“Бўзатов” – қорақалпоқ халқининг тарихдаги бахтли ва бахтсиз кунлари ҳақидаги достон


Сақлаш
15:40 / 24.10.2024 17 0

Уруш жаҳон адабиётидаги энг фожеали ва даҳшатли мавзу. Инсонни йиғлатадиган қайғули, дардли, армонли асар эса  хўрлик, зулм чеккан халқ тақдири, одамларнинг эрксизлиги ва озодликка ташналиги ҳаққоний тасвирланган асардир.

 

Шоир Осип Мандельштамнинг “Кассандрага” номли шеърида  “Севиб қолдим сени, қўлсиз ғалаба” деган сатр бор. Ғалабани ҳамма севади. Лекин нима учун ғалабанинг қўли йўқ? Қадимги юнон мифларида Ника ғалаба илоҳаси бўлган. Ника ҳайкалининг қанотлари бор, лекин қўллари йўқ... Юнон ҳайкалтароши илоҳа ҳайкалини яратганда унинг танаси бус-бутун бўлган. Лекин орадан қанча қирғинбарот замонлар ўтиб, 1863 йили Юнонистон ҳудудида, Фракиянинг Самос оролидаги ибодатхона харобаларидан Ника ҳайкали қўлсиз ҳолда топилган. Унинг қўллари қаерда, қандай йўқолгани номаълум.

 

Хуллас, бу образни қўллаш орқали шоир Осип Мандельштам айтмоқчики, урушда зафар қозонган ғалабанинг қўллари йўқ бўлади. Ғалаба, гарчи у ғалаба бўлса ҳам, бахт ва саодат гаштини суролмайди, урушдан қўлсиз, мажруҳ бўлиб чиқади. Чунки уруш инсониятга фақат талафот келтиради.  

 

Кўзим ёшли, мен кетарман, чорам йўқ,

Бир Худодан ўзга пушти-панам йўқ,

Ҳамма кетди, сенда қолган одам йўқ,

Хуш, омон бўл, биздан қолдинг, Бўзатов![1]

 

Келтирилган парча Ажиниёзнинг шоҳ асарларидан бири “Бўзатов” достонидан. Достонда Бўзатовда яшаган халқ бошига тушган мусибатли кунлар тасвирланган. Тарихдаги Бўзатов фожеаси, Ёв босқинидан оммавий қатағонга учраган халқ тақдири шоир юрагига чуқур изтироб, битмас жароҳат солади. Достонда “Хушлашайлик қора кўзга ёш олиб”, “Душманлар жабридин кетарман[2] бўлдим”, “Саҳар вақти қирли дупен[3] отилди, Банди бўлиб тушдим, қўлим чатилди”, “Сен боғ эдинг, булбул учди, зоғ қолди, Бутун сийнам ёнди, ичда доғ қолди, Қийшиқ Пўрхон атов, сени ёв олди”, “Боши қутли, сўнгги вайрон, Бўзатов!”, “Сенда кўп мусулмон ўғли йиғлади, Бошингга қиёмат тушди, Бўзатов!” каби қайғули сатрлар ўқувчи юрагини изтиробга солади.

 

Достонда туғилган ерга, муқаддас тупроққа – Ватанга муҳаббат туйғуси  ёв ўқидан яраланган юракдан сизиган қон каби тасвирланган.

 

Ер ҳам эл биландир, эл ҳам ер билан,
Ерсиз элнинг куни дарбадар билан,

Умри ўтар юракдаги чер билан,

Қадринг сенинг бизга ўтди, Бўзатов!

 

Ажиниёзнинг ушбу сатрлари мақолга, қанотли сўзга айланиб кетган. “Ватан нима? Ватаннинг қадри нима? Қандай ер Ватан бўлади?” деган саволларга шоир аниқ жавоб беради. Ерсиз эл эл бўлмайди, элсиз ер Ватан бўлмайди. Ерсиз – Ватансиз қолган эл дарбадар, сарсону саргардон бўлади, турмуши юракдаги чер – қайғу, дарду алам билан ўтади. Шеърда образлар уйғунлиги, “ер” ва “эл” сўзларининг ўрин алмашиб такрорланиши, “ер”, “дербедер” (ўзбек тилида “дарбадар” деб ёзиладиган ушбу сўз қорақалпоқ тилида сингармонизм қонуниятига кўра, сўзнинг биринчи бўғинидаги унли товуш охирги бўғинда ҳам бир хил “е” деб талаффуз қилинади), “чер” каби  қофияларнинг бамисоли олтин қўнғироқдек жаранглаши фонологик санъат ҳосил қилади.  

 

Эр йигит бошига мушкул иш тушди,

Юрак-бағрим ғамнинг ўтига пишди,

Элатинг устингдан серпилиб кўчди…

Элатсиз, яйловсиз қолдинг, Бўзатов!

 

Ўз юртида тинч яшаётган халқни ёппасига қириш, қатағон қилиш энг оғир фожеадир. “Геноцид” деб аталадиган мазкур кўргулик Бўзатовда ҳам содир бўлгани тарихий факт. Бу фожеа жабрдийдаларидан бири Ажиниёздир. Шоир ёзганидек, бу ерлик сулолаларнинг вакиллари Атрек, Гургон, Хазар, Ироқ, Шом, Курд, Теҳрон томонларга тариқдай сочилиб кетган. Баъзилари қул қилиб олиб кетилган, баъзилари шаҳид бўлган.  

 

Қилич сўзли, кескир тилли шоири бор халқни ёв енголмас экан. Ажиниёз Ватани Бўзатовнинг тарихини достон қилиб ёзди. Унинг бахтини ҳам, бахтсиз, қора кунларини ҳам рўйирост тасвирлаб, асарини авлодларга мерос қолдирди. Токи, ўғил-қизлар, фарзандлар Ватан қадрини билсин, элнинг бахти нимада эканини англасин, дея.

 

Шоир достонни умидбахш сатрлар билан якунлайди:

 

Зеваринг хўшлашар қадрингни билиб,
Кўзидан ёш тўкиб, бағрини тилиб,

Омон бўлса, ҳол сўрашар бир келиб,

Хуш, омон бўл, биздан қолдинг, Бўзатов.

 

Ажиниёз башорат қилганидек, Бўзатовга эл қайтди. Бугун Ажиниёзнинг авлодлари Бўзатовда беармон умр кечирмоқда. Ватаннинг нурли келажагини бунёд этиш учун умид ва ишонч билан меҳнат қилмоқда.

 

Рустам МУСУРМОН,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

Қорақалпоғистон халқ шоири



[1] Мақолада мисол қилиб олинган шеърлар Ажиниёзнинг 2014 йилда Нукус шаҳрида “Илим” нашриётида нашр этилган қорақалпоқча китобидан олинди ва мақола муаллифи томонидан ўзбек тилига таржима қилинди.

[2] Кетарман – кетаётган одам маъносини англатади, худда ўқирман – ўқиётган одам, китобхон сўзидек.

[3] Қирли дупен – жанг милтиғи.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

//