Илмий китоблар таржима қилишни маъмурий буйруқбозлик усули билан амалга ошириб бўлмайди


Сақлаш
23:12 / 08.10.2024 98 0

Ўзбекистон Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этмоққа бел боғлади. Агар олдинги ренессансларда эришилган ютуқлар миқёсидан қаралса, учинчиси биз ўзбекистонликлар учун оламшумул воқеадир. Илдизлари миллий тарихимизга бориб туташувчи бундай катта ғоянинг “ўзбек орзуси” ўлароқ танланиши таҳсинга лойиқ, албатта. Илло, Ватан зиёлилари, илм аҳли уни сийқаси чиққан шиор деб эмас, ҳаётий мақсад-марра деб қабул қилмоғи лозим.

 

Асосий масала энди Ўзбекистон илм-фанини ана шундай катта сакрашга тайёрлашдир. Бу борада камина фаолият юритиб келаётган Япония тажрибаси диққатга сазовор. Кунчиқар ўлкада саноат – ҳукумат – университетлар (San – gaku – kan renkei) тарзида мустаҳкам иттифоқ шаклланган. Ҳукумат ва саноат вакиллари илм-фан ўчоқларига субсидия, грант ажратган ҳолда истеъдодли кадрларни тарбиялашга ҳисса қўшади. Хусусий ширкатлар ҳам Тадқиқот ва тараққиёт бошқармалари (Research and development) орқали университетлар билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Ҳукумат ихтирочилик патентларига даъвогарлик қилаётган истиқболли фирмаларга моддий кўмак кўрсатиб қолмай, ташқи иқтисодий алоқаларини кенгайтиришда дипломатик ёрдам ҳам беради. Шу тариқа дорилфунунлар “инновациялар инкубатори”га айланган. Хусусий ширкатлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишдан тушган даромад орқали давлат ғазнасини тўлдирса, университетлар ҳукумат ва миллий иқтисодиёт бўғинларига рақобатбардош кадрларни етказиб беради. Юксак натижаларни кўзлаган талабаларнинг ғайратини тўғри йўналтиришда эса сифатли дарсликлар, қўлланмалар муҳим ўрин тутади.

 

Мамлакатимиз равнақи учун ҳам мукаммал ўқув адабиётлари сув билан ҳаводек зарур. Ўзбекистонлик талабаларнинг дарсликлар халқаро стандартдан йироқ экани, амалиёт билан мустаҳкам боғланмагани хусусидаги эътирозларига кўп бора гувоҳ бўлганман. Олий таълимдаги устозлар имкон қадар ҳаракат қилаётгани аниқ, уларнинг фидокорона меҳнатини қадрламаслик инсофдан эмас. Бироқ мамлакат илм-фанига ичкаридан туриб қараш билан, Токио каби глобал шаҳардан туриб назар солмоқ катта фарқ қилади. Дарсликларимизнинг глобал стандартлардан қай даражада ортда эканини, айниқса, чет элда магистратура ёки докторлик босқичида таҳсил олаётган юртдошларимиз яхши билади.

 

Ўзбекистонда – хоҳ гуманитар, хоҳ табиий фанлар соҳаси бўлсин – бакалавриатни битирган талаба хорижга ўқишга келса, дарсликлар сабаб ўртада пайдо бўлган жарликни йўқотиш учун камида бир йил кутубхонадан чиқмаслиги керак. Гап шундаки, аксар дарсликларимиз ғоя, мазмун ва савия жиҳатдан саёз. Боз устига, саҳифалари кам, маълумотлари эскирган дарслик рисоладагидек билим бермаслиги кундек равшан. Хорижда табиий фанлар бўйича аудиовизуал материаллардан кенг фойдаланилади, бизда эса бундай китоблар ниҳоятда кам.

 

Инглиз тили жаҳон илм-фан тили экани сир эмас. Германия ва Япония каби асосий тили инглизча бўлмаган давлатлар илмий таржима борасида катта мактаб ярата олган. Уларнинг бири Европа, иккинчиси эса Осиёнинг технологик драйверларидан ҳисобланади. Мазкур икки давлат университетлари фаолиятини кузатсак, улар дунёдаги энг илғор дарсликларни тезкорлик билан таржима қилиб олий таълимда фаол қўллаётганини кўрамиз. Инглиз тилидаги дарсликларнинг катта кўламда, юксак сифатда миллий тилга таржима қилиниши олмон ва япон талабаларининг фан, технологияларга оид янгиликлардан ортда қолмаслиги омили бўлаётир.

 

Сиз юртимизда илм қилмоқчимисиз, унда албатта чет тилидаги адабиётлардан фойдаланишингизга тўғри келади. Кунчиқар ўлкада эса кўпгина соҳаларда япон тилидаги манбаларга таяниб изланишлар олиб борса бўлади, чунки миллий контент ўта бой ва ранг-баранг. Япон илмий мўъжизаси сири нимада? Бу борада кўп омилларни санаш мумкин бўлса-да, биттасини алоҳида таъкидламоқ керак – японлар жаҳон олимлари яратган илғор тадқиқотларни синчковлик ва тезкорлик билан ўрганиб, уларни ўз мамлакатига олиб келган. Дунёда қайси соҳада янги тенденция пайдо бўлса, япон олимлари ё таржима орқали, ё оригинал китоб орқали уни ўз миллатига таништиради. Пировардида фаннинг деярли барча соҳасини япон тилидаги манбалар орқали ўрганиш имконияти вужудга келди. Сўнгги чорак асрда кўплаб япон олимлари физика, кимё, тиббиёт каби йўналишларда Нобель мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳам мамлакатда илмий фаолият тўғри ўзанга солинганидан далолатдир.

 

Демак, бир миллатнинг илм-фандаги ютуқлари ўша мамлакатнинг қай даражада илм билан тўйинганига, она тилидаги манбалар захирасига боғлиқ экан. Шундай экан, биз – ўзбек тадқиқотчилари ва олимлари янги илм соҳаларига доир манбаларни юртдошларимизга изчил таништириб бормоғимиз даркор. Илмий янгилик миллат ёшларига қизиқарли шакл ва йўсинда тақдим этилиши керак, токи тадқиқот, изланишга рағбат ортсин. Сираси, биз эмпирик билимларни, фан ва технология, ижтимоий дисциплиналарни тезлик ила, тизимли равишда юртимизга импорт қилишимиз шарт.

 

Бугун “дунёдан ўрганиш” босқичига ўтишимиз керак. Ўзбекистон таълим тизими етти ухлаб тушимизга кирмаган бой илмий контент таржимасини кутмоқда. Бу сирада сунъий интеллект технологияларидан тортиб электромобилларгача ишлаб чиқараётган, “дунё корхонаси”га айланган Хитой давлати ютуқларини ҳам эслаш мумкин. Чин юрти ўтган асрнинг 80–90-йиллари дунёга бағрини очгач, маҳаллий университетлар замонавий илм-фан соҳаларига оид манбаларни хитой тилига таржима қилишга киришди. Шу тариқа хитой тили илмий атамалар билан бойиди. Бошқа томондан эса, чет тилларини яхши билмайдиган талабаларга ҳам ўз лисонида сифатли контент билан танишиш имконияти яратилди. Натижани кўриб турибмиз: ҳозирда Хитой илм-фан соҳасида юксак марраларга даъвогарлик қилмоқда. Бунга эса, бошқа омиллар қаторида, академик дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини яратиш, айниқса, оммавий таржима орқали эришилди.

 

Бизнингча, жаҳон илм-фани билан ҳамқадам бўлмоқ учун мамлакатимизда қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш лозим: аввало, илмий адабиётлар таржимасига оид миллий дастур жорий этилиши керак. Пешқадам мутахассисларни жалб этган ҳолда, 3, 5 ва 8 йиллик лойиҳалар доирасида юзлаб китобларни таржима қилмоқ, айниқса, тиббиёт, геология, физика, биология, кимё каби аниқ фан соҳаларига алоҳида эътибор бермоқ даркор.

 

Қувонарлиси, 2023 йилдан буён Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги “1000 китоб” номли лойиҳани амалга оширмоқда. Унинг доирасида турли фан соҳаларига оид ўнлаб инобатли адабиётлар таржима қилинмоқда. “1000 китоб” таҳсинга лойиқ ташаббус, албатта. Аммо бундай лойиҳалар умуммиллий миқёсда кенг қулоч ёзиши керак. Яна бир гап. Оммабоп китоблар йўналиши хусусий нашриётларга қолдирилиб, давлат бюджети илмий тадқиқотлар, дарсликларга йўналтирилмоғи лозим.

 

Тажрибамдан маълумки, хориж нашриётидан яхши бир китобнинг интеллектуал мулк ҳуқуқини сотиб олиб, бир неча минг нусхада чоп этишга 10 минг доллар атрофида маблағ кетади. Аниқ фанларга доир китоблар учун кўпроқ маблағ талаб этилиши мумкин. Демак, 10–20 миллион доллар эвазига бундай лойиҳани амалга оширса бўлади. Мазкур залварли ишда ҳукумат асосий ҳомий бўлмоғи керак. Талабаларнинг шартнома тўловидан катта фойда орттираётган давлат ва хусусий университетлар ҳам бунга маблағ ажратиши лозим. Айни чоқда маърифатпарвар бойларимиз, илм-фан ҳомийлари, меценатларимиз ҳам бунга ҳисса қўшса, натижа янада салмоқли бўлади.

 

Мустақил тарзда дарслик таржима қилган устозларни моддий рағбатлантириб, қўшимча мукофотлаш тизимини йўлга қўйиш ҳам муҳим. Китоб нашри, интеллектуал мулк ҳуқуқини хориждан сотиб олишни эса университетлар ва миллий дастур асосида тузилган жамоа амалга оширади. Ана шунда таржимон устозлар зиммасидаги юк бирмунча камаяди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги жаҳондаги нуфузли нашриётлар билан шартномалар тузиб, лицензия олиш ва адабиётларни она тилимизда, керакли ададда чоп этиш билан боғлиқ ташкилий ишларга масъул бўлмоғи лозим.

 

Ҳозирда илмий мақолалар, монография, дарслик ва ўқув қўлланмаларининг асосий қисми инглиз, француз, олмон ва рус тилларида. Соҳа мутахассислари ва чет элдаги ватандош олимларимиз билан ҳамкорликда биринчи навбатда китоблар рўйхатини шакллантириш керак. Таржима борасида сўз борар экан, инглизча – ўзбекча, олмонча – ўзбекча, японча – ўзбекча, французча – ўзбекча каби луғатларни мукаммаллаштириш ва кенг миқёсда чоп этишга ҳам алоҳида эътибор қаратишни тавсия этган бўлардик.

 

Ислом Ренессанси замирида ҳам жамият ва раият учун манфаатли илмларнинг чуқур ўрганилгани, илмий асарларнинг оммавий таржима этилгани омили ётади. Маърифатпарвар ҳукмдорлар қийинчиликларга қарамай, моҳир мутаржимларни йиғиб, уларни таржимага сафарбар этган. Қизиқ жиҳати, вақтлар ўтиб Ғарб давлатлари ўша таржималарни қайта инкишоф этган. Ислом Ренессанси манбалари Оксфорд, Кембриж каби университетларда дарслик сифатида ўқитилган. Улар бугун ҳам хорижда кенг тадқиқ этилмоқда. Бизда-чи? Тараққиёт шиддатли тус олгани, ресурс ва имкониятимиз борлигига қарамай, ҳалигача илмий таржимонлик институти шакллангани йўқ. Агар иш тизимли ташкил қилинса, ўн йил ичида юзлаб китобни она тилимизда ўқишга муяссар бўламиз. Бу мамлакат ривожига кучли туртки беришига аминман.

 

Таъкидлаш жоизки, бу ташаббусни маъмурий буйруқбозлик усули билан амалга ошириб бўлмайди. Дейлик, тегишли вазирлик китоб таржимаси бўйича режа белгилайди ва университетларга буйруқ беради. Бундай усул самара бермаган, бермайди ҳам. Сабаби оддий: иши шундоқ ҳам ошиб-тошиб ётган профессор-ўқитувчиларда қўшимча таржимага вақт ҳам, тоқат ҳам, имкон ҳам, қобилият ҳам бўлмаслиги мумкин. Бизнингча, миллий дастур доирасида таржима лойиҳаларига жалб қилинадиган профессор-ўқитувчиларга 6–8 ойлик таътиллар берилиши керак. Қайта таъкидлайман: барчасини университетлар ва кафедраларга ташлаб қўйиш – масъулиятсизликдир.

 

Юртимиз олимлари, тадқиқотчилари улкан салоҳиятга эга, фақат уни оқилона бошқарув ва тақдирлаш усуллари орқали тўғри йўналтирмоқ даркор. Шахсан ўзим, дўстларим билан биргаликда, мана, 5 йилдирки, “Ренессанс китоблари” лойиҳасини амалга оширмоқдамиз. Шу кунгача 8 та китоб чоп этилди. Яна қатор таржималаримиз навбат кутиб турибди. Кучли иштиёқ ва мустаҳкам қўллов бўлса, бу каби лойиҳаларни республика миқёсида амалга оширса бўлади.

 

Таржима, албатта, бир кунлик юмуш эмас – у давомий ва узоқ муддатли жараён. Ўзбекчага ўгирилган илмий китоблар беш-олти йилда эскириб, чет элда янги, тўлдирилган нашри чиқади. Шу боис моҳир таржимонларимиз бошини қовуштирадиган, доимий ишлайдиган тузилма керак. Ўшанда бизда ҳам муносиб кадрлар тарбияланиб, кучли илмий таржима мактаблари пайдо бўлади.

 

 

Алишер УМИРДИНОВ,

Нагоя Иқтисодиёт университети профессори

 

“Tafakkur” журнали, 2024 йил 3-сон.

“Дунёни ўзбекча кўрмак орзуси” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 21
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10768
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//