Коинотнинг энг «мукаммал харитаси»: олимлар космоснинг уч ўлчамли атласини яратмоқда


Сақлаш
09:43 / 17.10.2024 42 0

Европа фазо агентлиги олимлари «Эвклид» космик телескопидан фойдаланган ҳолда ушбу телескоп туширган суратлардан коинот харитасини йиғишни бошлади.

 

260 та тасвирдан мозаика шаклида йиғилган хаританинг биринчи қисми 14 миллиондан ортиқ галактикаларни қамраб олади. Аммо бу кўлам олимлар чизиши керак бўлган коинот харитасининг атиги 1 фоизини ташкил қилади.

 

 

Европа фазо агентлиги томонидан НАСА билан ҳамкорликда 2023 йилда старт берилган «Эвклид» миссияси ўша йилнинг ноябрида ва 2024 йилнинг май ойида ўзининг илк суратларини Ерга юборди.

 

«Эвклид» миссиясининг мақсади коинотнинг вақт ва макон бўйича уч ўлчамли харитасини яратиш, космос эволюциясини тушунишга ҳаракат қилиш ҳамда коинот массасининг 95 фоизини ташкил қилувчи қора энергия ва қора материя сирини аниқлашдир.

 

«Кўлам мутлақо ноаниқ», деди ЙФА илмий директори Керол Мунделл Италияда бўлиб ўтган Халқаро Астронавтика Конгресси йиғилиши чоғида. Унинг сўзларига кўра, тасвирларни тўлиқ аниқликда (208 гигапиксел) тақдим этиш учун 16 мингдан ортиқ 4К телевизори керак бўлади.

 

Олимлар «Эвклид» ёрдамида коинотнинг энг катта ва энг аниқ харитасини яратишни мақсад қилган. Тадқиқотнинг биринчи босқичи апрель ойида бўлиб ўтди. Ўшанда телескоп икки ҳафта давомида жанубий осмоннинг тўлин Ойдан 500 баравар катта ҳудудини суратга олди.

 

 

«Расмдаги кўк чизиқ – Сомон йўлидаги чанг ва газдир», деган Мунделл. Унинг айтишича, тасвирни катталаштириш орқали юзлаб миллион ёруғлик йили узоқликдаги ҳаракатдаги галактикаларни кўриш мумкин. Уларнинг баъзиларининг марказларида супермассали қора туйнуклар мавжуд бўлиб, улар Ердаги қурилмалар ёрдамида аниқлаш мумкин бўлган гравитацион тўлқинлар чиқаради.

 

Келгуси олти йил ичида телескоп автоном режимда тунги осмоннинг учдан бир қисмини сканерлайди. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, якуний харитада ёши 10 миллиард йилгача бўлган 8 миллиардга яқин галактикани кўриш мумкин бўлади.

 

 

Галактикалар кластерлари ва тортишиш кучи ёруғликни қандай эгиши каби бошқа ҳодисаларни кузатиш орқали Эвклид «космик тўр» ни – материянинг фазо ва вақтда тақсимланишини ўрганади.

 

«Қора энергия ва қора материя галактика кластерлари орасидаги бўшлиқларнинг пайдо бўлишига таъсир қилар экан, бу бўшлиқларни ўлчаш бизга уларнинг табиатини тушунишга ёрдам беради», деган ЙФА вакили Валерия Петторино.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//