Машҳурлардан миллийлик хусусида беш сабоқ


Сақлаш
23:16 / 18.10.2024 165 0

Биринчи сабоқ: эътироф

 

1980-йилларнинг боши. Ёзувчилар уюшмаси нафақат адиб-шоирлар, балки бутун миллат зиёлиларининг халқ ва ватан дардида фикр алмашиш, баҳс-мунозарада тобланиш ўчоғи, ҳар жиҳатдан поймол этилган элга мустамлакадан қутулиш ҳақидаги илк даъватларни ҳайқириш минбарига айланган йиллар. Ҳар баҳорда навбати билан ўтган йилги шеърият, наср, драматургия, болалар адабиёти, адабиётшунослик, ҳатто таржима йўналишларида эълон қилинган асарлар, амалга оширилган ижодий ишлар муҳокамаси уюштирилади. Биз – ТошДУнинг ўзбек филологияси, журналистика факултети талабалари, дарслардан “қочиб” бўлса-да, бу “дарслар”га шошамиз, Пушкин кўчаси 1-уйнинг иккинчи қаватидаги залдан жой олиб қолишга уринамиз. Чунки, айтилганидек, бу ердаги гапларни бошқа жойда эшитиш, дарсликлардан ўқиш имкони йўқ...

 

Ана шундай йиғинларнинг навбатдагиси – насрий асарлар муҳокамасида менинг ёнимдаги стулга оқ-сариқдан келган, юзларини билинар-билинмас сепкил босган, энгил-боши, кўринишидан вилоятдан экани билиниб турган бир йигит келиб ўтирди.

 

Асосий маъруза – ўтган йили китоб шаклида эълон қилинган, газета-журналларда чоп этилган ҳикоя, қисса, романлар таҳлили якунлангач, муросасиз муҳокамалар бошланди. Орада сўз олган отахон адиб Саид Аҳмад ака бир-икки қизиқ гаплар билан йиғилганларни ўзига қаратиб олгач, чиқишидан кўзлаган муддаосига ўтди:

 

– Энди, биродарлар, битта савол: шу тўпланганларнинг орасида Тоғай Мурод деган бола борми?

 

Ҳамма атрофга аланглаб қараётган бир паллада менинг ёнимда ўтирган бояги йигит ийманибгина ўрнидан турди ва ўнг қўлини ярим кўтариб, эшитилар-эшитилмас:

 

– Мен, домла, – дея овоз берди.

 

Саид Аҳмад аканинг буришқоқ юзи ёришиб, устози Абдулла Қодирий ибораси билан айтганда, қулоғи билан қошиқ солишар даражадаги катта оғзида табассум мавжланди:

 

– Э-э, бормисан, ука! Отангга раҳмат сени! Ҳўв, боллар, билиб қўйларинг, Xудо хоҳласа, мана шу бола ўзбекнинг катта ёзувчиси бўлади! Мен бу гапни осмондан олиб айтаётганим йўқ. Ўқиган бўлсаларинг, ўтган йилги “Ёшлик”да шу боланинг “От кишнаган оқшом” деган қиссаси босилди. Шахсан мен мазза қилиб ўқидим. Қиссанинг бошқа ютуқларини айтмай қўя қолай-да, биттагина эпизодини ўқиб берай, мана (адиб қўлидаги журналнинг керакли саҳифасини очиб ўқий бошлади):

 

“Биродарлар, ёш болага иш буюр-у, изидан ўзинг югур дегани ҳаққаст чин бўлди!

Қайнимиз нима қилибди денг? Қайнимиз уйимиз олдидан оқадиган ариққа келиб, Тарлонни сувга қўйибди. Ғарқ терга ботиб турган Тарлон тўйиб-тўйиб сув ичибди. Кейин Тарлонни отхонага олиб кириб боғлаб қўйибди...

 

Эрталаб Тарлонни етаклаб чиқдим. Айлантириб қарадим. Қорин этлари дир-дир учди, пир-пир учди!

 

Биродарлар, отга сув тушса ана шундай бўлади! Тарлонга сув тушибди!

 

Ай, қайним-е, ай, калла-е! Энди сенга нима дейин? От ғарқ терга ботса, сув ичириб отхонага боғлаб бўлмайди дейинми? Мабодо ичирса, хийла йўл юриш лозим бўлади, бўлмаса отга сув тушади дейинми? Кейин от кўпкарига ярамай қолади дейинми? Мактабда комсомоллар каттаси бўласан-да, шуни-да билмайсанми дейинми? Битта-да тўрти йўқ аълочи Қодиров Қорақул бўлатуриб, шунга-да фаросатинг етмадими дейинми? Омон сурнайчининг қизи билан партанинг остидан хат олишиб-хат беришиб туришга етган ақлинг шунга етмай қолдими дейинми? Мендайин бир кал бўлсанг экан, ақли сочи билан қўшилиб тўкилиб кетган десам дейинми? Калланг тўла жун бўлса дейинми?

 

Демайин, демайин! Қайнига илкис гапириб бўладими?..

Опаси бизда!”.

 

Қиссадан парчани жон қулоғи ила тинглаётган аксарият “қойил” маъносида бошини тебратиб, бир-бирига қош учириб қўяр экан, Саид Аҳмад ака қўлидаги журнални ёпиб, уларга юзланди:

 

– Мана, биродарлар, чинакам миллийлик. Мана, миллий адабиёт, миллий тил, миллий образ ва характер деганлари қанақа бўлиши керак! Яна бир марта отангга раҳмат, ўғлим. Ҳеч ёққа оғишмай, шунақа ёзишда давом эт!..

 

Иккинчи сабоқ: эътироз

 

Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст “Ўзбеккино”га янги раҳбар этиб тайинланган дастлабки ойлар. Ўша пайтгача доим ошиғи олчи турган, ҳар йили камида биттадан катта кинолойиҳага эгалик қилиб ўрганиб қолган, аксарияти соч-соқолини ўстириб, бошига кепка кийиб юрадиган кинорежиссёрлар янги раҳбар устидан мамлакат катталарига кетма-кет ариза ёзишдан чарчашмайди: “Муҳаммад Дўст бизга филм бермаяпти” мазмунида.

 

Хизмат тақозоси ила Мурод ака билан гаплашгани ишхонасига борамиз. Ўзи ўтирадиган столи баландгина, келувчилар ўртасидаги стол эса (журнал столига ўхшаш) пастгина қилиб ясатилган хонада ёзувчи-раҳбар билан суҳбат бошланади. Келишдан мақсадимизни эшитиб ўтирган Мурод ака ўнг қўл томонида турган, қип-қизил бахмал билан ўралган ажабтовур қутини очиб, унинг ичидан ўтдони қимматбаҳо ёғочдан, муштуги тилларанг металлдан ясалган трубкани чиқаради. Кейин қутининг ичига чиройли қилиб жойланган ўша рангдаги бахмал қопчанинг бурама боғичини ечиб, ундан учта бармоғида сиқиб тамаки олади ва ҳафсала билан, тўкмасдан трубкага жойлайди. Маросим охирида шу ишлар учун махсус ясалган йирик гугуртни чақиб, трубкани ўт олдиради ва дастлабки тортимни овозсиз пуфлаб чиқаради. Хонани Кубанинг хушбўй тамакиси ҳиди тутади. Бизнинг савол назари билан қарашимизга жавобан эса шунчаки, арзимас гапдек қилиб айтади: “Ҳа-а, “янги ўзбеклар”нинг совғаси...”.

 

Кейин асосий масалага ўтади:

 

– Жўралар, мен барибир бу “красный кхмерлар”га филм бермайман (ёдингизда бўлса, 1970-йилларда зўрлик эвазига Камбоджа (Кампучия) давлати тепасига келган коммунистлар шундай аталар, улар ўзларига бўйсунмаган миллатдошларига қўшиб миллий руҳни ҳам қатли ом қилишган эди. Мурод ака шуларга ишора қилаётганди! – Р.Қ.).

 

Ҳаммаси болалигидан ўзбекчага ёт муҳитда ўсишган. Московда ўқиб, ўзларича замонавий кинорежиссёр рутбасига эга чиқишган. Ҳозиргача олган филмларида бирорта ўзбекча характер, ўзбек деса бўладиган образ борми?

 

Булар ўйлаб топган ўзбек қаҳрамонлар бирор нарсадан ҳафсаласи пир бўлса, ёнбошига қараб “тфу” деб тупуради. Ҳеч замонда ўзбек шу ишни қиладими?  Булар ўзбекка кийдириб қўйган тахи энди бузилган магазин дўппини, артелнинг арзонгаров сунъий чармдан тикилган янги этигини кўриб, сизларни билмадиму, менинг кўнглим айниб кетади.

 

Миллий характерни беришни, жўралар, гуржилардан ўрганиш керак. Кузатган бўлсанглар, кўчада икки қўлида қоғоз халтада бозорлик кўтариб кетаётган гуржидан бирор нарса сўрасангиз, у астойдил тўхтаб, қўлидаги халталарни сизга тутқазиб, бўшаган қўлини икки ёнга кенг ёйганча “Откуда я знаю?” демаса кўнгли тўлмайди, мазза қилмайди. Филмларини ҳам кўринг, бизникига ўхшаган бирорта дурагай персонаж борми?..

 

Ўйлаймизки, Мурод ака ўз қарашларида ҳақ эди.

 

Албатта, миллийлик дегани фақат ва фақат ижобий хислатлар, ўрнак қилиб кўрсатиладиган фазилатлар мажмуи эмас, бизнингча. Ана шу маънода у ёхуд бу миллатни ҳар қандай қусурлардан холи, ҳар жиҳатдан мукаммал сажияга эга халқ дейиш мумкин эмас. Шундай экан, кейинги сабоқ сизу бизнинг қонимизга сингиб улгурган, ибтидосию интиҳоси кўринмаётган айрим иллатлар хусусида огоҳ этади.

 

Учинчи сабоқ: эврилиш

 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур халқаро жамғармаси асосчиси ва раиси,  давлат ва жамоат арбоби Зокиржон ака Машрабов суҳбатларнинг бирида бошидан кечиргани қизиқ бир воқеани ҳикоя қилиб берганди:

 

“Жамғармамизни оёққа қўйиш, қилинадиган катта ишларга маблағ топиш илинжида республикада биринчилардан бўлиб “Бахт қуши” номидаги лаҳзалик лотерея чиқаришни ният қилдик. У пайтлар ҳали бизда унақа лотереялар тайёрлайдиган ускуналар йўқ, хорижга буюртма беришга тўғри келарди. Шу мақсадда таржимон ҳамроҳлигида Германияга бордик.

 

Йирик бир компаниянинг шартнома ишларига масъули – олмон йигит билан музокара ўтказиб, керакли келишувга эришдик ҳам. Ҳамма иш битганидан кейин у йигитга таржимон орқали ҳазиллашиб бир гап айтибман-да:

 

“Дўстим, мана шу лотереяларнинг ютуқ чиқадиганларининг икки-учтасига қандайдир белги қўйиб берасизларми? Юртга борганда таниш-билишларга билдириб қўярдик-да, машина ютиб олишарди. Баҳонада улар ҳам, биз ҳам хурсанд бўлардик. Сизни ҳам қуруқ қолдирмасдик, “раҳмати”га беш-ўн минг марка берар эдик...”.

 

Аввалига бояги олмон йигит гап нима ҳақда кетаётганини унча тушунмади. Бир-икки бор қайтарганимиздан кейин англаб қолиб, ўрнидан туриб кетди-ю. Шундоғам оқ рангли юзи яна ҳам оқариб, мовий кўзларини менга ғазаб билан қадаб: “Нима деяпсиз, жаноб? – деб гап бошлаб қолди. – Мени ким деб ўйлаяпсиз, сизнинг берадиган садақангизга зор одамга ўхшайманми? Бизда бунақа пул билан оила боқиш уят, жиноят-ку! Қолаверса, биз манаман деган компания, фирмалар билан имзолайдиган миллионлаб долларлик буюртмалар олдида сизнинг бизга бераётган буюртмангиз нима? Сиз таклиф қилаётган жиноий ишни деб компаниямиз йиллар давомида мисқоллаб йиққан обрўйидан айрилиши керакми? Шу ишни бизга таклиф қилишни ўзига эп кўрган одам эртага бу гапни бошқага айтмайди деб ўйлайдиган даражада гўлмизми сизнинг назарингизда?..”.

 

Менинг бу гапларни эшитиб бўларим бўлиб бўлди. “Ҳой ука, ҳазиллашдим, шунчаки бир ҳазил бу гап” деб шунча узр сўрайман, қани тинчиса. “Жаноб, аслида ҳозироқ мен сиз билан тузган шартномани бекор қилишим керак” деб ёмонига олиб қолувди, минг бир узр сўраб, зўрға тўхтатсам-а... Хуллас, ғалати халқ экан бу немис деганлари...”.

 

Зокиржон ака айтган ҳикояда кўпроқ кимнинг – ўзбекнингми ёки олмоннингми – миллийлиги, миллий характери бўртиб кўринганини айтиш ўзингизга тан.

 

Ҳа, ҳар бир халқнинг ҳам ғалати хислатлари, урф ва одатлари, бошқалар дабдурустдан англай олмайдиган турфа хил қилиқлари-ю ажабтовур қилмишлари бор. Киши уларни ҳис қилиши, идрок этиши, англаши ва англата олиши учун фақат ижодий истеъдоднинг ўзи камлик қилса керак. Бунинг учун камида Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Шукур Бурҳон, Баҳодир Йўлдошев, Олимжон Салимов, Омон Матжон, Қамчибек Кенжа, Тоғай Муродлар сингари элга сингиб яшаш, миллат қалбини ҳис қилиш, юрак уришини эшитиш, руҳининг мавжларида суза билиш керак.

 

Абдулла Қодирийнинг “Муштум”га ёзган мақолалари, ҳажвий ҳикояларидан тортиб романларигача – аксарият асарларида жамиятнинг турфа характерли, турли қиёфали вакиллари бизга рўбарў бўлар экан, ҳар бири табиатида ўзбекнинг недир бир хислатини, фазилат ё иллатини илғаймиз, ўзимизга ниҳоятда таниш кишиларни кўргандек бўламиз. Кумушбиби ўзбекнинг фазилати бисёр бир қизи бўлса, Раъно миллатнинг яна бир бебаҳо топилдиғидир. Қодирийдан кейин қайси бир ўзбек ўғилларига Отабек ва Анвар, қизларига Кумуш ва Раъно деб от қўйибди – бу ўша миллатдошларимизнинг ўзбекона ўлмас руҳга ихлосидан, ҳавасидан дарак!

 

Агар булар Абдулла Қодирий “туққан”, адибнинг ўзидек босиқ, мулоҳазали, ақли ва идроки ўткир фарзандлари бўлса, Ғафур Ғуломнинг “адабиёт домовойи”га (Абдулла Қаҳҳор ибораси) ўзидан кейин ҳам чиқарилмайдиган қилиб муҳрлаб кетган болалари ҳам худди шоир феълидек: бирда шўх – бирда маҳзун, бирда жўмард – бирда дилхун. Мана, унинг Тошкентнинг Қўрғонтеги маҳалласида, Бешёғочида кўргани-кузатгани тенгдошларидан бирининг сурати:

 

Муҳаббат сурмасин қўшни қизига

Олиб беролмасдан умрда бир бор,

Юзинг ҳасратида ҳатто кўзига

Ўргимчак ин қўйган йигитлар ҳам бор...

 

Ўзбек характери, унинг яратувчиликка мойил табиати, дунёга кўз очганидан бери ўзгармай келаётган жўмардлиги кеча пайдо бўлиб қолган хислатлар эмаслигини ниҳоятда чуқур билган Ғафур Ғулом 1966 йил январида ёзган “Тахти Сафар” номли мақоласида бу тарихий ҳақиқатни жуда ўрнида урғулаб кетган. Унинг ёзишича, “Ҳиротнинг шимоли шарқида, шаҳардан қарийб ярим фарсахча нарида, эллик терак бўйи чамаси баландликда” Тахти Сафар номи билан аталадиган, замонлар тўзонида бузилиб кетган бир сарой бўлган. Гўё мана шу манзил тўғрисида ҳикоя қилинаётгандек йўл тутилган мақолада академик шоир шўролар томонидан “қонхўр”, “бузғунчи” дея қизил тамға босилган Амир Темурни шундай таърифлайди:

 

“...Мен бу ерларда сафар қилиб юрганимда, бирга ҳамроҳ бўлиб юрган дўстларим – афғон шоир ва олимларининг оғзидан бир байт эшитиб қолдим:

 

Ҳар ки бо лоларухон бодаи гул ранг кашад,

Ҳукми Мирзост, ки бо Тахти Сафар санг кашад.

 

Маъноси: ҳар ким бу ерларга келиб, ўзи севган лола юзли гўзаллар билан гул рангли шароб ичмоқчи бўлса, Бойқаро мирзонинг буйруғи шуки, келишида Тахти Сафарга тош ола чиқсинлар.

 

Бу байт устида кўп мунозаралар қилдик. Нима демоқчи? Кейин шу мулоҳазани маъқул топдик: яъни Ҳусайн Бойқаронинг бобоси Темур миллионли қўшин билан юришга чиққанида илғор суворилар хуржуннинг бир кўзида ғишт, бир кўзида ганч олиб юрар экан. Бу ғишту ганчлар йўл таъмирига, кичик кўприклар қуришга, кичик обидалар тиклашга ярар экан...” (Қаранг: Ғафур Ғулом. Асарлар. Ўн томлик. Саккизинчи том. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Тошкент, 1976 йил, 466 – 467-бетлар.)

 

Энди айтинг: қай бир халқнинг энг миллатпарвар тарихчиси, шоиру ёзувчиси, сиёсий шарҳловчи ёки журналисти ўзи мақтаниб юрадиган саркарда бобоси-ю халоскор йўлбошчиси фаолиятидан шундай ёки ҳеч қурса шунга яқинроқ келадиган бирор далил келтира олади? Искандару Доронингми, Рум қайсарлари-ю салиб юришлари “қаҳрамонлар”инингми, Чингизхону Иван Грознийнингми, Ҳитлер ё Сталиннингми ёхуд бугунги куннинг “қизил кнопка эгалари”нингми?

 

Ўзбекнинг миллий характеридаги шу ёлқинлар тафти бугунги шеърда, ҳикоя ва қиссада, роман ва бадиий филмда оҳорли акс этиши учун замонамиз ижодкори, боя айтилганидек, камида Ғафур Ғулом даражасига етмоғи керакми-йўқми?..

 

Камина Шукур Бурҳоннинг “Ҳамза” театридаги айрим ижроларини кўришдек бахтга мушарраф бўлган одамман. Жумладан, Ўлмас Умарбековнинг “Қиёмат қарз” пиесасидаги Сулаймон ота образи талқинини. Эгнидаги кўкси очиқ яктаги, бир этаги эски белбоққа қистирилган малларанг тўни, узоқ йиллардан буён бошдан қўйилмаганидан пилтаси чиқа бошлаган дўпписи... ҳамма-ҳаммаси ўзбекча эди Сулаймон отанинг! Унинг содда аспирантнинг онаси ташлаб кетган йўргакдаги боласини эркалатишидан тортиб (“Вой, бу ўғил бола экану, ҳайт, чўмбиридан!”), номард Ниғмонжонга (аслида – Нўъмонжон!) қилган нафратли ҳайқириғигача (“Ота” дема, ҳечам “ота” дема! Мен билган Ниғмонжон ўлган, менинг ва Меҳрининг Ниғмонжони ўлган, ўлган! Сен асло у эмассан, у эмассан!”) – ҳамма-ҳаммасида ўзбекнинг, миллатнинг овози янграр, бу овоз эшитган одамни титратиб юборар эди!

 

Энди мана шу манзарага бугун кўраётганимиз видеофилм, “миллий сериал”, “миллий кино”лардаги манзараларни солиштиринг:

 

 

аксарият тантиқ хотин ролини ўзига эп кўриб, мутлақо характерсиз, латтачайнар эрига қарата “Да-да-а-си-и!” дея на эркаланаётгани, на ўртаётгани, на аҳмоқ ўғли ёхуд сурбет қизи устидан арз қилаётганини билиб бўладиган номдор актрисаларимиз;

 

онаси ролидаги актриса “и-е, қанақа бўларкин, сал ғалатимасми?” деб инкор қилмаганига яраша, фаҳми ҳаминқадар режиссёрга қарата “Ака, мен бунақа ролни ўйнамайман, ахир қайси ўзбекнинг боласи онаси билан, сиз айтгандек, кўз сузишиб бир-бирига муқом қилиб ўйинга тушади?” дейиш ўрнига худди шу ишни ўзича қойилмақом қилиб ўрнига қўяётган “истеъдодли ёш актёрларимиз”;

 

йўл-йўлакай ёзиб бериладиган, бирор қаҳрамоннинг индивидуал тили, руҳий қиёфаси йўқ сценарийлардаги узундан узун, аксарият қисми вақтни чўзишга қаратилган диалогларнинг бир-бирига ёпишмай турган жойига “ҳа, айтганча”, “ҳа, нима десам экан” қабилидаги чайналма ибораларни қўшиб саҳна олаётган “топқир” режиссёрлар ва ҳоказо ва ҳоказо...

 

Ҳолбуки...

 

Ҳолбуки, ўзбек санъати тарихида, масалан, Баҳодир Йўлдошев отлиқ режиссёр ҳам бор эди. У киши, дейлик, не-не устозлари ҳадди аълосига етказиб саҳналаштирган Ҳамзанинг “Паранжи сирлари” пиесасини ҳам мутлақо янгича оҳангда, бирорта қаҳрамони аввалги ижродагиларга ўхшамайдиган тарзда, энг муҳими – Ҳамза хоҳлаганидек миллий йўсиндаги талқинини яратган эди.

 

Чинакам санъат мўъжизасини қаранг: муаллифи ягона, матн битта – бир ҳарфи ўзгартирилмаган, бироқ, масалан, Лутфихоним Саримсоқова ижросидаги Мастура яллачи билан Римма Аҳмадова талқинидаги Мастуранинг бирор жиҳатини бир-бирига ўхшатиб, заррача такрорни, тақлидни топиб бўладими? Ёхуд Мастуранинг эри – Мирзарайим қора аввалги талқинда қандай эди-ю, Баҳодир ака берган эпизодик ролни ҳам қойиллатиб ўрнига қўйган Обид Юнусовнинг ижросида қандай?!

 

Наҳотки, бугунги “санъатимиз дарғалари” шу ва бунга ўхшаш ўнлаб ўлмас асарлари билан чинакам ижод қандай бўлмоғи кераклигини умрбод уқтириб, кўрсатиб кетган Баҳодир аканинг ёхуд Аброр Ҳидоятов, Лутфихоним Саримсоқова, Шукур Бурҳон, Аббос Бакиров, Ҳамза Умаров сингари устозларининг руҳидан озгина бўлса ҳам истиҳола қилишмайди?

 

Шу маънода, масалан, менга Шуҳрат Аббосов суратга олган “Сен етим эмассан” филмидаги бир эпизод – бозорда ўғирлик қилган ўрис болани оёғи оқсоқ милиционернинг қўлидан тортиб олиб, бағрига яширган Фотима опа – Лутфихон ая кўзларидаги саросима, жовдираш, ҳадик ўзидан кейин қолаётган миллат, миллий санъат тақдирига ҳам безовта боқишдек туюлаверади...

 

Ё “Шукур Бурҳон “Ҳамза”дан чиқиб, аста пиёдалаб” кетаётганини кўрган, оломоннинг бу буюк актёрни тирсаклари, қоринлари, кўкраклари ва думбалари билан туртиб-суртиб ўтишиданоқ “замонларнинг дўниш макрини”  илғаган Омон Матжон айтганича бормикин:

 

Халқми шу, бировнинг ҳақини гизлаб,

беш-ўнни юлишни пойлаб турганлар?

Халқми шу, нуроний сиймолар қолиб,

сохта сумбатларни сийлаб турганлар?

 

Тўртинчи сабоқ: эътибор

 

Агар тинимсиз кузатувчан, кўрган-билганларидаги муҳим, оҳорли, бошқада учрамайдиган жиҳатларни нозик илғаб оладиган режиссёр Олимжон Салимов аввал Фарғонада, кейин Тошкент ва Московда қўйиб довруғ қозонгани – “Темир хотин” трагикомедияси билан “саҳнани ёпганида” бу муваффақиятни недир бир тасодифга, қўли келиб қолганидаги омадга йўйиш мумкин эди балки. Бироқ Олимжон ака ҳаёт бахш этган ўнлаб спектакллар қаршимизда ижодни, мунтазам изланишни, касби йўлида не-не ҳаловатлардан кечишни тақдир деб билган яратувчи шахс турганини бот-бот исботлади.

 

Бу ўринда биргина “Тошкентга саёҳат” комедиясини эслаш кифоядир. Аслида ҳозирча исми номаълум татар муаллифига тегишлилиги тахмин қилинадиган бу пиесани, агар Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий таржимада обдон ўзбекчалаштирган бўлса, Олимжон Салимов саҳнага уни ғирт ўзбекона томоша сифатида олиб чиқа олди. Ахир, масалан, Муҳаммадсолиҳ Юсупов ижросидаги омадсиз сайёҳ – қорни катта Бой отада татарларникига ўхшаш бир тук ҳам  қолмаган, ҳаммаси туркистонча, бари ўзбекча-да!

 

Аслида мана шу мўъжазгина икки ўлмас асар – “Темир хотин” билан “Тошкентга саёҳат” бугунги ўзбек режиссёр ва актёрлари, кийим ва чироқ усталари, гримчи ва саҳна рассомлари, ҳатто монтажчилари – ўзини театр ва кино санъати вакилиман деб юрган кишилар учун мажбурий тасвирий қўлланма, мастер-класс дарси бўлиши керак! Агар бу гапга эътирозлари бўлса, марҳамат, шулар даражасидаги бирор нарса саҳналаштириб, экранлаштириб кўрсатишсин!

 

Режиссёр (Олимжон Салимов) ва актёр (Муҳаммадсолиҳ Юсупов)нинг “ирқи ирқига тушиши”дек муҳим талабнинг ҳосиласи ўлароқ воқе бўлган бу ютуқлар замирида миллатимизнинг асл зиёлиларига хос ризқ излашдаги ҳалоллик, ўзгалар меҳнати ва фикрига виждонли эътибор сингари фазилатлар ҳам барқ уриб турибдики, биз буни қуйидагича далиллаймиз.

 

Кўзингиз тушган бўлса, “Kun.uz” интернет-сайти 2023 йил 27 апрелда “Спектакл тақдиридан доим ҳадикда бўлганмиз” сарлавҳали суҳбат эълон қилди. Унда юқорида эслаганимиз икки спектаклдаги бош роллар ижрочиси Муҳаммадсолиҳ Юсупов, хусусан, Қўчқорвой ролига қандай эришгани ҳақида гапириб берган:

 

“Қўчқорвой ролини менга беришса ўйнаган бўлардим” деган ният туғилди. Лекин роллар бўлинган рўйхатда менинг исм-фамилиям чиқмади. Режиссёримиз Олимжон Салимовга бу ҳақда айтганимда, “Муҳаммадсолиҳ, мен ҳам бу ҳақда ўйлагандим. Аммо драматург Шароф ака бу фикрни маъқулламади. “Мен Қўчқорвойни озғин, қорамтир, эзгин қиёфадаги инсон деб тасаввур қилганман. Муҳаммадсолиҳ семизгина йигит экан, бу ролга тўғри келмайди деб айтди” дея жавоб берди.

 

Шароф ака жойлашган меҳмонхонага (воқеалар Фарғона шаҳрида бўлаяпти – Р. Қ.) ўзим бордим ва шундай дедим: “Шароф ака, ҳамма қўчқорлар ҳам қора, озғин бўлавермайди-ку. Оппоқ, тўла қўчқорни ҳам бошқалар қатори бир синаб кўринг. Агар ёқмаса, шу онда ўзим четга чиқаман”. Шароф ака гапларимга кулиб, розилик берди.

 

Синовлар бошланганда қарасам, Қўчқорвойга беш киши даъвогар, мен энг охиргисиман. Битта-битта репетиция қила бошлашди, ҳаммага биттадан кўриниш беришган. Менга келганда кўрсатиб бердим. Дарров яна бир саҳна кўринишида синаб кўришди. Кейин бошқаларни тўхтатиб, қайта-қайта синай бошлашди. Шунда мендан олдинги даъвогарлар ҳаммасини тушуниб қолишди...

 

Кейинчалик Шароф Бошбеков интервюларидан бирида “Мен Муҳаммадсолиҳ Юсуповни Қўчқорвой ролида умуман тасаввур қила олмагандим. Аммо спектакл саҳна юзини кўргандан кейин ундан бошқа Қўчқорвойни тасаввур қила олмай қолдим” деганди”.

 

Энди айтинг: бу ҳолатлардаги ҳам драматург, ҳам режиссёр ва актёр сажиясидаги асари, ижоди тақдирига масъуллик, ҳар бирининг ўзи ҳамда бошқалар ҳуқуқи, фикрига кўрсатган ҳурмати ва эътибори, бирининг бошқасига бўлган ҳалол эътирофи-ю эъзозини кўрмаслик, улардан сабоқ олмаслик мумкинми?

 

Таассуфки, мумкин экан!

 

Бешинчи сабоқ: эътимодсизлик

 

Суҳбатимиз бошида эслаганимиз – Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом”, “Юлдузлар мангу ёнади” сингари қиссалари яратилган йиллари адабиёт ва санъатнинг турли йўналиш ва жанрларида халқ дардини кўтарган юзлаб, минглаб чиқишлар кузатилган эди. Бироқ уларнинг жуда кўпчилиги санъатга – абадиятга бўйлаша олмагани туфайли даврлар элагидан тушиб, йўқликка сингиб кетишди. Улар қисматидаги бу ёзиқ ўзларида айнан миллий руҳ инкишофи – кашфини мужассам эта олмагани билан изоҳланса, бизнингча, тўғри бўлади. Чунки адабиёт ва санъатнинг кучли ижтимоий-сиёсий муаммоларни кўтариб чиқиш ҳуқуқи уларни бошқа бирор соҳа кишилари қила олмайдиган йўсинда – айнан миллий бадиий бўёқлар, оҳорли топилмалар, бетакрор тил, миллий характерлар орқали амалга ошириш мажбуриятини ҳеч қачон бекор қилмайди. Зеро, бобо Аристотел ўзининг “Поэтика” китобида айтиб қўйганидек, мабодо Эмпедоклнинг (даврининг машҳур табиатшунос олими – Р. Қ.) Табиат ҳақида” деган рисоласи шеърий йўл билан ёзилган тақдирда ҳам, у барибир илмий ишлигича, муаллифи эса шоир аталмай, табиатшунослигича қолаверади.

 

Даврлар синовига дош берган асарлар қаторида эса, шубҳасиз, истеъдодли адиб Қамчибек Кенжанинг ўнлаб ҳикоя ва қиссалари, айниқса, “Балиқ ови”, “Яшил барг” каби соф миллий ҳикоялари ёдга олиниши лозим. Чунки бу сингари асарлар эълони фақат адабиёт ихлосмандлари, халқнинг зиёли қатлами эътиборини эмас, балки миллионли халқнинг ўз тақдирига бефарқ бўлмаган аксарият вакиллари диққатини тортган, миллатни ўзи тушиб қолган ҳалокатли аҳволга тик қарашга ўргатган эди. Бу асарлар босилган газета-журналлар эрта тонгдан талаш бўлиб кетар, уларга етолмай қолганлар ўқиб бўлганлардан сўраб юришарди.

 

Яқинда телеканалларнинг бирини очиб, жуда таниш эпизодлар бор бадиий филм намойиши устидан чиқиб қолдим. Афсуски, филм қисқа метражли экан, тез якунига етди, охиридаги ёзувларини ҳам ўқий олмай қолдим. Аввалига роса суюндим, ёш режиссёрлардан бирортаси Қамчибек Кенжанинг “Балиқ ови” ҳикоясини филм қилибди-да деб. Таниш киношунослардан илтимос қилиб филмни топтирдим ва катта ҳафсала билан кўришга ўтирдим.

 

Афсуски, филм аввалидаги титрларда ўтган имловий хатоларга ҳам; қаҳрамонлар ижроси ҳамда тилидаги (ҳикояга ёт!) жўнлик ва хитобларидаги сунъийликка ҳам, боласининг азасини тутаётган ўзбек онаси бошига ёпиб қўйилган, на ўзбекча рўмоллигини, на америка ҳиндулариникидек ёпинчиқлигини билиб бўлмайдиган матога ва яна бошқа кўплаб камчиликларга ҳам чидаш мумкин эди-ю, бироқ филмнинг бошида ҳам, охирида ҳам ҳикоя муаллифининг исми-шарифи эсланмаганига асло чидаб бўлмасди. 14 минутлик бу томошада унинг режиссёри – Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти 2-босқич “Кино, телевидение ва радио режиссёрлиги” гуруҳи талабасининг муборак исм-фамилияси бир эмас, уч марта ёзилгани ҳолда  асарнинг чин эгаси исми, ҳеч қурса майда ҳарфларда бўлса ҳам эслаб қўйишга лойиқ топилмаганди. Ҳикоя муаллифи ўрнига яна бир эмас, икки нафар “сценарий муаллифи” ҳам ўз исм-фамилиясини ёздирган! Улар бу томоша тўлиқ ўзларига тегишли эканини охиригача расмийлаштириш учун филмга “Меҳмон” деб “оригинал” ном ҳам қўйишган.

 

Ҳолбуки, ёзувчи Қамчибек Кенжа “Балиқ ови” ҳикоясини яратиб, минг бир ҳаракат билан чоп эттириб, асар чиққанидан кейин не-не “катталар”дан гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона дакки, дўқ эшитиб юрган пайтлари бу укаларимиз ҳали туғилишмаган ҳам эди...

 

Хўп, булар-ку ёшлик қилишибди, билишмагандир, эътибор беришмагандир деб ўзимизни алдаб турайлик-да, бу курс ишини кўриб қабул қилиб олган, унга ижобий баҳо қўйган ва бу билан унинг ҳатто республика телевидениесидаги намойишига ҳам йўл очган устозлар, имтиҳон масъулларига юзланайлик. Наҳотки, улардан бирортаси филм учун асос бўлган асар муаллифининг ҳуқуқлари кўз олдида поймол қилинаётгани, ўзлари ишлайдиган муассасада талабаларга муаллифлик ҳуқуқи бўйича алоҳида дарслар ўтилишини билишмаса? (Журналхонларимиз орасида эса “Домла, намунча соддасиз, ахир улар Қамчибек Кенжанинг ҳикояларини ўқиганми-йўқлигини, умуман, шунақа ёзувчи борлигини билишадими-йўқми, аввал шуни сўранг!” деётганларни ҳам эшитиб тургандаймиз, албатта.)

 

Нима деймиз: бугунги, булар сингари “устозу шогирдлар” учун ўзбек адабиёти ташландиқ боғ, эгасиз чорвоқ бўлиб қолдими? Хоҳлаган жойидан кириб, топганки нарса билан қўни-қўнжини тўлдириб чиқиб, истаган бозорига олиб бориб сотаверишадими? Бунинг ҳам номи санъат, шу ишлар ҳам маданият, мана шу амалларга ўргатиладиган жойлар олий ўқув юрти саналадими?

 

Халқимиз, миллатимиз азалдан шунақа эдими? Булар ҳам энди миллийлик, миллий характер ва миллий менталитет унсурларига айландими ё?

 

...Ёдингиздами, Иззат Султон ва Уйғун қаламига мансуб “Алишер Навоий” спектаклининг бир саҳнасида Навоийни заҳарлаб ўлдириш учун Астрободга келган Мансурга – ўз миллатдоши, тилдоши ва диндошига қарата мутафаккир бобомиз тагдор қилиб “Вазифанг оғир, Мансур!” деб қўяди...

 

Бугунги адабиётимиз, санъатимиз, умуман, миллий маданиятимизда кечаётган жараёнларга боқар эканман, негадир қулоғим остида ҳазратнинг шу хитоби такрор-такрор янграйверади. Ҳазрат-ку, беқиёс закий зот эканлиги туфайли бўлғуси хавфни олдиндан сезади, ҳис қилади.

 

Биз-чи? Мансурларни, уларнинг ёвуз ниятларини, суҳбатимиз давомида айримларини эслаганимиз кирдикорларини ҳали ҳам сезмаяпмизми?!

 

Раҳмон ҚЎЧҚОР

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 3-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 21
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10768
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//