“Тилимиздаги янглишлиқлар адабиётимизни сустлатган каби, маданиятимизнинг юксалишига ҳам тўсиқ бўладир” – Элбекнинг 100 йил олдинги оғриғи


Сақлаш
20:26 / 16.10.2024 140 0

Бу йил ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 35 йил тўлади. Улкан империя, салтанатларнинг давлат тили бўлиб келган ўзбек тили, шубҳасиз, миллатимизнинг ғурури ва ифтихоридир. Адабиётшунос олим Улуғбек Ҳамдам таърифлаганидек, ўзбек тили – бу миллатимизнинг маънавий паспортидир.

 

Минг афсуски, Туркистон замини ХIХ аср охири ХХ аср бошларида дастлаб Чор империяси, сўнг Совет болшевиклари томонидан икки маротаба забт этилгач, миллий тилимизга нисбатан шовинистик сиёсати олиб борилди.

 

Тилнинг мавжудлиги миллатнинг мавжудлиги эканини теран англаган жадидлар, хусусан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Хожи Муъин, Ғозий Юнус, Ашурали Зоҳирий кабилар юритилаётган бадбин сиёсатга қарши ўзбек тилининг туркий тиллар оиласига мансуб бой тил эканини, замонавий илм-фанда ҳам уни бемалол амалиётда қўллаш мумкинлигини баралла айтиб чиқдилар, амалда исботлаб бердилар. Миллий тилни ҳимоя қилган жадидларимиз ичида Элбек ҳам (Машриқ Юнусов (1898–1942) алоҳида ажралиб туради.

 

Айниқса, Элбек илмий меросига оид “Туркистон” газетасининг 1924-йил 14, 17, 21, 24, 26 ва 29-сонларида эълон қилинган “Тилимиздаги янглишлиқлар” номли туркум мақолалар унинг ўзбек тили хусусиятларини чуқур тушунадиган, миллий тил учун астойдил жон куйдирадиган чинакам зиёли эканини кўрсатади.

 

Элбекнинг ушбу туркум мақолалари ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 35 йил тўлиши муносабати билан нашрга тайёрланиб, илк бор бугунги кун ўқувчилари эътиборига ҳавола этилмоқда.

 

 

Тилимиздаги янглишлиқлар I

 

Узоқ бошланғич билан сўз бошласак, асл масала қолиб кетадир: бутунлай асл масаланинг ўзидан бошлаб юборсак, масала туманли каби кўриниб қоладир. Бас, шунинг учун ҳам баҳс этмакчи бўлғон масаламизга қисқағина бошланғич қўшиб ўтамиз.

 

Бизнинг бу ерда ёзадурғон нарсамиз, ўз тилимизнинг янглиш ишлатилиш натижасида бузулғонлиғи ва шу бузуқлиқлар орасида калималарнинг[1] кўп ўринда тегишсиз[2] ўринларға ишлатилиши ёзилиш тўғрисидадир.

 

Матбуот бетида чиқмоқда бўлғон ҳар бир нарсага бир турли қараш келгусиданми экан, билмайман, бугун кўп-кўп жиддий мақолалар ҳам оддий-жўн хабарлар каби бир ўқилиб ташланмоқдалар. Тўғриси сўнградан баҳ жадал бўлмай қўлмоқдадир.

 

Биз, бунга мисолни кўрибгина олмасдан биттагинасини олиб кўрсатамиз. Ўтган ойларнинг бирида умидли “Фарғона” газетасида “Ўзбакми, ўзбекми?” деган бир масала қўзғолди. Бунга қараб жим туриш тўғри келмаганидан (кўп илм сотиб ўлтурмасдан) қисқағина қилиб “Ўзбак эмас, ўзбек” деган мақола ёзиб ўтган эдик. Билмадик, бунга қарши бир сўз айтилмаган ҳолда яна “ўзбак” сувратида ёзилмоқда.

 

Энди биз ўзимизнинг асли бошламоқчи бўлғон масаламизга келсак, бу ҳам шул юқоридағи “Ўзбакми, ўзбекми?” деган масалалар қаторидағи бир масала устидадир.

 

Бу кун тилимизнинг ишлатилишидаги янглишлиқ, имломиздағи бузуқлиқдан ҳам ортиқроқдир. Мана бул янглишлиқларни тузатиш масаласида ўзбек газеталарининг бирлашишлари тегишдир[3].

 

Бу кун ҳар бир кимсанинг “Ўзим биларман!” деган “ўзбилармонлиги” янги туғилмоқда бўлғон ёш адабиётимизни ҳейли[4] сустлатган каби, маданиятимизнинг юксалиши ва ўсишига ҳам анча тўсиқ бўладир.

 

Биз мана шул юқоридағи ишлаган хато-янглишлиқларимизни кўзда тутиб масалага жиддий қараб, масалани кўрган чоқда унинг янглиш ўрунларин кўрсатишга, янглиш ўрунлари топилмағонда уни шул кундан бошлаб ишга ошира боришға киришмагимиз зарур ва фарздир.

 

Мана энди бизнинг масаламиз бошланди, қани, айтатурғонингизни айтиб қолинг!

 

1 – Ила, билан: мен бунинг “илан”, “бирлан”ларини олмайман. Чунки, “бирлан”лар бу кун матбуотимиздан чиққон сўзлар ва бунинг устига, булар, шул икки сўзимизнинг ишлатилиши сўнгғида ўзгаргандир.

 

Бу кун биз бир жумла ёзғудай бўлсак, шул икки сўзнинг қайси бири тўғри келса, шуни ёзаверамиз. Ҳолбуки, “билан” калимасининг берган маъноси “ила” калимасининг берган маъносига тўғри келмайдир. “Ила” ҳам биргаликни, йўлдошлиқни билдирган ҳолда, “билан” воситалиқни яни бир ишни шунинг орқали ишланганини билдирадир.

 

Мисол: “Қалам билан ёзув ёздим”, “Қошиқ ила ош едим” десак ёзувни қалам ила одам бирга ёзғон ва ошни қошиқ ила киши бирга еган бўлиб чиқадир.

(Битмади)

 

ЭЛБЕК

 

“Туркистон” газетаси. 1924 йил 14 октябрь.

 

 

Тилимиздаги янглишлиқлар II

 

Келайлик энди “лиқ”, “лик” масаласига. Бу тўғрида ҳам шул юқорида ёзилғон “ила”, “билан” масаласидаги ҳолни нақ ўзини кўрамиз. Матбуотимизда ҳам бутунлай деярли бу “ёлғов”[5] сўзи бўлғон “лиқ”, “лик” ясама сифатларда ҳам айни шул ясама сифат белгиси бўлғон “ли” ёлғовининг ўрниға ишлатиладир. Демак, бунинг билан биз, ясама сифатларни-да масдар[6] отлари ҳолиға айлантириб иккисини бир тусда ёзаверамиз.

 

Мисол: кўз, шаҳар бирор исмдир, буни сифат ҳолиға айлантирмак, яъни бир кишининг сифати қилмоқ учун буларнинг кетига “ли” ёлғовини қўшиб “кўзли”, “шаҳарли” дейиш ўрниға, “кўзлик”, “шаҳарлик” деб уни бутунлай бошқа бир тусға солиб юборамиз. Тўғриси, уларни ясама сифатликдан чиқарамиз.

 

Ҳолбуки, бу “лиқ” ёхуд “лик”лар кўп вақт исмнинг кетига келиб уни сифат ясатиш эмас, балким сифатларнинг кетларига келиб уларни масдарга айлантириб юборадир.

 

Мисол: ёмон, яхши, кўк. Булар ҳар бири бир кимса ва ё бир нарсанинг ҳолини ёхуд тусини билдирган (билдириш – М.Алижонов) баробарида, буларнинг кетига “лиқ” ёхуд “лик” ёлғовини ёлғасақ “ёмонлиқ”, “яхшилиқ” “кўклик” бўлиб бирор масдарга, яъни иш отиға айланадирлар.

 

Ба, энди бизга “лиқ”, “лик” ва “ли” ёлғовларининг бир-бирига бўлғон орадағи айирмасини айришға ва ҳар бирини ўз ўрниға ишлатишга вақт етган бўлса керак!

 

Бизнинг бу кунгача ёзилиб келмакда бўлғон китобларимиз ва босма сўзларимиз шояд бундан сўнг шул масалага ичикиб қарорлар ва шундай масалаларни қўлдан келган қадар тузата борарлар.

(Битмади)

 

ЭЛБЕК

 

“Туркистон” газетаси. 1924 йил 17 октябрь.

 

 

Тилимиздаги янглишлиқлар III

 

Энди “турғон” сўзига келайлик. Бу сўз кўп вақт ўзидан илгариги сўзга қўшилиб қўшма феъл ясайдир. Мисол: келатурғон, ўқийтурғон, ёзатурғон каби буларнинг ҳар бири икки феълдан ясалғон ҳолда иккиси қўшилиб бир маъно берадир. Шунинг учун бундай феълга қўшма феъл деб айтилар.

 

Биз энди шул қўшма феълдаги келган сўнгғи сўзимиз яъни “турғон” сўзини текширайлик!

 

Бу кун бир қанча кишиларимиз бизни “дурғон”, “дирган” сувратида ёзиб турадирлар. Ҳатто матбуотимиз ҳам шундайин сўз билан ёзила бошлади. Ҳолбуким, бу тўғри эмасдир. Бизнингча бу сўзнинг “турғон” равишида ёзилиши керак, қалин сўзда “дирғон”, ингичка сўзда “дирган” сувратида ёзғонларидай буни қалинда – “турғон”, ингичкада “турган”да ёзилмас.

 

Бу кун барча турк тилларида учрайтурғон қўшма сўзлар ҳар вақт ўз ҳолича ёзилиб бориладир. Олдинғи сўзга кейинги сўз қалинлиқ ва ингичкаликда эргашмас. Иккинчидан бу “турғон” сўзи “турмоқ” сўзидан олинғон бир сўздир. Зотида қалинлиқ бор бўлғонлиқдан буни “турган” ёзиш ҳам янглишдир. Нетайким халқимиз ҳам боласи турмағон чоқда “турган” деб эмас, балки “турғон” ёҳуд “турғун” деб от қўядир.

 

Қозоқлар бундай феълларда биздаги “турғон” сўзи ўрниға “жотир”, “жотқон” сўзини ишлатадирлар. Яни: “келажотқон”, “келажотир”, деб айтадирлар.

 

Бас, бизнинг бу ердаги “дирғон”, “дирган” сўзимиз ҳеч бир сувратларда тўғри эмас. Ҳатто маъноси ҳам йўқ. Нега десангиз, биринчи бу “дир” қўшимчасиға “ғон” ёxуд “ган” қўшилиб ясалғон сўз эса бу янглишдир, чунки “дир” қўшимчасиға “ғон”, “ган қўшиб бир сўз ясаш тўғри эмас. Энди “дирғон”, “дирган” равишида бизда бир сўз бор эса мен бундай сўзни ҳали эшитганим йўқ!

 

Қисқаси матбуотимиздаги бу “турғон”, “дирғон” ёxуд “турган”, “дирган” масаласи янглиш қўллашимизнинг натижасидан келган бир нарсадир. “Дирғон”, “дирган”, “турган” сўзлари бизда йўқдир. Буларни қўшма феъл ҳукмида уритиш бўлмайдир.

 

Бизча (бизнингча – М.Алижонов) бунинг тўғриси ва мувофиқи ҳатто халқимизнинг 70 фоизи айтатурғони мана шул “турмоқ” маъносидан олинғон “турғон” сўзини ишлатадир.

 

Демак, бизнингда айта ва ёзатурғон сўзимиз шулдир. “Келадирган” ва “ёзадирғон” равишида ёзиш эмасдир.

(Битмади)

 

ЭЛБЕК

 

“Туркистон” газетаси. 1924 йил 21 октябрь.

 

 

Тилимиздаги янглишлиқлар IV

 

Энди “қаттиқ”, “ярим” каби сўзларга келамиз. Мана бундай сўзлар тўғрисида газета ва китобларимизда жуда кўп янглишлиқлар ёзилиб турмоқда. Сўзларни тубан[7] текширмасдан бир қанча хатолиқлар ишланмакда эмиш, халқ шундай дер эмиш! Тузук, халқ шундай деб айтсун, бироқ, бутун эрк халқнинг ўзига ҳам берилиши керак эмас, халқ сўзлаган тилни маълум бир қоида остиға олиб, уни бузилишдан сақлаш учун чоралар излаш ҳам керак.

 

Бу кун бошқа ёқларни унча билмасамда Тошкентнинг ўзидаги тилчиларнинг тилнинг хусусиятига қарашлари турличадир. Жумладан, шундай тилчилардан бир қанчалари ишлатилганча ёзмоқ бўлиб, ўзларича янглиш бир йўлға кириб кетганликларини ҳам сезмай қолмоқдалар.

 

Масалан, “қаттиқ”, “ярим” каби қалин уст билан ёзилғувчи сўзлар тўғрисида улар Тошкентнинг шеваси билан ўлчаб қаттиқ, ярим шаклида ёзмоқни севадирлар. Буларнинг бу фикрларига “юритма профессорларимиз” ҳам аралашмасдан қолмайдирлар. Улар ҳам бу тўғрида улуғ[8] нарса кашф этган кишилардай ҳовриқиб[9] турли ёққа чопишмоқдалар.

 

Мен билмайман, бу қандай сўз экан, ўзларича “тошкентский диалект” дейишиб қичқирмоқдалар. Бизнингча истар (хоҳ) тил профессорлари ва истар сўзларнинг тубан текширмай ишлатилганича ёзамиз деб юргувчилар англасинларким, “қаттиқ” (قاتتق), “ярим” (یارم) каби сўзлар “қаттиқ” (قه تتق), “ярим” (یه رم) шаклида ҳеч вақтда ёзилиши тузук ва тўғри эмасдир.

 

Чунки, “қаттиқ” (قاتتق) сўзи “қотмоқ” (قاتماق) масдаридан ва “ярим” (یارم) сўзи эса “ярмоқ” (یارماق) масдаридан олинғон сўзлардир. Тилимизда бундай ясалғон сўзлар жуда кўпдир, истасангиз тилимизнинг 50 фоизи бунга мисол бўла оладир.

 

Бас, бу ерда “қотмоқ”дан (قاتماق) олинғон “қаттиқ” (قه تتق) сўзини ёxуд “ярмоқ”дан (یارماق) олинғон “ярим” (یارم) сўзини “қаттиқ” (قه تتق), “ярим” (یه رم) деб ёзиш ва айтиш сира ярамайдир. Зеро, бу вақтда буларнинг масдарлари “қотмоқ” (قه تمه ق), “ярмоқ” (یه رمه ق) бўлиши тегишдир. Ҳолбуким, бизда бундай сўзлагувчилар жуда оз ва балким йўқ деярликдир.

 

Шунинг учун биз бу ерда бир сўзни ёзишда ишлатилиши кўзда тутилғон билан бирга асли ҳолларин текшириш ҳам керак, деймиз. Қайси бир акаларча “қори” (قاری) ёзғонда Қуръон ўқиғувчи қори маъносида бўлиб қоладир деб муғалат қилиш тилимизнинг хусусиятига катта зарба беришдир.

 

“Қори” (قاری) Қуръон ўқиғувчи қори маъносида келар экан, келаверсун, ундан бизга зарар йўқ, бундай ўхшама сўзларимиз ҳам тўлиб ётадир. Бирта (битта – М.Алижонов) “ўт” сўзининг ўзи тўрт маънода келадир. Мисол:

 

1)                Ариқ бўйида ўт;

2)                Бунинг гуноҳидан ўт!

3)                Дорихонага ўт кетди.

4)                Турсуннинг ўти ёрилди.

 

Кўрасизми бу сўзларним, нима қилмоқ керак, ҳар бирига айрича белгилар қўйиш керакми ёхуд бошқа бирор чораси борми?

(Битмади)

 

ЭЛБЕК

 

“Туркистон” газетаси. 1924 йил 24 октябрь.

 

 

Тилимиздаги янглишлиқлар V

 

“Т”, “Д” ҳарфлари қотишғон сўзлар тўғрисида. Бу кун тилимиздаги энг чувалчиқ (чигал, мураккаб – М.Алижонов) масалалардан бири мана шул “Т” (ت), “Д” (د) ҳарфлари қатнашғон калималардаги “Т”, “Д”ларнинг бир-бирининг ўрниға алмашиниб ўқулишларидир.

 

Бу кун тилимизда мана шул масала ҳам катта роль ўйнарлиқ бир масала саналадир. Мисол: Товуш (довуш), топқир (допқир), тала (дала), тенгиз (денгиз) каби кўп сўзларда “Т”, “Д” ҳарфлари алмашиниб айтилаверадир. Бундай ишлатиш маҳаллий айрилишлар билан бўлмай бир шаҳарнинг ўзида ҳам икки турли айтиладир. Мисол учун Тошкентни олсақ, Тошкентда қайси чоқда “товуш” ва қайси чоқда “довуш” деб айтадирлар.

 

Бу “Т”, “Д” ҳарфларининг бир-бирининг ўрниға келишлари туб сўзларда, яъни аслий калимадагинадир. Энди биз туб феълларнинг сўнггиға қўшилиб замон ўзгаришлари ясайтурғон қўшимчаларға келсак, бунда яна иш бошқача бўлиб қоладир.

 

Мисол учун ўтмиш замон феълининг бўлишлиғини олсақ, бунда тилнинг табиий оҳангги билан бир қанча ҳарф сўнгғида “д”нинг “т” бўлиб ишлатилиши англашиладир. Мисол: “келди”, “қочти”, “берди”, “отти” каби.

 

Мана биз бундай сўзларнинг сўнгғидағи “т” қай вақтда “д” ишлатилишига қарамасдан барчасини-да “д” ҳарфи билан “келди” ва “кетди” сувратида ёзиб келамиз. Аммо туб калималарда учрайтурғон “т”, “д”ларни кўп вақт алмаштириб айтаверамиз.

 

Бас, энди мана шундай сўзларни айтилиш ҳолатларига қараб текшириш ва ёзиш тўғри келадир. Менингча, бул ўриндағи “топқир”, “довуш” сўзларини “допқир”, “довуш” сувратида ёзиб иккиланиб ўлтурмасдан тўғридан тўғри “т” билан “товуш”, “топқир” сувратида ёзиш тегишдир. Чунки бизда “д” ҳарфи билан сўз айтишдан кўра “т” билан сўз айтиш кўпракдир. Бу кун усмонли шевасида ҳам биздаги “т” ҳарфи билан айтилатурғон сўзлардир. Кўп чоқда “д” билан айтиладир.

 

Мисол: бизча тоғ, тош, томар каби сўзлар доғ, дош, домар сувратида “д” билан ёзиладир ва айтиладир. Аммо энди аслий калима яни туб сўзга эргашган қўшимчалардағи “т”, “д” ҳарфлари тўғрисиға келсак, бунда эски чиғатойчада бир қанча ҳарфлардан сўнг “т”, бир қанча ҳарфлардан сўнг “д” ишлатиладир. Биз бу тўғрида қоидани енгилрак оламиз деган ниятда “т” ишлатилатурғон ўрунларда ҳам “д” ишлатиб келдик. Мисол: “отти” сўзини “отди” ёзғонимиз каби.

 

Ҳолбуким “оқди” сўзини “отди” каби калималарнинг ёзилиш истаги “д” ва “т” биландир. Буларни “оқитди”, “отти” сувратида ёзиш керак бўладир.

 

Чунки “борди” дегандаги “д” ҳарфи истаги ўзидан сўнг “т” ҳарфини эмас, балки “д” ҳарфини истайдир. Бунга “т” келтириб “бортий” деб ўқиш ва айтиш оғирдир. Шунинг каби “отти”, “оқти” калималардаги “қ”, “т” каби ҳарфлар ўзидан сўнг “д” эмас “т” ҳарфининг келишини истайдир.

 

Бас, энди бизга буларни-да айириб ёзишға вақт етган кўринадир.

(Битмади)

 

ЭЛБЕК

 

“Туркистон” газетаси. 1924 йил 26 октябрь.

 

 

Тилимиздаги янглишлиқлар VI

 

Энди тилимиздаги имлоқ сўзларининг феъл ясалиш тўғрилариға келамиз.

 

Тилимиздаги кўп сўзлар ишлатилишларига қараб ясалғон ва олинғон сўзлар бўладир. Буларнинг кейинларига белгилар – қўшимчалар қўшмағон чоқда ёлғиз ишлатилиш чоғидағи кишига берган сезгисига маъноси англанадир. Мисол: тақ, шақ-шақ, қарс каби.

 

Мана бу калималарнинг ҳар бири ишлатилган бир товушларғина бўлиб маъноси ҳам шул ишлатилган чоқда берилган сезгига қараб англашилғон бир маънолардир. Нетаким, тоқ, қарс этганда милтиқ каби бир нарсанинг отилғонини ва ё тош каби бир нарсанинг бошқа қаттиқ нарсанинг устига келиб тушганини англаймиз. Ҳолбуким, бу калималарнинг бирортаси замонни англатмайдир.

 

Яъни маъни (маъно – М.Алижонов) англатғон билан шул ишларнинг қай чоқда бўлғонлиғини кўрсатмайдир. Бунинг бундай калималарга “мубҳам”[10] калималар деб қарамоқ мумкиндир.

 

Энди мана шил мубҳам калималарнинг қайси бирини бўлса-да замон, англашиладурғон бир ҳолға қўймоқчи бўлсақ, буларнинг кетларига “р” (ر), “л” (له), “ла” (لا) белгиларини орттириб буйруқ феъли ясайдирмизда, сўнгра ул феълларнинг кетларига истаган замонимизнинг белгиларин келтириб маъни бердира оламиз. Мисол: тақ – тақирла, шақ – шақирла каби.

 

Буларнинг энди сийғаларига бўлиб сарф қилиб чиқмоқ қулайдир. Энди бизнинг бу ердаги айтмакчи бўлғон фикримиз мана шул ва имлоқлардан феъл ясаш чоғидағи янглишлиқ устидадир. Бизда кўпинча бундай сўзлардан феъл ясалғонда имлоқнинг кетига келтириладурғон “р” ҳарфининг ўрниға “л” ҳарфини келтириб “тиқирла” сўзининг ўрниға “тиқилла” ҳолида бир сўз келтириб қўядирлар.

 

Мана бу, биздаги янглиш ишлатилгувси сўзларнинг сонини орттиришға яна бир кўмакчи бўладир. Буларнинг тузук ёзилишлари учун имлоқ калимасининг сўнггиға “л” эмас, “р” ҳарфини келтириш керакдир.

 

“Эшик тақирлади, қурвақа вақирлади”. Буларни “Эшик тақиллади, қурвақа вақиллади”, дез ёзиш янглишдир.

 

Бундан бошқа яна ёзилмоғи керак бўлғон жуда кўп янглишлиқлар бўлса-да, буларнинг кўплари жузъий янглишлиқлар бўлғонлиқдан ва қайсилари имлоға оид бўлғонлиқдан бу ерда айтилиб ўтилмади.

 

Шунинг билан бирга “нинг”, “ни” масаласи ҳам бу ўринда айтилмай қолди. Чунким, бу янглишлиқ матбуот бетида оз кўриниб ва кундан кун битиб борадир.

 

Бундан ташқари истак феълидаги “лиқ”, “лик”лар, яъни “келайликми” (کیله یلکمی), “келайикми” (کیله یکمی) тўғрисидағи масалаларни ҳам сўнгға қолдирдиқ. Гали билан у масала устида яхшиғина баҳс очармиз.

(Битди)

 

ЭЛБЕК

 

“Туркистон” газетаси. 1924-йил 29-октябр.

 

Нашрга тайёрловчи: Муслимбек АЛИЖОНОВ,

 Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети катта ўқитувчиси,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори



[1] Калима – сўз.

[2] Тегишсиз – кераксиз.

[3] Тегиш – лозим, керак.

[4] Ҳейли – бироз, озгина.

[5] Ёлғов – қўшимча.

[6] Масдар – арабча манба, келиб чиқиш. Феълнинг араб тилига хос инфинитив шакли. Бирор нарсанинг содир бўлиш, келиб чиқиш ўрни, бошланиши, боши.

[7] Тубан – бу ўринда “чуқур” маъносида.

[8] Улуғ – бу ўринда “катта”, “улкан” маъноларида.

[9] Ҳовриқиб – ҳовлиқиб.

[10] Мубҳам – яширин, ноаниқ.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 42
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10396
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//