Шоҳ хизматчиларининг оти, сичқон, каламушлар ини. “Ўрда” сўзининг этимологияси


Сақлаш
16:17 / 02.10.2024 141 0

“Ўрда” сўзига кўп дуч келганмиз. Олтин Ўрда, хоннинг эски ўрдаси, Оқ ўрда, Кўк ўрда ва ҳоказо. Гарчи бугун бу сўздан у қадар фаол фойдаланмасак-да, батамом истеъмолдан чиқиб кетгани йўқ. Мазкур мақоламизда “ўрда”нинг келиб чиқиш тарихи, аввал ва ҳозир англатадиган маънолари, шунингдек, қайси ҳудудларда мунтазам ишлатилгани ҳақида сўз юритамиз.

 

“Девони луғатит-турк” асарида бу сўз “Орду” (Ўрду) шаклида учрайди. Биринчи маъноси – Шоҳ турадиган шаҳар. Шунинг учун Кошғарни Ўрдукент дейишган, яъни “шоҳлар шаҳри”. Иккинчи маъноси – Болосоғун яқинидаги шаҳар. Шунинг учун ҳам бу шаҳарни Қузўрда ҳам дейишган. Асарнинг яна уч ўрнида “Орду” сўзига изоҳ берилган:

 

1.                 Орду (Ўрду) – Ордубаши – Шоҳлар хизматидагиларнинг оти.

2.                 Орду (Ўрду) – Сичқон, каламуш каби ер остида яшовчи ҳайвонлар ини.

3.                 Орду (Ўрду) – Ордутал. А) Мўйни тушириш учун ҳаммомда ишлатиладиган аралашма, оҳак. Б) Ёш кўкракка урилувчи тамға. Бу сўз ўғуз ва турк тилларида кенг қўлланилган.

 

Юқорида келтирилган сўзларнинг сўнгисини шаклдош дея бемалол айта оламиз. Чунки, бу атаманинг на хонларга ва на уларнинг қароргоҳига алоқаси йўқ. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида эса “Ўрда” сўзига қуйидагича таъриф берилган: Ўрда – (тарихий сўз). 1. Туркий ва мўғул халқларида ҳукмдор, хон қароргоҳи, қалъа. 2. Қўшин қароргоҳи, лашкаргоҳ. Худди шу китобда Олтин Ўрдага ҳам таъриф бериб ўтилган: Олтин Ўрда – ХIII асрнинг 40-йилларидан ХVI асрнинг бошларигача мавжуд бўлган. Пойтахти турли шаҳарларда жойлашган, аҳолиси, асосан, туркий ва мўғул кўчманчи қабилалари иттифоқидан ташкил топган йирик давлат.

 

Энди эса биз ўрда сўзини асос ва қўшимчалар жиҳатидан таҳлил қиламиз. Ш.Раҳматуллаев тузган этимологик луғатда “Ўр” сўзи учрайди: Ўр – Чуқур, ҳандак. “Фронт чизиғида ўрлар қазилган”. Қадимги туркий тилда чуқур маъносини англатган. Бу от асли “Ковла” маъносини берувчи ор феълининг исм эши бўлиб, ҳозирги ўзбек тилида деярли ишлатилмайди.

 

1.                 Ўр – Дўнглик, тепалик. “Ўр келса ўрмалади”. Бу от қадимги туркий тилда “Тепага ҳаракатлан” маъносини англатган. О:Р феълининг исм эши бўлган. Ўша даврдаёқ Ў’ унлисининг чўзиқлик белгиси, Ўзбек тилида эса юмшоқлик белгиси йўқолган. ЎР >ЎР>ОР

 

2.                 Ўр – Бир-бирига чирмаштир, эш. Сочини ўрмоқ. Қадимги туркий тилда ҳам шундай мазмунни билдирган. Бу феълнинг унли товуши асли юмшоқ ва чўзиқ талаффуз қилинган. Ўша даврлардаёқ чўзиқлик белгиси йўқолган. Ў’Р>ЎР>ОР.

 

Бунда учинчи сўз “Ўр” шаклдошлик хусусиятига эга. Унинг ҳозирги тилимизда ўрмоқ – эшмоқ ва ўрамоқ – чирмаштирмоқ маънолари бор. Мисол учун, сочини ўрди; кўрпага ўранди.

 

Ҳозирги ўзбек тилида ўрмоқ сўзи яна бир ўринда омонимлик ҳосил қилади: Буғдойни ўрмоқ, бедани ўрмоқ. Демак, бу иккала ифоданинг “Ўрда” сўзига мутлақо алоқаси йўқ.

 

3.                 Ўра – Махсус қазилган чуқурлик. “Кузда бу ўрага картошка ва сабзиларни кўмамиз”. Бу от қадимги туркий тилда “Ковла” маъносини англатган. Ор феълидан – у қўшимчаси билан ясалган. Кейинчалик У унлиси А га, А унлиси ўз навбатида А’‘  унлисига алмашган. ОР+У=ОРУ>ОРА>ОРА’‘

 

Изоҳли луғатда “Ўр” сўзи икки хил маънода изоҳланган:

 

I.                  ЎР - 1. Жарлик, чуқурлик, ўра; 2. Тепалик, баландлик. Ўр тортмоқ – Баландликка йўналмоқ. “Оловни қанча алангалатсак, тутуни шунча ўрлади”; 3. Кўчма: Юқори, баланд. “Биродарлар, ўзбек эли ўр келади, Ўзи ўжар зўр келади” (Тоғай Мурод. “От кишнаган оқшом”).

 

II.               ЎР – Фолклор. Ўжар, жоҳил. “Ҳали бу бола бўш бўлса ҳам, ёмон ўр бола экан” (“Равшан” достонидан).

 

Энди эса биз “Ўр” ва “Ўрда” сўзларига алоқадор номларни кўриб чиқамиз. Маълумки, Покистон Ислом Республикасининг расмий давлат тили урду тили ҳисобланади. Урду эса ўз навбатида Ҳиндистонда ҳукмдорлик қилган Бобурий подшоҳлар ва сарой аъёнлари ўзаро сўзлашган, асосан, мусулмон аҳоли гапирадиган, келиб чиқишига кўра форсчага яқин тил. Туркия мамлакатида “Ўрхон” исми кенг тарқалган. Бу исм қалъадек мустаҳкам ўсувчи, юксалувчи деган маънони англатади. Варианти – “Орхан”. Шунингдек, бу номдаги жой ҳам бор – “Ўрхун”. Orskmeseum.ru интернет сайтидан фойдаланган ҳолда Россия Федерациясида жойлашган Оренбург ва Орск шаҳри каби жой номларини ўрганиб чиқдик: Орск – Ор дарёси бўйидаги шаҳар. Оренбург – Маркази Орск шаҳри бўлган Россия Федерациясидаги вилоят. Ор – Дарё. Туркий тилда юқори, баланд маъносини беради. Бундан маълум бўладики, Ор дарёсининг мазмуни юқоридаги дарё, баланддаги дарё бўлади. Қозоғистонда ҳам Ордабаши деган жой номлари учрайди. Бу атама элбоши, юртбоши каби ўрданинг бошчиси маъносини билдиради.

 

Демак, Ўр сўзининг тўрт хил маъноси бор экан:

 

1. Юқори, баландлик. “Осмонга тутун ўрлади”;

2. Қуйи, пастлик. “Ўрага сичқон тушди гулдур-гуп”.

3. Бирор толани ўрамоқ, эшмоқ. “Сочини ўрди”.

4. Бирор ўсимликни поясининг ости қисмидан қирқмоқ, кесмоқ: “Пичан ўрди”.

 

Шунингдек, уч хил тарихий шакли бор:

 

1.Ор;

2.Ўр;

3.Ур.

 

Биринчи маъносига Ор (юқоридаги дарё), Оренбург, Орск шаҳарларини, Ўрхун манзилгоҳини, Ўрхон исмини мисол қила оламиз. Иккинчи маъносига эса Ўратепани. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Ўрда” сўзининг келиб чиқиши “Ўр” сўзига бориб тақалади. Бунда “Ўр” сўзининг фақатгина баландлик маъносини асос қилиб олишимиз мумкин. Яъни “Улуғворлик” маъносида. Бундан ташқари шакли ўхшаш сўзлардан яна кўплаб мисоллар топишимиз мумкин. Улар қуйидагилар:

 

1.Ордер (юқори даражали вазифа);

2.Орден (юқори даражали мукофот);

3.Орган (юқори даражали ташкилот);

4.Орол (сувдан юқоридаги ер);

5.Орий (юқори ирқ).

 

Ўрхун ва Ўрхон атамалари негизида Россиянинг Архангельск шаҳри номи ҳам келиб чиққанини тахмин қилиш мумкин (дарвоқе, турклар Ўрхонни, Орхан дейишади).

 

Учинчи шаклда ҳам бир қанча номлар мавжуд деган фикрга кела оламиз. Аммо уларни аниқ далил-исботларсиз даъво қилиш ҳам ноўрин. Шундай бўлса-да, бу фаразларни ўртага ташлашга қарор қилдик. Улар қуйидагилар:

 

1.Ур;

2.Урук;

3.Урмия;

4.Урарту;

5.Урумчи.

 

Анвар ЭШНАЗАРОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10332
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//