Бир ёзувчи ёшлик чоғида вокзал перронида ўз поездини кутарди. Тўхтаб турган поезд вагони эшиги олдидаги майдончадан эса тўладан келган, йирик башарали ўспирин йигитча унга қараб турарди. Поезд секин жойидан жилиб, кета бошлади. Шу пайт э йўқ, бе йўқ ҳалиги семиз йигитча бўлғуси ёзувчи бетига тупурди. Тупурганда ҳам яхшилаб – мазза қилиб тупурди. У мазах қилиб, кулиб поездда жўнаб кетди.
Ўшанда бу бўз бола нимани ҳис этдийкин? Бизни ҳақорат қилишса-ю, аммо жавоб қайтара олмасак – биз нимани ҳис қиламиз? Поезд кетиб қолди, биз эса юзимизга тупук сачраган ҳолда перронда турибмиз – қалбимизда мутлақо фойдаси йўқ ғазаб қайнайди.
Ёзувчи бу воқеани анча йиллар эсидан чиқармади. Йиллар ўтгач у англаб етди: бундай каслар одамларнинг шундай бир турики – улар Сурбетнинг авлодларидир.
Бу кимсалар “қурбон”ликка танлаган одамининг юзига тупуриш учун поезд юришини махсус кутиб туришади. Улар аввал атрофга боқиб кимнидир кўз остига олиб қўйишади, кейин эса оғизларини тўлдириб тупук тўплаб, поезд юриши биланоқ юзингизга тупуришади. Улар учун энг муҳим нарса – жазосиз қолиш.
Улар ижтимоий тармоқларда аноним саҳифалардан устингизга мағзава ағдаришади, туҳмат қилишади, ҳақоратли шарҳлар қолдиришади. Аммо улар учун энг асосийси – жазосиз қолиш! Улар ўта қўрқоқ бўлишади. Золимлик ва қўрқоқлик – яқин қариндошлардир, улар доимо жуфт-жуфт бўлиб юришади.
Кейинчалик ёзувчи адабиётда муваффақиятга эришиб, катта шуҳрат қозонди. У муҳим бир хулосага келади – одамлар турфа-туман бўлишади. Инсонлар орасида юрган сурбетлар ўзларининг аслида кимлигини жуда устамонлик билан ниқоблашнинг уддасидан чиқа оладилар, улар бошқалар билан бирга худди оддий одамлардек поездларда юришади. Бу кимсалар қурбонни танлаш, уни таҳқирлаш, ҳақорат қилиш, жон жойидан олишнинг ҳадисини олишган.
Лекин улар қўрқоқдирлар, – ёзувчи мана шу ҳақиқатни англаб етганди. Улар фош бўлишдан ва жавоб зарбасини олишдан қўрқишади; улар кучли одамлар, оёқ остида худди илондек судралиб юришади ва ўзлари заиф, хавфсиз, беозор деб билганларга ҳужум қилишади.
Башараси кепчикдек калладор ўспирин қаёққа кетгани бизга қоронғу. Бироқ биз ҳаётни поезд деб тасаввур қилсак – охир-оқибат барча поездлар бир кун эмас бир кун сўнгги бекатга албатта етиб келишади. Ва мана шу ерда барча: йўловчилар ҳам, кутиб олувчилар ҳам юзма-юз учрашадилар.
Сурбетлар ўзларининг хулқи, феъл-атвори ва туриш-турмушларининг қурбони бўлиши муқаррар. Ва ажойиб кунларнинг бирида ўз хавфсизликларига керагидан ортиқ баҳо бериб юборганларини тушуниб етишади. Албатта кутилмаган жойдан – барча қилмишлари учун жавоб олишади. Ҳаётларини эса доимо қўрқувда яшаб ўтишади – қўрқоқнинг ҳаёти қандай кечишини бир тасаввур этиб кўринг-а?!
Биз ҳар қадамда сабоқ олиб, тажриба тўплаб боришимиз зарур. Одамлар ҳар хил бўлишади ва шу боис ҳаёт деб аталмиш “вокзал”да доимо ҳушёр бўлишимиз керак. Ҳеч нарса жазосиз қолмаслигини ҳеч қачон эсдан чиқарманг! “Кетиб қолган поезд” ичида нималар содир бўлганини шунчаки билмаймиз. “Охирги бекатда” барчасидан воқиф бўламиз. Балким, сўнгги бекатга етмасдан қилмишлари учун кимдир ўз “насиба”сини олганига гувоҳ бўлармиз...
Анна КИРЬЯНОВА,
ёзувчи ва психолог
Жалолиддин Сафоев таржимаси.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ