Одатда 85 ёшни қаршилаганлар ўзини табиат қўйнида дам олиб, кексалик гаштини суришга ҳақли санайди. Фақат Тони Моррисондек уйғоқ қалб эгалари эмас. “Муҳаббат”, “Ўз уйим”, “Мовий кўзлар”, “Ёрим” сингари бетакрор романлар муаллифи, Нобель мукофоти лауреати ҳамон ёзиш машаққатини бўйнидан соқит қилганича йўқ. У тонгга қадар инсоният дардини қоғозга тушириш билан банд. Яқинда ёзувчининг “Раббим, болани қўлла” номли ўн биринчи романи дунё юзини кўрди. Бироқ ҳассос адиба одамларни ҳайратга солиши керак бўлган ўн иккинчи роман ғояси унга тинчлик бермаётгани тўғрисида Нью-Йоркнинг Goodreads нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
– Аввало, сизни янги асар муваффақияти билан қутлаймиз. Қисқа, бироқ юки оғир роман. 187 бетлик асарни ўқиш ва ҳазм қилиш душворлигини тан олиш керак...
– Болалар – жаннат гули. Бироқ баъзан одамлар ана шу гул униб-ўсмай туриб уни янчиб ташлайди. Катталарнинг шафқатсиз муносабати беғубор қалбларни синдиради. Меҳрсизлик туфайли айрим болалар ҳаётнинг заҳрини эрта татийди. Яраланган, оғуланган қалб эгаси эса эртага кимга айланади? Жиноятчига! Худо қўлламаса бекор. Тирик қолишга уриниш эса ҳамма вақт ҳам омадли чиқмаслиги мумкин. Хўрлик кўриб улғайган бола бутун умр қувончни танимайди. Асар инсониятга гўдак қалби терисининг рангидан қатъи назар нақадар оппоқ ва нозик эканлигини англатади, деган умиддаман.
– Кўпчилик деярли ҳамма асарларингизнинг юки оғирлигини эътироф этади. Ўзингизга ҳам бу ҳақда айтишганми?
– Албатта, айтишган. Лекин мен енгил нарсаларни хушкўрмайдиганлар учун ёзаман.
– Тонггача уйқунинг баҳридан кечиб ёзиш оғирлик қилмайдими? Одатда кўпгина ижодкорлар саҳарда ижод қилиш самаралироқ, деб ҳисоблайди. Сиз-чи?
– Болалигимда қўлимга қалам олиб эндигина ёзишни ўрганганган пайтларим тонгда ҳуснихатимни яхшилаш учун машқ қилардим. Бу машғулот менга қувонч бағишларди. Кейинчалик ёзиш – эҳтиёжга айланди. Рандом Ҳаус нашриётидаги фаолиятим адоғига етганидан кейин эса мен бир неча йил уйда бекор юрдим ва ўзимни қайта кашф этдим. Мен, ҳатто кундузлари ўз уйимнинг товушларини ҳам эшитмаган эканман. Мен тамоман ўзгардим. Ҳозир ейишим кераклигини ҳис этганимда тамадди қиламан, нонушта, тушлик ёки кечки овқат вақти бўлгани учун эмас. Ёзиш ҳам шундай. Истак туғилганида қўлимга қалам оламан. Бу, асосан, тунда юз беради. Аксарият жонзодлар уйқуга ётганда. Атрофда сукунат ҳукмронлик қилганда. Шунда қалб ўз созини қўлга олади. Илҳом ана шундай пайтда ташриф буюради.
– Ёзиш иштиёқи уйғонганда ўзингизни нималардан маҳрум қиласиз?
– Уйдан чиқмайман. Вақтинча қўнғироқларга жавоб бермайман. Катта ёзув столию қоғоз-қаламдан иборат оламга ғарқ бўламан. У ерда ёлғиз бўламан. Бу оламнинг кириш-чиқиш эшигининг қаердалиги яккаш ўзимга аён. Менинг дунёмда на ҳисоб-китоб варақалари, на хатлар, на саволлар, на таклифномалар бор. Хуллас, ташқи оламдан узилган сайёрамда ёлғиз мен, қалам ва илҳом мавжуд.
– Тони Моррисон номининг машҳурликка эришганига кўп вақт бўлгани йўқ. Одатда ёзувчилар ўзини тезда танитади. Сиз эса аввал муҳаррир сифатида фаолият кўрсатиб, сўнг ўзингиз ҳам ёза олишингиз мумкинлигини кўрсатдингиз. Ишдан кейин ёзиш қийин эдими?
– Бу ғоят қийин эди. Ишга бутун куч-ғайратимни сарфлардим. Қуввати сўрилган одамнинг ижод қилиши оғир. Мен узоқ йиллар ўз оламимда якдилликка эришишга интилдим, бироқ бу қўлимдан келмади. Ёнингда талай қўлёзмалар қалашиб турганда, қандай қилиб ёзишинг мумкин. Ўзингни иккига бўлишинг талаб қилинарди. Икки оламда бараварига яшаётган ёзувчининг асари мукаммал чиқишига шубҳам бор. Ёзувчи учун ёзиш бу – ибодат.
– Сўзларингиздан ёзувчи ёзиш учун шароит, вақт, махсус жой танлаши керак, деб тушуняпман. Лекин айрим ижодкорлар қулай фурсат кутиб турмайди. Масалан, Роберт Фрост кўпроқ сафарда ёзган, ҳатто бир асарини самолётда ёзганини тан олади...
– Илҳом бу – илоҳий, уни Яратган ато этмаса, бекор. Бу ҳар кимда ҳар хил кечадиган жараён. Масалан, мени бирорта муаммо безовта қилса, фикримни жамлаб ололмай қоламан. Гарчанд биз Роберт Фрост билан бир қабилага тегишли одамлар бўлсак-да, яшаш тарзимиз ҳар хил. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, Худо берганида у самолётда бўладими, меҳмонхонадами, соҳил бўйидами, фарқи йўқ, тутиб қолиш керак. Фақат унинг ҳақиқий илҳомлигини ҳис қилиш шарт.
– Тони Моррисон учун компьютерда ёзиш қулайми ё қўлда?
– Мен туйғуларда табиийликни, муносабатларда самимийликни, яшашда эса соддаликни хуш кўрадиган одамман. Ёзишни бошлаганимдан буён қаламда ёзаман. Қўлда ёзилганига етмайди-да. Фикрлар сохталикдан йироқ бўлади, деб ҳисоблайман.
– У ҳолда таҳрирда қийналасиз-ку! Компьютерда ёзиш ёзувчининг меҳнатини осонлаштиради. Вақтдан ютиб қолардингиз.
– Эҳтимол, сиз ҳақдирсиз. Лекин мен енгилликни ёқтирмайман ва вақтдан ютиб қолиш учун ёзув столига ўтирмайман. Кейин муҳаррирликдан нафақага чиққанимни ҳам унутманг. Мен нима ёзаётганимни, қандай ёзишим кераклигини яхши биламан. Қўлимга қалам олганимда мақсадим аниқ бўлади. Кўк рангда ёзсам, қизил ё сариқ қаламда таҳрир қилиб чиқаман. Хуллас, роман ёзишим ва мақсадимни рўёбга чиқаришим учун менга икки хил рангдаги қалам етиб ортади.
– Кўпгина ёзувчилар ўзи учун алоҳида, омма учун алоҳида асарлар ёзиб эълон қилади. Бунга қандай қарайсиз?
– Худо берганини бошқалар билан бўлишиш керак, деб ҳисоблайман. Ёзувчи қалам унга одамлар дардини ёзиш учун ато этилганини ҳис қилиб туриши керак. Менга бу ҳақиқатни англаш учун 20 йил керак бўлди. Айнан шу ҳақиқатни англаганимдан кейин ҳозир дунё тан олаётган асарларим пайдо бўлди. Ижодини меъёрга солган, ўқувчиларию ўзи ўртасида қандайдир девор пайдо қилган ёзувчи самимиятдан анча йироқ ижодкор. Ёзувчи одамлар орасида яшайди, улар ҳис қилганини ҳис қилади, халқ учун ёзади. Ёзувчининг асарларига инсониятга хизмат қилмаса, унинг ижоди бир пул.
– Қирқ йил муҳаррир, йигирма йил ёзувчи бўлиб яшадингиз. Ортга боқиб, нималарни ўзгартирардингиз?
– Мен қисматимни ўзгартиришга ҳаракат қилмасдим. Мен талабчан муҳаррир эдим. Фаолиятим ёзувчи бўлиб шаклланишимга ёрдам берди. Ортга боққанимда ҳаммаси қандай кечса, шундай давом этиши керак, деб ўйлайман...
– Бироқ интервьюларингиздан бирида “Муҳаррир бўлиб яшашдан ёзувчи бўлиб яшаш осонроқ”, деган экансиз?
– Оҳ, сиз журналистлар тилимдан илинтирмоқчи бўласиз-а (кулади)! Бу гапда ўтган ҳаётимдан норозилигим акс этмаган. Муҳаррир бировлар учун ишлайди. Ёзувчи ўз номи учун меҳнат қилади. Мен қирқ йил тер тўкиб, ўз исмимни дунёга танитолмадим. Ёзувчилик эса қисқа давр ичида Тони Моррисон исмини дунёга машҳур қилди. Мен шу гапни назарда тутган эдим. Лекин қирқ йил муҳаррирлик қилмаганимда бугун ёзувчи бўлолмасдим.
– Ёзувчилик болаликдаги орзунгиз деб ўйлабман...
– Йўқ. Мен болаликда ўқувчи бўлишни истаганман. Чунки болаликда қўлимга тушган китобни ютоқиб ўқирдим. Ҳозиргача ҳам ўзимни яхши китобхон деб санайман. Тинимсиз мутолаа ёзувчини ўстиради. Аввал китобларни чин китобхонлик ҳаваси билан ўқиган бўлсам, кейинчалик муҳаррирлик – танқидий назар билан, ҳозир ёзувчилик нигоҳи, яъни чуқур мушоҳада билан мутолаа қиламан.
– Тони Моррисон ўз ёлғизлигини енгиш учунгина ёзув столига ўтиради, дейди баъзи ижодкорлар. Бу қанчалар ҳақиқат?
– Ижодкорларга қўйиб берсанг, кўп гапларни айтади. Наилож, бекор оғиз уларники. Мен шунчаки теварак-атрофимда содир бўлаётганларини қоғозга тушириш керак, деб ҳисоблаганим учун ёзаман, холос.
– Қўлга қалам олишингизнинг бутун моҳияти ҳам шундами?
– Эҳтимол. Фақат бугина эмас. Ҳаётнинг шафқатсизлиги билан чиқишолмаганим учун ёзаман. Тобора жаҳолатга ботиб бораётган бугунги авлоднинг тентаклигини кўриб, чанқаган одам каби қоғоз-қаламга интиламан. Ўзгаларнинг изтироби ҳам қўлимга қалам олишга мажбур қилади. Қайғуга ботган инсонни кўрсам, унинг дардини аритиш истаги бош кўтаради, бироқ ўшандай вазиятда мен каби ёзувчининг қўлидан ёзишдан бўлак яна қандай иш келиши мумкин.
– Тони Моррисон ёзиш учун ғояни қаердан топади?
– Ёзиш учун ғоя тополмаган ёзувчи ўзини ўлик ҳисобласа ҳам бўлади. Тўғриси, ўша ҳолга тушишдан Яратганнинг ўзи асрасин! ҲАЁТ, ОДАМЛАР ВА КИТОБЛАР! Мана шу уч нарса романларимдаги ғояларнинг туғилишига асосий омил бўлиб хизмат қилган. Жамиятдаги жараёнлар эса ёзганларимнинг асар сифатида шаклланишига ёрдам берган. Масалан, “Муҳаббат”нинг ғояси қадрдон дўстлар даврасида, кечлик қилаётган бир маҳалда туғилган. Ҳаётда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кўриш қобилияти, одамлар билан мулоқот, шунингдек, ёза олиш истеъдоди ҳам чинакам асар яратиш учун камлик қилади. Билимсиз ёзувчи қўлига қалам олмагани маъқул. Илҳом мени илоҳий оламга етакласа, илм ўша оламга буткул ғарқ бўлиб кетишимдан асраб қолади. Икки олам ўртасида яратилган асар ўз моҳиятини йўқотмайди. Шунақа. Адабиётда илмсиз ижодкор узоққа боролмайди.
– Кўпгина ёзувчиларнинг асарларида жамиятдан норозилик руҳи акс этиб туради ва уларнинг аксарияти ўзи туғилиб ўсган жамиятдан қочиб кетишга уринади. Буни қаҳрамонларининг тақдири орқали ҳам кўрсатиб берадилар. Сизга тегишли роман қаҳрамонлари ҳам ҳаётда азоб тортганлардан. Бироқ улар бошқа юртларга бош олиб кетса-да, рўшнолик кўрмасдан тағин юртига қайтади. Бунга сабаб нима?
– Киндик қонинг тўкилган тупроқдан азизроқ жой йўқ. Унинг қадрини билмаган одам ҳаётда азоб тортади. Жамият борасида эса нима ҳам дейишим мумкин. Менга камчиликлардан холи бўлган жамиятни кўрсатинг! Ҳамма давлатда ҳам жамиятнинг қиёфаси бир хил. Мен ҳаловат излаб бошқа юртга бош олиб кетадиган ёзувчиларни тушунмайман. Сен ўзинг яшаётган жамиятнинг бир бўлагисан. Уни камчиликларию қусурлари билан қабул қилиш керак. Кўпгина ёзувчилар ўз асарларида жамиятни қоралайди ва ундан қочади. Ундан қочиш керак эмас, балки ўша қусурларни йўқотиш учун оз бўлса-да, ижодкор ҳиссасини қўшиши лозим, деб тан оламан. Ҳақиқий ёзувчи эл ичида, ўз яқинлари орасида, жамиятнинг аччиқ-чучугини тотиб яшайди. Чунки жамият ёзувчи учун чинакам устоз.
– Сиёсат-чи?
– Сиёсат ҳақида сўзлаган ижодкорнинг тили куяди (кулади). Унинг ажойиб таърифи бор: сиёсат – хиёнаткор хотин. Хиёнаткор хотиндан садоқат кутиш эса аҳмоқлик. Шундай бўлса-да, ёзувчи нафақат мамлакатдаги, балки дунёдаги сиёсий жараёндан хабардор бўлиши шарт. Чунки яратилаётган ҳар қандай асар руҳиятида сиёсатнинг нафаси сезилиб туради.
– Сизни сиёсатга тиши ўтадиган ижодкор, дея тан оладилар. Бу асарларингиздан ҳам сезилади. Билл Клинтон сизни “Американинг биринчи қора танли президенти”, дея таърифлаганини инкор этмасангиз керак. Эҳтимол, сизни ёзувчидан кўра кўпроқ сиёсатчи сифатида кўрганидан шундай дегандир?
– Клинтон бу гапни айтганида мамлакат тепасига қора танли президент келишини билмаган эди-да (кулади). Мен ўзимни сиёсатчи деб тан олмайман. Ҳатто ёзувчиман, дея даъво қилишга бироз ийманаман. Мен танқидчиман. Агар дунёга қайтиб келганимда фақат ва фақат адабий танқид билан шуғулланардим. Чунки танқидчи ёзувчидан кучлироқдир. У ёзувчи кўролмаган жиҳатларни кўришга қодир. Лекин бунинг учун алоҳида иқтидор керак.
– Асарларингизда яқин ўтмиш руҳияти устун. Бунга сабаб нима?
– Ўтмиш юрагимдаги битмас яра. У доим оғриқ бериб туради. Ортга боққанимда хўрлик ва ҳақоратларнинг овозини эшитаман ва ўз ирқимга раҳмим келади. Айниқса, ҳабаш аёлларга.
– Нега?
– Улар кўрган хўрликларнинг чек-чегараси йўқ. “Мовий кўзлар” романи қаҳрамонини бир эсланг. Ўша қаҳрамон бу дунёда рўшнолик кўрмаслик қисматига лойиқ эдими? Туну кун терисининг ва кўзларининг рангини ўзгартиришни Яратгандан сўрайди. Бироқ мўъжиза рўй бермайди. Уни ҳаёт хўрлайди, яқинлари таҳқирлайди, жамият эса адойи тамом қилади. Қўлимга қалам олганимда, асосий мақсадим аёл кўнглидаги яширин ҳисларни қоғозга тўкиб солиш эди. Мен шундай асар яратаманки, аёл ёзувчиларга ола кўз билан қарайдиганлар уялиб қолсин, деб ният қилган эдим. Шукр, ниятимга етдим.
– Аёл ҳақида энг яхши асарни ярата олдим, деб ўйлайсизми?
– Аёл ҳақида ҳали ҳеч нарса ёзилмаган. Гапимга ишонаверинг.
– Интервьюларингиздан бирида: “Мен онаман, мен хотинман, мен муҳаррирман ва мен ёзувчиман, баъзан ўзимга раҳмим келади ва ўлмаган бу жоним, дейман”, деган эдингиз. Бу гапларда ўз ҳаётингиздан норозилик туйғуси акс этганми?
– Қойил. Бундай саволни кутмаган эдим. Мен аёлнинг жони қирқталигини, у иш билан чарчамаслигини назарда тутган эдим. Шундай нарсалар борки, уни фақат аёл қалби тушунади. Бу гапимда ўз оиласи ҳаловати учун елиб югурадиган миллионлаб аёлларнинг дарди бор.
– Шунча йил нашриёт соҳасида ишладингиз. Сиз билан бирга фаолият кўрсатганларнинг кўпчилиги ноширлик билан шуғуланиб бойиб кетган.
– Эҳтимол, лекин ишонаверинг, мен улардан бойроқман. Мендан ҳеч қачон бой ношир чиқмаган бўлар эди. Бошқаларга ҳавас қилмайман, чунки каминанинг бошқалар ҳавас қиладиган қийин, бироқ шарафли ҳунари бор: ЁЗУВЧИЛИК!
– Айтишларига қараганда, сизни ишдан бўшатишган экан. Шу ростми?
– Ўша пайтда бу мен учун даҳшат эди. Нафақа чиққан қари муҳаррирнинг кимга кераги бор? Нимаики юз бермасин, бари яхшиликка эканлигига бугунги куним ҳақиқий исбот бўла олади. Улар мени ишдан бўшатиб тўғри қилишган экан (кулади).
– Яқинларингизнинг айтишича, биринчи асарингизни ёзиш учун уйдан кетиб қолган экансиз...
– Шундай қилишга мажбур бўлганман. Болаларим улғайиб қолган. Умр йўлдошим анча қариган эди. Менга эса тинчлик сув ва ҳаводай зарур эди. Анча вақтгача руҳий якдиликка эришолмадим. Ўзимни худди жамиятга кераксиздай ҳис қилардим. Шунинг учун уйдан кетишга мажбур бўлдим. Оилам биринчи асарим ҳақида матбуотда ёзилганидан кейингина хабар топди. Яқинларим тўғри йўл тутганимни фаҳмлашди. Бугун улар мени қўллаб-қувватлайди.
– Айрим ёзувчилар нашриётлардан буюртма олиб, кейин ёзади. Сиз ҳам шундай қиласизми?
– Ҳеч қачон! Бу аҳмоқона савдо. Шундай қиладиган ёзувчилардан ва улар яратган асарлардан қўлимни ювиб, қўлтиғимга урганман. Ижод бу – эркинлик. Илҳом сабосини жиловлаш мумкин эмас. Яширмайман, айрим ноширлар: “Фалон мавзуда китоб ёзиб беринг”, деб эшигимни тақиллатиб келишган, лекин уларни, ҳатто остонадан ичкарига ҳам киритмаганман. Ёзувчи сифатида бу илтимос менинг иззат-нафсимга теккан. Айтиб қўяй, камина нашр эттириш учун китоб ёзмайди, жаноблар. Бунинг учун адабиётга кирмадим. Адабиёт ҳалолликни севади. Яратганларим шунчаки ёзилиши керак бўлган асарлар эди. 90 ёшга бораётган мендай қари кампирга пулнинг аҳамияти қолмаганини таъкидлашнинг ҳожати бўлмаса керак, деб ўйлайман.
– Адабиёт ҳалолликни севади, дедингиз. Сизнингча, қайси ёзувчи бунга эришган?
– Бу категорияда Хемингуэй пешқадам. Кейин Фланнери О'Коннор ва Фолкнерни қўяман.
– Тўғриси, бундай жавобни кутмаган эдим...
– Моррисон қора танлиларга илиқ муносабатда бўлган оқ танли ёзувчилар ижодини эътироф этяпти, деб ўйламанг. Йўқ! Мен бу фикрдан йироқман. Шунчаки, бир ижодкор сифатида уларнинг ижодига эҳтиромим баланд. Бу ёзувчилар ўз ижодида ҳамма нарсага холис ёндашгани учун ҳурмат қиламан.
– Одатда қора танли ёзувчилар оқ танлилар ижодига нисбатан холис ёндашмайди. Устига-устак кўпгина ҳабаш ёзувчиларнинг асарларида ўтмишдаги воқеалар учун оқ танлиларга нисбатан алам сезилади.
– Бу табиий. Ўз ирқининг йиллар эмас, балки асрлар давомида хўрланиб яшаганини кўриш ва буни унутиш ҳазилакам иш эмас. Уларга ҳам осон тутманг. Ҳамма ўз дардини ёзади. Қора танли изтиробини қоғозга туширса, бу оқ танлиларга аламзадалик бўлиб туйилади. Уларни бизнинг аламзадалигимиз эмас, балки ўзларининг ўтмишдаги гуноҳлари қийнайди, назаримда. Қора танли ижодкорларнинг ижоди ҳақида шундай бўлмағур гап-сўзларни тарқатаётганларга айтар сўзим бор: “Узоқ йиллар дилдагини тилга кўчиришга ижозат бермасдинглар, жиллақурса ёзишга қўйинглар!” Жамиятда оқ танли, қора танли деган тушунча ҳали-ҳануз мавжуд, буни инкор этмайман, бироқ бу адабиётга тегишли эмас. Адабиёт ирқ ажратмайди.
– Демак, бу гаплар китобхонларда қора танли ёзувчилар ижодига нисбатан салбий фикрлар уйғотиш учун тарқатилаётган уйдирмаларми?
– Шубҳасиз. Фақат китобхонларни эмас, балки қора танли ижодкорларнинг ўзини ҳам бунга ишонтирмоқчи бўлишади. Улар шу тариқа бизни ёзишдан тўхтатишга уринадилар.
– Асарларингиздаги персонажларни ҳаётдан оласизми ёки уларнинг бари тўқима образми?
– Мен ҳеч қачон таниш-билишларим ҳақида ёзмаганман. Гарчи кўпгина ёзувчилар ишонарли чиқиши учун ўз яқинларининг табиатидан келиб чиқиб, қаҳрамонини яратса-да, мен буни оқламайман. Ёзганларим бировни ранжитиб қўйишини истамайман. Фақат бир ҳақиқатни тан олишим керак. Илк асарим “Мовий кўзлар” романидаги қаҳрамоним қисмати раҳматли онамнинг қисматига ўхшайди. Табиати ҳам онагинамнинг ўзи, изтироби ҳам. Нега бундай қилганимни ўзим ҳам билмайман. Эҳтимол, онам ҳақида хотира ёзиш истаги кучлилик қилганидан бош қаҳрамонни унга ўхшатгандирман? Балки, тажрибасизлик панд бергандир? Нима бўлган тақдирда ҳам, яқинларим бош қаҳрамон сифатида онамни танлаганимдан бироз ранжишди ва мен бошқа бундай хатога йўл қўймасликка қарор қилдим.
– Бироқ тўқималарга одамларни ишонтириш жуда қийин-ку?!
– Сураткаш билан рассомни олайлик, сураткаш кўрганини тасмасига муҳрлайди, рассом эса хаёлидаги тасаввурларини қоғозга чизади. Энди шундай савол туғилади: қай бири одамларни кўпроқ ҳайратлантиради? Албатта, моҳир рассом яратган асар. Рассом одамларни ишонтириш ва ажаблантириш учун Худо берган истеъдодию илоҳий сезгисига таянади. Ёзувчи ҳам шундай. Маҳоратли қалам эгаси ўз асарида одамларни қаҳрамон қилиб олмай туриб ҳам, ҳаётни кўрсатиб беришга қодир.
– Ёзаётганингизда қаҳрамонларингиз жиловини чиқариб юборганмисиз ҳеч?
– Қаламини жиловлай олмаган ёзувчи шундай муаммога рўпара бўлади. Мен яратаётган асар қаҳрамонлари сюжет туғилишидан анча аввал ёнимга келади. Ҳозир бу ҳақида гапирсам, мени телбага чиқариб қўйишингиз мумкин. Устимдан куладиганлар ё ёлғончига чиқарадиганлар ҳам топилар. Лекин бу ҳақиқат. Улар худди арвоҳларга ўхшаб мени ўраб олади. Қаҳрамонларим билан узоқ-узоқ суҳбатлар қураман. Уларнинг сочларини силайман, уларга ёқадиган ва ёқмайдиган нарсаларни биламан. Қизиғи, ўша руҳлар, мен ҳақимда ҳаммасидан хабардор, ҳатто мен ўқиган асарлардан ҳам. Улар янги романим бошқа ёзувчиларнинг китобларига ўхшамаслиги учун қандай ёзишим кераклиги ҳақида, ҳатто менга маслаҳат беради. Баъзан уларни ҳайдайман, тинч қўйишларини сўрайман, сўзлаётганида овозларини ўчириб туришларини илтижо қиламан, бироқ улар ортга чекинмайди ва мен ноилож қўлимга қалам оламан. Эҳтимол, шунинг учун ҳам, ёзувчилик – қисмат, дейишар.
– Асарларингизда эркаклардан кўра аёл қаҳрамонлар ҳар доим кучлироқ тасвирланади. Бунга сабаб нима?
– Билмадим, менга бундай туйилмайди. Аёллар ҳаётда эркаклардан ожизроқ кўрингани билан чидамлироқдир. Мен уларнинг шу хислатини очиб беришга ҳаракат қиламан, шунингдек, заифаларни жасоратлироқ бўлишга ундайман. Айтиб қўяй, бу жуда ҳам қийин экан.
– Шеъриятга муҳаббатингиз юқорилигини сезиш қийин эмас. Баъзи гапларингиз шеърий сатрларни эслатади...
– Эътироф учун раҳмат. Қанийди, шоир бўлиб туғилсайдим. Адабиётда шеъриятнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Лекин бу менинг қўлимдан келмайди. Начора, ҳеч ким бўйидан баланд сакролмайди. Шеърият ҳақида ўйласам, худди мен йўлнинг ўнг томонида эмас, чап томонида турган йўловчидай ҳис қиламан ўзимни. Бироқ шеър ўқишни канда қилмайман. Ўзимга ёққан сатрларни куйга соламан.
– Назм, наср, мусиқа – бир юракка кўплик қилмайдими?
– Агар ўша юрак чуқурлигу кенглиги жиҳатидан уммон билан тенглашса, кўплик қилмайди. Жазни жуда ҳам яхши кўраман. У мураккаблиги учун ёқади. Жаз бу – менинг ҳикоям. Жаз мусиқачиларининг ижросини тинглаганимда кўкка парвоз қиламан. Руҳим самоларда кезади. Мусиқа умрни узайтиради. Мен бунга тирик мисолман.
– Адашмасам, ўғилларингиздан бири мусиқачи, шундайми? Унга сиздан юққанми?
– Ҳа, лекин мен пианино чалмайман. Мусиқага иштиёқ қонимизда бор. Мусиқани чуқур англайдиганлар оиласида туғилганман. Шунинг учун ҳам ота-онамиз мен билан синглимни мусиқа дарсларига юборишган. Бу ўша пайтда мен учун ёқимли машғулот эди.
– Тони Моррисон исми нафақат Америка адабиётида, балки дунё адабиётида ўз овозига эга биринчи афроамерикалик ёзувчи сифатида қолади... Бунга нима дейсиз?
– Қўйсангиз-чи! Бу адабиётшуносларнинг жимжимадор таърифлари. Бундай таърифлардан ноқулай аҳволга тушаман. Мен эътирофлардан эмас, “Асарингизни ўқидим”, деган китобхонларнинг мурожаатларидан бошим кўкка етади. Афроамерикалик ёзувчи эканлигимдан фахрланаман. Бироқ бу ифтихор туйғуси Жойс ва Толстойга бўлган ҳавасим олдида жуда майда. Ҳозир Толстойга ўхшаган ёзувчи на Африкада, на Америкада ва на Европада бор, тўғрироғи, ер юзида топилмаса ҳам керак. Толстой ҳақида ўйласам, ўзим ҳам кичкина кўринаман кўзимга.
– Жойсни қадрлашингиз сабаби ҳақида тўхталмадингиз.
– “Улисснинг саргузаштлари”ни ҳеч кимнинг ёрдамисиз ўқий олганман. Аввалига ўзимни худди лабиринтга тушиб қолгандай ҳис қилдим. Ўқиётганларимнинг мазмунини тушунмасам-да, аҳамиятли эканлигини фаҳмлардим. Кейинчалик асар менга қувонч ҳадя этди. Ҳозир ҳам эсласам, ўша ҳиссиёт қайта туғилади. Бу афсунгарлик менинг қўлимдан келмаган бўларди. Жойс – ҳақиқий афсунгар.
– 20-25 йил ичида 11 та роман, энг эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг ҳаммаси машҳур бўлди. Ёзиш машаққатларидан ортиб, ўқишга қачон улгурасиз?
– Мен суҳбатимиз аввалида истак туғилгандагина ёзаман, деб айтдим. Бироқ мутолаага эҳтиёж ҳеч қачон ўлмаган. Мен ҳар доим ўқийман.
– Интернет сайтларида асарларингизни мутолаа қилган китобхонлардан “Моррисон хоним оқ танлилар ҳақида ҳам китоб ёзсин”, деган мурожаатлар ва илтимосларга кўзим тушиб қолди. Бунга нима дейсиз?
– Эҳтимол, бир кун келиб шундай асар ёзарман, бироқ ўзинг қора бўлганингдан кейин оқ танли бўлиб ёзиш ҳам осон эмас-да (кулади)!
– Ҳаёт сиз учун нимадан иборат?
– Яратганга муҳаббатдан. Шу муҳаббат ҳақида ўйлаганимда ўзимнинг ёлғиз эмаслигимни сезаман. Бу муҳаббат мени эркалайди, илитади ва асрайди...
Инглиз тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси.
Адабиёт
Таълим-тарбия
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ