Маъносиз қўшиқ куйлаш, кўп овқатланиш, доимий норозилик... Тана ёки руҳият айтган синдромларни ўқий оласизми?


Сақлаш
12:30 / 03.10.2024 32 0

Ибтидоий инсонларнинг ривожланиши ўзаро мулоқот ўрнатиш учун белгилар ўйлаб топганидан бошланади. То ҳозирги кунга қадар давом этаётган бу усул бир мунча мураккаблашиб бутун ҳаётимизни қамраб олди. Белгиларга қараб телефонимиз қуввати оз-кўплигини, чорраҳада қачон, қаердан ўтишни, бинодаги белгилардан келар-кетар манзилимизни, истеъмолимиздаги маҳсулот қадоғига туширилган белгилардан таркиби, яроқлилик муддати ёки чиқиндиси неча қайта ишланиши мумкинлигини, эгнимиздаги кийим этикеткасидаги белгилардан неча даражали сувда ювиш, дазмол қилиш-қилмаслик ва шунга ўхшаш билимларни ўрганимиз, бажарамиз. Бу белгиларнинг ҳаётимиздаги роли бошқариш, йўналтириш, ўргатиш ёки кўрсатишдан иборат. Юқоридагиларнинг барчаси ташқи муҳитдаги белгилар эди, хўш, ички муҳитимиз, яъни танамиз ёки руҳиятимиз ҳам белги берадими? Уни ўқий оламизми? Ушбу мақолада танага оид белгиларнинг бир неча турини кўриб чиқамиз.

 

Тана ва руҳият билан боғлиқ белгилар тиббиёт тилида синдром деб юритилади.

 

Синдром – муайян бузилиш ёки ҳолатга ишора қилувчи аломатлар тўпламидир. Мавзуни яхшироқ ёритиш учун мисолларни бадиий адабиётдан оламиз. Ваҳоланки адабиёт инсон руҳиятига юборилган вакцина каби уни келажакда юз бериш эҳтимоли мавжуд бўлган вазиятларга: йўқотишлар, тақдир зарбалари, ҳаёт синовларига тайёрлаб боради.

 

Мисоллар:

 

Мартин Иден синдроми – инсоннинг паталогик ҳолати бўлиб, олдинга қўйилган мақсадга эришгач мақсадсиз қолиши натижасида юзага келувчи руҳий инқирозга нисбатан айтилади. Бу атама Жек Лондоннинг дунёга машҳур “Мартен Иден” романи ва шу исмдаги образ номидан олинган. Ушбу романда ҳам бош қаҳрамон ўз орзуси сари узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтгач, мақсадсизликдан тушкунликка тушиб, ўз жонига қасд қилади.

 

 

 

Маугли синдроми. Киплингнинг шу номдаги асарида тасвирланган вазиятлар ҳаётда ҳам юз берган бўлиб, ундаги қаҳрамонларнинг умумий ўхшашлиги нутқ бузилиши ёки умуман гапира олмаслик, гавдасини тик тута олмаслик, жамоа ва жамият орасида ўзини ёмон ҳис қилиш, буюмларни ишлатиш ҳамда кундалик юмушларда энг ибтидоий кўникмалар етишмаслиги, одамлардан қўрқиш каби белгиларда мужассамлашади. “Маугли” болалар тақдири билан боғлиқ вазиятлар натижаси турличадир: баъзилари жамиятга мослашиб яшаб кета олган, баъзилари эса йўқ. Бу кўрсаткичлар боланинг ҳайвонлар орасида қанча муддат қолиб кетганига боғлиқ.

 

 

 

Дориян Грей синдроми – бундай беморлар гўзаллик ва ёшлигини сақлаб қолиш учун ўзидаги бор имкониятдан фойдаланади. Улар бу йўлда пластик операциялар; ёшига номуносиб кийим, турмак ва атрибутлардан паноҳ излайди. Бу атама Оскар Уайлднинг “Дориян Грейнинг портрети” романи бош қаҳрамони номидан олинган.

 

 

 

Робинзон синдроми – моҳиятан фикр алмашиш, мулоқот асносига қурилган мавсумий тадбирлар тугагач юз берувчи суҳбатга бўлган кучли эҳтиёж кўринишида намоён бўлади. Ушбу атамага асос бўлган роман қаҳрамони – Робинзон Крузо ҳам кимсасиз оролда фақат суҳбатгагина кучли эҳтиёж туяди. Бу ҳол то Жумавойни топиб олгунга қадар давом этади.

 

 

 

Хлестаков синдроми – “Ревизор” романидаги шу номли қаҳрамон характерини нишонга олсак, унинг белгилари: доимий равишда диққат-эътиборда бўлиш, ўзини атрофдагилардан юқорироқ мартаба ёки лавозим эгаси сифатида кўрсатиб, амалда қилмаган “буюк ишлари” ҳақида сўзлаш каби аломатлар орқали намоён бўлади. Қилмишлари фош бўлиб қолган тақдирда ҳам, хижолат бўлмай сувдан қуруқ чиқишга уста бўлишади.

 

 

 

Манилов синдроми – Хлестаков синдроми билан ўхшаш бўлиб, ягона фарқи бунда инсон одамлар орасида эмас, ёлғизликда ўзининг амалга оширолмайдиган орзу, мартаба ва муваффақиятларини тасаввурида жонлантиради. Бу атама Гоголнинг “Ўлик жонлар” асаридаги бош қаҳрамон номига асосланган.

 

 

 

Геклберри Финн синдроми – бундай одамлар Марк Твеннинг қаҳрамони сингари атрофидаги ҳамма нарсадан доимий норозилик ва ички бўшлиқни ҳис қилади, масъулиятдан қочади; дўстлари, танишлари доираси ҳамда иш жойларини тез-тез ўзгартириб турадилар.

 

 

 

Офелия синдроми. Бу атамани 1982 йилда фанга киритган шифокор Ян Каррнинг ушбу синдром билан боғлиқ ўз ҳикояси бор: у 15 ёшли қизидаги ҳолатларни кузатиб, унинг ғалати хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлади. Қизалоқда тушкунлик, уйқу бузилиши, дунёдан узилиб, ўз дунёсига берилиш, кайфиятнинг тез-тез ўзгариб туриши, бой тасаввур, арзимас нарсалардан ҳам ҳайратланиш ва доимий ўйчанлик белгилари бор эди. Доктор Карр бу аломатларни балоғатга етиш жараёнидаги гормонал ўзгаришлар натижаси деб ўйлади. Бироз вақт ўтгач қизалоқда прогрессив хотира йўқолиши, иллюзия, галлютсинация ва нутқида камчиликлар пайдо бўлди. Жиддий текширувлардан сўнг унга Ҳожник кассалиги ташхиси қўйилади. Муваффақиятли ва ўз вақтида даволанишдан сўнг қизалоқ тузалиб кетди. Кейинги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Ҳожник ташхиси қўйилган бошқа беморларда ҳам юқоридаги аломатлар кузатилган. “Офелия синдроми” атамаси эса Шекспирнинг ашаддий мухлиси бўлмиш Каррнинг танлови эди. Офелия – “Ҳамлет” трагедияси қаҳрамони, Дания шаҳзодаси Ҳамлетнинг машуқаси. Асарда Офелиянинг нутқидаги жумлалар аста-секин бир-бирига мос келмай бошлайди, у сарсон-саргардон бўлиб, маъносиз қўшиқлар куйлайди. Охирида қиз ақлдан озади ва руҳий изтиробу ҳаёт қийинчиликларига чидай олмай вафот этади.

 

 

 

Бовари хоним синдроми – бу атама фанга 1857 йилда киритилган бўлиб, Густав Флобернинг шу номдаги романи ва унинг қаҳрамони шарафига шундай аталган. Ушбу синдромга чалинган инсонлар ўз ҳаётини ўзгартира оладиган ва муаммоларидан қутқара оладиган қаҳрамон келишига ишониб, уни кутиб яшайдилар. Бундай аёллар аллақачон турмушга чиққан бўлсалар ҳам, жуфти улар учун қусурли, номукаммал шахс бўлиб туйилади ва аёлларда бошқа эркакка нисбатан севги иллюзияси бошланади. Бу кўп ҳолларда хиёнатга сабаб бўлади.

 

 

 

Пиквик синдроми. 1836–1837 йилларда чоп этилган Чарлз Диккенс қаламига мансуб “Пиквик клубининг ўлимидан кейинги ёзишмалари” асари қаҳрамони Жо кун давомида кўп овқатланар ва исталган вақтда, исталган жойда ухлаб қолар эди. Пиквик синдроми – ортиқча вазн натижасида нафас олиш механизмининг бузилиши бўлиб, унда юрак ва тана семизлик сабаб юзага келган ўзгаришларга мослаша олмайди. Натижада, қондаги кислород кўрсаткичи пасаяди ва бу кундузги уйқусираш, нафас сиқилиши ҳамда юқори қон босими каби белгилар билан намоён бўлади. 1956 йилда, касаллик ўрганилгандан сўнг “Пикник синдроми” деб юритила бошланди.

 

 

 

“Вертер синдроми” ёки “Вертер эффекти” деб матбуот ва телевидениеда, қайсидир фильм ёки бадиий асарда ёритилган ўз жонига қасд қилиш ҳолатидан сўнг оммавий равишда суиитсид тўлқини юзага келишига айтилади. Мазкур синдромни биринчи марта 1974-1975 йиллари Калифорния университети социологи Девид Филлипс XVIII аср охирида бутун Европа бўйлаб тарқалган шундай ҳодиса устида изланиш олиб бориши жараёнида аниқлаган. Бунга Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” романи туртки бергани боис синдром номи ҳам айни асар қаҳрамони исмига қўйилган.

 

 

Бундан ташқари машҳур рассом – Ван Гог, таниқли ёзувчи – Стендал, ҳассос шоир Есенин номлари билан аталувчи синдромлар ҳам мавжуд бўлиб, улар қуйидагича белгиларга эга:

 

Ван Гог синдроми – ушбу синдромнинг машҳур рассом шарафига номланиши ҳам бежиз эмас. Айрим манбаларда Ван Гог психологик муаммоларни бошдан кечираётган кунларнинг бирида ўз қулоғининг бирини кесиб ташлаган. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, “Ван Гог синдроми”га чалинган бемор ўзини ўзи операция қилиши ёки маълум бир операцияни бажаришни талаб қилиши билан намоён бўлади. Синдромнинг асосий клиник белгиси бу – ўз-ўзини жароҳатлаш;

 

 

 

Стендал (Флоренсия) синдроми – тасвирий санъат музейида бўлган вақтингизда юрак тез уриши, терлаш, ҳолсизлик, бош айланиши, галлютсинация ҳолатларининг кузатилиши билан намоён бўлади;

 

 

 

Есенин синдроми – ҳассос шоир Есенин вафоти билан боғлиқ бўлиб, “Вертер синдроми”нинг Собиқ Иттифоқ давлатларида фойдаланилган вариантдош номидир.

 

 

Бадиий адабиёт ва муаллифлар номидан олинга синдромлар саҳифасини ёпиб, янги саҳифа – халқ оғзаки ижоди бўлмиш эртак ҳамда мифологик қаҳрамонлар номи билан аталган синдромлар саҳифасини очамиз. Бунда эртак қаҳрамонларидан Рапунзел, Питер Пен, Золушка ва Оқ қуён (аслида бу муаллифи мавжуд бадиий асардаги образ ҳисобланса-да, шахс бўлмагани туфайли эртак қаҳрамонлари қаторига қўшдим) синдромларини; мифологик образлардан эса Один, Улисс ва Протей синдромларини кўриб чиқамиз.

 

Рапунзел синдроми – бундай бемор ўз сочини оғзига солиши, сўриши ва ейиши натижасида юзага келадиган ичак трихобезояр касаллигидир. Касаллик асосан неврозлар ва руҳий касалликлар фонида юзага келади. Синдром қорин оғриғи, иштаҳанинг йўқолиши ва ич қотиши билан намоён бўлади.

 

 

 

Питер Пен синдроми – доимо беғубор бола бўлиб қолиш истаги, катта одамларнинг воқеликни тўғри ва жиддий қабул қила олмасликлари натижасида юзага келади. Бу ҳолатда одам катта бўлишдан, ўзига бирор бир масъулиятни олишдан қўрқади ва булардан қочади.

 

 

 

Золушка синдроми. Марҳум, буюк психолог доктор Алберт Эллис буни “Инсон бошқаларга тўлиқ қарам бўлиши ва уларга муҳтож бўлиши керак...”, дея тавсифланган мантиқсиз фикр сифатида таърифлаган. “Золушка синдроми”нинг асосий белгилари қуйидагилардан иборат: 1) Кимдир мени хурсанд қилади; 2) Бу одам менинг ҳаётимга киради ва мени бахтсизликдан халос қилади; 3) Мен бу одамни топганимдан кейин ёки у мени топгач, бахтли яшайман. Бундай қарашлар болалар адабиётида, ишқий романлар ва фильмларда чиройли кўринади, аммо у ҳақиқатдан узоқдир.

 

 

 

Оқ қуён синдроми – Люис Керролнинг “Алиса мўжизалар мамлакатида” асарида оқ қуён образи бор. У ҳар доим чўнтак соатига қараб, жудаям кечикиб кетаётганини айтиб, жўнаб қолади. Оқ қуён синдроми – руҳий ҳолат бўлиб, одамда доимо ёки тез-тез бирон жойга (институтга, учрашувга, ишга, бирон вазифани бажаришга в.ҳ.к) кечикаётгандек тасаввур уйғонавериши. Кўпчилик мутахассислар бу синдромни жиддий қабул қилишмайди, касаллик ёки руҳий ҳолатнинг бузилиши дея баҳо беришмайди. Уларнинг фикрига кўра, бу ҳолат инсоннинг турмуш жараёнидан келиб чиқадиган одатий ҳолдир.

 

 

 

“Один лаънати” ёки марказий гиповентилия синдроми – уйқу пайтида нафас олишнинг тўсатдан тўхтаб қолиши билан намоён бўлувчи бузилишдир. Бу мия пўстлоғининг туғма ёки орттирилган шикастланиши натижасида келиб чиқади, пировардида нафас олишда муаммолар пайдо бўлади. Касаллик 1962 йилда тасвирланган ва Один ҳақидаги машҳур ҳикоя шарафига номланган: Один Европа халқ эртакларида маълум бўлган сув нимфаси эди. У Жан Жиродокс томонидан Фридрих де ла Мотте Фукенинг қисқа ҳикояси асосида ёзилган пьеса қаҳрамони. Один Ҳансни севиб қолади ва унга турмушга чиқади. Лекин бир шарт қўяди – агар Ҳанс хиёнат қилса, уни ўлдириши ҳақида огоҳлантиради. Ҳанс биринчи муҳаббати Берта билан учрашганда, Один уни нафас олиш қобилиятидан маҳрум қилиш билан жазолади.

 

 

Улисс – юнонча Одиссей номи билан танилган Итака шоҳининг лотинча номи, Ҳомернинг “Одиссей” асари бош қаҳрамони. У Троя урушидан кейин уйига қайтиш учун ўн йил вақт сарфлайди. Улисс синдроми – мухожирларда узоқ давом этадиган стресс натижасида беихтиёр юзага келадиган сурункали психо-ижтимоий аломатлар тўпламидир.

 

 

 

Протей синдроми (Виедеманн синдроми) – терининг ҳаддан ташқари ўсиши, атипик суяк ривожланиши ва танадаги ўсмалар билан боғлиқ кам учрайдиган касаллик. Касалликнинг кечиши жуда ўзгарувчан.

 

 

Протей шаклини ўзгартирувчи денгиз худоси бўлиб, денгизнинг доимий ўзгарувчан табиати рамзи бўлгани учун ҳам ушбу ном танланган.

 

Зиёдахон ТУРДИБОЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

09:10 / 01.10.2024 0 72
Олимлик ва одамийлик уйғун устозлар





Кўп ўқилган

Барчаси

//