«Газета она тилиға хизмат этсун» – Юз йиллик оғриқ


Сақлаш
16:22 / 21.10.2024 68 0

Бир миллатнинг ўз тилидаги китоб, рисола, ғазета, журнал ва бошқаларға бир сўз билан адабиёт (литератур) дейилур. Шунинг учун арабча китоб ва рисолаларға «адабиёт арабия», турк, татарча бўлғонлариға, «турк адабиёти», «татар адабиёти» дейдурлар. Дунёда яшаб турғучи ҳар бир миллатнинг илмда ҳозирда ва бошқа тўғриларда қайси даражада эканлиги адабиёти билан ўлчалинилиб, адабиёти бой бўлғон миллатни ҳар важдан олдинда ва юқорида эътибор қилинур. Билакс, адабиёти бўлмағон бўлса ҳам борлик, йўқлик (ёғи соб (тугаб) бўлғон чироғдек, ўчар, ўчмас) бўлса ул қавмнинг бошқалар олдида ҳурмат ва эътибори бўлмас ва ҳам ҳар нави ҳаёт ижтимоия ва маданиятдан баҳра ололмас.

 

Бас энди бизда ҳам, ул «адабиёт» деган нарса борму? Ё йўқ?! – Йўқ деса ҳато бўлмайдурғон бир даражада бордурки: ул мисол нима қилишимизни билмайдурғон кишининг қўлиға тушган хом толадек борган сари они қорайтирилур, чиритилур. Охири темирға ё бошқа нарсаға алиштирилур. Мана шул қабилдан бизнинг ҳам хоҳ уламо ва мударрисларими ва хоҳ ёш ўсмирларимиз бўлсунлар, бул муқаддас она тилимизни тирилтирмоқлари унда турсун, балки йўқотмоқлигиға сабаб бўлурлар ва ҳам бўлиб турубдурлар.

 

Нечукки, олимларимиздан бири бирор ерға хат ёзса ёки бировға берган нарсасини хотира дафтариға ёзса, ўз она тилини қўйиб, форс тилида ёзадурлар. Ҳаммасидан ҳам зарарлиги булдурки: янги дарс ўқумоқға бошлағон, ўз она тилини ҳам дурустлаб билмайдурган бир шогирдга дарс берганларида форсча таржима билан ўргатадурлар. (Ул туркий сарф, туркий наҳв ўқутмоқни онда қўяйлик). Ҳеч бўлмаганда ўшал арабча сарф, наҳвни туркий тилиға татбиқ қилиб, яъни анинг кераклик ўринлариға тилдан мисоллар кўрсатиб айтиб берсалар, арабчаға ҳам зеҳни киришиб, бунинг баробарида ўз она тилини ҳам бир нарсаға ярайдурғон тил эканлигини билиб она тилиға муҳаббат бир даража ортиб, тартибға солиб борур эди. Ҳало ул қанда? (Ҳозир қандай?) Ёш ўсмирларимиз бўлсалар ўз ерликларидан бирини зиёфатға чақириб, хат ёзсалар ҳам усмонича, ёки татарча ёзадурлар. Бойдаки (ваҳоланки), она тилиға муҳаббат ва ислоҳни улардан кутулар эрди.

 

Буларнинг сабаби ҳам равшандур-ки биринчилари: ўзларининг эрон адабиёти таъсири билан нурланган бўлсалар, иккинчилари: татар ва усмонли адабиёти воситаси билан фикрларини очгандурлар. Шунинг учун ҳар икки синф ҳам ўзларининг «нур» олғон тарафлариға қараб тортадурларда ўз она тиллариға ҳақорат назари билан боқиб кундан кун эсдан чиқармоқға бошлайдурлар. Дуруст форсийча, арабча, ўрусча ва бошқаларни ҳам билайлик, билайликгина эмас жуда яхши билайлик, лекин ўз она тилимизни ҳаммасидан ортуқ ва зиёдароқ билайлик. Сарф ва наҳвлари билан билайлик ва ҳам шундоғ бўлғонда арабча, форсча ва бошқалариға тушунурмиз. Чунки ўз тилимизни яхшилаб билмадикми бошқа тилни албатда дуруст билмаймиз ва буни ҳижрий 900 йилда ундан илгарироқ ҳам «Мавлоно Лутфий», «Алишер Навоий»дек зотлар вужудға келиб қирқға яқин асарлари билан она тилимизнинг бошқа тилларға назран (қараганда) бой эканлигини, шеърда берилғон жозибасини, мусиқа (музика) да бўлғон латофатини, «Меъзон ул авзон» ва «Муҳокаматул луғатайн» лари билан билдурғон эрдилар.

 

 

 

Туркийни дўст тутқон киши жуғрофияни ўқиб кўруб, Туркиянинг шунча ерлари қўлдан чиқиб кетганига юраги ёниб жони сиқилганидек, она тилиға муҳаббати бор киши ҳам Алишер Навоий асарларини ўқиб кўрганда, тилимиз аввалда шунча бой ва мукаммал экан, нима қилдикки ул латофат, ул нафосатларини йўқотиб киши танимайдурғон бир ҳолға келтуриб қўйдик деб оҳлар тортур.

 

Нечукки ҳар бир инсоннинг жонидан азиз нарсаси дин ва миллатидур. Ул дин ва миллатни муҳофазати ҳам ҳар афроди инсонға вожибдур. Унинг муҳофазати она тилининг муҳофазати билан бўлур. Қачонки бир миллат тилини йўқотса, ул вақт динини ва миллатини ҳам йўқотур. Татар қариндошларимизнинг ҳозирдағи тил ва адабий ётларини бундан ўн, ўн беш йил илгари чиққан адабиётлариға татбиқ қилинса, қиёс қабул қилмаслик даражада тафовутлар бордурким, бул даражада уларнинг тилларини кенгаймоғи миллий ва она тилидағи газеталари билан бўлди. Газета ва журналларининг дунё аҳволидан ва бошқа тўғриларидан халқға хабар бериб турмоғидан бошқа улуғ ва кўзға кўринмайдурғон бир фойдаси бўлурки, ул она тилининг кенгаймоғи ва мукаллашмоғидир.

 

Бунинг бирлан миллат ўзини дунёда борлиғини билдириб, она тилида ўқитмоқ ва таълим бермоқ масалалари чиқганда, ўзиға айрим тили борлар қаторидан ҳисобланиб, тили йўқлар қаторига кириб қолмас. Туркистонда чиқган газета ва журналлар тил тўғрисиға ҳеч бир илтифот қилмадилар ва ҳали ҳам эътибор этмаслар. Такрор айтаман, газета она тилиға хизмат этсун! Вақти келганда миллатини тили йўқлар қаторида қолдирмасун!

 

Ашурали ЗОҲИРИЙ,

«Садои Фарғона» газетаси, 1914 йил 13 апрель

Муслимбек АЛИЖОНОВ нашрга тайёрлади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10333
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//