Telegram фойдаланувчилари энди давлат идоралари уларнинг аккаунтлари ҳақида маълумот сўраган ёки сўрамаганлигини билиб олиши мумкин бўлади.
Куни кеча эълон қилинган янгиликка кўра, бундан буён Telegram асосчиси Павел Дуров фойдаланувчиларга шахсий ҳаётлари аслида қай даражада махфийлигини назорат қилиш имконини тақдим этади. @transparency боти орқали ҳар ким давлат органларидан ўз маълумотларига нисбатан текширув сўрови бўлган-бўлмаганлигини аниқлаши мумкин. Бунинг учун ботга кириб, “Ишга тушириш” тугмасини босиш ва қуйида чиққан тугмани танлаш етарли – кимдир сизнинг Telegramʼингизни текшириб кўргиси келганини билиб оласиз.
Ҳеч кимга сир эмас, Telegram миллионлаб инсонларнинг иш ва шахсий ҳаётида доимий ҳамроҳига айланган ва бу ўз навбатида, қизиқувчан инсонларни ўзига жалб қилади. Бошқача қилиб айтганда, Telegram нафақат оддий мессенжер, балки “детектив”ларнинг ўлжасига ҳам айланмоқда.
Албатта, Дуров бот орқали профилингизга киришга уринган “мухлисларингиз” ҳақида барча маълумотларни бирдан очиқлашга ваъда бермайди. Лекин йўқдан кўра, деганларидек, фойдаланувчилар хавфсизлиги учун қадам ташланмоқда.
Telegram ва очиқлик: бундан қандай мақсад кўзланган?
Павел Дуров давлат цензураси ва мессенжер фойдаланувчиларининг маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳеч қайси давлат ҳукумати билан муроса қилмайди. У фойдаланувчилар махфийлиги компаниянинг асосий қиймати эканлигини таъкидлаб, юқори давлат органларининг маълумотлар бўйича сўровини кўп бора рад этган.
Бироқ бу янги ҳаракат баъзи қизиқарли саволларни туғдиради. Telegram ошкоралик сари интилаётгани аниқ – агар давлат идоралари маълумот сўраса, Telegram нафақат унга қаршилик кўрсатади, балки энди бу ҳаракатларни фойдаланувчилар учун очиқлайди. Қизиқ, яна қанча платформалар бу каби ёндашув билан мақтана олади?
Пичоқ суякка қадалганидан сўнг
Шуниси эътиборга лойиқки, бу қадам бутун дунё бўйлаб фойдаланувчилар шахсий маълумотларига ҳукумат аралашуви билан боғлиқ кўплаб жанжаллардан сўнг эълон қилинган. Telegram узоқ вақтдан бери мессенжерни блокировка қилиш ёки фойдаланувчи маълумотларини узатишни талаб қилишга уринишлар бўлган турли мамлакатлар томонидан босимга дуч келган. Масалан, 2018 йилда шифрлаш калитларини талаб қилиб, Telegramʼни блокировка қилишга уринган Россияни эслайлик.
Эндиликда Telegram асосчиси расмийларнинг сўровлари сирлигича қолмаслиги билан огоҳлантирмоқда. Бу шахсий ҳаётга яширинча аралашиш мумкин деб ҳисоблайдиганлар учун кучли тўсиқ бўлиши мумкин. Бир вақтнинг ўзида ҳам фойдаланувчилар, ҳам ҳукуматлар билан бирга “ўйнайдиган” турли тизимлардан фарқли равишда Дуров Telegramни шаффофлик бўйича янги даражага олиб чиқмоқчи.
Кўза кунида синади
Албатта, “мени қайси куни аммамникига меҳмонга борганим, ёки улфатларим билан қаердаги чойхонада ўтирганимиз кимга ҳам қизиқ”, дейишингиз мумкин. Аммо рақамлашиб бораётган дунёда “data” жуда катта аҳамиятга эга, бошқа тарафдан эса, нечта бўлса ҳам ҳамюртларимизнинг маълумотларини уларнинг рухсатисиз “катталар” томонидан исталган вақт олинавериши… Сизга ҳам навбат келмаслигига ким кафолат беради?
Ўз маълумотларидан мунтазам равишда қўрқадиганлар учун бу айни муддао.
Биз Slack ва Signal каби ташқи киришлардан ҳимояланган мессенжерларни биламиз, лекин ўзини-ўзи ҳимоя қилаётган фойдаланувчиларнинг маълумотларини бевосита беришдан “бош тортадиган” платформалар орасида Telegram биринчилардан, деб ҳисобласак бўлади.
Мессенжер @transparency боти фақат биринчи қадам эканлигини айтмоқда. Келгусида имкониятларни кенгайтириш, жумладан, давлат органлари томонидан ҳар қандай сўров бўлса, фойдаланувчиларга реал вақт режимида хабар бериш режалаштирилган. Бу шунчаки қўшимча функция эмас, балки глобал миқёсда шахсий ҳаёт ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган тўлиқ механизм бўлади.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ