У “бўл” деди ва бутун борлиқ яралди. Барча муқаддас китобларда ёзилишича, энг аввал Калом бўлган. Одам ҳам борлиқни сўзлар орқали ўрганган. У яратиқларнинг номини билгани учун ҳам маърифатланиб фариштадан юқори мақомга кўтарилган. Кейин эса яна бир муқаддас китобда ёзилишича, Худо инсонларни ер юзи бўйлаб тарқоқ яшаши учун уларнинг тилларини аралаштириб юборибди, токи бир-бирини тушунмасин. Шундан буён “миннатдорлик” деса раҳматни, “миннат” деса таънани тушунамиз. Шундан бери “мулозамат” деса мақтовни, “мулозим” деса ҳукмдорнинг ортидан эргашувчи арбоблар кўз олдимизга келади.
Шунингдек, “айш”, “ишрат”, “маош”, “маишат”, “маиший” сўзлари тузилиш жиҳатидан ўзакдош бўлса-да, моҳиятан бошқа-бошқа тушунчаларни ифодалайди. Тилимизда шундай жоҳилона ҳолатлар борки, ранг маъносини англатувчи “лавн” сўзининг кўплик шакли – “алвон”ни фақат қизил рангга “ёпиштирган” бўлсак, “сабаб” сўзининг кўплик шакли – “асбоб”ни меҳнат қуролларига нисбатан ишлатамиз. Айтганча, юқорида тилга олинган “жоҳил (она)” сўзи ҳам бундан мустасно эмас. Ўйлаб кўринг-чи, бу сўз сизга қайси каломни эслатяпти? Ҳа, “жаҳл”. “Жаҳл” сўзи биз тасаввур қилганимиздек “аччиқланиш”, “ғазаб”ни эмас, аслида “нодонлик”, “билимсизлик”ни ифодалаши керак эди. Худди “касал” сўзи танасининг қаеридир оғриётган “бемор” эмас, аслида “дангаса”, “ишёқмас” маъносини англатганидек.
Тилимизда мана шундай асл маъносидан узоқлашган ёки бутунлай акс маънони англатувчи араб тилидан ўзлашган сўзлар бир қанчадир. Масалан, “иснод” сўзи “таянч”, “тиргак” дегани, “уят” дегани эмас. “Эҳтимол” – “бардош”, “чидам” дегани, “тахмин” дегани эмас. “Маза” – “шўр, нордон газак” дегани, “лаззат” дегани эмас.
Умуман олганда, сўзларнинг асл маъносидан узоқлашуви ёки ички боғлиқлик узилиб, бутунлай номуносиб тушунчани англатиши барча тиллар учун мутлақ табиий жараён аслида. Шунинг учун ҳам биз “ҳамият” деганда “жиззакилик”, “манманлик”ни эмас, “орият”ни тушунаверамиз. Шунинг учун “илҳақ” деганда “қўшиш”, “боғлаш”ни эмас, “муштоқлик”ни тасаввур қиламиз.
Биласизми, сўзлар қандай вазиятларда асл маъносидан узоқлашади? Бир тушунчани англатувчи мустақил маънодаги сўз маъно кўчиш турлари (синекдоха, метафора, метонимия) билан алоқага киришади. Вақт ўтган сайин сўз маъноси ва кўчма ўртасидаги алоқа узилиб, тушунча кўчма маънода қотиб қолади. Кейинчалик у кўчма маънолик “гувоҳнома”сини мустақил маънога алмаштиради. Келинг, буни қуйидаги таҳлиллар билан кўриб чиқамиз:
(Синекдоха)
“Бисот” – аслида бу сўз арабчадан таржима қилинганда “гилам” маъносини билдиради. Қадимги араблар бадавийлар деб аталган бўлиб, бу сўз “саҳройи”, “кўчманчи” маъноларини англатган. Табиийки, кўчманчи халқлар чайла, ўтов каби тез йиғиладиган ва тез тикланадиган уйларда яшашган. Бундай уйларнинг асосий хомашёси гилам бўлиб, у думалоқланиб йиғиштирилганда туяга ортиб кўчиш учун қулай бўлган. Биз ҳозиргача ишлатадиган “бор бисотим шу” жумласининг тарихи ҳам бадавий араблар ҳаёт тарзига бориб тақалади. Ўша давр учун “бор бисотим” ўз маъносида қўлланилган бўлса, ҳозирда биз бунинг кўчма маънодан туғилган янги маъносидан фойдаланамиз.
(Метафора)
“Валад” сўзи араб тилида “бола”, “фарзанд” маъносини англатади. Бизнинг тилимизга ўзлашганда “валади зино” тариқасида аввалига бирикма тарзида яхлитлигича ўзлашган, кейинроқ эса “зино” тушиб қолдирилиб, “валад” сўзи якка ҳолда қўлланилишига қарамай, “зинодан туғилган фарзанд” тушунчасини ўзида сақлаб қолган.
(Метонимия)
“Башара” сўзини араблар бутун бир “тана”, “гавда” ёки “инсон” маъносида қўллайди. “Инсоният” маъносини англатувчи “башар/башарият” сўзлари ҳам “башара” билан ўзакдошдир. Бизнинг тилимизда эса бу сўз танамизнинг бир бўлаги – юз қисмимизнигина ифодалайди (шунда ҳам салбий бўёқда).
Мана шу тарзда биз баъзи сўзларнинг осмонларга туташ маъносини ерга уриб, чилпарчин қиламиз-да, баъзи сўзларни ердан олиб, кўкка кўтарганча ҳайф қиламиз. Бундай сўзлар кундалик ҳаётимизнинг ҳар дамида, ҳар қадамимизда учрайди. Мана ҳозир ҳам мен “ҳайф” сўзидан фойдаланганимни сезмай қола ёздим. Ундан фойдалана туриб, бу сўзга нисбатан адолатсизлик, ноҳақлик қилдим. Аслида ҳам бу сўзнинг таржимаси “адолатсизлик”, “ноҳақлик” демакдир (таржимаси қисматига қанчалик монанд-а?). Биз эса бу сўзни ўз таржимасига арзитмаймиз.
Бундан ташқари, шу тариқа адолатсизликка учраган сўзлар сирасига биз назмий атама сифатида фойдаланадиган “баёт” (“тунаб қолиш”), “байт” (“уй”); кундалик сўзлашувда ишлатиладиган “диёнат” (“дин”, “эътиқод”), “(ҳеч) вақо” (“воқеа”), “жарима” (“жиноят”, “гуноҳ”), “ибо” (“қаршилик”, “кўнмаслик”), “мадор” (“айлана маркази”), “муғомбир” (“таваккалчи”; “туш таъбирловчи”); исмлардан эса “Муҳаррам” (“ҳаром қилинган”), “Жавлон” (“чиройли юриш”), “Жавҳар” (“моҳият”) кабилар ҳам мансуб.
Агар бунда “адолат”ни тикламоқчи бўлсак, “аёл” (“оила”) сўзидан бошланиб (алифбо тартибида), “заққум” (дарахт номи) сўзи билан тамомланадиган узун рўйхат шаклланса керак.
Зиёдахон ТУРДИБОЕВА
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ