Омма диний психологиясига таҳдид – миссионерликнинг биз билган ва билмаган ниқоблари


Сақлаш
15:23 / 27.11.2021 1205 0

Глобаллашув шароитида мафкура полигонларида инсон қалби ва онгини забт этишга бўлган ҳаракатлар тобора кучаяётгани бор гап. Глобал миқёсда ғоявий-мафкуравий таҳдид сифатида намоён бўлаётган миссионерликнинг кучайиши дунё жамоатчилиги руҳияти ва маънавиятига жиддий таъсир ўтказади.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев “Барчамизга яхши маълумки, ҳозирги кунда дунё шиддат билан ўзгармоқда. Инсониятнинг тақдири ва келажагига таҳдид солаётган хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда”, дея таъкидлагани бежиз эмас эди. Зеро, бугунги кунда миссионерлик замирида мафкура полигонларидаги курашларга жуда катта сармоя тикилаётганини кузатиш мумкин. Натижада, миссионерлик аниқ белгиланган сиёсий мақсадларни амалга оширишда ёвуз ва бузғунчи ғояларни кузлаётгани ойдинлашади. Уларнинг мазкур ҳаракатлари иқтисодий тараққиётдан орқада қолган давлатларга “беғараз ёрдам” ниқоби остида айрим мустақил давлатларнинг ички ишларига очиқдан очиқ аралашувининг яширин кўринишидир.

 

Демак, у ёки бу динни байроқ қилиб дунёвий тартиботга қарши йўналтирилган радикал ҳаракатларга қарши кураш олиб бориш кўп қиррали, зиддиятли феномен эканлигини инобатга олиш зарур. Зеро, жаҳондаги етакчи давлатлар иқтисодий ёрдам бериш баҳонасида миссионерлик ҳаракатларини йўналтириш орқали ўзларининг сиёсий шартларини бажаришга мажбур қилади. Хусусан, кучли давлатлар кучсиз давлатларнинг ички ишларига дин воситасида босим ўтказиши ёзилмаган анъана. Айниқса, жаҳондаги етакчи давлатлар дунё захираларини эгаллаш ва назорат қилишда миссионерликдан мафкуравий ҳужум қуроли сифатида фойдаланади.

 

Жаҳоннинг муайян ҳудуд ёки минтақасида катта маънавий йўқотишлар юз бераётгани, мамлакатлардаги ҳукумат бошқарувида ўзаро қарама-қарши кучларнинг шаклланиши миссионерлик келтириб чиқараётган таҳликали вазиятдир. Мазкур ҳолатлар миллатнинг асрий қадриятларига раҳна солиш, турмуш даражасини издан чиқариш орқали давлат бошқарувида сепаратизмни кучайтиради ва мамлакат суверентетига жиддий хавф солада.

 

Демак, ноанъанавий динлар фаолияти дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётгани бежиз эмас – ноанъанавий динларнинг ижтимоий бўй кўрсатиши бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Бир миллатга мансуб, бир тилда гаплашувчи, умумий тарих ва ягона давлатга эга бўлган фуқароларни диний асосда бўлиб ташлашга қаратилган ҳаракатлар ҳар қандай жамият ҳамда давлат учун кўриниб турган таҳдид. Инсониятнинг кўп асрлик тарихи диндан ниқоб сифатида фойдаланиш, ундаги ғояларни вайронкорлик руҳида талқин этиш инсонлар бошига кўплаб кулфатлар келтирганини кўрсатади.

 

Бугунги кунда ноанъанавий диний жамоалар томонидан қилинаётган тарғибот ва ташвиқотлар оқибатида конфессиялараро низолар келиб чиқмоқда. Айниқса, айрим диний ташкилотлар томонидан ўз сафларини кенгайтириш мақсадида ўзга дин вакиллари ўртасида миссионерлик фаолиятини олиб бориш диний адоватларга сабаб бўляпти. Африка ва Осиё минтақасидаги қатор мамлакатларда миссионерлик натижасида туб аҳолининг диний таркибидаги мувозанат бузилишини кузатиш мумкин – масалан, турли дин вакиллари орасида доимий равишда келиб чиқаётган диний адоватлар.

 

Ўтган аср давомида Судан Республикасининг асосий нефть захиралари жойлашган жанубий ҳудудлари католик ва протестант мисcионерлари томонидан фаол христианлаштирилган эди. Айрим маълумотларга кўра, ушбу ҳудудда марказий ҳукуматга қарши қуролли чиқишлар оқибатида 1,5 миллионга яқин одам нобуд бўлган. Мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи Африкадаги энг йирик мамлакат Судан буюк маданият ва тарақққиёт даврларини бошидан кечирган халқ ва миллатлар ўртасида ўзаро низо ва адоватлар кучайиши натижасида 2011 йили асосий қисми христианлардан иборат жанубий Судан Республикасига бўлиб юборилди.

 

Индонезиянинг христианлаштирилган шимолий ҳудудлари – Суматра, Сулавеси ва Молукко ҳудудларида ҳам муттасил равишда мусулмонлар ва христиан прозелитлари ўртасида диний низолар, тўқнашувлар, қотилликлар, террорчилик ҳаракатлари рўй бериб туриши кўпчиликка маълум. Дунёдаги “айрим” сиёсийлашган диний марказлар фаолияти мустамлакачилик ва янги мустамлакачилик, буюк давлат шовинизми, халқаро муносабатларда диний зўравонлик асосида мамлакатларда парокандаликни келтириб чиқармоқда. Шу тариқа, “иқтисодий ёрдам” баҳонасида ривожланаётган давлатларнинг ички ишларига арлашилади. Натижада, ҳокимият учун кураш, айримачилик, чегаравий ва минтақавий зиддиятлар, этник можаролар экстремизм ва терроризмнинг яна-да кучайишига замин яратилади ва ўз навбатида, мамлакатда диний туйғуларнинг кучайтириши орқали бир-бирига қарама-қарши турган гуруҳларни шакллантиради. Мафкуранинг энг кенг тарқалган шакли бўлган диндан сиёсий партиялар ҳам фойдаланади. Кейингилар эса диннинг асл моҳиятини бузиб, уни ниқоб қилиб олди.

 

Глобаллашув даврида дунёдаги айрим сиёсий куч марказлари ўзларининг геостратегик мақсадларини амалга оширишда танланган мамлакатни ўзига тобе қилишда “нишон” сифатида миссионерликдан фойдаланмоқда. Жаҳонда геосиёсий кучлар мувозанатининг ўзгариши, айрим ривожланган давлатларнинг ўз демократиясини “экспорт” қилиш орқали дунёга ҳукмронлик учун очиқдан-очиқ даъвогарлиги ҳеч кимга янгилик эмас. Шу тариқа, дунё миқёсида ижтимоий табақаланишнинг кучайиши, бозорнинг шавқатсиз рақобати, иқтисодий инқироз туфайли омманинг диний психологияси ўзгариши рўй беради ва бу миссионерликка ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга замин яратади.

 

Муайян минтақа ва ҳудудда вужудга келаётган янги диний ҳаракат (ЯДҲ)ларнинг миссионерлик фаолияти уч босқичда амалга оширилади. Яъни, “миссионерлик ҳудуд”ини ўрнатиш, уни хорижий сармоялар асосида молиялаштириш ва шу орқали диний жамоалар сонини кўпайтириш. Натижада, миссионерликнинг фаол тарғибот ва ташвиқоти олдин мавжуд бўлмаган юзлаб христианлик конфессияларини вужудга келтиради. Жаҳон миқёсидаги глобал ижтимоий-иқтисодий инқироз даврида давлатларнинг бир тузумдан иккинчисига ўтиш шароитида миссионерлик яна-да авж олмоқда.

 

Яқин Шарқ минтақаси, жумладан, араб мамлакатларига ўз таъсирини ўтказишга уринаётган кучлар ўртасидаги геосиёсий рақобатнинг кучайиши улар мустақиллигига таҳдидларнинг янги турлари бўлиб майдонга чиқяпти. Яқин Шарқ ва Шимолий Африка, айрим араб давлатларининг геосиёсий ва геостратегик аҳамияти ортиб бораётгани, улкан табиий-иқтисодий ва бошқа ресурс салоҳиятига эгалиги билан ҳам доим жаҳон ҳамжамияти диққат марказида туради. Зеро, миссионерлик ҳаракатлари натижасида “инсон ҳуқуқлари”, “виждон эркинлиги”, “деморактик эркинликлар”ни олға суриш учун кўрсатилаётган “кўмак” аслида мамлакатни парокандалик сари сиёсий бошбошдоқликка етаклаётган кўринмас куч бўлиши ҳам мумкин. Эркинлик, демократия инсон ҳуқуқлари каби жозибали ғояларни ниқоб қилиб олган бу сиёсий кучлар шу асосида дунёдаги хоҳлаган мустақил давлатнинг ички ишларига аралашиб, ғаразли мақсадларга эришмоқчи бўлади.

 

Мутахассислар ўтказган “стратегик тадқиқотлар” натижасига кўра, миссионерлик дунёда глобал миқёсда турли конфликтда ва қатъий геосиёсий босимда экан. Миссионерлик таъсири остида ҳар қандай халқ ва миллатнинг маданий илдизига таҳдид солиш орқали ўта радикал миллатчилик ҳаракатларини вужудга келтириш мумкин.  Шу тариқа, айрим сиёсий кучлар ўзининг гегемонлигини ўрнатиш мақсадида ғоявий-мафкуравий, геосиёсий, маданий жиҳатдан устунликка эришади.

 

Хусусан, глобал иқтисодий инқироз даврида миссионерлик дунёнинг ночор давлатлари тараққиётига гўёки “иқтисодий ёрдам” кўрсатиб қашшоқлик, очлик, ночорликни бартараф этиш мақсадида “мақсадли” ёрдамини тавсия этган бўлди гўё. Натижада, хориждан йўналтирилаётган “мақсадли” иқтисодий ёрдам таъсирида ривожланаётган давлатлар ўртасидаги тенгсизлик тобора кескин тус олиши бир қатор таҳликали вазиятларни вужудга келтирди ва ноанъанавий диний жамоалар кўпайди. Шу тариқа мавжуд диний ташкилотлар ўртасидаги тафовутлар оқибатида конфессиялараро низолар кучайди.

 

Глобаллашув шароитида цивилизацион модернизация жараёнларининг ўзаро зиддияти инсоният цивилизациясининг инқирозидан далолат беради. Маълумки, инқирознинг асосини глобал капитал агентлари бўлмиш трансмиллий корпорацияларнинг ғаразли манфаатлари ташкил этади. Бунинг оқибати ўлароқ айрим цивилизациялар ва динларнинг глобал тарзда миссионерликка қўл уриши кузатилмоқда, аммо уларнинг сиёсати бошқа цивилизациялар вакиллари ёки “бегона”лар учун зарарли деб баҳоланиши мумкин. Фикримиз тасдиғи сифатида XVI асрда вужудга келган мустамлакачи империялар жаҳон мустамлака тизимининг пайдо бўлишига замин яратганлигини келтириш жоиз. Натижада, Ғарбнинг йирик давлатлари мустамлакаларга нафақат иқтисодий, сиёсий, балки маданий гегемонлигини экспанция қилди.

 

ХХ аср ўрталарига келиб дунёда мустамлака тузумларнинг инқирози глобал миссионерликка бўлган эҳтиёжни тугатишга замин яратди. Аммо, бугунги кунда Ғарб маданиятининг ўз устунлигидан маҳрум бўлганига кўника олмаётган айрим радикал гуруҳлар миссионерликдан воз кечмаётганлигига гувоҳмиз. Хусусан, миссионерлик тарафдорлари ўзга цивилизация ресурларини эскплуатация қилиш ҳисобига иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳаларнинг кўпгина жиҳатларида ёрқин муваффақиятларга эришмоқда. Шу ўринда миссионерлик ташкилотларининг стратегиясига эътибор қаратилса, одатда улар ўз мақсадларини расман ошкор этмайди. Ташкилот аъзолари “бизнинг мақсадимиз – камбағалликни умуман йўқ қилиш” шиори остида “ҳамма экканини ўради”, “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” ғояси билан фаолият олиб боради. Айнан, бугунги кунда дунёда глобал миқёсда демократия ўрнатилиши, инсонларнинг ҳуқуқлари таъминланиши баҳонасидаги миссионерлик оқибатида Шимолий Африкада, Яқин Шарқда ва Шарқий Европа, хусусан Украинада юз минглаб бегуноҳ инсонларнинг бевақт ўлими кузатилди.

 

Ҳозирги кунда дунё ҳамжамиятининг тинчлигига раҳна солаётган миссионерлик ташкилотлари ўзларининг асл мақсадларини дин манфаатлари билан ниқоблашга уринади. Шу боис бундай миссионерлик гуруҳларининг ваъзларида Худо кўп тилга олинади. Натижада, христианлик дини ва хусусан Ғарб лойиҳаси халқаро ахборот тармоғида дунёдаги энг илғор, тақлид қилса арзийдиган мафкура сифатида тарғиб қилинади. Айнан, мазкур омиллар, миссионерлик жабҳасидаги ҳужум кенг миқёсда, чинакам глобал даражада олиб борилмоқда. Бу ҳақда рус тадқиқотчиси А.Панарин бундан 15–20 йил муқаддам миссионерларни “денгиз қароқчилари” дея атаб, уларнинг фаолиятини образли тарзда тасвирлаган эди: “қуруқликдаги бош истеҳком, дунёнинг асосига қарши Бугун Денгиз қитъани нафақат жисмонан забт этишни, у қитъа эртасини – минг йиллар давомида ишлаб чиқилган ва қитъа антропологик қиёфаси учун жавобгар бўлган руҳий-психологик структурасини вайрон этишни режа қилди. Шу мақсадда қитъа аҳолисини автохтонлар ва бешинчи колоннага бўлиш операцияси олиб борилмоқда, бешинчи колоннадан кўзланган мақсад эса денгиз келгиндиларига қитъа қалъасининг дарвозаларини очиб беришдир.

 

Кўз олдимизда “элита” (маданий, сиёсий, хўжалик юритувчи) тушунчасининг ўзи мисли кўрилмаган даражада ўзгартириб юборилмоқда. Ғарбча кун кечириш имтиёзини, бу имтиёз кўпчиликка ёпиқ эканлигига қарамай, ўзлаштираётганлар ўзларини элита сўзи билан атай бошламоқда. Элита бугунги кунда денгиз қароқчиларига садоқатлилиги, уларнинг кемасига ўтиб олишга тайёрлиги билан характерланмоқда”, – дея алоҳида эътибор қаратиб ўтган эди. Миссионерликда бу ўзига хос “забт этиш” жараёнининг энг таъсирчан жиҳатларидан бири сифатида манфаатлар, қадриятлар кўринишида намоён этилади.

 

Айнан, глобаллашув шиддатининг тобора авж олиши дунё миқёсида геосиёсий жараёнларга бевосита таъсир кўрсатади. Натижада, мазкур ҳолат дунё қиёфасини тубдан ўзгартириш орқали муайян минтақа ва ҳудудда геосиёсий таъсир доираларини қайта тақсимлашга бўлган ҳаракатларни келтириб чиқаради. Айнан, глобаллашув шаротида дунёдаги “айрим” сиёсий кучларнинг баъзи доиралар диндан хусусан, миссионерликдан ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш воситаси сифатида мутаассиблик, фанатизм ҳаттоки, давлат тўнтаришлари каби қабиҳ йўлларидан фойдаланаётгани, афсуски, ҳеч кимга сир эмас.

 

Бир неча аср олдин колониялаштириш христианликнинг шиорига айланган бўлса, ҳозирда “жаҳонга кириб бориш” айнан миссисонерлик ҳаракатлари оқибатида тобора кучаймоқда. Ахборот-таҳлилий тадқиқотлар натижалари ҳам диний соҳага бевосита дахлдор ушбу глобал ҳодисаларнинг тобора чуқурлашиб, қамрови кенгайиб бораётганини кўрсатади.

 

Бугунги таҳликали вазиятга баҳо берар эканмиз, халқаро хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларнинг кўлами кенгайиб, геосиёсий рақобатнинг ошиб бораётгани, ғоявий-мафкуравий экспансиянинг фаоллашаётганини кўрамиз. Мана шундай мураккаб шароитда мамлакат хавфсизлиги ва жамият барқарорлигига, унинг манфаатларига, миллат келажагига раҳна соладиган ҳар қандай кучга қарши курашиш вазифамиз. Халқимизнинг ақл-заковати, букилмас иродаси ва салоҳиятига, ўз куч ва имкониятларимизга таяниб мафкуравий тарбия воситасида огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлиш муқаддас бурчимиздир.

 

Мансур МУСАЕВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 58
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//