“Дунёга чинқириб келсак-да, шивирлаб яшаш” ҳаммамизнинг изтиробимиз


Сақлаш
11:55 / 09.10.2024 75 0

Сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев билан суҳбат

 

– Нарзулла ака, Сиз cиёсатшунос олим сифатида давлат бошқаруви тизими, ҳокимият “анатомияси”ни кўп йиллардан буён тадқиқ этиб келасиз. Шу боис, ижозат берсангиз, асосан сиёсат мавзуси теграсида суҳбатлашсак.

 

Халқимизнинг сиёсий саводхонлиги аста-секин ошиб боряпти. Айниқса, сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлар қирқ қулоқли қозондек қайнаган: юртдошларимиз жамиятдаги норасоликларга дадил-дангал муносабат билдираётир. Лекин мутараққий дунё билан муқояса этилса, чинакам сиёсий фаол халққа айландик демоққа истиҳола қилади киши. Миллат, мамлакат истиқболида тақдируламал аҳамият касб этган сиёсий масалаларга аралашгимиз келмайди. Мақолу маталларимизда ҳам шунга ишора бордек: “Оч қорним – тинч қулоғим”, “Ўйнашмагин арбоб билан…”, “Деворнинг ҳам қулоғи бор”, “Фақир киши панада”, “Катталар нима деса шу”... Сиёсатдан йироқлигимиз, эҳтиёткорлигимизни кўриб, одамзодни “сиёсий мавжудот” деб атаган Муаллими аввал (Арасту) адашганмикан деган хаёлга борасиз. Сизнингча, халқимизнинг сиёсатга ҳадеб бош суқавермаслиги сабаби нимада? Ҳақсўз адиб Шароф Бошбеков таъбири билан айтганда, нега “дунёга чинқириб келсак-да, шивирлаб яшамоқ”ни афзал биламиз?

 

– Саволингиздаги бир ибора диққатимни тортди: “ҳокимият анатомияси”. Чиройли ибора экан. Касбим тақозосига кўра имкон қадар ҳокимият анатомиясини ўргандим, ўрганяпман. Илмий ва сиёсий тушунча сифатида у кўп замонлардан бери тадқиқ этилади. Ҳатто милоддан аввалги даврда яшаган юнон, хитой алломалари, жумладан, Шарқ донишмандлари бу масалада кўп ва хўб мушоҳада юритган. Демоқчиманки, велосипедни қайта кашф этишимизга ҳожат йўқ.

 

Ҳокимиятни инсон бошқаради. Назаримда, ҳамма муаммо ана шунда. Инсон – мубҳам олам. Унга ҳеч ким, ҳеч қачон тугал таъриф бера олмайди. Чунки ҳар бир даврнинг ўз одами, ўз дунёқараши, кутилмаган талаблари, қонуниятлари бор.

 

Дунё тез ўзгармоқда. Ижтимоий-сиёсий жараёнлар оқими биз кутгандан кўра шиддаткор, пўртанали. Бу, ўз-ўзидан, инсон ва жамият, унинг истиқболи борасида жиддийроқ ўйлашни тақозо этади. Тўғри таъкидладингиз, кейинги йилларда халқимизнинг сиёсий саводхонлиги ошиб боряпти, ижтимоий-сиёсий жараёнларга муносабат фаоллашиб, бефарқлик камаймоқда. “Қирққулоқ қозонлар” ҳам қайнаётир. Бироқ моҳиятан қараганда, аҳвол қувонарли эмас. Ижтимоий тармоқлардаги чиқишларнинг аксари юзаки айюҳаннослар, майда маиший муаммолар, икир-чикир масалалар атрофидаги қийлу қоллардан иборат. Жамиятни тубдан ислоҳ қилиш, давлат бошқарувини такомиллаштириш борасида жўяли, конструктив таклифларни кўрмаяпман. Мазмун-моҳиятни теран англаган ҳолда, жиддий муаммоларга оғир-вазминлик билан ечим топиш истаги борми? Афсуски, соғлом ақлдан узоқ, ҳиссиётга таянган чиқишлар кўпроқ. Бундай чиқишларнинг жамоатчилик фикрини ўзгартириб, одамларни давлатнинг стратегик мақсадларидан чалғитгани чатоқ.

 

Яна бошқа бир тоифа замондошларимиз бефарқлик, лоқайдлик кайфиятида. Сиз санаган мақолларда халқнинг маънавий қиёфаси, интеллектуал салоҳияти, ақлий даражасини кўрамиз. Бу нақллар айни шу кунларимиз учун айтилгандек. “Берсанг ейман, бермасанг ўламан”, “Олма пиш, оғзимга туш” деб яшаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Ваҳоланки, кенг миқёсли ислоҳотларнинг натижаси аҳоли тафаккури, одамлар дунёқараши билан боғлиқ.

 

Жамиятда модернизация жараёни чуқурлашаётган, туб ислоҳотлар амалга оширилаётган замонда давлат тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқади. Парламент ҳуқуқий асосларни яратади. Ижро ҳокимияти уни амалга оширмоққа бел боғлайди. Лекин стратегия, дастурларни ҳаётга татбиқ этадиган асосий куч – халқ. Халқимизнинг кўпдан-кўп фазилатларини тан олган ва ҳурмат қилган ҳолда айтишим керакки, ана шу улкан мақсадларни рўёбга чиқаришда ички рағбат, қалб уйғоқлиги, руҳий қувват ва ташаббус етишмаётгандек. Негадир жамият ва давлат ишига дахлдорлик ҳисси суст.

 

Йўқ, Арасту бобо адашмаган, инсон бутун моҳияти билан сиёсий мавжудот, ижтимоий ҳодиса. Ҳатто исломда ҳам бу жиҳат ўзига хос тарзда талқин этилган. Оллоҳ Қуръони каримда “Биз сизни мукаррам қилиб яратдик”, дейди. Мукаррамлик нимада? Азизлик нимада? Мўътабарлик-чи? Муаззам оламни, жумладан, турфа хил жонзотларни яратган Оллоҳ фақат одамгагина ақл-тафаккур, ҳис-туйғу берди, ўз ҳаётини ўзи йўлга қўйиш, ўз саодатини ўзи яратиш қобилиятини ато этди. Биз нодир инъомдан, ноёб имкониятдан фойдалана оляпмизми? Жуда оғриқли савол бу! Ана шу ҳақиқатни юрагидан ҳис этган марҳум адибимиз Шароф Бошбеков “дунёга чинқириб келсак-да, шивирлаб яшаш”имиздан изтироб чекиб ўтди. Бу, аслида, ҳаммамизнинг изтиробимиз.

 

Бугунги давр ҳар бир фуқародан, у ким бўлиши, касбу кори, миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, қалб ва руҳият уйғоқлигини талаб этаётир. Ер юзи бўйлаб ахлоқсизлик, маънавий қашшоқлик вабо каби тарқалмоқда. “Инсониятнинг ХХ асрдаги буюк фожиаси – унинг қадриятлардан узоқлашганида”, дея муқаррар инқироздан огоҳлантирди БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш. Ахлоқий таназзул, маънавий инқироз авж олган даврда инсон ўзини ўзи асраш инстинктини кучайтирмоғи лозим. Ҳар бир одам ўзини ўзи асраса, иллатларини жиловлаб, хулқини камолга етказиш йўлидан борса, миллатни сақлаб қолиш мумкин бўлади.

 

Жаҳон тажрибаси бизни сергакликка ундаши керак. Америкалик олим Патрик Бьюкенен Ғарб тамаддунининг интиҳоси яқин, бу инқирознинг илдизи ахлоқсизликка бориб тақалади, дейди. Машҳур давлат ва сиёсат арбоби Ҳенри Киссенжер эса совет тажрибасини назарда тутиб, “Бизда эркак ва аёлнинг биргаликда яшаш эҳтиёжи бор – уларда оила деган қадрият бор. Бизда шаҳвоний эҳтиёж бор – уларда муҳаббат бор. Афсуски, биз ана шу инсоният қўриқхонасига ҳам дахл этдик”, дейди. Бизнинг ҳаётимизга ҳам ахлоқсизлик, маънавий қашшоқлик, худбинлик, енгилтаклик, яна талай маъсиятлар кириб келмоқда. Бу ҳол умуммиллий фожиа ўлароқ қабул қилиниши, ислоҳ учун оқилона чоралар кўрилиши керак.

 

Буюк олмон файласуфи Фридрих Нитше “Ғолибона ўл!” деган эди. Инсон босиб ўтган умр йўлидан миннатдор ҳолда ўлиши учун ғолибона яшаши лозим. Демак, икир-чикирлар, фисқу фасодлардан устун келиб, умрни, ақл-заковатни умуммиллий манфаатни ҳимоя қилишга сафарбар этмоқ керак. Фитнакор неъматлар, нашъу намолар, пасткашликлар, риёкорликлар, бойлик, амал, шон-шуҳратдан ўзни устун қўйиб яшаш учун эса одамда орият, нафсоният, ички ғурур мустаҳкам бўлмоғи даркор. Ўзбекнинг файласуф шоири Эшқобил Шукур “Мен орсиз яшашдан қўрқаман жуда, / Мен қаттиқ қўрқаман орсиз ўлимдан”, деб ёзади. Бу дардли фарёд ҳар бир қалби уйғоқ зиёлини теран мушоҳадага толдириши аниқ.

 

Бир қарашда ғоятда гўзал, бадастир ҳаёт кечиряпмиз. Аммо очиқ нигоҳ билан қаралса, инсоннинг азиз ва мукаррамлик мақомига доғ бўлувчи иллатлар гирдобида эканимиз кўринади. Қалбимизнинг кемтиклиги, руҳиятимизнинг мажруҳлиги, ўзимизни инсон сифатида тўла-тўкис идрок этолмаётганимиз оқибати бу...

 

– Давлат бошқарув низоми мудом янгиланишда, аммо асрлар ўтса-да, ўзгармайдиган собит қоидалар бор. Итальян мутафаккири Никколо Макиавелли “Ҳукмдор” асарида сиёсий етакчилар, арбобларни омма нафрати ва ғазабига гирифтор бўлиш хатаридан огоҳлантираркан, энг ишончли, энг мустаҳкам қўрғон халқ муҳаббати эканини уқтиради. Бугун ҳам сиёсат аҳли учун бирламчи омил раият меҳр-муҳаббатини қозониш бўлмоғи лозим.

 

Мамлакатимизда раҳбар кадрларнинг янги авлоди шаклланмоқда. Чет элда таҳсил кўрган, бир неча ажнабий тилда бийрон гапирадиган, тафаккур ва тадаббур кўлами кенг арбобларимиз кўпаяётгани қувонарли, албатта. Аммо давлатимиз раҳбари юритаётган ислоҳотлар моҳиятини англай олмаётган, халқ муҳаббати эмас, нафратига “ноил” бўлаётган ишбошилар ҳам талайгина. Шу тоифа ҳокимлардан бири муштумзўрлик қилса, бошқаси қўл остидагиларни сўкиб-ҳақоратлайди. Оёғи ердан узилган амалдорларнинг номашру хатти-ҳаракатлари сабаб гоҳо Ўзбекистон номи жаҳон матбуотида салбий бўёқда тасвирланаётгани чандон афсусланарлидир. Замон ўзгарса-да, баъзи раҳбарларимизнинг тафаккури, тутумлари ўзгармаётгани боиси не? Раҳбар кадрларнинг билими, саводхонлигини оширадиган имижмейкерлик каби замонавий йўналишлар нега бизда ҳалигача шаклланмаган?

 

– Давлатчилик – минг йиллар мобайнида бир маромда, сокин ўзанда ҳукм суриб келаётган собит механизм эмас. У ҳар бир даврнинг эҳтиёжлари, маънавий-ахлоқий талаблари, интеллектуал имкониятларига ҳамоҳанг, уйғундир. Бугун биз барпо этаётган жамият, биз яратаётган тарих ҳам бизнинг ақлимиз маҳсули. Унинг иллатларию фазилатлари, нуқсонларию ютуқлари барчамизники. Зотан, бунёдкор ҳам, бинокор ҳам ҳаммамиз – мен, сиз, бошқалар...

 

Албатта, Макиавеллининг давлатчилик ва сиёсий етакчилар ҳақидаги фикрлари ҳеч қачон қийматини йўқотмайди. Лекин уларни аниқ маконда, конкрет замонда жорий этишда ўша давр одамлари дунёқараши, маънавий-ахлоқий эҳтиёжларини назарда тутмоқ керак бўлади. Дарҳақиқат, халқ муҳаббати, ишончи ва эътирофи сиёсий етакчи мақом-мартабаси, обрў-эътиборини белгилайди. Замонавий давлатчилигимизда ҳам бу талаб инобатга олинган. “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган ақиданинг ўзи кўп жиҳатларни ойдинлаштиради. Бироқ ҳаёт – ҳаёт-да. Идеал жамият ҳеч қачон бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди. Бу орзунинг рўёбга чиқиши ҳам ҳар қандай жамиятнинг қурувчиси бўлган одамларнинг феъл-атвори, ахлоқи, ижтимоий-сиёсий дунёқарашига боғлиқдир.

 

Тўғри таъкидладингиз, давлат бошқарувида хорижда ўқиб дунё тажрибасини ўрганган, чет тилларни пухта ўзлаштирган раҳбар кадрларимиз кўпайди. Аммо айрим ҳолатларда уларда ҳаётий тажриба етишмаслиги, миллий ахлоқий меъёрлар, маънавий мезонлардан бегоналик кўзга ташланмоқда. Боз устига, бошқарув салоҳияти, шарқона донишмандлик, ўзбекона тафаккур ва андиша етишмаётир. Афсуски, бу вақт ва тажриба билан боғлиқ бўлган ўткинчи масала эмас. Хусусан, ўрта ва қуйи бўғин бошқарув тизимида муаммолар кўп. Қуюшқондан чиқиш, сўкиниш, ёқалашиш, ахлоққа зид муомала-муносабатлар рўй бермоқда.

 

Тажрибадан маълум, мансабдор унга юкланган лавозимга муносиб бўлмаса, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам азоб бериб ишлайди, муаммо туғилганда руҳий мувозанатини йўқотади, оқибатда бақир-чақир, сўкиниш, ур-тўполонлар юзага келади. Айрим ёш кадрлар лавозим юкини кўтара олиш ёки олмаслик ҳақида ўйлаш лаёқатидан-да маҳрум. Мутахассислиги, касб-кори ва тажрибасидан қатъи назар, исталган лавозимни таклиф қилсангиз, ўйламай-нетмай ишлашга шайлик изҳор этади. Дангалини айтганда, биз ўз даражамизни билмаймиз, ўзимизга холис ва ҳаққоний баҳо бера олмаймиз. Бунга худбинлик, манфаатпарастлик, амалпарастлик, шон-шуҳрат, кибру ҳаво иллатлари тўсқинлик қилади.

 

Одамзоднинг табиати қизиқ: мудом ўз имконияти, қобилияти ва билим даражасидан зиёд неъматларни хоҳлайди. Кўзлаган лавозимига муносибми, йўқми, буни ўйламайди. Лавозимни эгаллагач, бирдан донога айланади, ўзини ҳаммадан ақлли деб била бошлайди. Муаммо туғилганда, унинг ечимини тополмагач эса, дўқ-пўписага ўтади. Фикр билдирганларни ёқтирмайди, ҳақини талаб қилганлар билан ёқалашади. Бу ҳол раҳбар шахснинг ўз лавозимига муносиб эмаслигидан келиб чиқади.

 

Демак, ҳозирги шароитда кадрлар билан ишлаш, ҳар томонлама етук бошқарувчилар захирасини шакллантиришга эҳтиёж катта. Тўғри, давлат бу иллатларга қарши курашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бироқ раҳбар кадрларнинг саводхонлигини ошириш, имижмейкерлик сингари замонавий йўналишларга эътиборни янада кучайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Яқинда мен Республика Маънавият ва маърифат маркази қошида ташкил этилган “Келажак лидерлари” клуби аъзолари билан учрашдим. Билишимча, бир неча ўн минг ёшлар орасидан онлайн синовлар, савол-жавоблар орқали саралаб олинган йигит-қизлар ушбу клубда бошқарув бобида тажриба орттирмоқда. Йигит-қизларнинг иштиёқи зўрлиги, қалби уйғоқлиги, фикрати тозалиги, ақли бутунлигидан ҳам қувондим, ҳам умидландим. Бу – жамиятимизнинг, давлатимизнинг ёруғ келажагидан нишона. Бироқ кўнгилда хавотир ҳам йўқ эмас. Улар маълум бир лавозимни эгаллагач, бюрократик тўсиқлар, худбин ва мунофиқ мулозимлар қурбонига айланиб, олмосдай товланиб турган қалблари чилпарчин бўлмасмикан?..

 

Лидер деганда биз туман, шаҳар, вилоят, мамлакат раҳбари ё сиёсий партиялар раисларинигина тушунмаслигимиз керак. Ҳар бир соҳанинг ўз етакчиси бўлиши даркор. Ҳар бир киши ўз иш жойи, касб-корининг пешқадами бўлмоғи лозим. Шу тариқа турли даража, соҳа ва бўғиндаги лидерлар, ташкилотчилар, ташаббускорлар жамиятини қурамиз. “Ўзинг ўзингнинг ҳокиминг бўл” деб ўгит берган эди Нитше. Мустақил фикрли кишилардан иборат жамият, давлат ҳам чин маънода мустақил бўлади.

 

Лидерлар қанча кўп бўлса, кадрлар захираси бой бўлса, танлаш имконияти кенгаяди. Баъзан номзоднинг мутахассислиги, босиб ўтган йўли, касбий ва бошқарув тажрибасига қарамай лавозимга қўйиляпти. Бу эса талай муаммоларни келтириб чиқармоқда.

 

Ҳар қандай мутахассис идора, муассаса, туман, шаҳар ё вилоят бошқарувида маълум даражада қатнашади. Лекин бир аччиқ ҳақиқат бор: ҳар қандай мутахассисдан раҳбар чиқиши мумкиндир, аммо ҳар қандай раҳбардан чинакам арбоб чиқмайди.

 

– Ғарблик олимлар Дарон Ажамўғли ва Жеймс Робинсон қаламига мансуб “Мамлакатлар таназзули сабаблари” деган салмоқли тадқиқотда фаровонлик ва камбағаллик илдизлари хусусида баҳс юритилган. Кенг тарқалган илмий қарашга кўра, жуғрофий жойлашув, иқлим, табиий бойликлар ҳамда маданий мансублик мамлакатлар фаровонлиги, халқларнинг тўкис, тўкин ҳаётини кафолатловчи омиллар саналади.  Д.Ажамўғли ва Ж.Робинсон бу нуқтаи назарни рад этиб, тараққиёт биринчи галда инклюзив иқтисодий ва сиёсий институтларга боғлиқ эканини таъкидлайди. Айрим халқаро ташкилотлар, экспертлар Ўзбекистонда сиёсий-институционал ислоҳотлар ўтказиш зарур дея тавсия бераётир. Сизнингча, сиёсий институтларимиз такомили йўлида қандай чора-тадбирлар кўрмоқ керак?

 

– “Мамлакатлар таназзули сабаблари” китобини ўқиганман. Муаллифларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам илмий-назарий асосга, ҳам амалий аҳамиятга эга экани билан қимматли. Бу масала аввал ҳам талай олимлар томонидан тадқиқ қилинган, хилма-хил хулосалар илгари сурилган. Жумладан, Карл Маркс жамиятни ҳаракатга келтирувчи куч иқтисод деб ҳисобласа, Шарль Монтескьё табиий географик муҳит дейди. Зигмунд Фрейд наздида эса жамиятни ҳаракатга келтирувчи куч – либидо, хоҳиш-истак, майлдир.

 

Жамият равнақида иқтисод муҳим ўрин тутишини инкор этиб бўлмайди. Чўнтагингизда пулингиз бўлмаса, дуруст кийинолмайсиз, болаларингизни ўқитолмайсиз, уларга китоб олиб беролмайсиз (ўзи болаларимизга китоб олиб беряпмизми?). Топармон-тутармон бўлсангиз, ҳаётингиз тўкис, фаровон кечади. Аммо гап фақат моддий неъматларда эмас-да. Ён-атрофимизда моддий жиҳатдан бой-у, маънан қашшоқ одамлар камми? Ҳашаматли уйларда яшаб, қимматбаҳо машиналарда юрадиган, тўй учун миллион-миллион сарфлайдиган, аммо касалманд қўшнисига биттагина дори олиб беришга ярамаётган кимсалар йўқми?..

 

Монтескьё назариясига мувофиқ, географик омил жамият ҳаётида катта роль ўйнайдиган бўлса, Япония, Швеция сингари давлатлар қандай қилиб турмуш даражаси бўйича дунёда етакчи ўринга чиқди? Бинобарин, улар ақл, фан-техника тараққиёти орқали юксак натижаларга эришмоқда.

 

Фрейднинг либидога устувор ўрин бериши ҳам мунозара уйғотмай қўймайди. Бу телба кўнгил нималарни истамайди?! Одамга мутлақ эркинлик, чексиз ихтиёр берилса, у қай кўчаларга кирмайди дейсиз! Жиноятлар, турли ғайриқонуний ҳаракатлар, ахлоқсизликлар бунга яққол мисолдир.

 

Президент Шавкат Мирзиёев ғояларига кўра, жамиятни ҳаракатга келтирувчи куч – маънавият, юксак ахлоқ. Ҳар бир инсон ўзини ўзи ислоҳ қилса, куч-ғайратини бунёдкорликка йўналтирса, қалб даъвати ила яшаса – жамият ҳам равнақ топади. Иқтисод ҳам, хоҳиш-истак ҳам, жуғрофий жойлашув ҳам ахлоқий қадриятларсиз заиф ва кучсиздир. Шунинг учун ҳам “баркамол инсон”, “баркамол авлод” ғояси ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди. Янгича тафаккур, юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар эгаси бўлган авлодни тарбиялаш – узлуксизлик, тадрижийликни тақозо этадиган, қалб, онг, руҳият билан боғлиқ бўлган мураккаб жараён. Биз қийин бўлса-да, ана шу йўлни танлаб тўғри қилдик.

 

Хулосамни айтсам, тараққиётнинг асоси – ахлоқ, таназзулнинг боиси – ахлоқсизлик. Миллатни уйғотувчи, рағбатлантирувчи, сафарбарлик ҳиссини уйғотувчи куч – маънавият. Бошқа нарса эмас!

 

– 2016 йили мамлакатимизда сиёсий ўзгаришлар рўй берди, Президент Шавкат Мирзиёев янги платформа билан ҳокимиятга келди. Замон эврилгач, “қаҳрамон” тўнини кийиб кечаги кунни қоралашга тушган, ҳатто ўзидан жабрдийда ясамоққа уринган арбобларимиз ҳақида ҳам фикрингизни билсак. Ҳолбуки, улар биринчи маъмурият даврида ҳам давраларнинг тўрида бўлгани кўпчиликнинг ёдидан чиққани йўқ. Буни сиёсий буқаламунлик деймизми, товусдек турланиш-тусланишми!.. Хўш, кечаги кунни бу тариқа рад этиш тараққиёт талабими ёки яшаш учун кураш усулими?

 

– Иккиюзламачилик, вазиятга қараб турланиб-тусланиб туриш миллий менталитетимизга хос десам, ўзим мансуб бўлган миллатни камситган, ҳақорат қилган бўламан. Бундан Худо асрасин. Лекин пешонамизнинг шўри шундаки, бундай буқаламун одамлар орамизда оз эмас. Кўринишидан туппа-тузук, савлатидан от ҳуркадиган, важоҳати оламнинг тиргаги каби одамларнинг ўзини ҳар кўйга солиши кишини ўйлантириб қўяди.

 

2017 йилдан кейин жамият ҳаётида ҳам, давлатчилигимизда ҳам жиддий ўзгаришлар юз берди. Бу табиий ҳол. Ҳар бир давлат раҳбари ўз характери, феъл-атвори, дунёқараши, мақсадларига кўра сиёсий тизимни ислоҳ қилади, янги тараққиёт йўлларини излайди. Ўзгариш палласида эса кимлардир ўзини садоқатли кўрсатмоқ учун ўтмишга тош отишга тушади.

 

Боя ҳам айтдим, тарихни эл-улус яратади. Давлат ҳам халқнинг умумий дунёқараши, маънавий-ахлоқий қуввати асосида вужудга келади. Аммо уни бир киши бошқаради.

 

Буюк араб олими Ибн Халдун давлат – халқ маънавий иродасининг, ички динамик қувватининг инъикоси, деган ғояни илгари сурган. Алломанинг фикрича, давлатнинг қудрати раиятнинг ақлий салоҳияти, маърифатлилик даражасига боғлиқ. Ибн Халдун буни “асабия” сўзи билан ифода этади. Демак, халқ қандай бўлса, давлат ҳам шундай бўлади.

 

Ўтмишни қоралаб, ўзини жабрдийда қилиб кўрсатадиганлар буни англагиси келмайди. Улар бугунини, ҳозирги манфаатини ўйлайди, холос. Ваҳоланки, бу билан ўзимизга тош отаётганимиз, иллатларимизни оламга достон қилаётганимиз, ўзимизни ўзимиз шармандаи шармисор этаётганимизни тушунмаймиз. Яқин ўтмишимизда хатолар, камчиликларга йўл қўйилган, албатта. Ахир, инсон табиатан хатокордир. Не-не донишманду алломалар, авлиёю азкиёлар ҳам адашган, янглишган. Ана шу нуқтаи назардан биз тарихга бирбутун ҳодиса сифатида қарашимиз, уни бутун камчиликларию ютуқлари билан, иллатларию фазилатлари билан яхлит ҳолда таҳлил қилишимиз керак.

 

Амир Темур жаҳон тарихига улуғ саркарда ва одил ҳукмдор сифатида кирган. “Бир ўспирин бола бир лаган тиллани бошига қўйиб, мамлакатимнинг бу бурчагидан нариги бурчагига пиёда олиб ўтса, биров қўл чўзмайдиган одил салтанат қурдим”, деган эди Соҳибқирон. Мана, сизга, бугунги ибора билан айтганда, эркин фуқаролик жамияти, кафолатланган инсон ҳуқуқлари! Ибн Халдун шаҳодатига кўра, дунё давлатчилиги Амир Темур салтанатидек етук давлатчиликни кўрмаган. Бироқ улуғ бобомиз айрим ҳолларда ўта шафқатсизлик қилгани, ҳукмфармолик бобида гоҳо кескинликлардан қайтмаганини яхши биламиз.

 

Тарихий ҳақиқат шуки, Амир Темур дунё тақдири билан боғлиқ бўлган, Машриқу Мағрибни бирлаштиришдек буюк миссияни бажарди. Улкан инсонпарвар империя барпо этиб, ислом тамаддунини янги босқичга кўтарди.

 

Франция тарихида буюк бурилиш ясаган Шарль де Голль, Туркияда республикага асос солган ва уни тараққиёт йўлига олиб чиққан Мустафо Камол Отатурк қанчадан-қанча қурбонликларга йўл қўйган, кези келганда террор усулларидан фойдаланган. Лекин уларнинг ҳар иккови халқ, миллат тарихида янги саҳифа очган сиёсий етакчилар сифатида эъзозланади. Яъни уларнинг инсон сифатида йўл қўйган хато, камчиликлари миллат олдидаги тарихий хизматини инкор этмайди.

 

Орадан йиллар ўтади. Вақти келиб бугунги кунга баҳо берадиган бўлсак, яна ўзимиз ўзимиздан иллат излаб, айюҳаннос соламизми?! “Бу ишлардан мен четда эдим, ўша вақтда мен кураша олмаганман, муносабат билдиришнинг иложи йўқ эди” дея иддао қиламизми?!

 

Албатта, кечаги кунга одилона таҳлил, холисона танқид нигоҳи билан қараш, камчиликлар ва хатолардан хулоса чиқариш тараққиёт талаби. Бироқ ўтмишни қоралаб, ўзимизни оқлаш инсофдан эмас. Шахс сифатида шаклланмаган, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлмаган, маънавий-руҳий жиҳатдан заиф одамларга хос усул бу. Биз ўтмиш билан келажак орасидаги кўприкмиз. Алҳол, мозий билан мустақбал ўртасида жарлик пайдо қилмайлик!

 

Машҳур шоир Расул Ҳамзатов “Менинг Доғистоним” асарига отаси Ҳамзат Цадасанинг “Сен ўтмишга тўппончадан ўқ отсанг, келажак сени замбаракдан тўпга тутади” деган гапини эпиграф қилган. Бутун асарда бир ҳовучгина халқ ўтмишига буюк ҳурмат, аждодларга эҳтиром, ватан ва миллатга садоқат туйғулари ёрқин намоён бўлади. Биз эса... Ана шундай ҳолатларда буюк замондошимиз Абдулла Ориповнинг “Қачон халқ бўласан, эй сен, оломон!” деган ҳасратли нидосини эслайман. Баъзан эса, шаккоклик бўлса ҳам, ўзи миллатмизми, йўқми ё оломондан халққа айланаётган палладамизми ҳали деган изтиробли ўйларга боради одам.

 

– Шоир Матназар Абдулҳакимнинг “Арз” деган шеъри бор. Унда баён этилишича, карвонсаройда тилла тўла хуржунини ўғирлатиб қўйган мусофир хон ҳузурига бориб арзиҳол қилади. Хон кўмак бериш ўрнига арзгўйнинг ўзини айбламоққа тушади. Муаллиф ҳукмдор билан мусофир суҳбатини бундай тасвирлайди:

 

– Шунчалик ҳам қаттиқ ухлайсанми, ғофил!

Қиласан-а яна уялмай ҳасрат.

 

– Бир қошиқ қонимдан ўтинг-у, лекин

Сизни уйғоқмикан дебман, онҳазрат.

 

Танбеҳдан сабоқ чиқарган хон мусофирга миннатдорлик билдиради, саройда меҳмон қилиб, ўғирланган хуржунини ҳам топиб беради. Ибратли ривоят-а, шундай эмасми? Дарвоқе, ўзингиз ҳам “Агар огоҳ сен...” деган китобингизда сиёсий арбоб учун уйғоқлик, огоҳлик бирламчи фазилат эканини таъкидлаб ёзгансиз-ку. Бугун ҳам эл-улус давлат бошқаруви идоралари, айниқса, қонунчилик бўғини вакилларидан ана шундай жонсараклик, бедорлик ва тийракликни талаб қилмоқда. Хабарингиз бор, “жўжани санаш” фурсати ҳам яқинлашяпти: 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлиги учун сайлов бўлиб ўтади. Ваколат муддатини якунлаётган депутатларимиз электорат ишончини оқлай олдими? Депутатликнинг туз-намагини тотган сиёсатдон сифатида айтсангиз, парламентимиз қачон чинакам “Халқ уйи”га айланади?

 

– Халқ ҳокимиятчилиги тамойилига мувофиқ олий вакиллик органи бўлган парламент ўз куч-қудрати, кенг ваколат ва имкониятларини намоён эта билмоғи лозим. Электорат ишонч билдирган вакиллар ўзини фаолларнинг фаоли, фидойиларнинг фидойиси, жонкуярларнинг жонкуяри сифатида кўрсатиши керак.

 

Мен ҳам маълум муддат (2000–2004 йиллар) парламентда фаолият юритганман. Ўша кезлар қулоғимга чалинган бир гап ҳамон эсимда. Олий Мажлис марказий аппаратида доимий фаолият юритадиган ходимлардан бири “Олдинги чақириқдаги депутатлар сизлардан кўра яхшироқ ишлаган эди”, деган эди. Кейинги чақириқдагилар даврида яна шу гап такрорланибди. Мантиқан ўйлаб қаралса, парламент фаолияти йилдан-йилга сусайиб бормоқда, деган хулосага келиш мумкин. Бунинг учун кимнидир айблаш, кимнидир жавобгар қилиш, менимча, тўғри эмас. Бу, аслида, жамиятнинг ялпи саводхонлик даражаси, интеллектуал салоҳияти инъикоси.

 

Айни чоқда, парламент фаолияти такомиллашиб, депутат ва сенаторларнинг жавобгарлиги ошиб бормоқда. Масалан, биз ишлаган даврда бирорта ҳам вазир ёки ҳоким Олий Мажлис минбарида ҳисобот бермас эди. Ҳозир эса бир қатор вазирлар тик оёқда халқ вакилларининг саволларига жавоб қайтармоқда. Лекин таъкидлаганингиздек, парламентимиз ҳали чинакамига “Халқ уйи”га айлангани йўқ. Вакилларимизда дадиллик, ошкоралик, шижоат, қатъият етишмаяпти. Айрим вақтларда майда масалалар атрофидаги мунозараларга гувоҳ бўламиз. Баъзан куракда турмайдиган таклифлар илгари сурилади. Бу ҳол ижтимоий тармоқларда ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда.

 

– Илм, ижод аҳлининг сиёсат ила машғул бўлмоғи – Юсуф Хос Ҳожиб, Навоий, Огаҳий каби улуғларимиздан мерос анъана. Сиз ҳам бир муддат Ўзбекистон Президенти давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлагансиз. Журналимизнинг 2008 йил 1-сонида талай йил масъул лавозимларда саъй-кўшиш кўрсатган адиб Мурод Муҳаммад Дўст билан суҳбат чоп этилган эди. Ўшанда Мурод оғамиз ижодкорнинг масъул лавозимда ишлаши ютуқми ё ютқизиқми деган мазмундаги саволга жавобан “Орттирган ҳикматим шуки, бир муддат сиёсатга аралашиб, кейин четга чиққан одам “мен тоза эдим” деб айтса, унга ишонмаслик керак”, деган эди. Нарзулла ака, давлат раҳбари қабатида, мамлакат олий девонида ишлаб Сиз қандай ҳикмат орттирдингиз?

 

– Чиндан ҳам, азалдан олимлар, ижод аҳли салтанат бошқаруви, давлат ижтимоий-сиёсий стратегиясини белгилашда иштирок этган. Буни ижобий ҳодиса деб биламан. Таниқли ёзувчимиз Мурод Муҳаммад Дўст ҳақ гапни айтган экан. Катта даргоҳда ишладингми, салтанатнинг барча ютуқ ва камчиликларига теппа-тенг шериксан. Ҳар қанча баҳоналарни рўкач қилма, барибир ўзингни оқлаёлмайсан...

 

Мурод ака “четга чиққан одам” деб, менимча, ўзини назарда тутган. Ёзувчи – олам ичра ўз бетакрор оламига эга бўлган шахс. Бу билан расмий идорадан бўшаб, ижодга қайтганини назарда тутгандир. Бироқ мен касбим ва илмий фаолиятим сабаб ўзимни четга чиққан одамман дея олмайман. Маълум йиллар давлат бошқарувида бевосита иштирок этган бўлсам, ҳозир билвосита қатнашяпман. Илгари вазифам расмий эди, ҳозир эса норасмий тарзда, жамоатчилик асосида. Республика Маънавият ва маърифат маркази йўлланмаси билан туманма-туман, маҳаллама-маҳалла кезиб юрибман. Турли нуфузли идоралар, ташкилотлар, муассасалар долзарб масалаларда маъруза ўқишга таклиф қилади. Сираси, ҳозирги ислоҳотлар жараёнида ҳам фаол иштирок этяпман.

 

Бугун топган ҳикматим шу: ишим юришса қувонаман, юришмаса хафа бўлмайман. Шахсий ҳаётимни фисқу фасодга тўла дунёдан четда тутаман. Кимдир буни ожизлик деб ўйлаши мумкин. Аслида, бу ички ирода, маънавий қувват! Менинг ҳеч кимга даъвом йўқ. Шундай тақдирни раво кўргани учун Оллоҳга беадад шукр айтиб яшаётирман.

 

Собиржон ЁҚУБОВ

суҳбатлашди.

 

“Tafakkur” журнали, 2024 йил 3-сон.

“Бир ён маъсият, бир ён маъсумият” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

//