Ажиниёз образига бир назар


Сақлаш
19:36 / 24.09.2024 134 0

Ибройим Юсуповнинг Ажиниёз (Дала Орфейи) операсининг либреттоси 1973 йили ёзилган. Либретто драматик асарларнинг ва драматургиянинг саҳна талабларига асосланган. Марказий образ сифатида Ажиниёзнинг образи гавдаланган либреттонинг сюжети ва қаҳрамони И.Юсуповнинг Дала Орфейи мақоласида шоирнинг ўзи томонидан айтилиб ўтилган фикрлари базасида яратилади[1]. И.Юсупов бу мақоласида 1958-1959 йилларда қорақалпоқларнинг тарихий ҳаётидаги Қўнғирот қўзғолонини академик Собир Камоловнинг тарихий илмий тадқиқотларига ва Қ.Байниязовнинг тадқиқотлари ва уй архивидаги материалларга асосланиб, Ажиниёзнинг Бўзатов  поэмасини ва ушбу воқеа билан боғлиқлиги бўлган шеърларини талқин қилса, Ажиниёз либреттосида Ажиниёз образига унинг билимдонлиги, халқ тақдири билан яшаши, ақл-заковати, маданиятлилиги, севгилиси билан кечирган бахтсиз муҳаббат тарихи жонлантирилади. Либреттода муаллиф томонидан Воқеа 1860 йиллари Қўнғирот атрофида, Бўзатовда бўлиб ўтади, деб келтирилади. Бадиий асарнинг тарихий ҳақиқат билан тўғри келмайдиган ўринлари ҳам бўлади.  Бу тарихий воқеа 1850 йилларнинг охирида содир бўлгани учун муаллиф бу йилларни 1860 йиллари бўлиб ўтган деб келтирган бўлиши мумкин.  Чунки 1850 йилларда Қўнғирот қўзғолонидан ташқари Эрназар Олакўз бошчилигидаги халқ қўзғолони ҳам бўлгани маълум.

 

Либретто композицион жиҳатдан бир актли бешта пардадан иборат. Драматик асарларнинг композицион талаби бўйича акт (лат. ‒ ҳаракат) ‒ драматик асар ёки саҳна асарининг якунланган қисми. Акт театрда узилишларга, шунингдек, бир нечта кичик кўриниш, картина, эпизодга бўлиниши ҳам мумкин[2]. Актларнинг якунланганлиги парданинг ёпилиши, чироқнинг ўчирилиши ёки мусиқа билан белгиланади.  Ажиниёз (Дала Орфейи) либреттосида унинг актга бўлинишида муаллифнинг асосий концепцияси етакчилиги кузатилади. Акт ичидаги пардалар воқеалар йўналиши, жойи ўзгаришига боғлиқ 5 та пардага бўлинади. Биринчи пардада тинч-осойишта Бўзатов, Наврўз байрамини нишонлаётган халқ ва ўқишини тамомлаб, ўз юртига келаётган Ажиниёз, севиклиси Хонзода ва шоирни севадиган Айбурекларнинг диалог ва монологларидан иборат экспозиция ва воқеанинг сюжети бошланишини билдирадиган эпизодлар жой олган. Иккинчи пардада воқеа-ҳодисалар Қўнғиротда бўлиб ўтади. Жой бирданига Панаханнинг саройига, шароит эса можарога айланади. Муаллифнинг маҳорати шундаки, ҳар бир пардада фақатгина бир ҳодиса, яъни, Қўнғирот қўзғалонининг сабаби, бўлиб ўтиши ва натижасини тасвирламасдан, параллел равишда Ажиниёзнинг суюклиси Хонзода ва унинг рақибаси Айбурек билан боғлиқ воқеаларни алоҳида пардада бермасдан, бирваракайига ёнма-ён тасвирлаб боради. Шунинг учун, ушбу қисмда Қўнғирот ғалаёнига сабаб бўлган зиддиятнинг бошланиши, яъни хон ва халқнинг фикрлари бир-бирига мос келмаслиги, бийларнинг бўлиниши билан бирга, Ажиниёзнинг жавобсиз муҳаббатига ўчакишган Айбурекнинг Хонзодадан қасос олиш иштиёқининг кучайиши ҳам бир пардада берилади. Бу ўз навбатида пардадаги воқеаларнинг, кўринишларнинг хилма-хиллигини ва томошабинларнинг зерикмаслигини таъминлайди.

 

Учинчи пардада Хонзода билан учрашувга чиққан Ажиниёз душманлар босқинига қарши туради ва қўлига қурол олиб жангга киради. Бунда муаллиф Ажиниёз билан Хонзоданинг учрашган пайтидаги тушкинлик аҳволи ва элдаги уруш кайфиятини табиатининг тундлашган булутли тасвири орқали маҳорат билан тасвирлайди. Тўртинчи пардадаги воқеалар Бўзатовдан ташқарида, тоғда бўлиб ўтади. Бу бўлимда душман қўлидаги асир Ажиниёз, Хонзода, Айбурек, Пирим бий, уларга қарши душман сардорининг диалоглари берилган. Ушбу қисқа пардада конфликт унчалик кескин бўлмаган, фақатгина персонажларнинг келгуси воқеаларга тайёргарлиги сифатида тасвирлангандек гўё. Сардор Ажиниёзни асирлар билан бирга олиб кетмасдан, дарахтга боғлаб, ёлғиз ўзини бўриларга ем қилиб жазолаш учун ташлаб кетиши билан парда ёпилади. Энг сўнгги парда Ажиниёзнинг севган ёрини излаб эл кезиши фактига асосланган. Ажиниёз севганини душман қўлидан олиб кетмоқчи бўлганида у Айбурекнинг заҳарлашидан вафот этиши, Айбурекнинг ақлдан озиши билан воқеа якунланади. Либретто сўнгида ремаркадаги ҳаёлий орзу юрти Бўзатовда тонг ёришаётгани, гуллаб-яшнаб, гўзал тусга киришининг тасвирланиши билан халқнинг келажагига бўлган ишончи, умиди сўнмагани тараннум этилган бўлса, одамларнинг Бўзатов куйини хиргойи қилиши ва Хонзода жасадини дафн этиш учун олиб чиқиб кетишини саҳнада кўрсатиш орқали эса мақсадига етмаган ғам-андуҳли халқ аҳволига урғу берилган.

 

Либреттони яратишдаги жаҳон тажрибасида асосий мавзу, воқеалар ва персонажларнинг табиий ривожланиши мусиқий композиция қонуниятлари билан уйғун бўлиши керак. Қофияга тушган сатрларда ёзилиши – либреттонинг асосий қоидаларидан бири. Ажиниёз либреттосида муаллиф ремаркаларидан ташқари барча монологлар, диалоглар ва воқеалар шеърий сатрларда берилган. Бунда шоир либреттонинг талаблари бўйича ўзи томонидан яратилган шеърларидан ташқари халқ оғзаки ижоди намуналари, хусусан, Ҳакка қайда ўйин-қўшиғи ҳамда Ажиниёз шоир қаламига мансуб бўлган бир нечта шеърлар ва Бўзатов поэмасидан фойдаланади. Ажиниёз шоирнинг баъзи шеърларидан ўзгаришларсиз фойдаланса, баъзиларининг мазмунини сақлаган ҳолатда ўзининг индивидуал изланишлари билан тўлдиради ёки ўзлаштириб қайта яратади. Бунинг учун Ажиниёзнинг турли йиллардаги шеърларини жамлаш орқали битта умумий сюжетни шакллантиришга ҳаракат қилади. Шу билан бирга, Ибройим Юсупов либреттони шакллантиришда ўзининг индивидуал изланишларини юзага чиқаради. У Ажиниёз феномени бўйича тарихий фактларни, Ажиниёзшунос олимларнинг ишларини, оғзаки маълумотларини, шоирнинг асарларидаги автобиографик маълумотларни, шунингдек, қорақалпоқ адабиётидаги Ажиниёз образини (замондош шоирлари, К.Султонов ижоди) интерпретациялаш орқали ўзига хос янги опера қаҳрамони сиймосини яратди. Бунда шоир либреттонинг ғоясининг асосий ўзаги сифатида халқ образини олиб чиқади. Чунки исённинг бошида ҳам, Ажиниёзнинг асирликдан озод этилишида ҳам, Хонзода билан Ажиниёзни зиндондан олиб чиқишда ҳам халқ овози етакчилик қилади. Шу билан бирга, либреттода Ажиниёзнинг севганидан айрилиш воқеасини И.Юсупов маҳорат билан Айбурекнинг берган заҳаридан ҳалок бўлиши орқали тасвирлайди. Бу билан шоир халқ оғзаки ижодидаги ва жаҳон бадиий адабиётидаги кундош ёки душман томонидан заҳарланиб ўлим топиш мотивини асар сюжетига киргизади ва воқеага янги тус беради.

 

И.Юсуповнинг либреттосига яратилган Ажиниёз операсига Н.Муҳаммаддинов халқ мусиқаларини асос қилиб олиб, ўз қалбидан қайнаб чиққан ёрқин рангли мусиқа оқими билан суғориб, такомиллаштириб, катта симфоник оркестр учун тингловчиларни ўзига оҳанрабодек жалб қиладиган профессионал мусиқа галереясини яратди. Шундай қилиб, Н.Муҳаммаддинов ўз халқини унинг буюк сиймолари бўлган Ажиниёз ва Иброҳим шоирларни улуғлаш орқали ўзи ҳам улуғ сиймога айланди[3]. Ушбу опера 1987 йилда саҳналаштирилди. Бу либретто ва операда вокал, хореографик ва симфоник эпизодларнинг алмашинуви, темп ва динамиканинг ўзгарувчанлиги, ариялар, монологлар, ансамбллар, лаконизм, турли жанрлар ва бадиий санъат турларининг бир вақтнинг ўзидаги комбинацияси, шунингдек, операни қорақалпоқ тилида операнинг мусиқий табиати асосида ижро этиш сингари махсус опера санъати талаблари юксак маҳорат билан яратилганини эътироф этиш ўринли.

 

Қувончбой ЎРАЗМБЕТОВ,

филология фанлари доктори, профессор

 

Гулмира ТЛЕВНИЯЗОВА,

филология бўйича фалсафа фанлари доктори, доцент

 

 

Қорақалпоқ тилидан Рустам Мусурмон таржимаси.

 

 

 



[1] Юсупов И. Дала Орфейи. / Әжинияз. – Нөкис: Қарақалпақстан, 1975. – Б. 520.

[3] Мухаммеддинов Нажимаддин. Қарақалпақстан композиторлары, музыка дѳретиўшилери ҳəм изертлеўшилериниң антологиясы. – Нѳкис: Qaraqalpaqstan, 2024. – Б. 86.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10327
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//