тилини мукаммал билиши, қўлёзмаларни қийналмай ўқий олиши, ўз ишига ўта масъулиятли экани билан академик Яҳё Ғуломовнинг эътиборига тушади. Устоз олим 1972 йили Дилором Юсуповага ўзини кўпдан бери ўйлантириб келаётган масаладан гап очади ва унинг қўлига бир қўлёзманинг фотонусхасини тутқазади. Бу – расадхонада Мирзо Улуғбек билан бирга фаолият юритган, расадхона қурилиши ва ишида бевосита иштирок этган Ғиёсиддин Жамшид Кошийнинг Самарқанддан Кошон шаҳрида яшаган отасига 1420-1421-йилларда ёзган форс тилидаги тарихий мактуби эди (Юсупова Д. Ғиёсиддин Кошийнинг Самарқанддан Кошонга, отасига ёзган мактуби // Амир Темур ва Улуғбек замондошлари хотирасида. Тошкент, “Ўқитувчи”, 1996. 266-бет).
Я.Ғуломов кичик илмий ходимнинг салоҳиятига, бу қўлёзма таржимасини аъло даражада уддалай олишига катта ишонч билдиради. Д.Юсупова бу мактуб таржимаси Улуғбек расадхонаси қурилиши, бинонинг тузилиши, унда фойдаланилган астрономик ускуналар, асбоблар ва атамалар билан боғлиқ узоқ давом этиб келаётган баҳсли мунозараларнинг ечим топишида катта ҳисса бўлиб қўшилишини таъкидлайди. (Мазкур мақола муаллифи томонидан 2024 йил 8 февралда Тошкент давлат Педагогика университети Тарих факультетида академиклар Аҳмадали Асқаров ва Дилором Юсупованинг талабалар билан учрашуви ташкил этилди. Юқоридаги маълумотлар ана шу учрашувда олима томонидан айтилди.)
Шу ўринда Ғиёсиддин Коший ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Риёзиёт, фалакиёт илмида пешқадам аллома Жамшид ибн Масъуд ибн Маҳмуд Ғиёсиддин Коший Теҳрон ва Исфаҳон орасида жойлашган тарихий Кошон шаҳрида туғилиб ўсган. Таваллуд топган вақти номаълум, ҳаётининг сўнгги даврида Самарқандда яшаган, тахминан 1429 йили вафот этган. У Эрон, Юнонистон, Ўрта Осиё олимларининг асарларини таржима қилган ва шарҳлар ёзган. Отасига ёзган мактубидаги маълумотлар нафақат Ўзбекистон тарихи учун, балки дунё астрономия фани учун ҳам катта аҳамиятга эга.
Д.Юсупова мактуб таржимасига киришади. Дастлаб мактубдаги геометрия, астрономияга доир атамалар ва турли сўз бирикмалари таржимада қийинчилик туғдиради. Ёш олима бу муаммонинг ҳам ечимини топади: ЎзФА Астрономия институтига қатнаб, у ерда сақланаётган астрономияга оид турли асбоб-ускуналар, уларнинг номланиши, тузилиши, бажарадиган вазифасини синчиклаб ўрганади.
Кўп ўтмай, тарихий мактубнинг таржимаси якунига етади. Таржимоннинг Астрономия институтида астрономик ускуналарнинг номланиши, тузилиши ва бажарадиган вазифасига доир олиб борган изланишлари натижаси ҳам таржимага илова қилинади. Д.Юсупова мактуб таржимаси орқали тарихчиларга Мирзо Улуғбек ва Қозизода Румий шахси, расадхона қурилиши, унинг тузилиши ҳақида янги тарихий маълумотларни маълум қилган бўлса, иловадаги изоҳлари билан осмон жисмларини кузатишда қўлланган қадимий астрономик асбоблар, уларга оид атамаларни фанга тақдим этди.
Шунингдек, мактубда Улуғбекнинг атрофидаги олимлар ичида тенги йўқ экани, араб тили, фиқҳ, мантиқ, адабиёт, риёзиёт, фалакиёт илмини мукаммал эгаллагани, ўзи қурдирган мадрасада риёзиётдан маъруза қилгани, кучли хотира соҳиби экани, расадхона деворида осиғлиқ турган қуёш соатига оид маълумотлар ҳам бор. Устурлоб, судси фахри, секстант, квадрант, зот ул-халқ, зот ул-лак, зот ул-маст, зот ул-ҳадафа каби астрономик асбоб-ускуналар ҳақида ҳам ёзилган. Д.Юсупова расадхонадаги ана шу номларга мос келадиган асбобларни аниқлаштириб берган. Хусусан, ўша вақтгача олимлар орасида давом этган “Улуғбек расадхонасининг бугунги кунгача сақланиб қолган қисми секстантми ёки квадрант?” қабилидаги мунозарага чек қўйилди. Олима иншоот квадрант эканига ойдинлик киритди.
Дунё олимлари мактубнинг катта аҳамиятга эга эканига таржимадан анча аввал эътибор қаратган эдилар. Жумладан, мактуб 1940 йили форс тилида, айрим парчалари 1960 йили турк тилида, ўша йили инглиз тилида, 1963 йили араб тилида, 1972 йили рус тилида нашр этилган.
Олиманинг айтишича, қўлёзманинг таржимасини нашр этиш бир оз вақт академик Я.Ғуломовнинг ҳам, Д.Юсупованинг ҳам эътиборидан четда қолган. Таржима 1979 йили яна бир академик, математика фанлари доктори Саъди Сирожиддиновни қизиқтириб қолади. У Мирзо Улуғбек даврида астрономия, математика, география ва тарихга доир илмий мақолалар жамланган “Из истории науки эпохи Улугбека” номли махсус тўпламни тайёрлаш жараёнида унга Ғиёсиддин Кошийнинг мактубини ҳам киритишни таклиф қилади. Шу зайлда бу таржима Ўзбекистонда илк бор кириш сўзи, изоҳлар билан бирга С.Сирожиддинов таҳрири остида рус тилида нашр этилади (Юсупова Д. Письмо Гийас ад-дина Каши к своему отцу из Самарканда в Кашан / Из истории науки эпохи Улугбека. Ташкент, “Фан”, 1979. Стр. 245).
Мактубнинг ўзбекча матни эса кириш сўзи, изоҳлар билан 1996 йили Бўрибой Аҳмедов илмий таҳрири остида тайёрланган “Амир Темур ва Улуғбек замондошлари хотирасида” номли тўпламда чоп этилади. 2009 йили мазкур тўплам лотин алифбосида қайта нашр қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, Василий Вяткин ёзма манбалар ва археологик қазишмалар натижасида Улуғбек расадхонаси жойини топиб катта кашфиёт қилган бўлса, ҳали илмий даражага эга бўлмаган ёш ўзбек қизи Дилором Юсупова Ғиёсиддин Кошийнинг тарихий мактубини рус ва ўзбек тилларига таржима қилиб, расадхонанинг бугунгача сақланиб келаётган қисми секстант эмас, квадрант эканига аниқлик киритиб, олимлар орасида узоқ давом этиб келган баҳсли мунозарага якун ясади.
Гулдона ТАНИЕВА,
тарих фанлари доктори, профессор
“Tafakkur” журнали, 2024 йил 3-сон.
“Олти асрлик жумбоқ” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ