Отам 1918 йилнинг баҳорида Туркманистоннинг Тошҳовузида дунёга келган. Отабой амакимнинг ўлимидан кейин юрак олдириб қўйган бобом ва бувим ҳаётига отам ёруғ нур бўлган. Шу боис у киши нафақат болалиги, балки бутун умри давомида эрка бўлиб яшади.
Укам ва мен... Икки фарзандмиз. Олтига тўлганимда укам туғилган. Демак, беш ёшгача ота-онамнинг эркаси бўлганман. Москвада дунёга келган эканман. Отам бу ҳақда шундай эслайди:
“1954 йилда менинг ҳаётимда муҳим бир янгилик рўй берди. Ёшим ўттизлардан ўтиб кетган бўлса ҳам тўрт йиллик уруш, кейин ўқиш ва ташкилий ишлар билан банд бўлиб, оила қуришим ортга сурилиб кетди. Бу давр ичида оила қуришга лойиқ номзодлар кам учраган бўлса-да, бу ишни амалга ошириш имконияти бўлмади ва ниҳоят 1954 йилда ортиқча зеб-зийнатга берилмаган, илмнинг қадрига етадиган қизга дуч келиб қолдим. У билан оила қуришни ихтиёр қилдим. Бу рафиқам Раҳима Раҳмонова эди. Мана, 50 йилдан бери бирга ҳаёт кечираяпмиз. Оила қурган пайтларимизнинг бошларида Москвада эдик. Қизим Гулнора 1955 йили Москвада туғилган. Гулнорадан кейин ўғил кўрдик”.
Отамни кўпроқ бизга айтиб берган воқеалари, ҳикоялари билан эслайман. У киши тўғри инсон эди ва шу тўғриликни бизга-да сингдирган. Отам ўзи ҳақида кўп ҳикоя қилиб берарди, ҳикоялари билан ўрнак эди. Эсимда, болалиги ҳақида қизиқ воқеаларни айтиб берган. Асосан катта энамиз (бувиси)нинг ёнида юриб, достону маталларини эшитиб катта бўлган. Катта энам отамнинг ҳаётида чироқ бўлиб умр йўлларини ёритган. “Опам (онаси) уй ишлари билан банд бўлгани учун мен энамнинг тарбиясида бўлганман, – дея эсларди отам. – У менинг ғамхўрим, қўриқчим ҳисобланарди. Шу сабабдан дунёни таний бошлаган биринчи воқеаларим ҳам энам билан боғлиқ. Биласизларми, икки-уч ёшларимда бўлса керак, ўйнаб келиб энамдан ширинлик сўрайверардим. Бир гал (безор бўлган шекилли) ҳийла ишлатди. Мени тухум қилишга ётган товуқнинг олдига оборди-да чўнтагидаги конфетни олиб, “Мана, буни товуқ туғибди. Бошқа сўрама, энди туғмайди” деди. Шу-шу мен тегирмон тагига бирор товуқ ётиб олса, хурсанд бўлиб кетардим. Бир куни қоқоқлаб жойидан туриб кетган товуқнинг тагида конфет эмас, тухум кўриб, роса хафа бўлганман. Энам эса “бу гал тухум туғибди, келаси гал конфет туғади” деган. Мен бу гапларга ишонардим ва ҳар гал товуқ конфет туғишини кутардим. Тегирмон тагида ётган товуқни кўрсам, энамни конфетни оберишга қисталанг қилган вақтларим кўп бўлган. Товуқнинг конфет туғмаслигини кейинчалик билиб олдим албатта” деб бизни роса кулдирган.
Ҳикояларидан отамнинг жуда эрка фарзанд бўлгани сезиларди. “Сендан олдин Отабойим бор эди. Худо умр бермади, кўп кўрди, – деб такрорларкан онаси отамга. – Отабойим ўлгач, отанг юрагини олдириб қўйди, шу сабабдан сен эрка ўсдинг, отанг кўпроқ сени дейдиган бўлди, сени ардоқлади, урмади, сўкмади. Кичкиналигингдан бирга олиб юрадиган бўлди”.
“Шу сабабларга кўра мен дакки емасдан ўсдим, анча эркин эдим. Нима сўрасам, нима талаб қилсам муҳайё эди”, деб кўп эсларди отам. Ўзи эрка ўсган бўлса-да, бизни сира эркалатмаган. Сўз билан суйганини асло эслолмайман. Айниқса мени. Билмадим, қиз бола деб эҳтиёткорлик қилишгандир балки. Лекин меҳрини доим ҳис қилганман – хавотирларида, қайғуришларида… Масалан, уйларни тозалаётсам, отам келарди-да, “иш қочмас, бироз дамингни ол, чарчадинг” дерди. Хурсанд бўлиб кетардим.
Отам мактабда унчалик яхши ўқимаган экан. Кўпроқ саргузаштларга қизиққан бўлса керак. Ҳатто синфда қолиб кетишига ҳам сал қолган экан. Гўдаклигида (балки ҳали туғилмаган ҳам чиқар) бобом эски ҳовлининг бир қисмини бузиб янги уй қурган экан. Бир куни отам ўша эски уйнинг томига чиқиб, ўтинларнинг тагидан увадаси чиқиб кетган латтага ўралган тўппонча топиб олади. “Ўқиган жангномаларимнинг таъсирида бўлса керак, ўткир қиличга эга бўлиш ёки милтиқ отиб душманни қулатиш ўйи менинг борлиғимни эгаллаб олган эди. Ўтинлар орасидан чиққан бу тўппонча мен учун энг зарур бир топилдиқ эди. Тўппонча анча салмоқдор, оғир эди. Худди милтиқдек овоз бериб отиларди, – деганларини эслайман. – Тўппонча менинг феъл-атворимга ҳам таъсир қилаётганини англардим. Мен энди халта кўтариб мактабга қатнайдиган, уй ишларида дастёрликдан бошқа нарсага ярамайдиган бола эмасман, қўлтиғимдаги тўппончанинг эгасиман”. Хуллас, тўппончанинг янги “эгаси” тенгдошларига у ҳақида айтади. Дарс тугагач, отишга қизиққан болалар тўдалашиб хилватроқ жойга боришади. Бўйинсалар бирин-кетин бошларидаги дўппиларини таёқчага илдириб мўлжалга қўйиб, тўппончанинг қандай отилишини завқ билан томоша қилишади. Уларнинг бу қилмишидан мактаб директори хабар топиб, отамга роса дакки берган экан. Ҳатто катта бир хонага бутун мактабни йиғиб мажлис ҳам ўтказади. Мажлисда отам достонлардаги маликаларга қиёслаб, ёқтириб юрган қиз ҳам қатнашади. Мактаб директори, ўқитувчилар бирма-бир сўзга чиқиб, тўппонча воқеаси-ю отамнинг ўқиши сустлиги ҳақида гапиради. Мажлис адоғига етиб, ҳамма ўрнидан қимирлай бошлагач, бояги қиз келиб “Ўлганинг яхшимасми?!” дебди. Отам учун шунча одамнинг дашноми бир ёну, шаҳлокўзнинг дашноми бир ён бўлган. Унинг гапи таъсир қилиб, отам ўқиш кераклигини ҳис қилиб, мактабда аъло баҳога ўқий бошлаган экан.
Бу ҳикоядан кейин фақат илмгина одамни ҳар қандай вазиятдан омон олиб чиқишини ҳис қилганмиз. Биласизми, отамнинг бутун ҳаёти тажрибалардан иборат эди. Болалигидан ҳамма нарсани синаб кўрган. Ва мана шу тажрибаларини бизга ҳам ўргатарди.
Отам муомалада ва ҳаётда юмшоқ кўрингани билан ўта қаттиққўл ота эди. Гапни қисқа қиларди – бир-икки сўз билан фикр билдирарди, тамом. Соатлаб гапириш табиатида йўқ эди. Яримта сўздан гапнинг равишини билиб олишни талаб қилган биздан ҳам. Абжирлик, ирода ва меҳнаткашлик кейинги талаби. Ушбу сифатлар отамнинг ўзида бор эди. Ҳар битта вазиятга мос бир воқеани айтиб бериб хулосани ўзимизга қолдирган.
Урушнинг оловли йиллари отам ҳаётида ўчмас из қолдирган. Аслида отам кабилар минглаб, миллионлаб. Мисоли қирқ йилдай ўтган фронтдаги тўрт йил ва тоабад қайта ўша ҳолатларга тушмаслик учун астойдил ҳаракат қилиб яшалган умр... Отамнинг “Тепки босилди” асари ўқлар, бомбаларнинг даҳшатли овози ичра яшаган оддий аскарлар кечирган машаққатли кунлар ҳақида сўйлайди. Уруш даҳшатларини ҳам у кишининг қисқа-қисқа ҳикояларидан билиб олганмиз: “Окопда ўтирганимизда, тагимизда ўликлар борлигини билмай қолган пайтларимиз ҳам бўлган. Урушда яшаб қолиш осон эмас. Снаряд ва бомбалар зарбасидан жон сақлаш, ота-она бағрига омон қайтиш катта иш. Минглаб одамлар ўлиб кетади, яна қай бирлари ногирон бўлиб қайтади. Тирик қолишимга ота-онамдан ўрганган тажриба ва кўникмаларим, зукколик ва тадбирлилик ёрдам берган. Пайтаваларим шилта бўлиб қолса, танамнинг энг иссиқ жойи – қўлтиғим остига олиб қуритиб кейин киярдим. Ҳўл бўлганини яна қўлтиғимга солиб қуритардим. Шундай қилиб жон сақлаганман. Ахир кўплар зотилжам, захдан ҳам ўлиб кетарди. Уруш бардошингни синайди, иродангни тоблайди, яшовчанлигингни оширади”.
Отам урушда снайпер бўлган. У кишининг ҳаётини кузатиб, ҳаётда ҳам мерган бўлганига амин бўламан. Ҳар қандай масалада мўлжални аниқ олар, муаммолар қаршисида ҳиссиётга берилмасди. Пухта ва чапдаст одам эди. Биз фарзандларни ҳам шу руҳда тарбиялашга интилган.
Фарзандимни машина уриб юбориб, узоқ вақт комада ётди. Комадан чиқиб, бир йилча оёққа туролмади. Ичим ёнди. Муаммо олдида, синов олдида ожиз қолдим. Шифокорлар умид йўқ деганидан кейин, отам “қизим, энди битта болам йўқ деб ҳисобла” деган. Йиллаб ажал гирдобида юрган одам ўлимга ҳам кўникиб қолар экан-да. Ўшанда отамни қанчалик ёмон кўрганимни билсангиз эди... Шу гапдан кейин мен янада кучлироқ бўлдим. Онам, эрим билан тинимсиз парваришлаб, қаттиқ тиришиб болани оёққа қўйдик. Лекин бугун ёшим олтмишдан ошиб билаяпманки, отам мени кучли бўлишга, бу синов олдида эгилиб қолмасликка тайёрлаган экан. Бошга тушган ҳар бир ташвишни борича қабул қилиб, муносиб ҳал қилиш кучли одамнинг иши. Онам ҳам кучли ва қаттиққўл эди. Мен ана шу икки кучли одамнинг далдаси билан шу вазиятдан чиқиб кетдим.
Мен ҳам ота-онам сингари қарорларимда қайсар эдим. Эсимда, институтга ҳужжатларимни тайёрлаб юрганимда отам:
– Қизим, филологияга топширақол, – деган.
– Йўқ, мен шифокор бўламан, – деганимда отам қайта мажбурламаган. Ўқидим, шифокор бўлдим. Қариган чоғларида хасталаниб қолганида шу касбни танлаганимдан мамнун бўлди. Қайсидир дўстига “қиз бола яхши бўларкан, яхшиям шу қизим бор экан” деганини эшитиб, кўнглим тоғдай ўсган.
Турмуш қуришимда ҳам отамнинг маслаҳатига таянганман. Хўжайиним тошкентлик. Совчилар келганида отам билан маслаҳатлашдик. Отамда бобомдан ўтган башоратгўйлик кучли эди. Бобом тартибли ва йиқиладиган жойига олдиндан кўрпача тўшаб қўядиган пухта одам бўлган экан. Отамнинг ҳикоя қилишича, бобом уруш бошланмасдан олдин ўра қазиб, озиқ-овқат маҳсулотларини кўмиб қўйган. Уруш йиллари оила шундан жон сақлаган экан. Турмуш қуриш масаласида ҳам жуда кўп мулоҳазалардан кейин отам мени ёнига олиб, “қизим, йигит яхши, аммо ҳаётнинг асосий қийинчиликлари сенинг елкангга тушади. Ана шу масъулиятни бўйнингга олишга тайёрмисан?” деди. “Тайёрман” дедим баралла. Отам ҳақ чиқди. Лекин мен қароримдан афсусланмадим. Ҳаётнинг барча синовларига бошимни баланд тутиб бордим. Агар яна қайта танлов берилса, мен яна шу ҳаётни танлайман!
Мантиқ қани?! Бу бизнинг ҳаётий шиоримиз десам ҳам бўлади. Отам “ҳар бир ҳаракатда мантиқ бўлиши керак” дерди. Болалигимизда оддийгина оёқкийимимизнинг ипини боғлолмасак, “мантиқ қани?” дерди. Ҳатто ҳозиргача бирор ишимиз ўхшамай қолса, уйдагилар билан “мантиқ қани?” деб бир-биримизга ҳазиллашиб қўямиз.
Матёқуб Қўшжоновнинг бўш вақтини топиш ўта қийин масала эди. Қачон қараманг, шогирдлар қуршовида. Чорвоқда дачамиз бўларди. Ўша ерга дам олишга борсак ҳам, бирпасда уйимизга тумонат одам йиғиларди. Бу одамлар отамнинг келишини қаердан биларкан деб ҳайрон қолардим. Шогирдларидан, ҳамкасбларидан қўлидан келган ёрдамини аямаган. Ҳозиргача шогирдлари эслайди буни. Отам ўта демократ одам эди. Дарс беришни яхши кўрган. Талабаларга “Бу дарс сизларнинг эҳтиёжларингиз бўлиши керак. Агар кўнглингизда истак бўлмаса, дарсга қатнашманг, мен талабаларни мажбурламайман. Дарсимга истаб келинг” дер экан.
Хонадонимизда оилавий икир-чикирлар онамнинг зиммасида эди. Онам онколог шифокор бўлишига қарамай, барча муаммоларни ҳал қиларди. Отам бировга оғири тушмаган ҳолда ўзига жуда яхши қарарди. Онам отамни яхши парваришлаган, ҳатто кексайганда отамга қараш учун эртароқ пенсияга ҳам чиқиб кетган.
Отам инсон руҳиятини яхши билгич эди. “Мулоқотга киришишдан олдин суҳбатдошингнинг руҳиятини биринчи суҳбатдаёқ ўрганиб ол, ютқазиб қўймайсан. Агар нияти яхши бўлмаса, сенга қандай ҳамла қилади, қайси тарафингдан келади, дарров пайқа. Позицияни берма, чап бериб кет” дерди.
Охирги пайтларда отамнинг икки кўзи ҳам кўрмай қолди. Вазиятга тез мослашди. Арз-дод қилмади. Ёзиш билан боғлиқ ишларини диктофонда бажаришга ўтди. Отам мени ўшанда яна бир бор қойил қолдирган. “Снайпер ўткир одам бўлади” дерди. Ҳақиқатан ўткир эди. У кишига тўғридан тўғри ҳамла қилинса, чап бериб кетарди. “Олдинга битта қадам боссанг, орқага иккита қадам бос” дер эди. Бугун мен отамнинг ҳамма ўгитини болаларимга айтаман. Шундай одамнинг қизи эканимдан фахрланаман!
У киши жуда яхши яшади. Бизни ҳам ҳаётнинг барча қийинчиликларига тошдай туриб берадиган инсон қилиб тарбиялади. Қийинчиликлар олдида довдираб қолмадик. Доим ота-онамиз каби кучли бўлдик.
Академик Матёқуб Қўшжоновнинг қизи Гулнора Қўшжонова
хотираларини Гулжаҳон Намозова оққа кўчирди.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 3-сон.
“Ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам снайпер...” мақоласи
Мафкура
Тарих
Мафкура
Тил
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Ватандош
Тарих
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ