Аёл дастурчиларни устунлик жиҳатлари кўп – бизнесмен ва инвестор Алишер Тожиев билан суҳбат


Сақлаш
23:25 / 24.09.2024 605 0

Бугунги дунёда IT-саноати глобал ўзгаришларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда. Бироқ катта технологиялар ортида нафақат тижорий манфаатлар, балки инсонлар турмушини яхшилаш, жамиятга яхшилик олиб келиш истаги ҳам ётади. Бизнинг қаҳрамонимиз ҳақида айнан шундай дейиш мумкин – бизнесмен, инвестор ва ижтимоий лойиҳалар ташаббускори сифатида у 9 та муваффақиятли IT-компания ҳамда 2 та IT-академия ташкил этган. Унинг илҳомлантирувчи тарихи, ортидан эргашган юзлаб шогирдлари ва ижтимоий масъулиятни биринчи ўринга қўйиши алоҳида эътиборга лойиқ. Унинг рафиқаси ҳам жамоат фаоли ва блогер сифатида нафақат бизнес, балки ижтимоий лойиҳаларда ўз ҳиссасини қўшмоқда.

 

 

IT-тадбиркор Алишер Тожиев билан фаолияти, жамоаси ва рафиқаси ҳақида суҳбатлашамиз. Унинг турмуш ўртоғи Маҳлиё Тожиева – таълим соҳасида тадбиркор, тиниб-тинчимас аёллардан бири.

 

– IT соҳасидаги фаолиятингизни эндигина бошлаганингизда, нафақат 9 та IT-компания ва академияларга, балки таълим, санъат ҳамда тиббиёт соҳаларида ҳам IT-лойиҳаларга эга бўладиган даражага етишингиз мумкинлигини тасаввур қилганмисиз? Ҳозирги турган нуқтангизгача бўлган йўл ҳақида сўзлаб берсангиз

 

– Тўғрисини айтиш керак, бир нечта IT компанияларим бўлиши бундан 5-6 йил олдин умуман хаёлимга келмаган. Лекин битта IT компаниям ва академиям бўлишини доим орзу қилганман.

 

Ҳар бир соҳанинг яхши томонлари бор ва шу томонлари ҳали йўл бошида турганингизда сизни илҳомлантиради, куч бағишлайди. Мисол учун, айнан IT соҳасида мени маза қиладиганим – бу турли соҳаларга ечим беролишимиз. Хоҳ у таълим бўлсин, хоҳ тиббиёт ёки санъат бўлсин, биз мижозимиз сўраган муаммога ечим топишдан аввал ўша соҳани атрофлича ва чуқур ўрганамиз. Токи ўша соҳани ўрганиб чиқиб муаммони «томирига тушганимиздан» сўнг кутилган натижага эришса бўлади.

 

Яна бир нечта ёқимли томонлари – IT'да мукаммал ечимга жамоа билан эришилади, инсонлар билан ишлайсиз, олдингизга келган мижозга ечим берганингизда унинг фаолияти осонлашади ва бошқа тарафдан эса нафақат ўрганасиз, балки ўргатасиз ҳам. Яъни, сиз ишлаб чиққан лойиҳани мижозга топшираётганингизда уни ишлата олиши учун техник кўрсатмалар беришингиз керак бўлади. Оддийгина админ панелда рўйхатдан ўтишдан тортиб тизим таҳлиллари билан ишлашгача бўлган жараённи ўргатасиз ва яна бир қанча инсонларнинг рақамли саводхонлигининг ошишига сабабчи бўласиз.

 

Умуман IT жуда кенг соҳа ва бу ерда исталган инсонни ҳайратлантирадиган ҳамда ўзига жалб қиладиган технологиялар саноқсиз. Айтайлик, нефть-газ соҳасидаги технологиялар ёки инсон бошқарувисиз ерда ҳаракатланадиган, ҳавода ҳаракатланадиган қурилмалар ва сунъий интеллектдаги жараёнлар мени ҳанузгача ҳайратлантиради ва улар устида ишлаш мени жуда ҳам илҳомлантиради.

 

Ўтган даврга келадиган бўлсак, илк IT компания асосини қураётганимизда атрофимда менга ишонган 10-15 та болалар бор эди ва биз бирлашиб IT hub ташкил этганмиз. Тошкентдаги Инҳа университети негизида ижтимоий таълим лойиҳасини очдик ва ижтимоий лойиҳаларга урғу бердик. Менинг наздимда ижтимоий лойиҳаларда барака бўлади – инсонлар учун манфаатли иш қилаётганингизда ҳам ўзингиз маза қиласиз, ҳам сиз каби ҳаммаслак кишилар ўзлари сизни топиб келади. Шу тариқа Matn.uz, Co-Learning Center, Co-Learning Academy, Lenta.uz каби лойиҳалар дунё юзини кўрди.

 

– Компанияларингиз ва академияларингиз юзлаб одамларни ривожланишига ёрдам беради. Бунинг учун ўз устингизда қандай ишлайсиз? Қарашларингизга кескин таъсир қилган охирги китоб ёки мақола қайси?

 

– IT'да шундай нарса бор, бирор бир лойиҳа устида ишланаётганда, ўша соҳа эгасидан кўпроқ нарсани билмагунимизча у одамни ишини енгиллаштириб бера олмаймиз. Шу сабабли касбимизни ўзи бизни зўр ривожлантиради. Қарашларимга кескин таъсир ўтказадиган нарсалар – бу лойиҳалар, мижозлар, доимий ўқиладиган китоблар ва Medium.com ёки молияга доир турли манбалар.

 

 

Охирги китобим «Пул психологияси» бўлган ва ҳозирги кунда «Талаба» номли китобни ўқишни бошлаганман. Гарчи фаолиятим туфайли доим ҳам вақт бўлмасада, китоб ўқишни ёқтираман. Сўнгги ойларда китоб ўқиш одатимни барқарорлаштира олдим. Бу ҳаттоки китобга доир лойиҳаларга сармоя қилишга илҳомлантирмоқда.

 

– Ҳозирги кунда сунъий интеллект мавзуси юртимизда ҳам урф бўлмоқда. Ундан фойдаланиб бизнес қураётган шахс сифатида, кейинги 5 йил ичида соҳада қандай кутилмаган ўзгариш ёки воқеалар содир бўлади, деб ўйлайсиз?

 

– Биз ҳозирда Аиша номли сунъий интеллект устида ишлаяпмиз ва бу сунъий интеллектнинг STT, TTS ҳамда LLM қисмларини бозорга чиқардик. Лойиҳа бозорда ўз мижозларини топиб бошлаган. Гарчи лойиҳа ишлаб чиқиш жараёнида бўлсада, уни бозорга чиқарганимиз сабабини осонроқ тилда тушунтиришга ҳаракат қиламан: ҳозирги кунда сунъий интеллектдаги энг қиммат нарса бу серверлардир. Иккинчи қиммат нарса Ўзбекистон бозорида маълумотлар жуда ҳам бетартиб, умуман ўзбек тилидаги маълумотларни индексация қилиб бўлмайди. Мана шу иккита важдан биз бир вақтнинг ўзида ҳам лойиҳани «қуряпмиз», ҳам мижозларимизга ёқадиган таклифлар, чегирмалар бериб сотмоқдамиз. Буни эвазига улар арзон маҳсулот олишади, биз эса серверларимизни тиклаб оляпмиз.

 

Кейинги 5 йилда айнан бизнесда кузатиладиган ҳолат: бизнеслар сунъий интеллектда серверлар сотиб олади, лекин Ўзбекистон ахборот хавфсизлигини ҳисобга олиб, ҳар бир давлат ўзининг сунъий интеллектларидан фойдаланишига тўғри келади. Бунақа пайтда эса Ўзбекистон ичида маҳаллий сунъий интеллектларни қиймати жуда ҳам ошиб кетади. Маълумотларни тартибловчи data science мутахассисларининг ойликлари кўтарилиб кетади.

 

Сунъий интеллектга ўтмаган тизимлар эса дейлик, 1 кунда 20 киши билан ишлаётган бўлса, максимал оптимизация қилиб 25 киши билан ишлай олади. Сунъий интеллектлар эса бир кунда 100-200 кишини вазифасини уддалайди. Демак, бизнесини ривожлантиришни хоҳлаган исталган одам сунъий интеллектдан фойдаланишга мажбур бўлади.

 

Умуман, сунъий интеллектнинг бизнесга таъсири унинг тезкорлиги, аниқликлиги ва арзонлигида бўлади. Шу сабабдан, кейинги 5 йилликда сунъий интеллектга ўтиш ва ундан фойдаланиш ҳозиргига нисбатан 70% га ошади.

 

– Биз биламизки, ҳар бир муваффақиятли эркакнинг ортида кучли аёл туради. Рафиқангизга ўз карьерасини ривожлантиришга ва аёллар учун таълим платформасини очишига қандай ёрдам бергансиз?

 

– Маҳлиёхон ҳозирда иқтисод фанлари бўйича фалсафа доктори, АёлУчун платформаси асосчиси ва аёлларни ривожлантириш бўйича эксперт ҳисобланади. Биз оила қурганимизда ҳали иқтисод бўйича бакалаврда ўқирди ва ўтган вақт давомида ҳар тарафлама ривожланди, деб айтоламан. Энг биринчи навбатда, оналик масъулияти аёлларга ривожланишда катта туртки берар экан: фарзандингиз тўғри ривожланиши, дунёқараши кенг бўлиши, оилада муҳит соғлом бўлишида ота-онанинг биргаликдаги меҳнати муҳим.

 

 

Маҳлиёхон аёлларга ёрдам беришни яхши кўради, атрофидаги инсонларни ҳам ўйлаш каби ажойиб хислатга эга. АёлУчун таълим платформаси ғояси пайдо бўлганида ҳам унинг экспертларни излаб, ўрганиб, ҳар бир дарс устида жон койитишини кўриб қўллаб-қувватлашга тайёрлигимни айтганман. Менда лойиҳанинг инсонларга манфаатли бўлиши ва давомий ишлашига ишонч бўлган. Бошқа ишларида ҳам аёлимнинг ташаббусини қўллаб-қувватлайман, фикрларини эшитаман.

 

– Рақамлардан биламизки, IT соҳасида бутун дунё бўйлаб аёл-қизларнинг иштироки нисбатан кам. Юртимизда эса бу анчайин сезиларли. Нима учун IT соҳасида аёл-қизлар кам ўқийди?

 

– Гапингизда жон бор. Бунга сабаб аёллар орасидан чиққан дастурчилар етарлича тарғиб қилиб медиага олиб чиқилмаганида бўлса керак. Чунки фаолиятимда кучли аёл дастурчиларни кўп учратганман. Бир нарсани таъкидлаш керак, аёл дастурчиларнинг мутахассис сифатида ҳатто устунлик жиҳатлари бор – улар кодни тозароқ ёзишади, «cлеар cодинг» деган атама бор, яъни бу турли хатолардан холи бўлган код ёзиш бўлиб, одатда деярли барча дастурчиларнинг нозик жойи ҳисобланади. Биз шунақа тоза код ёзадиган дастурчиларни «лоторея» деймиз.

 

Хожарбу Ҳайитметова шунақа иқтидорли қизларимиздан бири бўлган. Ҳозирда фрилансда веб-сайт ишлаб чиқувчи муҳандис бўлиб фаолият олиб бормоқда. Жамоадаги энг масъулиятли, тартибли ва қунтли мутахассислардан бири сифатида ҳурматимизни қозонган. Хожарбу каби етук мутахассислар ўзбек IT саноатида етарлича, фақат ҳаммаси ҳам медиага чиқмаган, ёки оила қуриб, фарзанд тарбияси билан фаолиятини тўхтатиб турганлар ҳам топилади. Мисол учун, охирги важдан соҳасида ишлашни маълум муддатга тўхтатган аёл дастурчиларни ментор (ўқитувчи) сифатида таълим лойиҳаларига таклиф қилса бўлади – бошқа аёл-қизларга билимини улашишади.

 

 

Аёллардаги кичик деталларгача эътиборлилик хислати, ишга сабр билан ёндашиши ва меҳр бериши лойиҳаларда яққол сезилади. Яна уларда қунт билан ўрганиш қобилияти кучли.

 

Ҳозирда аёл дастурчи, «айтишниклар» учун турли ҳакатон ва мусобақалар ўтказилиб турилади. ICTWEEK UZBEKISTAN-2024 ҳафталигида “GAP & IT Ladies” конференцияси бўлиб ўтди, Tumaris.HACK аёллар ҳакатони ташкил қилинади ва бу каби тадбирлар кўп. Бундан ташқари киберспортда ҳам аёл-қизлар иштирокини кенгайтирса бўлади, деб ўйлайман.

 

– Турли медиа-лойиҳалардаги чиқишларингизда бир нечта ИТ академияларингиз ҳақида айтиб ўтгансиз. Шогирдлар билан ишлаш жараёни, таълим лойиҳаларингиз ва уларнинг ёшларга кўрсатаётган ёрдами ҳақида маълумот берсангиз

 

2020 йил – айни карантин эълон қилинган йили илк таълим лойиҳамиз бўлган Co-Learning Center ва Co-Learning Academy онлайн ҳамда жонли ўқув услубидаги ижтимоий таълим лойиҳаларимизни бошлаган эдик. Ўша вақтдаги оғир вазиятга қарамасдан замонавий касбларга асосланган ҳар иккала лойиҳамизни ишга туширганмиз – масофадан даромад топиш имконини берувчи, бунинг устига келажак касблари деб аталган SMM, дастурлаш, график дизайн ва рақамли маркетинг соҳаларида очиқ ва бепул видео-дарсликлар ҳамда жонли дарсларни йўлга қўйиб 700 га яқин ёшларнинг таълим олишига ўз ҳиссамизни қўшганмиз.

 

UIC Academy — яна бир ўзига хос таълим ечимини берувчи лойиҳамиз фаолият олиб бормоқда. Мазкур академиямизнинг ўзига хослиги шундаки, UIC Academy оддий ўқув маркази эмас, балки тўлақонли практикум ҳисобланади. Бу дегани, марказда бир вақтнинг ўзида ҳам ўқиб ҳам тажриба ошириш имкони яратилган. Муваффақиятли тамомлаган ўқувчиларни эса IT компанияларимизга ишга таклиф қиламиз ёки ҳамкор ташкилотларга тавсия қиламиз. Шу кунгача 300 га яқин талабамизни дастурлашнинг баcк-энд, фронт-энд ва но-cоде йўналишларида ўқитдик. Эндиликда мақсадимиз, шу каби практикумларни Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам очиш.

 

Шогирдлар билан ишлаш жараёнига келсак, шогирдликка мурожаат қилган барча йигит-қизларни иқтидоридан келиб чиқиб йўналиш ва маслаҳат бераман. Келажагини бошқарув, дастурлаш ёки маркетинг соҳаларида кўрсам жамоамга таклиф қилиб амалиёт ўташи ва керакли билимларни олиб ўсишига шароит қилиб беришга ҳаракат қиламан. Кўп ҳолларда ота-оналар фарзандларини ўзлари олиб келишади «эти сизга, суяги бизга» деб. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам биз барча эшикларни очиб берганимиз билан боланинг ўзида интилиш ва илм олишга иштиёқ кучли бўлиши керак. Буни эса вақт кўрсатади. 13-14 ёшда жамоага келиб 4 йилда 0 дан график дизайнни ўрганиб ҳозирда ўз жамоасига эга теамлеад даражасига чиққан ёшлар бор. Иқтидор ҳаммада бор, фақат уни дангасалик қилмай тарбиялаш керак. Биз иқтидорларни тарбиялашга ҳаракат қиламиз.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 24234
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//