Мустақилликка янги таҳдидлар
Кўпқутбли дунёнинг қарор топиши ўта зиддиятли кечаётир. Халқаро ҳамжамият трансформацияси – бир босқичдан бошқасига ўтиши оғриқли ва хатарли жараён экани ойдинлашди. Маҳаллий урушлар, минтақавий тўқнашувлар глобал аҳамият касб этиб, жаҳон урушига айланиб кетиш хавфи ортмоқда.
Глобаллашув, кўпқутбли дунёни шакллантириш ва бу жараённи тўхтатишга уринишлар, баъзи буюк давлатларнинг турли минтақаларни ўзи учун “ҳаётий муҳим ҳудуд” санаб, таъсир доирада сақлаб қолишга интилиши, иқтисодий ва сиёсий санкциялар қўллаш амалиётининг кучайиб бораётгани халқаро зиддиятларнинг авж олишига сабаб бўлмоқда. Ривожланаётган мамлакатлар мисли кўрилмаган кучли босимларга дуч келмоқда. Бу каби геосиёсий жараёнлар мазмун-моҳиятини тўғри англамоқ учун неоимпериализм тушунчасини атрофлича ўрганиш лозим бўлади.
Қўш қутбнинг қарор топиши
XIX аср охирлари – XX аср бошларида Европа мамлакатларида империализмга бағишланган кўплаб мақола ва асарлар ёзилган. Улар қарама-қарши ғоявий-сиёсий жабҳаларда турган тадқиқотчилар қаламига мансуб. Муаллифларнинг айримлари империализмни капитализм ривожланишининг объектив натижаси ҳисоблаб, уни муқаррар ҳодиса сифатида талқин қилган. Социалистик таълимот тарафдорлари бу феноменни ўта салбий баҳолаган.
Империализм геосиёсий ҳодиса ўлароқ биринчи навбатда табиий ресурслар ва бозорга эга бўлмоқ учун тараққиётда ортда қолган аграр мамлакатларни босиб олиш, мустамлакага айлантириш сиёсати эди. Халқаро босқинчилик сиёсати ҳарбий соҳа ва қуролланишни кучайтириб, милитаристик давлатлар сафи кенгайишига олиб келди. Табиийки, ўлжа тақсимоти хамирдан қил суғургандек кечмаган. Қуролланиш, бир томондан, заиф мамлакатларни ишғол этиш учун; иккинчи томондан, ўлжани бошқа тажовузкордан ҳимоя қилиш, қўлдан чиқармаслик учун зарур эди.
Империализм ички стихияли эркин рақобат чекланиб, майда корхоналарнинг йирик корхоналар томонидан қўшиб олиниши, тўлиқ бўйсундирилиши, умуман, ишлаб чиқаришни монополлаштириш асносида вужудга келади. Мавзуни тадқиқ этган олимларнинг аксари монополияларнинг ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатишда рақобатни чеклаши ва бу ҳолнинг пировардида иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатишига эътибор қаратади. 1916 йили инқилобчи Владимир Лениннинг “Империализм – капитализмнинг юқори босқичидир” номли брошюраси чоп этилган. Муаллиф империализмни капитализмнинг монополлашган шакли, чириётган сўнгги босқичи деб таърифлайди. Чириётган капитализм, чириётган Ғарб иборалари шундан қолган.
Гарчи дастлаб Канада (1889), сўнгра АҚШ (1890), кейинчалик барча ривожланган мамлакатларда монополияга қарши қонунлар қабул қилиниб, монополлаштириш иқтисодий тараққиёт ва тенгҳуқуқли рақобат учун зарарли деб топилган бўлса-да, унинг турли ниқобланган шакллари ҳалигача яшаб келмоқда. Буни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг замонавий йўналишлари, масалан, электрон ахборот соҳасида кузатиш мумкин.
Империя ва империалистик давлат ўзаро яқин бўлса-да, тенг тушунчалар эмас. Йирик ҳудудлар ва мамлакатлар яккабошлик асосида бошқариладиган давлат империя деб аталади. Буюк Британия, Усмонли турклар, Россия, Австрия-Венгрия империялари шулар жумласидан. Нидерландия, Бельгия, Испания, Португалия каби ўлкалар эса ўз колонияларига эга империалистик давлатлар бўлган.
Империячилик даъволари, мустамлакаларни қайта бўлишга интилиш охир-оқибат Биринчи жаҳон урушини келтириб чиқарди. Россияда икки инқилоб рўй берди. Шунингдек, Германия ва Венгрия муваффақиятсиз якунланган революцияларга гувоҳ бўлди. Буюк депрессия ҳам аслида империализмга хос янги тутумлар, монопол муносабатлар билан анъанавий эркин рақобат ўртасидаги зиддиятлардан келиб чиққан эди. Биринчи жаҳон урушидан кейин гарчи бешта йирик расмий империядан тўрттаси барҳам топса-да, империалистик зиддиятлар тўлиқ бартараф этилмади. Натижада Иккинчи жаҳон уруши юз берди. Урушдан кейин эса халқаро низоларнинг олдини олиш учун БМТга асос солинди. 1940-йиллар охирида социалистик лагерь вужудга келгач, жаҳон ҳамжамияти икки қутбга бўлинди.
XX аср иккинчи ярмида турли минтақаларда миллий-озодлик ҳаракатларининг қудратли тўлқини кўтарилди. Империализм ғояси ва сиёсати инқирозга учради. Лекин империализм ўз позицияларини осонгина бой бериб қўймаслиги аниқ эди. Шу тариқа минтақавий муҳорабалар, Корея ва Вьетнамда билвосита икки қутб ўртасида қуролли тўқнашув, метрополиялар ва уларнинг мустамлакалари ўртасида миллий-озодлик урушлари рўй берди.
Шу тариқа дунё миқёсида ижтимоий фикр ўзгарди, анъанавий империализм ўз мавқеини йўқотди. Иккиқутблилик маълум даражада геосиёсий мувозанатни вужудга келтирди. БМТ Хавфсизлик кенгаши ва тинчликсевар кучлар ҳаракати, халқаро ташкилотларнинг давлатлар сиёсатига таъсири ортди. Жаҳон давлатлари БМТ ва халқаро ташкилотлар қарорлари, тавсиялари, халқаро жамоатчилик фикрини тўлиқ инкор қилолмайдиган, қисман бўлса-да, ҳисобга оладиган бўлди. Бу ўзгаришлар пировардида аста-секинлик билан инқирозга учраган анъанавий империализмнинг трансформациясига олиб келди.
Геосиёсий мувозанат бузилганда
ХIХ аср охирларида миллий чегаралардан чиқа бошлаган йирик монопол картель ва трестлар ХХ асрнинг 50–60 йилларда йирик трансмиллий компанияларга айланди. Дунё давлатлари ички савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аксилмонополия қонунларини жорий этиб, уларни жиловлашга уринди. Бундан ташқари, янги тузилган Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқа тузилмалар халқаро миқёсда монополизмни чеклашга ҳаракат қилди. Европа комиссиясининг Рақобат масалалари бўйича бош директорати, Халқаро рақобат тармоғи, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти каби халқаро тузилмалар, бозор иқтисодиёти йўлига ўтган мамлакатларнинг деярли барчасида миллий аксилмонопол органлар вужудга келди. Протекционизмга қарши курашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Лекин бари қоғоздагина силлиқ бўлиб, амалда қоидаларни четлаб ўтишлар, коррупция ва фирибгарликлар барҳам топмади.
Замонавий илмий-техникавий тараққиёт ютуқлари, IТ ва бошқа технологияларни ўзлаштириш натижасида мутараққий мамлакатларнинг сиёсати, ички ва ташқи муносабатлари янгича сифат ва мазмун касб этди. Халқаро алоқалар, бошқарув ҳамда трансмиллий тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириш зарурати, алоқалар ва алмашувнинг ҳаддан ташқари тиғизлашуви, ягона ахборот маконининг вужудга келиши оқибатида ижтимоий-иқтисодий робиталар эврилишга юз тутди. Халқаро сиёсий муносабатлар ҳам тубдан ўзгарди. Ҳарбий операциялар, урушлар босқинчилик сиёсати маҳсули, зўравонлик усуллари экани маълум. Иккиқутбли дунё даврида (1950–1990 йиллар) намойишкорона куч ишлатиб, жаҳон жамоатчилиги фикрини очиқчасига инкор қилиб, бошқа давлат ҳудудини босиб олиш мумкин бўлмай қолди. (Афсуски, истисно ҳолатлар ҳам мавжуд).
СССР парчаланиб, иккинчи қутб маҳв бўлгач, айрим Ғарб давлатлари кўп масалаларда, айниқса, мустақил сиёсат юритишга интилган ривожланаётган мамлакатларни “жазолаш”да БМТ билан ҳисоблашмай қўйди. АҚШ ва унинг яқин иттифоқчилари “дунё жандарми” вазифасини зиммасига олди.
ХХI асрда ҳарбий куч ишлатиш, суверен давлатлар ҳудудига қўшин киритиш ХIХ асрдаги мустамлакачилик босқинидан тамоман фарқ қилади. Қўшин киритилган давлатда аввалгидек миллий бошқарув институтлари ўрнига колониал маъмурий бошқарув жорий қилинмайди. Маҳаллий гуруҳлардан ишғолчиларга содиқ ҳукумат тузилади. Неоимпериалистик кучлар ички ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқ ва суд масалаларига аралашиб ўтирмайди. Аммо ҳукумат фаолияти ва ички сиёсий вазиятни турли “юмшоқ” усуллар орқали қатъий назорат қилади.
Аслида, геосиёсий зиддиятларни жиловлашда БМТнинг ҳиссаси катта бўлиши керак эди. Афсуски, ҳозирги кунда зиддиятлар камайиш ўрнига тобора кўпаймоқда. Айрим Ғарб мамлакатлари халқаро муносабатларда икки хил стандартни қўллаши эса вазиятни янада чигаллаштирмоқда, давлатлар ўртасида ўзаро ишонч барҳам топмоқда.
Неоимпериализм империализмга хос асосий белгиларни айнан ёки ўзгартирган ҳолда сақлаб қолган, шу билан бирга, у янги шаклларга ҳам эга. Ҳозирда капитал концентрацияси, яъни мол-давлатнинг маълум гуруҳлар қўлида жамланиши ўта кучли. Айрим трансмиллий компанияларнинг маблағи аксар ривожланаётган мамлакатлар ички ялпи маҳсулоти ҳажмидан ортиб кетган, уларни ҳатто қиёслаб бўлмайди. Баъзи соҳаларда ишлаб чиқариш гўё деконцентрация бўлган, яъни йирик ширкатлар ўз корхоналарини турли давлатларга кўчириб заифлашгандек. Аслида, трансмиллий компания ўз тузилмаларини ишчи кучи, хомашё ва энергия ресурслари арзон, солиқ ставкалари кам давлатларга кўчириб, бир ўқ билан икки қуённи уради. Бунда, биринчидан, маҳсулот таннархи пасайиб, фойда кўлами ошади. Иккинчидан, ишлаб чиқариш корхонаси кўчирилган давлатнинг трансмиллий компанияга технологик, иқтисодий, ҳатто сиёсий қарамлиги кучаяди. Шу сабаб, кези келганда унга қайси давлат билан қандай муносабат ўрнатиш “тавсия” этилади. Трансмиллий компания тузилмаларининг парчаланиши – камёб ҳодиса. Компания суд қарори билан мустақил корхоналарга бўлиниб, сотиб юборилса ҳам, мулкдорлар товон пули олади. Ўшанда ҳам компания корхоналари манзилини кўпайтиради ёки ўзгартиради. Масалан, Детройт шаҳри АҚШнинг автомобилсозлик маркази саналади. Эътиборга молик жиҳати, автомобиль ишлаб чиқарувчи трансмиллий компаниялар ишлаб чиқаришнинг салмоқли қисмини Мексика ва бошқа ривожланаётган мамлакатларга, ҳатто Европага кўчирган. Бу билан компания ҳар бир ишчи бошига ойлик маошдан 1-1,5 минг долларгача, ижтимоий ва бошқа солиқлардан эса янада катта фойда кўради. Европага кўчириш эса автомобилларни кемада Атлантика океани орқали ташиш, транспорт ва суғурта харажатлари, божхона тўловларидан халос этди. Бугун Детройт аҳолисининг салкам ярмини йўқотган, баъзи кўчалари ҳувиллаб ётибди. Албатта, бунга маълум даражада япон, хитой, олмон автомобиллари рақобати ҳам таъсир кўрсатган.
Яна бир хавфли тенденция шуки, экологик жиҳатдан зарарли ишлаб чиқариш корхоналари, кимёвий хавфли саноат бўғинлари ҳам ривожланаётган мамлакатларга кўчириляпти. Ишлаб чиқаришни истеъмол бозори ёки арзон ишчи кучи ва ресурслар ҳудудига кўчириш сармоя, ишлаб чиқариш ҳамда банк капитали қўшилишининг янги симбиозини вужудга келтирди.
Инвестиция киритиш ҳар доим ҳам беғараз иқтисодий муносабат бўлавермайди. Одатда, сармоя киритаётган давлат маблағларнинг асосий улушини ўз компанияларига ўтказади. Инвестор маълум мамлакатда корхона қуриб, уни жиҳозлайди. Бунда кўпинча сармоядор асбоб-ускуналар, жиҳозлар, технология қийматини ўзи белгилайди ва у баъзи ҳолларда бозордаги нархдан анча юқори бўлади. Ривожланаётган давлат инвестицияларни жалб қилиш, корхонани барча жиҳозлари ва технологияси билан тайёр ҳолда олиш учун сармоядор шартларига кўнишга мажбур. Сирасини айтганда, инвестиция киритишда ҳам ниқобланган шаклдаги монополизм унсурлари сақланиб қолган. Бу – неоимпериалистик иқтисодий муносабатга бир мисол.
Қўли узун давлатлар
Неоимпериализмнинг белгиларидан яна бири – жаҳон молия-кредит, банк тизими, банклараро ҳисоб-китоб, савдо-сотиқ ва тўлов тизимининг тотал (ялпи) назоратга олишга уринишдир. Жумладан, савдо-сотиқ, иқтисодий алмашувда ягона халқаро тўлов резерв валютаси (АҚШ доллари) ва ҳисоб-китобни амалга оширишнинг замонавий электрон механизми яратилган. Эркин конвертация қилинадиган евро, фунт стерлинг, иена, франк ва бошқа валюталар АҚШ долларига нисбатан ёрдамчи роль ўйнайди. Глобал зиддиятларнинг энг кучлиси, таъбир жоиз бўлса, Учинчи жаҳон урушини келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаблардан бири – халқаро ҳисоб-китобларда айрим йирик ва иқтисодий бақувват давлатларнинг АҚШ долларидан воз кечиш истагидир. Бу неоимпериалистик зиддиятларнинг бутун халқаро алоқаларга, геосиёсий вазиятга кучли таъсир кўрсатаётганидан далолат беради.
Миллий ва халқаро тўлов тизими инновацион ахборот технологиялари таъсирида тубдан ўзгарди. Бу – ахборот технологиялари равнақи ҳамда молиявий хизматларнинг жаҳон миқёсида концентрациялашуви натижасидир. Миллий доирада реал вақт режимида ялпи ҳисоб-китоблар тизими (Real Time Gross Settlement – RTGS) жорий этилди. Ҳаммамиз кундалик ҳаётда фойдаланадиган пластик карточкалар шу тизим унсуридир. Агар 1985 йили дунё бўйича фақат 3 фоиз марказий банклар бу тизимни жорий қилган бўлса, 2000 йилга келиб 90 фоиздан ошди. 2020 йили фақат 1 фоиз марказий банклар мазкур тизимни жорий қилмаган эди.
Халқаро тўлов тизимларига келсак, аввало, бош сервери АҚШда жойлашган SWIFT тизимини эътироф этиш лозим. Мазкур қисқартма ўзбекчага “Банклараро тўловларни амалга ошириш ва ахборотни узатиш халқаро тизими” деб ўгирилади. Ушбу тизим кредит карталари орасида Visa International, Master Card Worldwide каби машҳур брендлар мавжуд. Халқаро ҳисоб-китобни қулайлаштириш мақсадида таъсис этилган SWIFT тизимидан бугун бошқа давлатларга босим ўтказиш мақсадида ҳам фойдаланилмоқда. Катта-кичик доираларда Россия ва Хитойни мазкур тизимдан узиш таклифи янграмоқда. SWIFT бошқа давлатларнинг ички ва ташқи иқтисодий алоқаларини назорат қилиш қуролига ҳам айланган. Ҳарҳолда тизим орқали тўловларга оид маълумотлар унинг таъсисчилари қўлида. Ҳозирги даврда ахборотнинг ўзи қудратли капиталга айлангани айни ҳақиқат.
Даромадни миллий макон, миллий солиқ назоратидан олиб чиқиш, “бож-хирож” миқдорини камайтириш учун офшор зоналар яратилган. Офшор ҳудудлар коррупция ва бошқа ноқонуний йўллар орқали топилган маблағларни “ҳалоллаш”да фирибгарлар, қўли эгри тадбиркорлар ва жиноий тузилмаларга қўл келади. 2010 йили молиявий институтлар бошқарувидаги офшор активлар миқдори 7,8 триллион долларни ташкил этган. Анъанавий империализм даврида офшор зоналар бўлмаган.
Ахборот концентрацияси ва ягона ахборот майдони устидан назорат ўрнатишга уриниш неоимпериализмнинг янги аломатларидан саналади. Бу ёғини сўрасангиз, неоимпериалистик кучлар нафақат жаҳон ахборот майдони, шунингдек, уяли алоқадан фойдаланадиган ҳар бир киши устидан ҳам назорат ўрнатмоқда. Тўғри, оддий фуқароларнинг сўзлашувлари тегишли марказларни кам қизиқтиради. Аммо назорат қилувчи дастурларда маълум бир “калит сўзлар” борки, мулоқотда улар жаранглаб қолса, суҳбат автоматик тарзда ёзиб олинади. Бу гўёки террорчилар, жиноий гуруҳлар ва мафия тузилмалари хатти-ҳаракатини назорат қилиш учун зарур. Аммо мобиль алоқадан сиёсатчилар, давлат арбоблари, ҳарбийлар, бизнес вакиллари ҳам фойдаланишини ҳисобга олсак, алоқанинг тотал назорати неоимпериализмнинг сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, мафкуравий ва ижтимоий манфаатларига хизмат қилиши аёнлашади.
Кейинги йилларда рақамли технологиялар ёрдамида юз бераётган капитал концентрацияси ва амалиётини баъзи тадқиқотчилар “технофеодализм” деб атамоқда. Бу борада, айниқса, Грециянинг собиқ молия вазири, профессор Янис Варуфакис “Технофеодализм: капитализмни нима ўлдирди?” китобида келтирган мушоҳадалар диққатга сазовор. Тақризчи Максим Семелякнинг мақоласидан иқтибос келтирамиз: “Я. Варуфакис талқинига мувофиқ, биз инерция бўйича капитализм деб ҳисоблайдиган воқелик аслида ундай эмас. Биз тобора уқубатли ўрта асрга ботиб бораётирмиз. Варуфакис жорий иқтисодий тузумни технофеодализм деб атайди. Унда даромад ўрнига – рента, унумдор меҳнат ўрнига – қуллик. Муаллиф Amazon ва Google каби техник платформаларни (уларни клаудалистлар деб атайди) товар ва хизматлар тақдим этувчи нуфузли ширкатлар дейиш нотўғри, деб ҳисоблайди. Уларнинг бизнеси бозорнинг ташқи белгиларига эга, бироқ моҳиятан у ёки бу кишининг рақамли феодал мулкидирки, у ерини қароллари (крепостнойлари) ўртасида тақсимлаш ўрнига булутлардаги (яъни ҳавойи, мавжуд бўлмаган – А. Э.) жойларни тақсимлайди ва ундан рента олади. Ушбу неофеодал тизимда Amazon, Tencent, Alibaba, Facebook, Apple, Google ва бошқа техногигантлар – янги бошқарувчи синфга; булутларга тўғридан тўғри алоқаси йўқ қолган компаниялар ва ишлаб чиқарувчилар автоматик тарзда уларнинг вассалларига айланади” (Максим Семеляк. Новое средневековье: точно ли капитализм превратился в феодализм? // https://kz.kursiv.media/2024-04-06).
Технофеодализм ҳодисаcи неоимпериализмнинг ҳозирги IT ва замонавий технологияларга асосланган иқтисодий муносабатлар муҳитида юзага келган шаклларидан биридир. Капитал ва ишлаб чиқариш концентрацияси, иқтисодий муносабатларни бошқариш усуллари шу даражага етмоқдаки, уни анъанавий империалистик муносабатлар билан феодализмга хос айрим шаклларнинг ўзига хос синтези дейиш мумкин. Бу ҳодиса монополиялаштиришнинг янги кўринишидир. М.Семелякнинг ёзишича, АҚШ ва Европада кичик ва ўрта бизнес вакилларининг йирик платформаларга қарамликдан шикояти ортиб бормоқда. Дейлик, истеъмолчига сифатли таълим ўрнига онлайн дастур, тиббий хизмат ўрнига соғломлаштирувчи иловалар таклиф этилади. “Amazon ва Google ширкатларига ўсиб бораётган безарар сервис тармоғи деб қараш мумкин, лекин уларнинг хизматлари тобора тоза сувдек муқобилсиз неъмат бўлиб бораётганини сезмаслик мумкин эмас”, деб ёзади муаллиф.
Иқтисодий қарамлик хатари
Буюк давлатларнинг сиёсати моҳиятан ўзгарган эмас: жаҳон мамлакатларини ўзига бўйсундириш, иқтисодий қарам қилиш ва бойликларига шерик бўлиш. Аммо эски мустамлакачилик тизими емирилгач, янгисини ўйлаб топиш керак эди. Неоимпериалист мамлакатлар, аниқроғи, трансмиллий компанияларнинг халқаро сиёсати шу мақсадга қаратилди.
АҚШлик иқтисодчи Жон Перкинс бутун дунёда шов-шув уйғотган “Иқтисодий қотил иқрорномаси” китобида ёзишича, ривожланган Ғарбнинг турли консальтинг, инвестицион ва инжиниринг компаниялари, банклари, жамғарма ва бошқа институтлари ёш давлатларга гўё қисқа муддатда қолоқликдан қутулиб, мўъжизавий тарзда ривожланиш йўлига ўтиши учун лойиҳалар тузиб беради, уларни амалга ошириш учун йирик кредитлар олишда “холис, беғараз” ёрдам таклиф этади. Асл мақсад эса умрбод қутулиб бўлмайдиган иқтисодий қарамлик домига туширишдир. “Кредит шунчалик улканки, қарздор бир неча йилдан кейин ўз тўловлари бўйича дефольт эълон қилишга, ўзини ҳар томонлама чеклаб, биринчи навбатда ижтимоий нафақалар, пенсиялар, таълим, соғлиқни сақлаш, маданиятга ажратиладиган маблағларни камайтириб, аввал олган кредитлари фоизларини тўлаш учун янги кредитлар олишга мажбур бўлади”, деб ёзади Ж.Перкинс (Perkins J. Confessions of an Economic Hit Man. Berrett-Koehler Publishers, 2004).
Google маълумотларига кўра, 2021 йил охирида Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) мезонларига кўра, кредит олган камбағал ва ривожланаётган мамлакатлар қарзи 9 триллион долларга етган. Уларга тўланадиган маблағ бир йилда 62 миллиард доллардан ошади. Бу ерда гап давлат ва давлат кафиллигида олинган қарзлар тўлови ҳақида кетмоқда. Қарздорлик умумий суммаси 2010 йилга нисбатан икки баравардан кўпроқ ошган. 2010 йилдан 2021 йилгача ташқи қарзлар тузилмаси кескин ўзгариб, давлат ва давлат кафиллигида даромади паст ва ўртача мамлакатларнинг хусусий кредиторлардан олган қарзи 61 фоизга ўсган (Бремя обслуживания долга у бедных стран достигло максимального уровня с 2000 года. https://www.vsemirnyjbank.org/ru/news/press-release/2022/12/06). Шунга кўра Ғарб банкларидан кредит олишда ўта эҳтиёткорлик, молиявий ҳуқуқни яхши билиш ва меъёрдан чиқмаслик тавсия этилади.
Шу билан бирга ривожланаётган давлатларга кредит берувчи Шарқ давлатлари ҳам пайдо бўлди. Ялпи кредит суммасида Хитой, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, БАА каби давлатлар улуши ўсиб бораётир. Уларни жаҳон инвестиция бозорида Ғарб билан рақобат қилувчи янги ўйинчилар дейиш мумкин. Собиқ империалистик давлатларнинг кўпчилиги ривожланаётган мамлакатларни кредит бериш ва инвестиция киритиш, қисман савдо-сотиқ орқали иқтисодий ва технологик қарамликда, жиллақурса, ўз таъсирида сақлаб қолишга интилмоқда.
Анъанавий империализм ҳарбий куч ёрдамида қолоқ мамлакатларни ўз мустамлакасига айлантирган бўлса, неоимпериализм “юмшоқ куч” ишлатиб, молиявий, технологик ва ахборий жабҳада қарам қилиш йўлини танлаган. “Юмшоқ куч” – мустақил давлатларни қарам қилиш сиёсатининг сермаҳсул усулидир. Нафақат IТ, био ва нанотехнологиялар, шунингдек, когнитив технологиялар, жумладан, омма онгини бошқарувчи ғоявий ташвиқот ва амалиёт технологиялари ҳам яратилди. Когнитив технологияларда омма онгини ахборий хуруж, фейк маълумотлар билан чалғитиш, манипуляциялаш усуллари бирлашиб кетган.
Хулоса қилиб айтганда, неоимпериализм анъанавий мустамлакачиликнинг эврилишга учраган, ниқобланган кўринишидир. Унинг мафкуравий иттифоқчиси саналган неолиберализм ғояси ҳақда кейинги мақоламизда батафсил сўз юритамиз.
Абдураҳим ЭРКАЕВ
“Tafakkur” журнали, 2024 йил 3-сон.
Тил
Фалсафа
Тарих
Адабиёт
Маънавият
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ