Бугун инсоният астероид урилиши, музлик давридан ҳам кучлироқ бир синов қаршисида турибди


Сақлаш
17:42 / 11.10.2024 87 0

Астероиддан ҳам хатарли

 

Бирор киши гравитация қонунини рад эта оладими? Йўқ, албатта. Ҳарқанча қўлини силкисин – қушга ўхшаб парвоз қилмоққа ожиз. Бирор киши электр қонунларини инкор этадими? Йўқ, акс ҳолда уни ток уриб ўлдиради.

 

Табиатнинг ана шундай қонунларидан яна бири “табиий танланиш” деб аталади. Унга кўра, табиат жонли жонзотларни саралайди, айрим турлар кўпаймайди, ҳатто қирилиб битади. Масалан, улкан астероид Юкатан яриморолига урилиб Ер куррасида содир бўлган кескин ўзгариш натижасида динозаврларнинг аксари қирилиб кетган, фақат синовдан ўтганлари – тимсоҳлар, қушлар яшаб қолган. Бундан бир неча ўн минг йил аввал муз даври бошланганида онгли одамлар (оловдан фойдаланишни ўрганганлари) жон сақлаб, қолган қабилалар йўқ бўлиб кетган.

 

Бугун инсоният астероид урилишидан ҳам, музлик давридан ҳам кучлироқ бир синов қаршисида турибди: ғарбча маданият! Бу синовдан оила қадриятларини сақлаб қолганлар омон чиқади, бошқалари камайиб-камайиб, охири йўқликка юз тутади. Табиий танланиш қонуни ҳозирнинг ўзидаёқ ўз кучини яққол кўрсатмоқда, туб европаликлар кескин камаймоқда. Муҳими, бундай танлов нафақат қабилалар ўртасида, балки қабила ичида ҳам юз беради: оила қадриятларини асрайдиганларнинг фарзандлари кўпаяверади; ҳаётни еб-ичиш, ўйнаб-кулиш деб тушунадиганлар ўзидан кўп зурриёт қолдиришни истамайди ва буни онгли қарор деб ҳисоблайди. Йўқ, аслида бу – Яратганнинг табиий танланиш қонуни зимдан кучини кўрсатаётганидан. Исломни қабул қилаётган оқтанлилар сони ортиб бораётганининг асосий сабабларидан бири – улар бу диннинг оила, никоҳ, ҳаё каби қадриятларни қаттиқ ҳимоя қилишини англагани туфайлидир.

 

 

Тарих бирёқламаликни хушламайди

 

Бобурнинг Навоийга муносабатини фақат “Бобурнома”га таяниб ўрганиш хато. Бобур томонидан “Мезон ул-авзон” рисоласининг танқид қилиниши, “Девони Фоний” ҳақидаги салбий фикр “Бобурнома”нинг шу боби ёзилган вақтдан кейин яратилган “Аруз” рисоласида тузатилган: “Мезон ул-авзон”дан 6 рубоий келтирилган, унинг бекаму кўстлиги таъкидланган. Бобур форсий девонга ҳам юксак баҳо берган, умуман, Навоийни устод дея алқаган. Фақат бугина эмас, Бобурнинг Навоийга муносабатини ўрганишда унинг “Девон”ига ҳам мурожаат қилиш керак. Зеро, “Девон”да Навоийнинг таъсири ниҳоятда кучли. Илмий тарих бирёқламаликни хушламайди, билъакс, мукаммал ёндашувни талаб этади.

 

 

Замони ўтган истилоҳ

 

“Чиғатой адабиёти” атамаси туркологлар учун одатий бўлса ҳам, принципиал хато истилоҳдир. Навоий ўз тилини “турк тилининг Чиғатой улуси лаҳжаси” деб атаган. Чиғатой улуси аслида Навоий давридаёқ эскириб бўлган эди. “Чиғатой тили/адабиёти” атамаларини XIX асрда рус туркшунослари фанга тиқиштирган, уни ўзимизнинг зиёлилар негадир ҳеч бир малолсиз қабул қилган эди (“Чиғатой гурунги” ва бошқалар). Мазмун-моҳиятига кўра, “турк тилининг Турон лаҳжаси/адабиёти”, “мумтоз ўзбек тили/адабиёти” атамалари мақбулроқ.

 

 

“Қумурсқалар бўлди сафардош...”

 

Ўзбекнинг энг улкан истеъдодларининг армони, балки фожиаси – қумурсқалар билан овора бўлиш.

 

 

Тескари пропорция

 

Актёр ва режиссёр Александр Ширвиндт ёдномаларини ўқиганда хаёлга келган фикр: “Давлатнинг дурустлиги, халқнинг бахти баланд деворлар, темир панжаралар ва тиканли симлар узунлигига тескари пропорционал”.

 

 

Китоб ва кино

 

Когнитив нейрофизиология аниқлаган қонунлар: 1) китоб ўқиш билан кино, ТВ, умуман, видео томоша қилиш ўртасидаги асосий фарқ: томоша қилганда кўриш қобилияти ишлайди – воқеалар кўз олдида юз беради, китоб ўқиганда тасаввур қобилияти ишга тушади; 2) тафаккур қобилияти ишлаши учун кўрган ва ўқиган устида фикр юритмоқ лозим. Китоб мутолааси жараёнида фикр юритиш осон, томоша қилганда қийин. Агар кўрсатувда воқеалар тез, лип-лип қилиб ўтса, тафаккур кучи ишга тушмайди.

 

Хулоса: клиплар, тасвир жуда тез алмашадиган фильмлар одамнинг фикрлаш қобилияти ривожланиши йўлида ғов.

 

 

Ижод аксиомалари

 

Ижод соҳаси муттасил илгарилама ҳаракатда бўлмайди – истеъдодлар зилзила каби вақти-вақти билан, кутилмаганда бўй кўрсатади.

 

Буюк асар вакуумда туғилмайди, у аввалгилардан ибрат олиш, ўрганиш, айни вақтда, улардан ўзишга интилиш ҳосиласидир. Буюк асарлар туғилишида ижодий мусобақанинг роли катта: нафақат замондошлар – ўтганлар билан ҳам, нафақат атрофидагилар – узоқдагилар билан ҳам.

 

Ижодда “миқдорнинг сифатга ўтиш” қонуни амал қилмайди.

 

Ижодкорнинг фожиаси – ижоди билан ҳаётий принциплари уйғун эмаслигида.

 

Тажриба, изланиш, новаторликни тақиқлаш, қоралаш, менсимаслик тўғри эмас – у рағбатлантирилиши керак.

 

Ҳеч бир жанр эскириб, чиқитга чиқмайди, балки мудраб, уйғотувчисини кутиб ётади.

 

Шаклнинг ҳам аҳамияти бор. Буюк асарларда шакл ва мазмун уйғун – униси ҳам, буниси ҳам мукаммал бўлади. Шакл – дейлик, қизнинг ҳусну жамоли, қадди-қомати, мазмун – характери, кўнгли, одобидир.

 

Ўзидан қониқмаслик – бамисоли ижодкорни юксакка кўтарувчи ракета.

 

Авваллари истеъдоднинг 99 фоизи меҳнат дейилар эди, энди 999 промиллеси меҳнатдир.

 

Афсуски, буюк асарлар билан ўртамиёна асарлар ўртасида “хитой девори” йўқ.

 

“Ижодкор бўлишингиз шарт эмас, инсон бўлишингиз шарт”. Ижодкор ҳам инсон, инсонга хос ожизликлардан холи эмас.

 

Истеъдод ўрмондаги энг баланд дарахтга ўхшайди – шамолнинг ҳамласига энг аввал у йўлиқади, яшин ҳам биринчи бўлиб уни уради.

 

 

Отни жиловлаш вақти

 

Бугунги Ғарб – истеъмол цивилизациясидир. Унинг эришган ютуқлари истеъмол омили туфайли. Айни чоқда фожиаси ҳам. Одам бойиган сари истеъмол туйғуси ошиб боради. Тасаввуф фалсафасининг бош ғояси нафсни, хусусан, истеъмол туйғусини жиловлаш экани бежиз эмас.

 

...биз эса, нафсимизни жиловламоқ ўрнига, Ғарбга эргашиб, отни қамчилаяпмиз: яна, яна, яна...

 

 

Театр тили

 

1960-йиллар. Тошкент. “Олтин давримиз”. Ҳамза ва Муқимий театрлари гуллаб-яшнаган кезлар. Хонадошлар билан ҳар стипендия олган куни спектакль кўришни одат қилганмиз. Олим Хўжаевнинг Гамлети, Шукур Бурҳоновнинг Ғофири, Сора Эшонтўраеванинг япон онаси, Амин Турдиевнинг “Оғриқ тишлар”даги роли ҳамон ёдимда. Томошабинлар ҳам ҳозиргига қараганда соддароқ, ишонувчанроқ эди. Айтишларича, “Фарҳод ва Ширин” спектаклида бир омироқ милиционер саҳнадаги воқеалардан таъсирланиб кетиб Ёсуман ролини ижро этаётган актрисага қарата ўқ узган экан. “Гамлет”га тушганимизда ҳам шунга ўхшаш ҳодиса бўлган: бош қаҳрамон отасининг руҳи билан учрашадиган саҳна шундай жиҳозланган эдики, одамнинг эти жунжикарди. Саҳнанинг орқа томонидаги қора рамкада бирдан арвоҳ пайдо бўлганда томошабинлардан бири қичқириб юборган эди.

 

...Ломоносов номидаги МДУ театрига авангард труппа гастролга келди. Спектакль театр ва кинонинг синтезидан иборат экан. Актёрлар саҳнада роль ўйнаб, унинг четига борар эди-да, экранга кириб кетар, шу тариқа спектакль кино тарзида давом этар, сўнг актёрлар яна саҳнага қайтар эди. Бунақа спектаклни бошқа кўрмадим.

 

1984 йили Пермь шаҳрида илмий анжуман бўлди. Ўша даврда Пермь опера ва балет театри анча машҳур эди. Меҳмонхона театрга яқин экан, кечки спектаклга бордим. “Маликаи Турандот” қўйилаётган экан. Аншлаг! Иши чиқиб қолиб, чиптасини сотадиганлар ҳам йўлиқмади. Таваккал қилиб, артистлар ва ходимлар кирадиган хизмат эшигини тақиллатдим. Навбатчи қоровул аёл киши экан. Тошкентдан келганимни, театрга тушмай кетсам ўзимдан хафа бўлишимни айтдим. У “Ташкент?!” дедию мени эшикдан киритиб (қиш, ташқарида 30 даража совуқ эди), кутиб туришга ишора қилди. Бир оздан сўнг бошқа бир аёлни етаклаб келди. У театрнинг бош маъмури бўлиб, қарангки, болалиги уруш йиллари Тошкентда ўтган экан. Олиб бориб ложадаги ўз жойига ўтқазиб қўйди.

 

Ҳозиргача кўрган спектаклларим асосида шундай хулоса қиламан: агар спектакль саҳнада ўзига хос муҳит, кайфият (руҳият деса тўғрироқ бўлар) яратиб, томошабинни ўз қаърига тортиб кета олса – чинакам санъат, акс ҳолда ундан ёмони йўқ. Санъатнинг бошқа жанрларидан фарқли ўлароқ, ўртача саҳна асари бўлмайди. Зўр спектакль бир томондан – драматург, режиссёр, актёрлар маҳорати, бошқа томондан, томошабин савиясига боғлиқ.

 

 

Турк бойлари қандай тўй қилади?

 

1993 йили бир ойлик маданий алмашув дастури бўйича Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлдик. Меҳмонхонамиз шаҳарнинг Лаванд деган донгдор даҳасида жойлашган. Ҳар ҳафта бой хонадонларнинг тўйи бўлади. Суннат тўйида йигирма-ўттиз меҳмон қатнашади. Тўйбола пошо (генерал) формасида, елкаси оша тасма боғланган. Меҳмонлар келади-да тасмага медаль тақиб қўяди. Биринчи сафар қизиқиб сўраймиз. Тушунтиришади – медаль соф тилладан ясалган, махсус дўкондан сотиб олинган. Йиғилган медаллар (бир килоча тилла) банкка қўйилар, тўйбола вояга етгунча кўпайиб турар экан. Катта бўлгач, университетда ўқиш, тадбиркорлик қилишга сарфларкан. Никоҳ тўйи ҳам шундай: меҳмонлар қирқ-эллик чоғли, деворга гулчамбар осилган, қариндош-уруғ, дўст-ёр унга медаль тақади. Йиғилган салмоқлигина олтинни келин-куёв мустақил ҳаётни йўлга қўйишга ишлатади.

 

Қизиғи, бой хонадонларнинг тўйида ҳам дастурхонга фақат мева-чева, шарбат, пишириқ тортилади, иссиқ овқат қўйилмайди. Меҳмонлар қўлларини бир-бирларининг елкасига ташлаб, ватанпарварлик руҳида қўшиқ куйлашади. Артист – рестораннинг штатдаги қўшиқчиси, қистир-қистир, варанг мусиқа, рақс-пақс йўқ.

 

Турк қардошлар топганини фарзандларининг келажагига сарфлайди, биз эса исрофга, дабдабага...

 

 

Бир кунлик севги

 

Невараларимнинг бувиси телевизорда ўзбек каналларидан бирининг дастурини кўраётган экан, бинойидек ҳусн ва қадди-қоматли уч қиз навбат билан қўшиқ айтяпти. “Мени бугун севасанми, ёр?” деган нақарот билан куйлади бири. Шеър муаллифи нимани назарда тутса тутгандир, ҳозир ким кўп – сўз бойлиги ҳаминқадар шоир, аммо дастурни тайёрлашда иштирок этган ўнлаб одамдан “Нега энди бир кунлик севги?” дейишга наҳот бирортасининг фаросати етмаган?..

 

 

Мусофир бўлмагунча...

 

Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида ташкил этилган илмий анжуманда қатнашдим. Шаҳарнинг жануби – яйдоқ тоғ, қолган уч томони – қум барханлари. Нафи тегиши мумкин бўлган кузатувлар:

 

1. Сой тугул жилға ҳам йўқ, аммо ҳаммаёқ дарахтзор, бутазор, гулзор – томчилаб суғориш учун ҳар бир туп остига резина ичак тортилган. Денгиз суви чучуклаштириб олинади.

 

2. Шаҳарда битта йирик жоме (Масжиди Халифа) бор. Бошқа ҳаммаси кичик, аммо бир-бирига яқин – намозхон ортиқча вақт сарфламайди, автотирбандлик йўқ, чунки кўпчилик пиёда боради.

 

3. Саҳрода бунёд этилгани учун кўчалар, хиёбонлар, тураржойлар ниҳоятда кенг. Биз ҳам экинзорларни шаҳарга айлантирмай, экин экилмайдиган майдонларда янги маҳаллалар, шаҳарлар барпо этсак тўғрироқ бўлар.

 

4. Қандай эришилган – билолмадим, атроф саҳро, ёмғир тақчил бўлса ҳам, чанг йўқ, ҳаммаёқ озода.

 

5. Дубай аэропорти Ислом Каримов номидаги “ҳамкасб”идан камида юз марта катта, аммо йўловчилар учун ниҳоятда қулай.

 

Дарҳақиқат, мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмаймиз.

 

 

Бузма маърифат Каъбасин

 

Агар архитектура ёдгорлиги бизнес маркази, бозор, ресторан каби сердаромад соҳалар қуришга ўнғай жойда бўлса, ҳарқанча тарихий аҳамиятга молик бўлмасин, нафси аждарҳо, шайтонга қўл берганлар уни бузмай қўймайди.

 

“Турон” кутубхонаси халқимизнинг мўътабар масканларидан эди – жадид ҳаракатининг маънавий ўчоғи бўлган. У даргоҳда Абдулла Қодирий, Мунавварқори Абдурашидхонов каби улуғлар руҳи кезиб юрар эди. Бузиб ўрнига бачкана (спирал) бино барпо қилинди. Сифатсиз қурилган экан, устини ёпишга мажбур бўлишди – архитектура ғариб, бенаво чиқди. Бундай мисоллар ўнлаб...

 

 

Яна таълим, яна маориф

 

Таълим сифатини баҳолашнинг халқаро PISA тест синови натижалари бўйича 81 та давлат орасида Ўзбекистон жуда паст натижа кўрсатди (2022). Бу ҳар бир ватандошни ўйлантириши лозим.

 

PISA тест синови ҳар уч йилда 15 яшар ўқувчилар ўртасида ўқиш малакаси, математика ва табиий фанлар бўйича ўтказилади. Ўзбекистон ўқувчилари математика бўйича пастдан 10-ўринда, табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги бўйича охиридан иккинчи ўринда. Математика ва табиий фанлар бўлганича бўлар. Дод дейсизки, ўқиш саводхонлиги бўйича ҳам аҳвол йиғлагудек! Гап Навоийни, Толстойни, Қодирийни эмас, соддагина матнни ўқиб тушуниш ҳақида кетмоқда.

 

Барака топкурлар, бу ҳолга фақат дастур, дарслик, ислоҳот, таълимга эътибор, ажратиладиган маблағ, ўқитувчилар малакасини ошириш, аттестация ва ҳоказоларгина сабабми? Ахир, болаларимиз ўқимаяпти-ку! Ўқишни хоҳламайди, ўқишни билмайди. Ўтган асрнинг 20-йиллари мезонида айтсак, чаласавод. Бугунги кун ўлчовида – ғирт саводсиз. Ўқийдиганлари бор, аммо кўп эмас. Назаримда, мактаб ўқитишни эплай олмаяпти. Ота-оналар болам ўқисин демаяпти, халқ таълими тизимидаги айрим масъуллар маошини ҳалоллаб олмаяпти, улар таълим эмас, бошқа ўй-хаёллар билан банддек.

 

Ташхис: таълим сифати билан шуғулланиш “соққа” келтирмайди, турган-битгани ташвиш, тер тўкиб қора меҳнат қилиш керак. Ислоҳот, дарслик, мактабларни жиҳозлар билан таъминлаш, таъмир... булардан эса миллиардлаб даромад қилса бўлади. Мана, муаммонинг ўқилдизи!

 

Иккинчи илдизи – миллатнинг менталитети (қони) бузилганида. Бир оила турмуш аравасини аранг тортиш билан овора – боласининг саводхонлиги ҳақида қайғурадими? Бошқа бири бой, аммо боласининг билимдон эмас, топармон бўлишини (ҳалол ё ҳаром эканининг аҳамияти йўқ!) ўйлайди.

 

Мени шу савол қизиқтиряпти: минглаб халқ таълими масъуллари, юзлаб мутасаддилар, ўнлаб юқори мансабдорлар орасидан халқаро рейтингда Ўзбекистон охирги ўринларни эгаллагани сабаб истеъфо берадиган мард топиладими?..

 

Абдулла АЪЗАМ

 

Tafakkur журнали, 2024 йил 3-сон.

Билимдон керакми ё топармон?” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10329
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//