Глобал руҳий стресс оддий воқеликка айланди


Сақлаш
15:45 / 15.10.2024 132 0

Инсон ким ўзи? У не сир-синоат?

 

Бир қарашда инсоннинг кимлиги аксиомадек аниқ, бу ҳақда бош қотириш кўп ҳам шарт эмасдек. Бироқ бу савол пайдо бўлибдики, унга ҳанузгача тўлиқ жавоб берилмаган, кейин ҳам берилмаса керак. Инсоннинг сувратию сийрати, ташқию ички дунёси, шаклию моҳияти ўртасидаги нисбатни олайлик. Бу хусусда барча фан соҳаларида – тиббиётдан физиологиягача, тарихдан филологиягача кўп-кўп илмий фикрлар билдирилган, жилд-жилд китоблар ёзилган, ёзилмоқда. Сўнгги йилларда фалсафий антропология каби жадал ривожланаётган фан тармоғи ҳам пайдо бўлди. Ҳаммаси дуруст. Демак, инсон ҳақидаги билимларимиз чуқурлашмоқда. Эътиборга молик асосли фикрлар талайгина. Аммо улар шунчалик сочилиб кетганки, тизимлаштириш ўта мушкул. Баъзан фактлардан кўра илмий гипотеза изланувчилар жонига ора кириши ҳам бор гап.

 

Одамзодга Ер куррасидан бошқа қўнимгоҳ йўқ. Не тонгки, инсон буни билатуриб ҳам, ошёни ва ўзини асраш ҳақида бош қотирмайди. Башар фарзандининг онг-тафаккури ҳамда фаолиятида ақлдан кўра ҳис-ҳаяжонга таяниш, енгил-елпи йўл излаш, ўзини уринтирмаслик кайфияти устувор. Бу йўл наинки номақбул, балки ҳалокатли эканини одамлар ҳар доим ҳам англамайди. Акс ҳолда, бундан икки минг йил аввал юнон-рим мутафаккири Луций Сенека фарзанди Луцилийга насиҳатида шунчаки ўзгалар босиб ўтган йўлдан эмас, балки ҳаёт учун шарт бўлган йўлдан юришни эслатмаган бўлур эди (Луций Анней Сенека. Нравственные письма к Луцилию. Москва, “АСТ”, 2012. Стр. 448).

 

Одамзод ўз ўзанидан четлашиш, ато этилган илоҳийлигига нисбатан беписандлик бошига абадий сарсон-саргардонликлар ёғдиришини билатуриб билмасликка олмоқда. Комиллик сари интилишни ихтиёр этмоғи учун бугун у қандай йўл танлаши керак? Бундай имкониятнинг ўзи мавжудми?

 

Бундай қараганда, инсондан донороқ, юксакроқ бошқа мавжудот ҳам, у ақл-заковати ила ҳал қилолмайдиган муаммо ҳам йўқдек. У имконсизликни имконга, иложсизликни иложга айлантириши мумкин. Башарият ҳаётининг бардавомлиги учун жавобгарлик инсоннинг ўз зиммасида. Аммо у йўл қўяётган жиддий хатолар, қусурлар одамнинг беназирлиги ҳақида айтилган фикрлар асоссиз экан-да қабилидаги иштибоҳни уйғотади. Аслида, бурч ва вазифа ўртасида улкан жарлик вужудга келган. Одамзод умумбашарий вазифасини ва ўз олдидаги бурчини, жиллақурса, ярим-ёрти бўлса ҳам англаб етиши, виждони олдида ҳисоб бериши учун яна қанча вақт керак экан. Пайдо бўлганидан то бугунгача неча асрлар ўтиб кетди, лекин у идеаллик пиллапоясига ҳануз ёвуқ борган эмас. Олам сир-асроридан унча-мунча хабардор одамзод ўзаро зиддиятлар, манфаатлару дунёқарашлар тўқнашуви олдида ожиз. Индивидуал онг-тафаккур, салоҳият билан умумбашарий интилишни бир-бирига таққосласак, муаммонинг илдизи кўринади-қолади.

 

Башар зоти ўз томирига болта уряпти, шаккоклик сари боряпти. Моддий ресурсларга эга турли гуруҳлар, фитначилар, аксилинсоний интеллект соҳиблари ақлга сиғмас оммавий қирғин воситаларини кашф этмоқда. Глобал руҳий азоб (стресс) ҳолати оддий воқеликка айланди. Бу муаммога қарши чора-тадбирлар кўрилаётир, албатта. Бироқ уларнинг бари даъвату чақириқ даражасидагина. Инсоният аллақачон боши берк кўчага кириб қолди. Ундан чиқиш учун тамомила бошқа фалсафа, бошқа тузилмага зудлик билан ўтиши керак – бошқа йўл йўқ. Демак, сўз ибтидо ва интиҳони унутмаган ҳолда, ҳаётий фаолиятнинг янги қатъиятларига ўтиш ҳақида бормоқда. “Наҳотки, онтологик жиҳатдан эркин одамзод шундай умр ўтказишни, яъни тақдирга тан беришни ихтиёр этган, чексиз имкониятлари, заковатини фаромуш айлаб, шунчаки тирик жонга эврилган, тимсолий қилиб айтганда, бир замонлар ягона қўнимгоҳи бўлган ғорга яна қайтаётган бўлса?!” деган шубҳа бот-бот шууримизда айланяпти. Айрим скептиклар “Бу энди қисмат, инсонга мудом ҳамроҳ объектив, яъни унинг измидан ташқаридаги қонуният” деса, ишонамиз ҳам. Ҳолбуки, воқелик аллақачон ўзгариб кетган бўлса-да, инсонни шунчаки бошқа унсурлар қатори нарса деб билиш, унинг экзистенциал жиҳатдан тамомила алоҳидалигига, ўзини ўзи қайта қура олишига ишонмаслик тафаккуримизга маҳкам ўрнашиб улгурган кўринади.

 

Дунёда муаммо кўп, лекин аксарининг ечими топилади. Чунки инсон ақлу заковати йўқ жойдан йўл топиш хусусиятига эга. Тўғри, қаршисида инсон ожиз қоладиган воқеликлар ҳам йўқ эмас, албатта. Бу – бошқа масала. Аммо одамзод нега ўзининг бевосита иштироки ила юзага келган нохушликларни сезмайди, нима учун уларни бартараф қилмаслиги керак? Шундай экан, нечоғли буюк бўлмасин, бугун башар зоти гарданига айб юкламоқ жоиз бўлади.

 

Бани башарни бирлаштиришга қаратилган қанчадан қанча ғоя, лойиҳа ва таълимотлар мавжуд. Уларни, ўз жонини гаровга қўйиб бўлса ҳамки, беназир мутафаккир зотлар яратган. Айни чоқда, одамзоднинг шаккокликларини кўравериб, кўпларининг охири ҳафсаласи батамом пир бўлганини ҳам биламиз. Бунёдкорликми ё вайронкорликми – барчаси учун фақат инсон ва инсоният маънавий жавобгардир (Рашковский Е. Гуманитарная глобалистика: из трудов последних десяти­летий. Москва, 2022. Стр. 43). Энди жамият, инсон қусурлардан халос бўлиб, “эркинлик олами” сари юзланиши лозим. Инсон – ибтидодан мажбурловдан холи биосоциогенетик феномен, азалан ва абадан эркин мавжудот. Унга нисбатан сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва ҳарбий чоралар қўллаш ақлдан эмас.

 

Одамзод тобора чуқурлашаётган умумбашарий нохуш трансформацияларнинг олдини олиш, аслига қайтиш йўлларини фақат ва фақат ўз ички дунёсидан излаши лозим. Бундай омиллару имкониятлар сон-саноқсиз, уларни излаб топиш, инсон хизматига йўналтиришда интеллект, илм-фан, рационал яратувчанлик кучидан фойдаланиш керак. Афсуски, бугун илм-фандек беназир куч турли-туман диний конфессиялар, миллий-этник хусусийлик, фақат моддий неъматлар яратиш билан боғлиқ ўткинчи жараёнларга бўйсундирилган ва парчаланган, у миллиардлаб одамларни бирлаштирувчи, аслига қайтарувчи воситага айланмаган. Башарият муаммолар ечимида илм-фандан фойдаланиши шарт. У бошқарув муассасалари ва фан ўртасида изчил ҳамкорлик ўрнатиши лозим.

 

Инсоният аслига қайтиши учун “глобал ўзаро сидқидиллик”ни маънавий кодекс, метанойя, яъни тавба-тазарру қилиш даражасида англамоғи лозим. Олис хомхаёл бўлиб туюлса-да, инсоният Парвардигор ато этган азалий ва абадий ўзаро самимият сари юзланиши учун онтологик асослар, таянчлар мавжуд. Улар жаҳон донолик хазиналарию илмий манбалар қаърида асрлар оша мавридини бедор кутмоқдаки, баъзиларини ҳавола этишни лозим топдик. Одамни бошқа жонзотлардан ажратиб, чин инсонийлик даражасига кўтариш мумкин, шу туфайли инсоният ҳаётийлик, яратувчилик сари юз тутар, деган умиддамиз. Ўртага ташланаётган фикр-мулоҳазалар тахминий характерда, шунинг учун уларни етарли фактологик илмий-назарий асосга эга, дейишдан йироқмиз.

 

Аввало, одамзоднинг ибтидоданоқ ўзаро тандош-қондошлигини англай олиш салоҳиятига тўхталсак. Бу феномен нафақат табиий фанлар, постноклассик ижтимоий-гуманитар йўналишдаги илмий адабиётларда ҳам аллақачон эътироф этилган. Илм аҳли томонидан одамзоднинг шунчаки ўзаро биологик айнанликдан тандош-қондош эканини англаш босқичига ўтиши билан боғлиқ фикр шу контекстда тушунилса, тўғри бўлади. Эътиборли жиҳати, бу гипотеза тарафдорлари тобора кўпаймоқда. Рационал тафаккур ва жамоавий ишлаб чиқариш ҳаётни фаровонлик томон йўналтирди. Бу ички биологик трансформация ва социомаданий императивлик пировардида муттасил ҳаракатдаги “Инсон – социум – космос” яхлитлигини юзага чиқарди. Бундан икки минг йил аввал яшаган улуғ файласуф Арья Нагаржуна битикларида ҳам биқиқликдан холи бундай ҳайратомуз ўзгаришга ишоралар борлиги диққатга сазовор (Цонкапа. Океан аргументов: большой комментарий к тексту Нагарджуны. Улан-Удэ, Издательство БНЦ СО РАН, 2020. Стр. 295–298).

 

Инсон моддий, ижтимоий-сиёсий, ғоявий ва руҳий ҳолатлар, уларни турли хил баҳолаш туфайли борлиғини, наслини, онтологик “чин бурчи”ни унутгандек. Бироқ жисму жонга йўғрилган чин ахлоқ ва чин бурч, чин қалб ва чин хулқ-атвор руҳиятни тамомила тарк этмайди. Ҳатто бебурдлик ва вайронкорлик шароитида ҳам чин қалб инсон жонини сақлаб қолар экан. Бунга ҳаётий далиллар, илмий асослар етарли.

 

Мавриди келиб, барчанинг фитратидан азалий жой олган инсоний бурч туйғуси уйғониб, инсоният яна аслига қайтиши ва улкан маънавий бирбутунлик юзага келиши мумкин. Бу тасаввурга сиғмас феноменни “ички маънавий синхронлик” деймиз. Бу йўлда постноклассик дунёқараш бағрида кучайган “олам ва одам” уйғунлигига доир ғоя тасодиф эмас, балки азалий эканига доир энг янги таълимотларга суянамиз (қаранг: Скворцова Е. Киотоская философская школа и нигилизм. “Вопросы философии”, 2023, №7. Стр. 203-213; Битинайте Е. Между Божеским и человеческим. Размышления над книгой “Ведомый любовью. Воспоминания Винобы Бхаве”. “Вопросы философии”, 2022, №12. Стр. 192-200). Бу кўламли ички ботиний трансформация, гарчанд аниқ фанлар нуқтаи назаридан қараганда, абстракция бўлиб туюлса-да, метафизик жиҳатдан англаниши қийин, аммо тўлақонли реаллик сифатида яшашга ҳақли экани исботланди.

 

Инсон эркин мавжудот экан, унинг ҳаётий фаолияти айнан чин эркинликдан бошланган. Шу асосда ўзаро самимият, фаровонлик ҳамда инсонийликка эришилган. Бироқ ижтимоийлик турлихиллик касб этган сари асл табиий эркинлик ўрнини ижтимоий мақом, имтиёзга асосланган “қўлбола” эркинлик, жамоавийлик сингари нотабиийликлар эгаллади. Пировардида асл эркинлик тегишли тузилмалар манфаатларига мутлақ зидлиги боис минг йиллар давомида бани башарни парчалади. Тандош-қондошлик ўзаро душманликка дўнди. Инсонни инсон қилиб турган социал константалар, таянчлар ўрнига сунъий эркинлик чуқур илдиз отди. Ғарбдаги нохуш, хавфли трансформацияга эътиборсизлик айрим мутафаккирлар қалбини яралади. Испаниялик атоқли файласуф Хавьер Субирининг кечинмалари шундан далолат беради (қаранг: Амелина Я. Метафизика Хавьера Субири: вечный поиск между Богом и человеком. “Вопросы философии”, 2021, №6. Стр. 131–148).

 

Одамсиз олам – олам, оламсиз одам – одам эмас. Булар бир-бирини асрашга маҳкум. Ислом оламининг забардаст мутафаккири Ибн Арабий “Инсон дунёни асрагувчидир. Зеро инсон туфайли дунёнинг таркибий қисмлари мукаммаллик, бардавомлик касб этади. Дунёнинг абадулабад сақланиб туришида инсон Оллоҳ Таолонинг ворисидир” деганида ҳақ эди. Шундай экан, маънан аслига қайтиш, тавба-тазарруга юз тутиш одамзодни азалий якдилликка олиб келишига оид ғоя утопияга ўхшаса-да, кучли асосга эга. Зеро чуқур тафаккур соҳибларига кўриниш берган сон-саноқсиз ҳодисалар теграсидан “қўним топган” идеаллар, мавриди келиб, объективлик касб этади, реаликка айланади (қаранг: Шопенгауер А. Мир как воля и представление. Антология мировой философии в 4-х томах. Т. 3. Москва, “Мысль”, 1971. Стр. 691-692). Англаниши қийин, аммо шу феномен одамзодни яна бирлаштириши мумкин ва шарт десак, хато қилмаган бўламиз.

 

Бани башарни бирлаштиришга қодир, аммо, афсуски, ҳозирча аксарият кишилар тасаввурига сиғмайдиган яна бир буюк ботиний қудрат бу – комиллик феномени. Дунёнинг қай пучмоғида умргузаронлик қилаётганидан қатъи назар, комил инсонлар ғойибона бир-биридан хабардор ва ўзаро ҳамнафасдек. Шу тарзда улар даъвати умумбашарий доирада бани башарни ҳалокатли парчаланишдан асрайди. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Мен етмиш уч мазҳаб ила бирдурман” деган сўзларида улуғ инсонларнинг бани башар якдиллиги йўлида азиз жонини ҳам аямагани аёнлашади. Нажмиддин Кубро (Ўзбекистон), Лао Цзи ва Конфуций (Хитой), Нагаржуна ва Ганди (Ҳиндистон), Мандела ва Лумумба (Африка), Боливар ва Че Гевара (Лотин Америкаси), Жанна д’Арк (Франция), Достоевский (Россия) каби тарихий шахсларнинг инсоният олдидаги хизматини тўлиқ сарҳисоб этишга қурбимиз етмаса-да, улар сиймоси туфайли бани башар келажакка умид кўзи билан боқаётганини яна бир бор таъкидлаш фойдадан холи эмас.

 

Биз турли объектив ҳамда субъектив сабабларга кўра бир-биридан йироқлашган инсоният аслига қайтиш, жондош-қондошлигини чуқур ҳис этишга маҳкумлигини тақозо этувчи ички асосларнинг баъзилари хусусида сўз юритдик. Уларга доир маълумотлар тарқоқ ҳолда илм соҳалари қатламларида яширингани боис буни яхлит бир тизимга тушириш мушкул. Демак, инсоният заковати изланишдан тўхтамаслиги лозим. Шундай йўл тутилсагина у ҳам ўзини, ҳам коинотни асраб қолиши мумкин.

 

Инсониятнинг ўз сарчашмасига ички интилиши, хоҳиш-иродасига айтарлик боғлиқ бўлмаган, лекин бунга бевосита дахлдор экзоген ташқи императивлар ҳам талайгина. Илмий фаразлар мукаммалликдан анча йироқ, узуқ-юлуқ бўлса-да, баъзиларини баҳам кўришни лозим топдик. Улардан бири – хронологик қисқа кесимда бўлмаса-да, одамзоднинг геотарихий турли координаталарда ўхшаш шароитда туғилгани билан боғлиқ синхронлик назарияси. Мазкур хулосанинг теологик ҳамда илмий-фалсафий манбаларда аллақачон мавжудлигининг ўзи эътиборга лойиқ (қаранг: Соловьёв Э. Прошлое толкует нас. Москва, Политиздат, 1991. Стр. 47). Кейинчалик у ўз тасдиғини топадими-йўқми – бошқа масала.

 

“Космос – табиат – инсон” триадасидек азалий ва абадий мувозанат-мутаносиблик ҳолати қайтарилмайдиган феномендир. Инсон дунёга келиши биланоқ ўз ўзанига тушгани ҳақида жўяли фикрлар етарли. Хаос космосга айланди. Одам оламга, олам эса одамга йўғрилди. Буддизм фалсафаси ўзак концепцияларидан бирига кўра, “ўзаро боғлиқликда ўзаро туғилиш” содир бўлди (қаранг: Урбанаева И. Введение в трактат Чже Цонкапы “Океан аргументов: Большой комментарий к тексту Нагарджуны “Miilamadhyamakakarika”. “Философия и культура”, 2020, №11. Стр. 44–58).

 

Муқаддас китоблар ҳамда битикларда инсоннинг ёруғ дунёга келишига доир ҳайратомуз ўхшаш сюжетлар мавжуд. Жумладан, инсоният Фу ва Шэнь (даосизмда), Машна ва Машяне (зардуштийликда), Чакравартин (ҳиндуизмда), Одам Ато ва Момо Ҳаво (самовий динларда) аталмиш илк одамлардан тарқалгани, улар “абадийлик бешиги”ни тарк этиб, фоний дунёда қўним топгани нақл этилган. Энг қизиғи, уларнинг юзлаб йиллар яшагани ҳақидаги маълумотлар бир хил. Шу аснода беихтиёр “Балки муқаддас битиклардаги сюжетлар бир-биридан кўчирмадир?” деган шубҳа хаёлдан ўтади. Гап шундаки, муқаддас китоблар, битиклар бир-бирига ўхшаш бўлмаган қадимги санскрит, қадимги хитой, яҳудий, юнон, оромий, араб, дравиди ва бошқа тилларда хатга туширилган. Бу лисонлар тарқалган ҳудудлар географик жиҳатдан ўзаро анча узоқ жойлашган. Илоҳий китоблар нозил бўлган даврлар ҳам тарихан ҳар хил. Бугунга келиб, хусусан, табиий фанларда рўй бераётган анъанавий қарашларни қайта идрок этиш, теологик илмдаги ижобий бурилиш, қолаверса, интеллектуал кузатувлар шунчаки шубҳаларга ўрин қолдирмаётир.

 

Одамзоднинг дунёнинг турли координатларида деярли бир вақт кесимида, “буюк бурилиш нуқта”сида яратилгани жумлаи жаҳон хотирасидан, керак бўлса, илмий тафаккурдан жой олгани ҳам бор гап. Шундай экан, “чегаравий вақт”нинг қуввати инсониятни қайта бир жон ва бир тан бўлишга “мажбурлаши” эҳтимоли катта. Бундай радикал эврилишларнинг тўсатдан юз беришидан кекса тарих хабардор.

 

Инсоннинг имконияти чексиз, лекин ҳамма амалларнинг чегараси, меъёри бор. Одам фарзандлари ўша “охирги чизиқ”ни ҳатламасдан маънавийликнинг бошқа уфқи томон юзланмоғи, жузъий мақсад-мўлжалларни тарк этиб, юксак чўққилар сари бурилиши лозим бўлади. Одамзод хоҳлайдими-йўқми, эзгуликни танлашга мажбур ва маҳкум.

 

Бурч ҳақидаги мулоҳазаларни якунлар эканмиз, одам психологиясидан жой олган турли-туман иллатларнинг ҳамон юзага чиқаётгани, ижтимоий, маънавий ва руҳий деформация одатий воқеликка айланаётгани, инсоннинг ўз қавмдошлари билан бирлаштириб турган туб илдиздан тобора йироқлашаётгани, нафсу манфаат қутқуси, имтиёзхўрлик каби иллатлар авж олаётганини қайд этишга тўғри келади. ХХ асрнинг атоқли мутафаккири Макс Вебер таассуф ила ёзганидек, индивид моддиюнчилик балоси сабабли жамоавийлик, ҳамнафасликдек азалий қадриятларни тарк этиб, сунъийлик сари юзланмоқда. Инсон зотининг шафқатсиз агрегатга айланиш хавфи тобора ошмоқда, ҳамдардлик ўрнини яланғоч интеллект эгалламоқда (қаранг: Вебер М. Аграрная история Древнего мира. Москва, 2001. Стр. 35–39).

 

Юксалиш ва инновациядек бир-бирига елкадош тамойилларнинг ўзаро муносабати доирасида инсонни тамоман бошқа мавжудотга айлантириш эҳтимоли кучаймоқда. Унга ато этилган заковат, табиийлик, самимийлик ҳақида айтилган барча эзгу фикрлару орзу-умидлар саробга айланмаслиги учун одамзод, қандай бўлмасин, ўз аслига яна қайтмоғи даркор!

 

Темур ЖЎРАЕВ

 

Tafakkur журнали, 2024 йил 3-сон.

“Инсон аталмиш синоат” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 21
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10768
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//