
Ўттиз йил давомида қанча заҳмат, синовли кунларни бошдан кечирдик, мустақил тараққиётга интилиб, миллий тикланиш йўлини босиб ўтдик. Бугунга келиб ҳаётимиз тубдан ўзгарди, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотчилик сиёсати нафақат Ўзбекистонни тараққиётнинг миллий юксалиш босқичига олиб чиқди, балки Марказий Осиёда янгича муносабатлар шаклланишига ижобий таъсир кўрсатди.
Бугун ислоҳотлар, муносабатлар, қарашлар янги, ёндашувлар, ижролар янгича. Давлатимиз раҳбари айтганидек, бугун биз кечаги одамлар эмасмиз, мутлақо шиддатли бир даврда, янги Ўзбекистонда яшаяпмиз. Онгимиз, дунёқарашимиз, фикрларимиз ўзгармоқда. Қадамларимиз салмоқли, мўлжалимиз баланд, муродимиз юксак. Бу ўзгаришлар туфайли жаҳон ҳамжамияти мамлакатимизга нисбатан “Янги Ўзбекистон” иборасини қўлламоқда. Агар Ўзбекистонни яхлит бир вужуд деб оладиган бўлсак, бугун унинг қалби лиммо-лим орзуларга тўла. Энг муҳими, бу орзуларнинг жуда тез суръатда рўёбга чиқаётганидир.
Янги давр том маънода жамиятимизда Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунини янгича назар билан, энг юксак демократик мезонлар асосида таҳрир қилди. Бу билан мазкур қонун ижроси тамомила янги босқичга кўтарилди. Янги таҳрирдаги қонун билан танишар эканмиз, Ўзбекистон кимгадир ёқиш, қайсидир халқаро ташкилот эътирофига сазовор бўлиш учун эмас, биринчи навбатда, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, қалб амри, имон эҳтиёжи, беғубор бағрикенглиги, шу билан бирга, жамиятдаги тенглик, барқарорлик, ҳамжиҳатликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш учун ҳам янги таҳрирдаги бу қонунни қабул қилганига гувоҳ бўламиз.
Шоирларимиз айтганидек, кеча кўрган қора кунларимиз бугун хотирамизда ёмон бир тушдек сақланиб қолмоқда. Биз мустабид тузум даврида миллатимиз эрки, инсоний ҳақ-ҳуқуқлари, имон-эътиқоди қанчалар топталганини эслар эканмиз, бугунги мунаввар кунларимизга чексиз шукроналар айтамиз.
“Ҳуррият, келдинг-эй, ал-омон келдинг...”
Ўттиз йил аввал эрку саодати, виждони, имони топталган миллат эдик. Ўйлаб кўринг, ҳалигача мустабид тузум даврида яшаган кишиларга “Мусулмонмисиз?” деб савол берсангиз, “Алҳамдулиллаҳ, мусулмонман” дейишга қўрқади. Қабристон олдидан ўтаётганда сездирмайгина, биров кўриб қолмасин деб секин юзига фотиҳа тортади. Бу қон-қонимизгача сингиб кетган мустабид тузум сиёсатининг таъсири, тўғрироғи, қўрқуви. Негаки, бир юз ўттиз йил давомида минг хил йўллар билан халқнинг юрагига ваҳима солинди. Миллий, диний қадриятлар, гўзал анъаналар оёқ ости қилинди. Араб алифбосидаги бор китоблар ёндирилди, уйидан китоб чиққан қанча одам гуноҳкор қилинди. Ҳали-ҳануз эски деворлар токчалари, кўҳна қабристонлардан ўша даврларда қўрқиб кўмиб ташланган китоблар чиқади. Мустабид тузум диний қадриятларга ҳужум асносида миллий қадриятларни ҳам қатағон қилди. Негаки, шўро сиёсатчилари бу халқнинг диний ва миллий қадриятлари уйғун эканлигини, уларнинг бирини иккинчисидан ажратиб бўлмаслигини яхши биларди.
Уламоларимизнинг айтишларича, мустабид тузум соҳиблари 1920 йилдан туркистонлик мусулмонларни муқаддас Ҳаж зиёратига боришини тақиқлаб қўйган экан. Шу боис 1944 йилгача ҳеч ким ҳаж зиёратига боролмаган. Кейинчалик, жаҳон ҳамжамияти эътирозлари туфайли Ҳаж ва Умра зиёратига йилига 5-10 нафаргина одамга рухсат берилган. Қанчадан-қанча бобо ва бувиларимиз ҳаж зиёрати орзусида армон билан кўз юмди.
Қишлоғу маҳаллаларимизда саноқли кексалар беш вақт ибодатни адо этар, лекин шулар ҳам чеккароқ ҳовлидами ёхуд қабристонларнинг тобут сақланадиган ҳужраларида биқиниб таровеҳларни ўқир эди.
Атоқли шоирамиз Зулфияхоним истиқлол йилларида яратилган “Хотирам синиқлари” достонида неча йиллар зирқираб келган қалб яраларини очар экан, шундай ёзган эди:
Ҳуррият, келдингми – наҳотки келдинг,
Пинҳона соғиндим, пинҳона кутдим.
Ёмғирга бағрини тутган саҳродек
Сенинг насимингга қалбимни тутдим.
Қанчадан-қанча аждодларимиз истиқлолни пинҳона кутиб ўтиб кетди. Ошкора кутганларининг тақдири нима бўлгани ҳақида бугун “Қатағон қурбонлари” музейи, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳудудларда ташкил этилган унинг бўлимларидаги фактлар, маълумотлар гувоҳлик бериб турибди. Олимлар, ёзувчи ва шоирлар, зиёли маърифатпарварлар, миллат фидойилари қаторида кўплаб диний уламоларимиз ҳам қатағон қилинди. Бутун умрини сургунларда ўтказди.
Улуғ эрксевар шоиримиз Абдулла Орипов Мустақиллик ҳақида сўз кетганда, бежиз “Елкамизга офтобнинг текканлиги рост бўлсин!” дея ёзмаганди. Ҳақиқатан ҳам, истиқлол офтобга ўхшайди. Офтобда ҳаёт нури, меҳр нафаси бор.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин маънавий ҳаётдаги янгиланиш жараёни, туб ислоҳотлар самараси ўлароқ динга бўлган муносабат ҳам ижобий томонга ўзгарди. Виждон эркинлиги қонун орқали кафолатланди. Давлатимиз демократик ривожланиш йўлини танлади. Дин давлатдан ажратилди ва иккиси бир-бирининг фаолиятига аралашмаслиги ҳуқуқий жиҳатдан белгиланди. Бу қонун-қоидаларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида ўз аксини топди.
Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳожа Аҳрор Валий, Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғинонийнинг қутлуғ тўйлари халқаро миқёсда нишонланиши, улар мангу қўним топган жойлар обод бўлиши, янги масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳлар қурилиши маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди.
Мамлакатдаги диний ташкилот ҳамда конфессиялар фаолиятини тартибга солиб турувчи, аниқроқ қилиб айтганда, давлат ва диний ташкилотлар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажарувчи янги бир тузилма – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташкил қилинди.
Бугунги кунга келиб, мамлакатимизда 16 та диний конфессия вакиллари ўз ибодатларини эмин-эркин адо этиб, тинч-тотув, аҳил-иноқликда яшаб келмоқда. Икки минг бир юзга яқин масжидларда юртдошларимиз тинчлик-хотиржамликда ибодатларини адо этмоқда. Ўттиз йил ичида бу борада кўп ўзгаришлар бўлди. Шу билан бирга, баъзида қалтис хатолар, чеклашларга ҳам йўл қўйилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган резолюцияни қабул қилиш таклифи билан чиқар экан, шундай деган эди: “...Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган”. Бу резолюция БМТ га аъзо давлатлар томонидан юксак ҳурмат билан қарши олиниши ва қабул қилингани Ўзбекистонга нисбатан жаҳон ҳамжамиятининг эҳтироми ва эътирофи янада кучайишига хизмат қилди.
Кейинги йилларда тобора обод бўлиб бораётган масжидларимиз, у ерда ибодатга келувчилар учун яратилаётган покиза шароитлар, иссиқ сув, совуқ сув, масжидлар саҳнига тўшалган яхлит гилам-жойнамозларни кўрганда, Қурбон ва Рамазон ҳайитларидаги ўзгача муносабат, ўзгача файзни кўрганда беихтиёр дилингизда “Бўлар экан-ку!” деб юборасиз. Ўзбекистонни автомобилда кезсангиз, қурилаётган кўплаб масжидларга кўзингиз тушади. Катта йўл бўйларидаги махсус белгилар шу яқин атрофда масжид борлигини кўрсатиб туради. Ҳар бир меҳмонхонада махсус белгилар билан қибла томон белгилаб қўйилган. Яна бир жиҳат, ислом динига хос масжидлардан ташқари мамлакатимиздаги бошқа диний ташкилотларга тегишли ибодатхоналарда ҳам кўплаб қурилиш ишлари амалга оширилди.
Яна бир муҳим жиҳат. Мустақиллик йилларида 305 минг нафар юртдошимиз Саудия Арабистонига зиёрат учун бориб, шулардан 130 минг киши Ҳаж, 175 минг киши Умра амалини адо этган бўлса, кейинги йилларда яратилган шароит, эмин-эркинлик, халқимиз хоҳиш-истаклари асосида бу кўрсаткич янада ўсди. 2017 йили Ўзбекистон тарихида биринчи марта Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 150 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларнинг ҳамроҳлари имтиёзли равишда Ҳаж зиёратига юборилиши юксак инсонпарварликнинг яна бир намунаси бўлди. 2018 йилдан бошлаб эса Умра зиёрати йил давомида амалга оширила бошланди, ўша йили 16 000 нафар, 2019 йили 38 000 нафар, 2020 йилнинг I чорагида 28 000 нафар юртдошимизга улуғ зиёрат саодати насиб этди.
2017 йил 1 сентябрь куни давлатимиз раҳбари Ҳазрати Имом мажмуасига ташрифи чоғида диний соҳа ходимлари, жамоатчилик вакиллари билан бўлган учрашувда “Қуръон мусобақаси” ўтказиш таклифини илгари сурди. Қуръони карим тиловати бўйича қорилар очиқ мусобақаси ташкил этилиб, унда беш мингдан зиёд қори иштирок этди. Бу халқимизга чексиз қувонч ва шукроналик бахш этди.
“Ҳайитингиз қутлуғ бўлсин!”.
Бу гапни айтиш қанчалар қийин эди
Масжидлар, мадрасалар, нурхоналар, пирхоналар... Лекин собиқ иттифоқ даврида улар қандай аҳволда эди. Омборхоналар, ўғитхоналарга айлантирилди. Машҳур уламоларимиздан бири айтиб берган бир ҳолат ҳеч ёдимдан чиқмайди. Мамлакатимиздаги тарихий обидаларда жойлашган масжидлардан бири Ўлкашунослик музейига айлантирилибди ва атайин меҳробга қотирилган ёввойи тўнғиз қўйилибди. Ҳақиқатда қанча муқаддас зиёратгоҳлар, қадамжолар тўнғизларча пайҳон этилди.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Мотуридий, Абул Муин Насафий, Хўжа Аҳрор Валий... бу муборак номлар рўйхатини қанча давом эттириш мумкин. Аммо биз ўша пайтларда уларни билармидик. Улар мангу қўним топган зиёратгоҳлар қай аҳволда эди? Узоққа бормайлик, яқин ўтмишда 80-йилларда халқимиз Наврўзни байрам қилгани, сумалак пиширгани учун қанча таҳқирланди. Фарзандига суннат тўйи қилганлар-чи? Отасига жаноза ўқитган раҳбарларнинг ҳоли нима кечди? Ҳайит байрами куни намозга келган одамларни ҳайдаб, йўли тўсилганлари-чи? Халқимиз неча йиллар давомида фарзандларига яширин никоҳ ўқиттирмадими? Ёдимда, тўқсонинчи йиллар бошида улуғ эрксевар шоиримиз Эркин Воҳидов Ўзбекистон телевидениесининг тонгда тўғридан-тўғри олиб бориладиган “Ассалом, Ўзбекистон” кўрсатувида халқимизни Ҳайит байрами билан табриклаб юборди. Ўшанда онам раҳматлининг йиғлаб, “Шундай кунларни кўрсатганингга шукр”, деган сўзлари бир умр қулоғимда жаранглайди.
Ўзликни англаш, ўзликни топиш, ўзликка қайтиш осон кечгани йўқ. Бу борада таниқли ёзувчи Ҳаким Сатторий шундай воқеани айтиб берганди:
– 1990 йил Шаҳрисабз туманининг “Коммунизм байроғи” газетаси муҳаррири, шоир Бозор Номозов янгиланишлар нафасидан куч олиб нашр пештоқидаги “Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!” шиори ўрнига ҳеч кимдан сўрамай, “Ассалому алайкум!” деган ўзбекона сўзларни қўйиб юборади. Шундан кейин бошига қанча кўргуликлар тушади... Ишдан ҳайдашади, қамалишига бир баҳя қолади. Қарийб қирқ йиллик муҳаррир кўчада қолади. Тирикчилик важидан бир неча йил аранг чекка бир қишлоқ кенгашида котиб бўлиб юради.
Бугун масрур газета варақлайман, нашрлар шиорларига назар ташлайман: “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”, “Ўзбекистон келажаги буюк давлат”, “Адабиёт, маданият яшаса – миллат яшайди”, “Инсон манфаатлари – олий қадрият”, “Таълимга эътибор – келажакка эътибор”, “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!”. Ҳа, бутун дунё пролетарлари бирлашмади. Негаки, бутун оламга икки Ренессанс даврини ўтказиб, улуғ алломаларни берган халқ, миллат, Ҳақ йўлдан, Ҳақ диндан воз кечмади. Башариятни фақат эзгу ғоялар бирлаштириши мумкин. Олижаноб даъватларгина инсониятни ҳақ йўлга бошлаши мумкин.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан таралган нур
2017 йил 19 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72 cессияси минбаридан туриб сўзлаган нутқини бутун дунё ҳамжамияти, қанчадан қанча давлатларнинг президентлари, ислом олами уламолари, бутун дунё мусулмонлари, жумладан, Ўзбекистон халқи катта ҳаяжон, ғурур, шукроналик билан тинглади. Негаки, шу куни илк бор ислом динининг асл инсонпарварлик моҳияти билан бирга буюк ватандошимиз, улуғ муҳаддис Имом Бухорий номи ушбу қутлуғ минбарда унинг муносиб авлоди томонидан янгради.
“Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.
Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади. Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман.
Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”.
Давлатимиз раҳбарининг бу сўзлари миллионлаб, эҳтимол, миллиардлаб дилларда акс-садо берди. Бу муқаддас динимиз, буюк аждодимизга нисбатан жуда катта эҳтиром эди. Бу жуда катта журъат ила муқаддас динимиз ҳимояси йўлидаги қатъий фикрлар эди. Бу пайғамбар шахсини карикатура қилганлар, ислом дини дунёдаги кўплаб хунрезликларнинг асоси, экстремизм, зўравонлик ва қон тўкиш омили деб қарайдиганларга муносиб жавоб бўлди.
Бу дунёдаги миллиардлаб ёшлар тарбияси, буюк ахлоқ ҳимояси сари қўйилган қадам эди. Шу боис Ўзбекистон давлати раҳбарининг улуғвор режалари, минтақавий ва жаҳон миқёсидаги муаммолар ва уларнинг ҳал этилиши бўйича билдирган аниқ фикр ва таклифлари халқаро жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди.
Дунёда мусулмонларга нисбатан салбий муносабат кучайиб бораётган бир пайтда жаҳолатга қарши жаҳолат билан эмас, балки маърифат билан курашиш, оқибат билан эмас, аввало, сабаб билан курашиш ҳикмати Имом Бухорий юртига хос улуғ даъват бўлди. Кейинги йилларда жиноят содир этган шахсларни афв этиш бўйича 8 та фармон қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд маҳкум жазони ўташ жойларидан озод этилди. Жиноят йўлига адашиб кириб, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган 993 нафар фуқаро Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмиталари кафиллигига олинди. 2019 йили Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колониясининг ёпилиши инсонпарвар сиёсатнинг яна бир амалий намунасидир. Ўзбекистон жаҳоннинг қаерида бўлмасин, ўз фуқароларига ғамхўрлик қила олишининг ёрқин намунаси бугунги кунгача ўтказилган “Меҳр 1, 2 3, 4, 5” операциялари доирасида, асосан, хотин-қизлар ва болалардан иборат 531 нафар ватандошимиз она юртга қайтариб келинди. Ушбу вазиятда Ватан кечиримли ота ўрнида бўлди гўё.
Азон товушидан қалблар уйғонар
Эрта тонг. Муаззиннинг сеҳрли овози қалбларни уйғотади. Масжидлар минорларидан учган нажот даъвати эзгулик нури бўлиб борлиққа таралади. Қадрли, сирли, ёқимли овоз. Ҳар биримиз дунёга келганимизда улуғларимиз қулоғимизга азон айтган, у шундан бир умр қалбимизга нақш этилган. Бу имон нақши, виждон, ҳалоллик, поклик нақши, бир умр яхшилик йўлида яшаб, яхшиликка хизмат қилиб ўтиш нақши. Шукрки, яна азон товушлари янграмоқда.
Ўзбекистон миллий тараққиётнинг янги даврида қадриятлар янада қадр топа бошлади. Буни барча соҳалардаги туб ўзгаришлар қатори маънавият, муқаддас ислом дини таълимоти, қадриятларга муносабатларда ҳам кўриш мумкин. Кейинги уч йилда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятининг йўлга қўйилиши борасидаги ҳаракатлар диққатга сазовордир.
Сурхондарё вилоятида Ҳаким ат-Термизий, Қашқадарё вилоятида Абул Муин Насафий, Тошкент шаҳрида Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуаларининг бунёд этилиши, кўплаб янги масжидларнинг очилиши, улуғларимиз мақбараларининг тубдан таъмирланиши, диёримизда таълим, илм-фан,маданият ва маърифат, аждодлар меросини ўрганиш, қадрлашга бўлаётган юксак эътибор нафақат мамлакатимиз ва минтақа аҳолиси, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Шуниси қувонарлики, ўтмишда маърифатли дунё бухорийлар, фарғонийлар, самарқандийлар, хоразмийлар, термизийлар, насафийлар таратган илм зиёсидан қанчалар баҳраманд бўлган бўлса, бугунги кунгача бу баҳрамандлик давом этмоқда, аждодларимиз қолдирган бебаҳо мерос ўз қадри ва аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Қош қорая бошлади. Муаззин шом намозига азон айтди. Кўнгиллар яна тенгсиз ҳузур туйди. Кун бўйи ризқ излаб турли томонларга учиб кетган қушлар яна дарахтларни макон тутди. Уларнинг жам бўлиб чуғурлашларига қулоқ солар эканман, хаёлимдан бир фикр ўтди: “Қушлар ҳам ибодат қилмоқда”. Шунда беихтиёр Президентимизнинг шу йил февраль ойида Наманган шаҳридаги хонадонлардан бирига қилган ташрифи, ўша пайтда азон янграган ҳолатда айтган сўзлари ёдимга тушди: “Худога шукр, олдин азонлар эшитармидик? Қандай ёқимли! Ҳамма нарса ёпиқ эди, кўп нарса мумкин эмасди. Мумкин эмас, нимага мумкин эмас? Бу ҳам ўзлигимизни англаш, қадрият-ку! Ислом динини ўқиган тўғри таҳлил қилган, тўғри йўл танлаган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Динимизнинг буюклигини, динимизнинг инсонпарварлигини, эзгулигини тараннум қилишимиз керак. Бу ҳам бизнинг тарихимиз, эртанги кунимиз, ўзлигимиз...”.
Жаҳолатга қарши маърифат жаҳоний даъватга айланди
“Биз буюк давлат, буюк тарих, буюк маданият яратган халқмиз!”. Давлатимиз раҳбарининг бу сўзлари ҳақида кўп ўйлайман. Ҳар гал бу сўзларни тилга оларканман, ичимдан, “Шу халққа муносиб бўл, сен ҳам миллатни шундай даражаларга кўтар!” деган даъват келаверади. “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш!”. Улуғ мақсад, буюк мўлжал. Унга эришиш учун давлат раҳбари барча имкониятларни яратиб бермоқда. Тарбия, таълим, илм фан, юксак технологиялар ва, албатта, гўзал ахлоқий фазилатлар, юксак маънавиятга асосланган ватанпарварлик. Худо хоҳласа, буларнинг барчасига эришамиз. Бироқ бу йўлда битта нарса оёғимизга кишан бўлиши мумкин. Жаҳолат!
Яқинда ўқиб қолдим, бир олим жоҳил одамни оддий тарзда шундай таърифлаб беряпти. Яъни, билиши зарур бўлган билимларни билмаслик, билишга интилмаслик, билиши зарур бўлмаган нарсаларга вақтини сарфлаш. Баъзан моҳият, илм, имон бир ёқда қолиб, шакл билан овора бўлиб қолаётгандекмиз. Бир аср илгари жадид боболаримиз кўтарган айрим муаммолар жамиятимиз ҳаётида ҳамон долзарб бўлиб қолаётгани ачинарли, ҳам уятли. Масалан, улуғ маърифатпарвар Мунавварқори Абдурашидхонов, “Бугунгача Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электр билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари…”, дея ёзган эди. Таассуфки, биз ҳамон мана шундай ташқи кўринишлар масаласидаги баҳсларга кўпроқ берилаётгандекмиз. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” янги таҳрирдаги қонунда “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ бекор қилиниши ушбу жиҳатдан муҳим қадам бўлди.
Қонун билан танишар эканмиз, у чинакам маънода жамиятимизда виждон эркинлигини таъминш борасидаги демократик қарашларнинг ўзига хос кўзгуси сифатида намоён бўлаётганини англаймиз. Қонунда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби соддалаштирилгани, жумладан, маҳаллий диний ташкилотлар, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган ҳолда этиб белгилангани ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Бундан буён диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши, адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқартирилиб, уларни кўриб чиқишнинг муддати 3 ойдан 1 ойга туширилиши ҳам ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.
Шунингдек, қонунда, жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилмоқчи бўлган гуруҳлар фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизаси ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди. Диний қараш ва таълимотларнинг турлича талқин қилинишига йўл қўймаслик мақсадида “ноқонуний диний фаолият” билан “қонуний диний фаолият” ўртасидаги чегара аниқ кўрсатиб қўйилди ҳамда “диний таълим” тушунчасига ҳуқуқий жиҳатдан аниқлик киритилди.
Жамиятда тинчлик-тотувликни таъминлаш, диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, диний эътиқод билан боғлиқ қадриятлар, урф-одат ва анъаналар ҳурмат қилинишида ушбу қонун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Хулоса сифатида шуни алоҳида қайд этиш лозимки, бу қонуннинг қабул қилиниши билан Ўзбекистон нафақат ўз халқининг виждон эркинлиги бўйича ҳақ-ҳуқуқларини демократик талаблар асосида мустаҳкамлаб қўйди, балки Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган резолюциясига мувофиқ, жамиятда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик борасида ўзи намуна ва ўрнак бўлаётганини бутун дунёга намоён этди.
Минҳожиддин МИРЗО,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ