Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Ҳикматуллоҳ Тоштемиров жавоб берди
– Ассаламу алайкум! Ота-она қиз фарзандини турмушга узатганидан кейин ундан молиявий ёрдам ёки ҳадялар кутиши жоизми ва қиз фарзанднинг ота олдидаги бурчлари ва фарзларини айтиб берсангиз, илтимос.
– Ваалайкум ассалом! Қизини турмушга узатгач, агар ота-она камбағал ва муҳтож бўлиб қолса ва шу ҳолатда қизнинг шахсий мулки бўлса (ота-онанинг бошқа ўғил фарзанди бўлмаса ёки ўғил фарзанди ҳам фақир бўлса), албатта қиз ота-онасига моддий ёрдам бериб, таъминлаши керак. Акс ҳолда гуноҳкор бўлади. Агар ота-она муҳтож бўлмаса, қизидан ҳеч қандай моддий ёрдам кутмаслиги лозим. Ҳадя ихтиёрий нарса, лекин имкони бор ўғил-қизлар ота-она ва яқинларига ҳадя улашиб туришлари катта савобли ишдир. Моддий ёрдамга муҳтож бўлмаган ота-онани қиз фарзандлари ҳам эрининг рухсати билан, кўп куттирмаган ҳолда бир ҳафта-икки ҳафтада кўргани бориб туриши керак. Албатта, бу эрининг уйи билан ота-онасининг уйи ораси яқин бўлган кишиларга оид гап. Узоқ бўлса, шароитга қараб, телефон орқали тез-тез ҳол сўраб, имкон топиши билан келиб, зиёрат қилиб туриши зарур.
– Чўкаётган одам хасга ёпишибди деганларидек, касал бўлиб қолган кишилар ҳам даво истаб ҳар томон югуради. Бундай пайтда уринотерапия, яъни пешоб билан даволовчилар ҳам даволашни ваъда қиладилар. Шу даволаш усулидан бирор киши шифо топиши мумкинми, ўзи унинг ҳукми қандай?
– Ҳалол дорилар топилиб турса ва ўша нажосатда шифо борлиги исботланмаган бўлса, уни истеъмол қилиш жоиз эмас.
Аллома Ҳаскафий раҳимаҳуллоҳ мазҳабимизда ҳаром билан даволаниш жоиз эмаслигини баён қилиб, “Ҳовий” китобидан нақл қилади: “Баъзи қавлларга кўра ҳаром нарсада шифо борлиги маълум бўлса ва бошқа даво (дори) топилмаса, ҳаром билан даволанишга рухсат берилади” (“Дуррул-мухтор” китоби).
Аллома Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ юқоридаги сўзларни шарҳлаб, ҳаром моддада шифо борлиги аниқ бўлмаса, у билан даволаниш жоиз эмаслигини айтади. Лекин ўша моддада шифо борлиги табиб ўтказган кўп тажрибалардан маълум бўлган бўлса, бу гумони ғолиб келган табибнинг сўзи сифатида эътиборга олинади.
Демак, уламоларнинг фатволарига кўра беморга бошқа ҳалол дори-дармон топилмаганда, ҳаром моддада шифо борлиги бир қанча тажрибаларда исботланган бўлса, даволаниш учун уни истеъмол қилиш жоиз бўлади. Бу рухсат токи бемор тузалгунча давом этади, ундан кейин эса бу нарса яна ейиш ҳаром бўлган моддага айланади.
Ҳадиси шарифларда ҳар бир дарднинг давоси ҳалол нарсаларда борлиги баён қилинган. Шундай экан, табибларимиз ҳалол дориларни кашф қилишга қаттиқ киришсалар, ҳаром билан даволанишга ҳожат қолмайди.
– Қибла тарафда ухлаб ётган ёки гаплашиб ўтирган одамнинг ортида намоз ўқиса бўладими?
– Қиблага қараб ўтирган ё турган кишининг ортида намоз ўқиса бўлади. Пайғамбаримиз Икримани қиблага юзлантириб қўйиб ортида намоз ўқиган.
Аммо намозхонга юзланиб турган ёки уни ибодатдан чалғитадиган даражада баланд овоз билан гаплашаётганлар ёнида, шунингдек, қибла тарафида ухлаб ётган киши қаршисида ўқиш макруҳдир (“Шарҳи Аврод”).
– Баъзилар барака келади деб уйнинг эшиги тепасига тақа осиб қўяди. Шу иш мумкинми?
– Йўқ, мазкур ниятда уй эшиги тепасига тақа осиб қўйиш асло жоиз эмас. Бу иш хурофот ишлардан ҳисобланади.
– Марҳумнинг вафотидан сўнг унинг фарзандлари қирқ кун шом маҳалигача уйда бўлишлари керак деган гап бор, шунга аниқлик киритсангиз.
– Бу гапга асос йўқ.
– Инсон вафот этганидан сўнг унинг хонаси чироғини ёқиб қўйишади. Айримлар исломда нур яхшилик деган маънони билдиргани учун шундай қилинишини айтишади.
– Бу ҳам халқимиз орасида тарқалган бидъат ишлардан. Бундан кўра Қуръони каримдан уч-тўрт оят ўқиб, ўтганларга бағишлаш минг марта афзал. Бу каби ботил эътиқодлар гуноҳи азим бўлади.
– Биз томонларда аза бўлган хонадонда аёллар мато, сочиқ, чой, хуллас, шунга ўхшаш нарса улашадилар. Мен уларга бундай нарсаларни улашиш мумкин эмас десам, қуда-қариндошникига борганда бизга беришган, уни қайтармасак зиммамизда қарз бўлиб қолади дейишади. Бундай ҳолда вафот этган киши ҳам қарздор бўладими? Бундан ташқари, вафот этган одамга қўй сўйиб маърака қилиш шартми?
– Сиз айтган тарқатишлар ҳақида шариатимизда буйруқ йўқ. Вафот этган кишига савоби етиши учун эҳсон қилиб муҳтожларга зиёфат қилиб берса жоиз. Ўтганларга савоби етиб боради. Бироқ бу борада ҳам турли бидъат ва хурофотлардан эҳтиёт бўлиш зарур.
– Кўриниши ва овозидан ҳузурланиш учун қушларни қафасда сақлаш жоизми?
– Баъзи қушларнинг кўриниши чиройли, овози ёқимли бўлади. Гўзалликни барча яхши кўради. Гўзаллик Аллоҳ таолонинг неъматларидандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Айтинг: “Аллоҳнинг бандалари учун чиқарган зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?..” (Аъроф сурасининг 32-ояти).
“У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди)” (Наҳл сурасининг 8-ояти).
Аллоҳ таоло ҳайвонот, ўсимликлар ва бошқа зийнатларни бандалари учун яратган. Улардан завқланиш, фойдаланиш мубоҳдир. Зийнат ҳисобланган балиқ ва қушларни динимиз амрларидан чиқмаслик шарти билан боқиш мумкин. Бу шартлар асосан қуйидагилардир:
уларни боқиш билан фахр ва кибрга берилиб кетмаслик керак;
уларни парвариш қилиш ва уларга эътибор бериш зиммасидаги ибодатлардан чалғитиб қўймаслиги керак;
улар ўз вақтида озиқлантирилиши лозим. Зеро, мушук боқиб, унга овқат ва сув бермай қийнаган аёлни Аллоҳ таоло азоблагани ҳақидаги ҳадис машҳур.
Икки “Саҳиҳ”да ворид бўлган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг энг гўзал хулқлиси эди. Менинг эмикдош укам бўлиб, уни Умайр – “Умарча” деб чақиришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг уйга келса, “Эй Абу Умайр, нуғайрни (тумшуғи қизил, чумчуқсимон қуш) нима қилдик?” дер эди”.
Аллома Абулаббос Қуртубий айтади: “Уламоларнинг “қушларни қафасда ушлаб туриш” жоиз деган фатволаридан уларга азоб бериш мумкин деган хулоса чиқмайди, чунки пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайвонларга азоб беришдан қайтарган”. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: “Қиёмат куни қушлар ўзларини қафасда сақлаб, оч қолдириб қийнаган кишининг бўйнига осилишади ва “Эй Раббим, мана бу мени дунёда азоблаган” дейди”.
– Агар киши бошқа бир кишидан ўртада туриб биродари учун қарз олиб берса, қарз берган киши қарздордан қарзини сўрамаса, қарздор ҳам қарзни қайтариш ташвишини қилмаса, ҳар хил баҳоналар қилса, ўртада турган киши нима қилиши керак?
– “...қарз берган киши қарздордан қарзини сўрамаса”. Аслида қарз берган киши агар қарзни қайтариб олиш нияти бўлса, албатта қарздордан уч марта вақти-вақти билан сўраши шарт. Агар сўрамасдан ўзидан ўзи хафа бўлиб юраверадиган бўлса, у ноҳақ бўлади. Зотан, инсон унутувчидир, балки қарздорлигини унутиб қўйгандир, унга уч марта эслатиш керак. Агар шунда ҳам қарзни бермаса кейин бошқа чора кўрилади. Яъни хоҳласа кечиб юборади ёки маҳкама орқали ундириб олса ҳам бўлади ёхуд ўртада кафил бўлган кишидан ундириб олса ҳам бўлади. Кейин кафил бўлган киши ҳақиқий қарздордан ундириб олаверади.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 3-сон.
“Қалтис саволларга нозик жавоблар” суҳбати
Тарих
Тарих
Тарих
Жараён
Тил
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ