Ўрта Осиёнинг илк профессори Яроцкий. У нега ўлимга ҳукм қилинган?


Сақлаш
20:39 / 04.10.2024 458 0

Василий Яковлевич Яроцкий 1887 йил 14 март Украинанинг Киев губернияси, Черкасски шаҳрида украин миллатига мансуб ўқитувчи оиласида туғилган. Унинг отаси тарих фанидан дарс берарди. Болалиги оиласи билан Житомирда кечди. Василий ҳали гимназияга кирмасидан аввал 1903 йилдаёқ дарвинизмни ўрганиш тўгараги ташкил этиб, ўзининг гектографик журналига асос солади. 1904–1917 йиллар эсер партияси аъзоси, 1906 йил май ойидан Полтавадаги тўгарак аъзоси бўлиб, бир неча марта инқилобий фаолияти учун жазога тортилган. Учинчи бор жазодан сўнг округ-ҳарбий суди қамоғидан хорижга қочиб кетишга мажбур бўлади.

 

Василий Яковлевич Яроцкий Францияда Сорбонна университетида ўқиб, Париж тўгаракларида инқилобий иш билан шуғулланди. Лондон музейи кутубхонасига аъзо бўлди, Иқтисодий фанлар олий мактабида таълим олди.  Г.Бычков, А.Чекин имзолари билан “За народ, Саратовский вестник, Вестник Европы, Русское Богатство, Вестник кооперации, Общественный врач” каби қатор матбуот нашрларида журналист сифатида фаол иштирок этди.

 

 

1916 йил Лондон университетининг тарих-иқтисод йўналишини тугатади ва 1917 йил ўзининг “Инглиз-рус савдо алоқалари тарихи” мавзусида тадқиқот ишини ёзади. Айни пайда Кэкстон Холда Россия иқтисодиёти ҳақида маърузалар қилади. 1920 йил июлдан компартияга кириб Халқаро профессионал иттифоқлар кенгаши котибияти мудири ва муҳаррири бўлди.

 

Василий Яковлевич муҳожирликдан қайтгач қатор монография ва китоблар ёзди, журнал ва газеталар билан ҳамкорликда кўплаб мақолалар чоп этди. Я.М.Свердлов номидаги Коммунистик университетда, Шарқ меҳнаткашлари Коммунистик университети, Москва давлат университетларида дарс берди. Айни пайтда касаба уюшмасида ишлаб, масъул лавозимларга сайланди, касаба уюшмаси даврий нашрларида муҳаррирлик қилди. 1924 йил совет касаба уюшмалари делегацияси котиби сифатида инглиз тред-юнионлар конгрессида музокаралар олиб борди.

 

Василий Яковлевич Яроцкий 1930 йил октябрдан Тошкентга кўчиб келиб, ташкилий ва илмий-педагогик фаолиятини бошлайди. ЎзССР Маориф халқ комиссарлиги Ўқув илмий кенгаши (ГУС) раиси ўринбосари сифатида ўрта мактаб ва билим юртлари дастурларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистондаги илмий муассасалар ва олий таълим даргоҳлари илмий ходимларининг малакаларини баҳолаш комиссияси раиси вазифаларини бажаради. 1933 йилнинг май ойида Бутуниттифоқ компартияси марказий қўмитаси Средазбюро қарори билан Ўрта Oсиё давлат университети ректори лавозимига тайинланади. Василий Яковлевич Яроцкийнинг бевосита кўмаги билан САГУда Помир экспедицияси ташкил этилди ва 1933–1937 йиллар давомида ўлкани кенг ўрганишга киришадилар. 1934 йил Москвадан Ўрта Осиё давлат университетининг моддий техник базасини бойитиш, илмий ва ўқув жиҳозлари билан таъминотини кенгайтиришга эришади. 1934 йил декабрда университет юбилейи муносабати билан Помирда тоғ-биологик станция ташкил этишга муваффақ бўлади. 1935 йил июлда СССР МИК ҳузуридаги ўқув муассасалари ва олимлар маъмурияти Ўрта Осиё давлат университетининг 5 нафар хизмат кўрсатган мураббийларига: В.Я.Яроцкийга – тарих, А.М.Бродскийга – зоология, П.А.Барановга – ботаника, Е.П.Коровинга – геоботаника, В.И.Романовскийга – математика йўналишларида Ўрта Осиёда илк бор профессорлик унвонини беради. 1935 йил СССР МИҚ Олимлар қўмитаси Президиуми Средазбюронинг В.Я.Яроцкийнинг ташаббуси билан тайёрланган махсус маърузаси тингланади ва унда Ўрта Осиё давлат университетида тарих факультетини ташкил этиш заруриятини асослаб беради. 1935 йил кузида Ўрта Осиё давлат университетида тарих ва геолого-географик-тупроқшунослик факультетлари иш бошлайди.

 

В.Я.Яроцкий тарих факультетида Ғарб ва Шарқ мамлакатларининг қадимги ва ўрта асрлар тарихидан дарс беради. Шунингдек, А.Икромов номидаги Умумий педагогика ва ўқитувчилар институтида дарс беради, Марксизм-ленинизм ўзбек илмий-тадқиқот институтида илмий тадқиқот иши билан шуғулланади. Унинг тадқиқот мавзуси Ўрта Осиёда маданий ҳаёт ва сосонийлар давридаги асосий ижтимоий-иқтисодий алоқаларига бағишланган. Айни пайтда Тошкент шаҳар совети депутати эди.

 

В.Я.Яроцкий Москва, Ленинград ва бошқа марказий шаҳарлардан Тошкентга сургин қилинган таниқли мутахассислар ва илмий ходимларни САГУда илмий-тадқиқот ва ўқитиш ишларига кенг жалб этишга алоҳида аҳамият қаратади. Жумладан, профессор П.П.Смирнов Киевда “аксилинқилобий фаолияти учун” Тошкентга кўчма қилинган эди. У дарс ўтиш ҳуқуқидан маҳрум этилгани учун Тошкент давлат банкида инспектор бўлиб хизмат қилган. 1933 йил В.Я.Яроцкий профессор Смирновни САГУнинг фундаменталь кутубхонасига директор этиб тайинлайди ва “СССР халқлари тарихи” курсидан маърузалар ўтишига имкон беради.

 

В.Я.Яроцкий университет талабалари орасида жуда катта обрўга эга эди. У ҳибсга олинганидан сўнг унинг бу обрўси талабалар орасида аксилсовет кайфият ташиган деб айбланишига баҳона бўлади. 1936 йил сентябрда В.Я.Яроцкий партиядан ҳайдалиб, ректорликдан олинади ва унинг вазифасини профессор Л.Г.Райский давом эттиради.

 

1937 йил 28 январь куни профессор В.Я.Яроцкий ЎзССР ЖКнинг 66-1, 67-моддалари билан айбланиб қамоққа олинади. Тошкент шаҳар, К.Маркс кўчаси 67-уй, 10-хонадондан унга тегишли кўплаб китоблар, шахсий ёзишмалар ва буюмлари хатлаб олиб кетилади. 30 январь куни тўлдирилган шахсий анкетасига кўра унинг оила аъзолари турмуш ўртоғи Яроцкий Мария Петровна (31 ёш), фарзандлари Вадим (12 ёш) ва Андрей (1,5 ёш)ларнинг номлари келтирилган. Бу вақтда катта ўғли Анатолий (27 ёш) Ленинграддаги ҳарбий академияда ўқиган. 1937 йил 1 февралда илк сўроқдан Яроцкий Василий Яковлевичга Томский ва Бухаринларнинг яқин дўсти, Ўзбекистонда мавжуд аксилинқилобий ўнг троцкийчилар ташкилоти раҳбари, халқ хўжалиги қурилишида жиддий ўпирилишларга йўл қўйган каби айбловлар қўйилди. Василий Яковлевич ўзининг айбсизлигини қанчалик исботлашга ҳаракат қилмасин 1938 йил 7 октябрь куни машъум “учлик” уни олий жазога ҳукм этади. Ҳукм шу куннинг ўзида Тошкентдаги махсус объектлардан бирида ижро этилади. Унинг изидан сўраб келган оила аъзоларига эса 10 йил муддатга қамоққа ҳукм этилгани ҳақидаги ёлғон хабарни етказадилар. В.Я.Яроцкийнинг иши 1956 йил турмуш ўртоғи Яроцкий Мария Петровнанинг аризаси ортидан қайта кўриб чиқилади ва у 1957 йил 26 март куни СССР Олий суди томонидан оқланган.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори



[1] Қаранг: “Стенограмма 4го пленума Союза советских писателей Узбекистана”, начато 2 сентября 1937 года, окончено 7 сентября 1937 года, ЦГА УЗ, фонд № 2356, опись, 1 ед.хр.30, стр. 42.)

[2] ЦГА Уз, фонд 2356, опись, ед.хр. 27, стр. 9

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 42
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10403
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//