Усмон Азимнинг “рамка”га тушмаган портрети


Сақлаш
17:34 / 23.09.2024 111 0

Мактаб дарсликлари таъсиридан энди чиққан кезларим эди. Тошкент ҳавосига кўникиб улгурмай, қўлимга “Усмон Азим” тушиб қолди. Кўп ўқидим, такрор ўқидим. Шеърдан шеърга кўчаётиб тушуниб қолдимки, бу шоирнинг чарслиги, “муросасиз”лиги, ҳамма бир ёқдан келса – унинг тамоман бошқа ёқдан келиши руҳимга яқин экан. Кейин дўст бўлдим, кейин қадрдон, кейинроқ эса ака-ука бўлдим бу шеърлар билан. Шоирнинг ўзи билан анча кейин – пойтахтнинг кибру ҳавоси вужудимга сингиб кетган пайтларда кўришдим. Бу орада уни менга яқин қилган “Сайланма”сидан кейин “Куз”и ҳам, “Жоду”си ҳам, ҳатто “Соғинч”и билан “Фонус”и ҳам чиқиб бўлган, мен ҳам ўша “Сайланма”дан олдинги “Ғусса”ни, “Сурат парчалари”ни, “Дарс”у “Иккинчи апрел”ларни топиб ўқиб бўлган эдим.

 

Сирдарёда қандайдир тадбир эди – бу унча муҳим эмас – йиғиндан кейинги дастурхон устида танишдик. Усмон ака мен ўйлагандан кўра анча эрка, ўжар, олифта ва жуда яхши нотиқ эди. Шу суҳбатдан сўнг ўзимдаги ихтиёрни енгиб, у билан камроқ кўришишга ҳаракат қила бошладим. Чунки менда унинг таъсирига тушиб қолиш эҳтимоли катта эди.

 

* * *

Усмон Азим кўнгилни алдамайди. Шеърлари одамга ором бахш этмайди, ҳасратнинг ҳовурини босмайди, юракни тинчлантирмайди. Унинг ёзганларини дам олиш учун ўқиб бўлмайди. Аксинча, ҳордиқни расво қилади, оромни бузади, юракка санчиқ солади. Уйқусираб-мудраб юрганларнинг икки юзига шапалоқ тортиб юборади. Ғубор босган кўзгуни аввал яп-янги пальтосининг енги билан артиб ярқиратади-да, кейин сизнинг елкангиздан ғижимлаб етаклаганча тошойна қаршисига олиб боради. “Мана шу ғафлат босган нусха сенсан. Лоқайд ва эринчоқ тананг ичида “юрак” деган зорманда бор. Ўзингга раҳм қилмасанг, ҳеч йўқ юрагингга раҳминг келсин. Вужудингни ечиб, от. Юрагингни ташқарига чиқар!” дейди. Сиз эса унга “Жинними бу!” дегандек ҳайратланиб қарайсиз. Шунда кўрасизки, елкангиздан ушламаган иккинчи қўлида ўзининг юрагини тутиб турган бўлади.

 

Усмон Азим кўнгилни алдамайди. Ўзи ҳис қилмаган дардни бировга юқтиришга уринмайди. Бармоғини кесиб олмай туриб, бармоқни кесиб олгандаги оғриқни тушунтирмайди. Тиши оғриса ёки шамоллаб қолса, дарров ўлим ҳақида айюҳаннос солмайди. Шамоллаш ё тиш оғриғи ҳақида шу қадар берилиб ёзадики, сиз беихтиёр “Бунча қийналгандан кўра ўлгани яхши эди!” деб ўйлай бошлайсиз.

 

Дарвоқе, сиз “Усмон Азим” деганимда шу номли шоирни тушунинг, шу исмли одамни эмас. Ахир мен Усмон Азимнинг характерини ҳеч қанча билмайман. Билишнинг ҳожати ҳам йўқ. Мен фақат унинг шоир қиёфаси ва шу қиёфада яратилган шеърлари борасида гапиряпман, холос.

 

 

* * *

Ўзи қанча қолди? Борманми? Қарай.

Уваланиб кетган руҳми ё вужуд?

Жонимда зимиллаб, миямни ёрай

Деб турган сабрми, кўнглимнинг кучи?

Ортимда кунларим қоляпти саф-саф,

Умрни бу тарзда ўчирмоқчиман:

Мен бору йўғимни этмоқчиман сарф,

Қолдирмай сўзларга кўчирмоқчиман.

Ўлсам, хотирамга тош босасизми,

Тупроқ тортасизми – менга барибир:

Малол келмагайдир уларнинг вазни –

Сўзнинг залворидан оғирмас, ахир!

 

Бу сатрларни Усмон ака шу яқин-ўртада ёзди. Унинг ушбу шеъри кирган китоби ҳали ўқувчилари қўлига етиб бордими-йўқми, билмайман. Мен ҳам қўлёзмасини кўргандим, холос. Кўрдим-у, хаёлимда аввало ҳеч кимни, ҳеч нимани тан олмайдиган навқирон Усмон; кейин Тошкентда ақли тиниб Сурхонни – Бойсунни қўмсай бошлаган Усмон Азимов; сўнг ёруғлик тезлигида китобхонлар қалбини эгаллаган, сўзни сўз, шеърни шеър мақомида муқаддас билган Усмон Азим; охирида эса олтмиш йиллик умрини бир ён, ўн-ўн бешта китобини бир томон қўяётган – бу иши билан издошларига адабиёт юкини англатаётган устоз Усмон Азим гавдаланди. Ва, ҳис қилдимки, бу тўрт қиёфанинг ҳар бирига менинг ҳам, бошқаларнинг ҳам ҳурмати баланд экан.

 

* * *

Мен жуда кўп шоирларнинг шеърини ўз оғзидан эшитганман (эшитмаганларим эса ундан ҳам кўп). Уларни тинглаётганимда шунга амин бўлганманки, Худо берган овози ўша шоирнинг ўз шеърларига аксар ҳолларда мос келади. Абдулла Орипов шеър ўқиётганда, негадир хаёлимга юнон файласуфлари келаверади. Эркин Воҳидовнинг овози маҳорат билан ижро этилаётган шарқ мумтоз куйларини ёдга солади. Рауф аканинг оҳангида худди жангдан ҳориб қайтаётган қўшиннинг қадам товушлари... Усмон Азимда эса тоғдан думалаётган тошнинг гумбуридек садо бор. У то шеърининг биринчи мисрасидан охирги сатригача ўқиб бўлгунича, тош ҳам думалаб тушиб бўлади.

 

Юқорида тилга олинган шоирларнинг биронтасида қуруқ шовқин йўқ – овозида ҳам, ижодида ҳам. Олатасир, тўс-тўполон кўтариш, томоқ йиртилгунча қичқириш уларнинг иши эмас.

 

Эътибор берсангиз, қув, айёр ва маддоҳ шоирларнинг оҳанги ҳам, ҳайрон қоласиз, ўз шеърларига чиппа ёпишиб тушади. Шунда ўйлаб қоламан, ўпкадан товуш бўлиб чиқаётган ҳаво йўл-йўлакай юракка ҳам кириб ўтармикан...

 

* * *

Бу шеърни ҳар гал ўқиганимда, шоир шеърини нега айнан “Ўша мени ҳеч ким соғинмаган шом...” сатри билан бошлаган, деб ўйлайман. Ахир қанча вариант бор эди: “Оддий бир оқшом эди...”, “Ажойиб кунларнинг бирида...” ёки “Ёлғизлик жондан ўтганда...” қабилида бошласа (албатта, бу жумлаларни шеърий йўсинда ифода этиб), шеърнинг қиймати, якуни ўзгарармиди?

 

 

Усмон Азим (ёки унинг лирик қаҳрамони деймизми) тўсатдан ўзини ҳеч ким соғинмаётган шом ҳақида гап бошлаб, шеърнинг илк сатриданоқ ўқувчининг ёқасидан чангаллаб ўзига қаратиб олади. Кейин тамом – ҳеч қаёққа қочиб бўлмайди. Бу худди Камюнинг “Бугун онам ўлди, ё кечамиди...”, дея асар (“Бегона”) бошлаганидек бир усул.

 

Илк бор ўқиганимда, шоир мени етаклаб ўша шом қўйнига, автобекат ёнига, йигит билан қизнинг қаршисига олиб борди. Ҳамма-ҳамма детални – пальто, унинг белбоғию тугмаси, ҳатто қиз манглайидаги бир тутам сочни ҳам ушлаб кўрсатди. Аммо... “Йигит! Йигит билан қанча ишим бор!” мисрасига келгач, шом ҳам, бекат ҳам, шеър ҳам, тақдир ҳам тамоман меники бўлиб қолди – энди менга Усмон Азимнинг кераги йўқ эди. Энди ўзим қорнинг совуғини сеза бошладим, ёнимдан ўтаётган автолар шовқинини тинглашни ўргандим, ҳадеб липиллаб ўчиб-ёнаётган йўлчироқнинг ранглари кўзимга санчила бошлади. Ва мен – бекатда ҳайрона турган йигит бу шеърни ичкин овозда якунлай бошладим:

 

Тошкентдай шаҳарда, балки дунёда

Ягона – ҳаммадан гўзал эди қиз.

Чиқмаса ҳам телба орзум рўёбга,

Бўзлаб қаршисига чўкким келди тиз.

 

Йигит... Аммо нега сени ўйлайман,

Ҳозир ҳам ҳавасдан музлайди этим.

Мен қорли бекатда вайрон турган шом,

Сен мендан, ҳаммадан бахтиёр эдинг!

 

Ҳа, мен ўзим ҳақимда шундай ҳукм чиқардим. Бироқ шеър тугаши билан қаршимда “Усмон Азим” пайдо бўлди. Ажабки, менинг шеърим бир бахтли шоир томонидан аввалроқ ёзиб бўлинган эди...

 

* * *

Мен асарларни ягона талаб – ўқиб бўлганимдан кейин меники бўлиб қолиши керак, ўша асарда яшашим шарт, деган принцип билан мутолаа қиламан. Ахир, Жек Лондоннинг Мартинида, Ремаркнинг Роббиси ва Думбадзенинг Бачанасида ўзимни кўрмаганимда, бу асарлар меники бўлолмасди. “Сағри тери” (Бальзак), “Телба” (Достоевский), “Алвидо, қурол!” (Хемингуэй)даги қаҳрамонларга ҳам худди ўз суратимга қарагандай ҳайратга тушганман. Эҳтимол, бу ёзувчиларнинг виждони тирик бўлгани учун ҳам йиллар, асрлар ўтса-да, улар яратган қаҳрамонлар ўзининг ҳамдард-ҳаммаслакларини топаверар... Бу жараёнда на миллатнинг, на замоннинг аҳамияти бор.

 

Жумладан, Усмон Азимнинг инсоний қиёфаси, қайси давр ёки қайси оқимга мансублиги, қайси гуруҳга аъзолиги, ёшлигида “шаккоклик” қилган-қилмаганлиги – буларнинг менга заррача қизиғи йўқ. Бу мақолани ҳам бир ижодкор бошқа бир шоир ҳақида ёзиши мумкин бўлган даражада ёздим. Мен Усмон Азимнинг шеърларида яшаганим – қушдек учганим, баргдек тўкилганим, момагулдиракдек қалдираганим, сувдек оққаним, роял чалганим, қаҳвахонада тамаки бурқситиб ўтирганим, севганим, инкор этилганим – хуллас, ўз ҳолимча яшаганим учун ҳам бу шоирни умрбод ҳурмат қилишга мажбурман.

 

Носиржон ЖЎРАЕВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

14:09 / 24.09.2024 0 22
Ажиниёз образига бир назар





Кўп ўқилган

Барчаси

//