“Туркий тил”, “чиғатой туркчаси” ёки “ўзбек тили” – Тилимиз “ўзбекча” номини қачон олган?


Сақлаш
19:43 / 24.10.2024 107 0

XV – XVII асрларга тегишли форсий ва туркий ёзма манбаларда “ўзбек” атамаси бирмунча кенг учрайди ва у кўпроқ туркий аҳолининг сиёсий-ҳарбий тоифасини таснифлаган. Кейинчалик, йиллар ўтган сари атаманинг маъноси бирмунча кенгайиб, этниклик касб эта бошлагани кўзга ташланади. Бошланғич XIV – ХV асрларда кўпроқ Волгабўйи, Орол денгизи қирғоқлари, Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқимларидаги кўчманчи туркий халқлар “ўзбек” дея танилган бўлса, XVI юзйилликнинг бошларидан ХХ асрнинг илк ўн йилликларигача бу атама Амударё-Сирдарё оралиғи ҳамда унга қўшни ўлкалар турғунларининг ялпи номига айлана бошлайди. Бироқ бу тўрт юз йил ичида “ўзбек” атамаси Турон-Туркистон элларининг улкан бир бўлагини ифодаловчи атамага айланган бўлса-да, ерли аҳолининг тили “туркча”, “туркий” дейилиши ХХ асрнинг ўн йилликларигача сақланиб қолди. Бу ҳолни бундан юз йилча олдин ёзилган асарларнинг сўнгги бетида “... шу йилда, шу ойда туркий тилда битилди” деган сўзларнинг кенг учраши кўрсатиб турибди.

 

Чиндан ҳам ХХ асрнинг бошларига тегишли юзлаб ёзма манбаларда, газета ва журналлар, мақола ва китобларда, ялпи олганда, иш юритиш ва ёзишмаларда Туркистон ўлкаси аҳолисининг кўпчилиги сўзлашадиган тил “туркча”, “туркий”, “чиғатой туркчаси” деб аталгани, шунингдек, туркий тилларнинг бошқа тармоқлари учун янги иборалар ишлатила бошлагани кўзга ташланади. Туркистон матбуотида “усмонли туркчаси”, “озарбойжон туркчаси”, “қрим туркчаси”, татарча”, “қозоқча”, “ўзбекча” каби иборалар тез-тез учрай бошлаши кўпроқ ўша кезларга тўғри келади. Айниқса, Туркистон ойдинлари – кўпчилик жадидлар орасида ўлка турғунларини битта ном – “турк” атамаси билан аташ, улар сўзлашадиган тилларни ҳам ялпи олиб “туркий” деб юритишни қўллаб-қувватловчилар ва улардан фарқли ўлароқ этник номдан келиб чиқиб, “ўзбекча”, “қозоқча”, “қирғизча”, “туркманча”, “қорақалпоқча” деб аташни ёқловчилар анча кўпайиб қолган эди.

 

Бу қарама-қаршилик Туркистонни бўлакларга ажратиш ва ҳар элатга айри-айри сиёсий ҳудуд чизиб беришни ўйлаб келаётган Москва коммунистларига қўл келди. “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” сиёсатининг бош ғоясига мойдек ёқиб тушган бу ёндашув “Туркистон” сўзини ер юзидан йўқотиб юбориш, ерли халқ онгидан “турк” ёки “туркий” деган атамани бутунлай ўчириб ташлаш, шу орқали қардош эл-улусларни бир-бирига ёт қилиб қўйишнинг тамал тошига айланади гўё. Туркистонлик айрим ойдинлар эса уларнинг бу ниятини билиб-билмасдан “тегирмонига сув қуйиш”да етакчи бўлдилар. Шу йўсинда минг йиллар бўйи битта тилда ўқиб, ёзиб, иш юритиб келган туркистонликлар ялпи ёзма тилининг илдизига болта урилди. Асрлар оша оқиб турган улкан ирмоқ қуришга юз тутди, бунинг натижасида бугунги кунга келиб, ўнлаб асрлар бўйи бир-бирини ҳеч қийналмасдан тушуниб келган қардош эллар ён қўшнисининг, қон-қардошининг ёзганларини англамайдиган ҳолга келиб, ўзаро сўзлашувда эса бутунлай ёт тилларни ишлатишга мажбуриятида қолдилар.

 

Аммо тарихни ўрганганимизда, Туркистон тили Турк хоқонлиги бошқаруви чоғи (VI – VIII аср.)да қўлланилиб, “турк тили”, “кўктуркча” атамалари остида ялпи турк эллари учун ёзма тил вазифасини бажараркан, орадан бир неча асрлар ўтиб, тармоқлана бошлаганини кузатамиз. Туркистоннинг ўзак ерлари – Шарқий Туркистон, Амударё ва Сирдарё оралиғи ҳамда унга қўшни ўлкалар “хоқония туркчаси”ни, Қримдан Олтойгача чўзилган кенг дала-қирларда яшаган туркийлар “қипчоқ туркчаси”ни, кўпроқ Кичик Осиё, Яқин Шарқ ва Кунгай Кавказ (Озарбайжон)да тарқалган туркийлар эса “ўғуз туркчаси” ёки “туркмонча”ни ўзларининг ёзма тилига айлантирадилар. Шунга қарамай, уларнинг бир-бирларини ўқиб-тушунишлари қийин бўлмаган. Айниқса, хоқония туркийси – Туркистон туркчаси билан кўп томонлама яқин бўлган “қипчоқ туркчаси”да ёзилган асарларни тушунишда кишиларда ҳеч бир қийинчилик кўзга ташланмайди. Ўрта асрларда Қрим, Шимолий Кавказ, Волга-Уралбўйи, Кунботар Сибир ва Олтой ўлкаларини ўз ичига олган Дашти Қипчоқда чиғатой туркчасининг иш юритиш ва ёзишмалар олиб бориш тилига айлангани кузатилади. Шу йўсинда буюк Алишер Навоий урғу берганидек, “бир қавм, юз, йўқса минг” қавм бўлишига қарамай, барча турк эллари битта “турк улуси” тушунчаси остида яшашда давом этди. Чиғатой туркчасида яратилган асарлар Хито (Шарқий Туркистон)дан Хуросонгача, ундан ошиб, Ироқ-у Ажамдаги “туркмонча"га-да тушунарли бўлиб қолди. Бу йўлда ўғуз туркчасининг инжаликларини тушуниб, айрим тўртликларида унга юзланган Навоий туркистонликларни узоқ кунботардаги қардошларининг тилига яқинлаштирган бўлса, ўрта асрларнинг охирига келиб, Қўқон, Хива каби адабий муҳитдагилар Фузулий ғазалларига юзланиб, узоқ масофа келтириб чиқарадиган англашилмовчиликларнинг тобора илдиз отишининг олдини олдилар.

 

Айрим ойдинларимиз орасида “Бундан юз йил илгари тилимиз ўзбек тили дейилмаган, “туркча”, “туркий”, “чиғатой туркийси” деб аталган” деган қарашлар етакчилик қилади. Бир қарашда бу ёндашув тўғридек кўринади, бироқ ёзма манбаларни синчиклаб текшириб чиқсак, айрим ўринларда тилимизни “ўзбекча” деб аташ, ё бўлмаса, туркий тиллар тўғрисида сўз борганда “ўзбек”лар билан боғлаб тушунтиришлар бўлганига дуч келамиз. Масалан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурномаси” ва Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажарайи турк”ида айрим билгилар учраб, уларни турлича очиқлаш мумкин. Бобур “Жонибек дўлдой эди, Султон Малик Кошғарийнинг иниси эди ... Андин ғариб нималар хили ривоят қилурлар. Ул жумладин бири будурким, Самарқанд ҳокими экан фурсатлар ўзбакдин элчи келур, ўзбак улусида бу элчи зўрға машҳур экандур. Узбак зўр кишини бўка дер эмиш. Жонибек дерким: бўкамусен, бўка бўлсанг, кел курашалинг. Бу элчи ҳар неча музояқа қилур, қўймас, курашурлар, Жонибек йиқар” деб ёзган бўлиб, англашиладики, Дашти Қипчоқдаги кўчманчи ўзбеклар кучли, бақувват кишиларни “бўка” деб атаган. Бугунги мўғул тилида курашчи, полвон деган маънода “бўҳ” кўринишида сақланиб қолган бу сўз мўғул тилига эски туркчадан ўзлашган кўринади. Эски турк битиктошлари – Ўрхун-Энасой ёзувларида ҳам “бўка” сўзи учраб, ўша кезларда бу атама юксак унвонлардан бири бўлган, деб қаралади. XI асрда ёзилган Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида эса “бўгä” сўзи “қаҳрамон, баҳодир, кучли” деган англамда қўлланилгани ҳам бу қарашни кучайтиради [ДТС 1969: 116].

 

 

“Ўзбек” атамасининг сиёсий-ҳарбий тоифани англатадиган номдан бора-бора эл-улус, халқ отига айланиб бориш жараёнларини тўлиқроқ тушуниш учун “Шажарайи турк”да учрайдиган ўнлаб билгилар билан танишиб чиқамиз. Ундан олдин эса Абулғози бу китобни қай ўртам – муҳитда, қайси тилда ёзгани билан боғлиқ ушбу маълумотларни келтириб ўтсак: “Китоб айтған мусаннифлар, бититурған котиблар иккиси ҳам тожик. Не мўғул тилин билурлар ва не турк тилин. Мўғулнинг баъзи кишиларининг отларини бир тожикка агар ўн кун ўргатиб ўлтурсанг тили ўргулмас. Ул нечук битисин бу фақир туркий ва форсийнинг тилини ва луғатларини ва истилоҳларини билмакликда худойи таоло ул миқдор насиб бериб турур. Бу вақтда турк ва тожикда керак ким фақирға берганча берган киши бўлмағай. Таки бир нимарса сабаб бўлиб Калмақға бориб, анда бир йил турдум. Мўғулнинг тилини ва расмини ва истилоҳларинн яхши ўргандум. Бу тарихни яхши ва ёмон барчалари билсун, теб туркий тили бирлан айтдум. Туркийни ҳам андақ айтубман ким беш яшар ўғлон тушунур. Бир калима чиғатой туркисиндин ва форсидин ва арабийдин қўшмайман равшан бўлсун, теб. Агар ажалнинг ундовчиси ундай келмаса, ушбу китобни форсий тили бирлан мурассаъ айтмақ кўнглумда бор” [Абулғозий 1992: 31].

 

Кўринадики, муаллиф ўз асарини туркий тилда, туркийда бўлгандаям “арабча ёки форсча, ҳаттоки чиғатой туркчаси”дан бирор сўз қўшмай, “беш ёшли бола” ҳам тушунадиган тилда ёзганига урғу берган. Бироқ асар билан танишиб чиқар экансиз, юзлаб арабча ва форсча сўзларга дуч келасиз. Бизнингча, Абулғози қўлдан келгунча туркий сўзлар ишлатишни кўзда тутган, бироқ бугунги кунда бўлганидек, ўша кезларда ҳам ушбу тиллардан ўзлашган сўзлар шунчалик кўп бўлганки, муаллиф бошланғичда ўз олдига шундай мақсад қўйган бўлса-да, юзда-юз туркийча ишлатиб ёзишга қийналган чамаси, ора-сира ўзга тилларга ҳам мурожаат қилган. Бошқа томондан эса кўп йиллардан бери “Шажарайи турк” устида изланишлар олиб бораётган шарқшунос Нурёғди Тошев аниқлаганидек, асарда арабча ва форсча сўзларнинг кўпайиши Абулғози асаридан кейинчалик нусха кўчирган котиблар билан боғлиқдир.

Энди, “Шажарайи турк”да “ўзбеклар” билан боғлаб келтирилган сўз ва атамалардан ўрнаклар келтирсак: 

1) “Ўзбекнинг масали турур: “Ит семирса эгасин қопар”, теган” [Абулғозий 1992: 15]. Бугунги кунда ўзбек тилида шунга яқин “Эшак семирса, эгасини тепар” кўринишида сақланиб қолган бу мақол эски туркий анъана – ўхшатма (ташбеҳ)ларда кўпинча ҳайвонларни ўрнак қилиб келтиришнинг ўша кезларда ҳам кенг ёйилганини кўрсатади. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, ўрта асрларда Дашти Қипчоқда – Волгабўйи ҳамда Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқимларида яшаган кўчманчи туркийларнинг тили бўйича кенгроқ тушунчаларга эга бўлиш учун шунга ўхшаш мақолларнинг қозоқ, қорақалпоқ, нўғой, бошқирд ва татарлар орасида ҳам қай кўринишда сақланганини кўриб чиқиш керак бўлади.

Абулғози “ўзбек масали” деб келтирган ушбу мақолдаги “эга” сўзи эски туркчада “иди” кўринишида қўлланилиб, қипчоқ туркчасида “ийа”, хоқония (қарлуқ) туркчасида эса “эга”га айланган. Қизиғи шундаки, Дашти қипчоқлик кўчманчи ўзбекларнинг сўзлашув тили қипчоқча деб билинади. Шунга қарамай, “Шажарайи турк”да бу сўз “эга” кўринишида – чиғатойчага уйғун кўринишда берилгани диққатни ўзига тортади.

 

2) “Андин сўнг ҳар ким тўра бўлса, анга Айдиқут (Идиқут) тедилар. ... Қут яъни барча халқ жонини юборган киши турур, темак бўлур. Бу вақтда ўзбек эрклик киши дей турур, иккисининг маъноси бир бўлур[Абулғозий 1992: 31-32]. “Қут” сўзи туркчада “жон” англамида келишини ёзган Абулғози “Идиқут” атамасини “жонини юборган киши” деб, “бу вақтда”, яъни у яшаган чоғлар – XVII аср теграсида ўзбеклар бу атамани “эрклик киши” кўринишида ишлатишларига урғу беради. Турк хоқонлиги чоғидаги Ўрхун битиктошларида учрайдиган “идиқут” атамаси эса басмил ва уйғур элатлари бошқарувчилари томонидан қўлланилган унвон бўлиб [Абдураҳмонов, Рустамов 1982: 127], ўрта асрларда Шарқий Туркистоннинг кунчиқар томонларини бошқарган Уйғур Идиқутлиги (IX–XIV) энг эксак унвонлардан бири бўлган. Шундай қилиб, эски туркча идиқут “иди” (эга) ва “қут” (қут-барака, эрк) сўзларидан ясалиб, сўзлик англами “қут эгаси”дир. Абулғози бу атамани ўзбеклар “эрклик киши дей турур” деб ёзганидан туркий элларнинг энг эски ва яқин ўтмишини яхши билгани англашилади. Шу билан бирга, у асарининг анча кейинги бетларида “идиқут” атамасига яна бир бор тўхталган бўлиб, бу сўзни мўғулча деб қараб, англами “давлатли” эканига урғу беради: “Элчи Чингизхоннинг ўрдусиға восил бўлғандин сўнг Чингизхон Дурбой теганни элчи қилиб уйғурнинг подшоҳи Идиқутга юборди. Идиқут кўп пешкашлар бирлан келиб хонни кўруб боқинди эрса. Чингизхон ҳам Идиқутга сонсиз иноятлар ва илтифотлар қилиб кўп иззат ва ҳурматлар килди. Андин сўнг Идиқут арз қилди ким, подшоҳ жаҳонистоннинг караминдин умидворман ким подшоҳнинг бешланчи ўғли бўлғайман. Аммо Чингизхон анинг сўзиндин фаҳм килди ким, хондин қиз тилай турур. Хон ҳам бир қизни анга берди. Маълум бўлсун ким, Идиқутнинг маъноси мўғул тилинда давлатлик темак бўлур” [Абулғозий 1992: 56].

 

 

Бундан кўринадики, Абулғози ўрни келганда “идиқут” атамасини туркийча, бошқа бир ўринда эса мўғулча деб билган. Ҳар иккала тилнинг бир-биридан айри эканини яхши билган, ўзи яшаган ўртам тилини “туркча” деб билган бўлиб, юқорида келтириб ўтилганидек, “Мўғулнинг тилини ва расмини ва истилоҳларинн яхши ўргандум. Бу тарихни яхши ва ёмон барчалари билсун, теб туркий тили бирлан айтдум. Туркийни ҳам андақ айтубман ким беш яшар ўғлон тушунур” деб очиқлама бериб ўтган Абулғози турклар билан мўғулларни илдизи бир эл деб билгани ва айрим ўринларда қайсидир сўзларни шу негизда тушунтиргани кузатилади.

 

Шу билан бирга, Туронда Чингизийлар бошқаруви ўрнатилгач, улар билан биргаликда бошқарувни юритган кўплаб туркий эллар юзйиллар бўйи мўғуллар билан аралашиб, кўплаб мўғулча сўзларни ўзлаштирдилар. Абулғози келтириб ўтган: “Жуйрат элиндин Чамуқа чечан теган бор эрди. Чечаннинг маъноси араб оқил дер ва тожик бохирад дер ва мўғул ва ўзбек чечан дер. Ақлли темак бўлур. Бу вақтда ҳам сўзни яхши сўзлаган кишига чечан дерлар. Ақлли темак бўлур. Ақлли бўлмаса сўзни нечук яхши билуб сўзлар” мазмунидаги билгилардан ҳам кўриниб турибдики, мўғулча “чечан” сўзи туркийларнинг тилига ўтган [қар. Абулғозий 1992: 50]. Ўзбек тилининг очиқламали сўзлигида “чечан – чаққон, уддабурон, уста, моҳир” деб келтирилади [ЎТИЛ 2008: 478]. Шунингдек, бугунги кунимизда “сўзга чечан” сўз бирикмасида кўпроқ сақланиб қолганидек, қозоқчада “шешен”, қирғизчада “чечен” кўринишларида эски англамини анча яхши қўригани кўзга ташланади.

Шу ўринда Абулғози айрим сўз ва атамаларга тўхталар экан, уларнинг арабча, форсча, туркча ва мўғулчаларини келтириб ўтганига кўзимиз тушади: “Ёдгор йигит бўлди. Андин тўрт ўғил бўлди. Аввал Берка, иккинчи Абулак, учунчи Амнак, тўртунчи Абак. Амнакнинг маъноси бу турур ким ул вақтда мўғул тили кўп унут бўлуб кетмай эрди. Лафзи жон араб тили турур. Тожик хуш дер. Ўзбек тин дер. Мўғул амин дер” [Абулғозий 1992: 116]. Қизиғи шундаки, муаллиф туркийча сўзларни бошқа тиллар билан солиштираётганда ўша сўзнинг эгаларини кўп ўринларда “ўзбек”, айрим ўринларда эса “турк” деб келтириб ўтади. Буни “Шажарайи турк”даги қуйидаги билгилар кўрсатиб турибди: “Барча мўғулнинг пири эрди. Оти Меглик, лақаби ижака. Мўғул отасини ижака дер. Ани сийлаб барча халқ ижака дерлар эрди. Турк халқи азиз кишиларни ота дер. Масалан: Ҳаким ота ва Сайид ота тегандек” [Абулғозий 1992: 50]. Бугунги кунда ҳам теградаги элларда, айниқса, ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ ва қирғизларда ўзининг улуғ ишлари билан эл ардоғида бўлган кишиларга тегишли зиёрат ерларига нисбатан “ота” сўзи қўшилиб ишлатилиши кенг ёйилган. Буни юртимиз ва қўшниларимизнинг барча қишлоқ ёки шаҳарларида кузатамиз. Масалан, Занги-ота, Қўйлиқ-ота, Парпи-ота (Тошкент в.), Бекет-ата (Қозоғистон), Чўпон-ата (Қирғизистон) ва бошқалар.

 

 

Биламизки, “хотун” сўзи эски туркларда хоқон ёки хоннинг бош хотини – маликага қарата ишлатилган бўлиб, кейинчалик бу атама турк хоқонларининг қўл остидаги тобе бошқарувчиларга узатилган қизлари учун ҳам қўлланила бошлаган. Турк хоқонлиги бошқаруви чоғида илк бор ёзма манбаларда учрай бошлаган ушбу атама кейинчалик Уйғур хоқонлиги (745-840), Қорахонийлар (960-1212), Салжуқийлар (1038-1308), Хоразмшоҳ-Ануштегинийлар (1097-1331) ва яна ўнлаб туркий сиёсий уюшмалар бошқарувида қўлланилган бўлиб, улар орасида “Туркон-хотун” ёки “Теркен-хотун”лар энг довруқлилари эди. Салжуқийлар ва Хоразмшоҳ-Ануштегинийлар саройидаги Туркон-хотунлар бунинг ёрқин ўрнагидир. Аммо “Шажарайи турк”да “хотун” атамаси қуйидагича кўринишда мўғулча деб келтирилган: “Чингизхоннинг онасининг оти Ўлун эрди, Эка лақаб қўюб эрдилар. Бириси Ўлун эка, тақи бири Ўлун Қўчин эка. Мўғул тили турур, улуғ теган бўлур. Қўчин хитой тили турур, маъноси ул ким мўғул хотун дер. Тожик бону дер. Ўзбек бойбича дер. Эвнинг ва молнинг эгаси темак бўлур” [Абулғози 49-50].

 

Шундай бўлса-да, “хотун” атамаси мўғуллар томонидан туркчадан ўзлаштирилгани аниқ. Буни хитой, суғдий, форс ва араб тилидаги ёзма манбалардан ташқари VII–VIII асрларга тегишли Ўрхун битиктошлари, Суғд ўлкасида бостирилган Турк хоқонлиги тангаларидаги билгилар қўллаб-қувватлайди [Бабаяров, Кубатин 2011: 251-256]. Қизиғи шундаки, ўрта асрларда Туркистондаги ўзбек ва қозоқ хонликлари бошқаруви чоғида бу атама бирмунча унутилган бўлиб, “хотин” кўринишида барча хотин-қизлар учун ишлатила бошлагани, малика англамида эса янги атама – “бойбича” қўлланилганини юқорида келтирилган “Ўзбек бойбича дер” деган билги ҳам кўрсатиб турибди. Биламизки, илк ва ривожланган ўрта асрлар – VI–XIII юзйилликларга тегишли туркий ёзма манбаларда “бойбича” сўзи учрамайди.

 

Шайбонийлар, Аштархонийлар каби кўчманчи негизли ўзбек хонликлари чоғида кенг тарқалган “бойбича”, “бойбека” ва шунга яқин атамалар Олтин Ўрда ва унинг издошлари бўлмиш Абулхайр ўрдаси (Ўзбек улуси – 1428-1468) ва ундан кейинги Нўғой Ўрда, Қозон, Астрахан, Қозоқ хонликлари бошқарувида қатнашган туркий маликалар учун қўлланилган. Кўпроқ Дашти Қипчоқ сиёсий-маданий муҳитига тегишли бўлган бундай атамалар Усмонли ва Озарбайжон турклари томонидан ишлатилиб-ишлатилмагани унчалик аниқ эмас. Дашти қипчоқлик эл-улуслар билан юртимизга кириб келган бундай атамаларнинг бугунги кунда ҳам чекка қишлоқларимизда “бойбича”, “байбича” кўринишларида сақланиб қолгани диққатни тортади. Шунингдек, уларнинг ўзаги бўлмиш “бой” (бой киши) сўзи узоқ кунботардаги қардошларимиз – ўғуз туркларининг бугунги издошлари Онадўли ва Озарбайжон турклар сўзлашувида деярли учрамаса-да, Туркистон турклари – ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, қорақалпоқлар тилида анча кенг ёйилган бўлиб, ушбу элдошларда бу сўз билан ясалган киши исмлари кўп: Бойбўри – Бўрибой, Бойкенжа – Кенжабой, Бойтемир – Темирбой... Демак, бу анъанага ҳам Дашти Қипчоқ ва унга қўшни ўлкалардаги туркий эллар орасида ўрта асрларда келиб чиққан деб қараш мумкин. Шу ўринда Хоразм ўлкасининг туркийчаси узоқ йиллар бўйи Дашти Қипчоқда адабий тил ўлароқ қўлланилиб, Туркистоннинг ўзагида яшаган эллар билан даштликлар орасида кўприк вазифасини ўтаганини кўзда тутиш керак бўлади.

 

Кези келганда, негизи эски туркчага бориб тақаладиган, бироқ бошланғичда қўлланилиш теграси анча тор бўлган айрим сўз қўшимчаларининг сўнгги ўрта асрларга келгач, анча кенг кўламда ишлатила бошлаганини айтиб ўтиш керак. Бунинг ўрнакларини Абулғози тилга олган қуйидаги билгилардан ҳам кўрса бўлади: “Ул Амнакнинг кофи араб анга кофи тасғир дер. Ул кичкина маъносина бўлур. Ўзбек ани ғина дер. Гоҳ ердагина дер, нечук ким кичик отни отғина ва кичик кишини кишигина дер. Анинг маъноси хонғина темак бўлур” [Абулғозий 1992: 116]. Ўзбек хонларидан Ёдгорхоннинг 4 та ўғлидан бирининг номи Амнак экани, бу атаманинг негизида ўзбекча “тин” (жон) англамидаги мўғулча “амин” сўзи ётишига урғу берган Абулғози ушбу исмда кичрайтириш нисбати (-к) қўлланилганини ёзиб, унинг ўзбекчаси “ғина” эканига тўхталади.

 

 

Бугунги кунда туркий тиллар орасида ўзбекчада кенг тарқалган, қозоқ, татар ва ён қўшни қардошларимиз тилида ҳам у ёки бу кўринишда учрайдиган, Онадўли ва Озарбайжон туркчаларида эса деярли қўлланилмаган бу нисбатнинг негизи бундан 1,5 минг йиллар нарига бориб тақалади. Шу ўринда чет эллик туркологлар ушбу кичрайтириш қўшимчаси бошқа туркий элларга қараганда бугунги ўзбек ва татар тилларида кенг қўлланилишига урғу беришларини айтиб ўтиш керак. Ўрхун битиктошларида “азқынйа будун” (озгина халқ) кўринишида тилга олинган кичрайтириш қўшимчаси “-қынйа”нинг издоши бўлмиш “-гина” / “-ғина”ни Абулғози ўзбеклар билан боғлаб тушунтириши унинг тарихчигина эмас, кучли тилчи бўлганини ҳам кўрсатиб турибди.

 

Қизиғи шундаки, “Шажарайи турк”да “ўзбек”ларга тегишли сўз ўлароқ келтириб ўтилган деярли барча сўз ва атамалар бугунги кунда ўзбек адабий тили ва унинг шеваларида илгари қандай бўлса, шундай ёки бирмунча ўзгарган кўринишда учрашига дуч келинади. Қуйида бу билан боғлиқ бир неча ўрнаклар келтирамиз:

  • Анинг ўғли Ёрғутой ва лақаби Қирилтуқ. Анинг маъноси кунчли Сарин темак бўлур. Ўзбек ош еганда тамақинда турған кишини “қирилди” тер. Кунилаб кўп еди тақи тамоқинда турди тегани бўлур. Қирилтуқ тегани қирилғучи тегани турур” [Абулғозий 1992: 45].

 

  • Абулхайрхони мазкурнинг иккиланчи ўғлининг оти Хожа Муҳаммад. Аммо ўзбек ани Хўжуғам тентак дерлар. Анинг ўғли Жонибек. Ул ҳам беақл киши эрди” [Абулғозий 1992: 113]. Ушбу билгилардаги “қирилтуқ” сўзига берилган таърифга келсак, унинг бирмунча бошқачароқ кўриниши бугунги ўзбек тилида “томоқ қирмоқ”, “томоғи қирилмоқ” англамларида учраганидек, эски туркий сўзликларда – “Девону луғатит турк” ва бошқа қўлёзмаларда деярли учрамайдиган “тентак” сўзи бугунги ўзбек тилида сақланиб қолгани кўзга ташланади. Юқорида бошқа сўзлар ўрнагида айтиб ўтилганидек, Онадўли ва Озарбайжон туркчаларида учрамайдиган бу сўз қозоқ, қорақалпоқ тилларида анча кенг тарқалгани кўзга ташланади. Чамаси, бу сўз ҳам Дашти Қипчоқ ва Туркистон этномаданий ўртамида юзага чиққан сўз бўлса керак.

 

Абулғози биргина сўз ва атамалар эмас, балки Дашти қипчоқлик ўзбекларга тегишли айрим этнографик билгиларни ҳам келтириб ўтгани, улар бугунги кунда кўплаб туркий элларда, шу жумладан, ўзбекларда яхши сақлангани кўзни қувонтиради. Ўрнак келтирадиган бўлсак: “Тақи арз қилдилар ким андағ эшитибмиз, ўзбек расминда эв юрт кенжа ўғулники бўлур эрмиш. Ота бошлиқ барча ақалар кенжа ўғулни сийларлар эрмиш, теб” [Абулғози 126]. Турк хоқонлиги чоғидан яхши билинган бу йўриқ айниқса қишлоқларимизда кенг сақланган бўлиб, оила – уй-ичида болаларнинг сони қанча кўп бўлишига қарамасдан, кекса ота-оналарга қараш кенжа ўғилнинг елкасидаги бурч эканини барча томонидан қадрият деб билинади. Шунингдек, Абулғози “Ота бошлиқ барча ақалар кенжа ўғулни сийлар эрмиш” деб ёзган анъана бугунги кунда ҳам бирор ўзгаришга учрамасдан қўлланилиб келаётгани қувонарлидир. Минг йиллар бўйи дала-қирларда яшаган эллар, айниқса, турк ва мўғуллар “тўра-тузук”лари, яъни “қонун”ига хос бўлган бу анъана Чингизийлар чоғида янада кенг қулоч ёйгани Абулғози келтирган қуйидаги билгилардан ҳам англашилади: “Кенжа ўғлини мўғул расминда барча ўғлонлардин ортуқ иззат ва ҳурмат қилурлар” [Абулғозий 1992: 46].

 

Шуниси қизиқарлики, “кенжа ўғил” йўсини Чингизийлардан 500 йилча илгари ўтган Турк хоқонлиги жамияти билан боғлиқ бўлиб, Абулғози келтирган қуйидаги маълумотда бу анъана мўғулларга тегишли деб кўрсатилади: “Кенжани мўғул ўтжикин дер. Ўтжикиннинг маъноси ўт эгаси темак бўлур. Анинг учун ўзга ўғлонларни эвлантуруб, узата-узата эвда якка кенжа қолур. Тақи отасининг ўчоқининг эгаси бўлур” [Абулғозий 1992: 46]. Ўша кезларда қандай бўлса, шундайлигича яшаб келаётган бу тизимни Турк хоқонлиги жамиятида учратарканмиз, мўғулчада “ўтжикин” кўринишини олган ушбу атама эски туркчада “ўт-тегин” – “ўчоқ эгаси” бўлиб, унга мўғул тилига ўзлашган деб қаралади. Чиндан-да, мўғулчадаги “ўтжикин”, тўғрироғи, “ўтчигин” бирор маъно – англам бермай, унинг илк кўриниши бўлмиш эски туркча “ўт-тегин” сўзи “ўт – олов, ўт, ўчоқ” + “тегин” – шаҳзода (“теги” – таги, насли) сўзларидан ясалган деган қарашлар бор. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, турк ва мўғул тилларида айрим ўринларда “т” ундоши сўз боши ва сўз ўртасида келганда “ч” ундошига айланади. Шу йўсинда “ўт-тегин” атамаси “ўтчигин”, “ўт-жикин” кўринишларини олган.

 

Қисқаси, минг йиллар бўйи “туркча”, “туркий” деб юритилиб келган тилимиз ўрта асрларга келиб, ушбу атамалар билан уйқаш (синоним) ўлароқ “ўзбекча” деб ҳам атала бошлайди. Унчалик кенг эмас, айрим ўринлардагина қўлланила бошлаган бу ёндашув йиллар ўтган сари тобора кенгайиб борди ва ХХ аср бошларида Туркистон элларининг улкан бир бўлаги сўзлашадиган тилнинг ялпи номига айланди.

 

Масалани янада ойдинлаштириш учун бошқа ёзма манбаларга ҳам синчиклаб қараб чиқиш керак, албатта. Минг йилдан ортиқ вақт кесимида туркий эллар учун ёзма адабий тил бўлиб келган “хоқония туркчаси” ва унинг издоши “чиғатой туркчаси”нинг давоми бўлган бу тил кўпроқ Қорахонийлар ва Темурийлар даврида ўсиб-улғайди ҳамда Дашти Қипчоқ туркийлари тилининг ўзгачаликларини ҳам ўзига сингдирди. Бунда ўша кезларда ўлкада ўз бошқарувини ўрнатган Шайбонийлар (1501-1601), Аштархонийлар (1601-1757) ва бошқа ўзбек хонликлари ҳам ўзига хос улуш қўшдилар.

 

Ғайбулла БОБОЁРОВ,

тарих фанлари доктори, профессор

 

Қўлланилган адабиётлар:

Абдураҳмонов Ғ., Рустамов А. Қадимги туркий тил. Тошкент: Ўқитувчи, 1982.

Абулғозий. Шажарайи турк. Тошкент: Чўлпон, 1992.

Бобур, Заҳириддин Муҳаммад. Бобурнома. Тошкент: ЎзР ФА нашриёти, 1960.

Бабаяров Г., Кубатин А. Древнетюркские монеты Согда с титулом “Хатун” // Ўзбекистон тарихи ва маданияти. Республика илмий-амалий анжумани материаллари. – История и культура Узбекистана. Материалы республиканской научно-практической конференции. Ташкент: “Tafakkur”, 2011. С. 251-256.

Древнетюркский словарь / Под ред. В. М. Наделяева, Д. М. Насилова, Э. Р. Тенишева, А. М. Щербака. Л.: Наука, 1969.

Кошғарий, Маҳмуд. Туркий сўзлар девони (Девону луғотит турк) / Таржимон ва нашрга тайёрловчи С. М. Муталлибов. 1- том. Тошкент: Фан, 1960.

Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Ч ҳарфи. А. Мадвалиев таҳрири остида. Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”, 2008.

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 21
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10768
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//