Топонимлар халқнинг ҳаёти, тарихини кўрсатишда ёзма ва археологик манбалар каби муҳим ҳисобланади. Жойнинг номи ўша ерда қайси халқ, қайси миллат, қайси уруғ қанча вақт давомида, қандай яшаганини кўрсатади. Айни шу мавзуда филология фанлари бўйича фалсафа доктори Анвар Бўронов ва филология фанлари доктори, журналист Рустам Жабборов билан суҳбатлашдик.
– Шу маънода топонимларнинг аҳамияти қандай, уларнинг ўзгартирилиши нималарга олиб келади?
Анвар Бўронов: – Топонимлар, аслида, ватан тушунчаси билан муштарак. Биз яшаётган жой айнан бизники эканини билиш учун номи бизнинг тилда бўлиши керак. Ўзбекистонда туриб “Коммунизм”, “Ленин”, “Москва” деган колхозларда яшаб кўрдик. Бизга бегона жой номлари билан номлашганда, бизнинг тафаккурга ҳам, ментал хусусиятларимизга ҳам таъсир қилди. Москвани орзу қиладиган, бахт-саодат ўша ерда деб ўйлайдиган бўлдик.
Июль ойида Олтойга бордик, ўша ерда атай бир чўпоннинг уйида яшадик, қишлоқ номи “Қирлиқ” экан, худди ватанимизда ётгандай ором ётдик. Яъни, жой номлари ҳам руҳимизга озуқа, тинчлик беради. Ном кейинги авлод тарбиясида миллий ғурурни шакллантиради. Ўзбек яшаса-ю, номлар бошқача бўлса, бу ғурурни шакллантириши қийин. Турли даврларда бизни босиб олган босқинчиларнинг ҳаммаси ўзларининг номларини суқиштиришга ҳаракат қилган. Ҳозирги топонимларимиздаги турли хиллик, бегона номлар сақланиб қолгани, бугун ҳам кириб келаётгани жуда фожиали нарса. Шунинг учун бу мавзу жуда долзарб. Ёш авлодда ҳам бошқа тилда номланишга қарши иммунитет шакллантирадиган давр келди. Шунга тайёр бўлиш керак деб ўйлайман.
Рустам Жабборов: – Жой номи паспорт ҳужжути каби. Шунга қараб туриб жой кимга тегишли экани билинади. Ўзбекистон ҳудудида жуда кўп халқлар, маданиятлар, цивилизациялар тўқнашгани учун жой номларимиз турлича – суғд, форс, араб, туркий каби турли тилларда. Лекин бугун Ўзбекистонда давлат тили айнан ўзбек тили, давлат тили тўғрисидаги қонунда жойларни номлашда ўзбек тили қоидаларига риоя қилиш шарт деб белгиланган.
Бир ҳолат бошланган. Юртимиздаги ҳақиқий туркийча жой номларини арабча, форсча ва бошқа тиллардаги жой номларига алиштириш кенг кузатиляпти. Масалан, Тошкент шаҳридаги Тўйтепани Нурафшон деб ўзгартиришди. Бу сўз ҳам ўзбекча-ку, дейишлари мумкин, лекин ундай эмас, арабча, форсча сўзлар европа тилларидан кирган сўзлар каби ажралиб турмаслиги, тилимизга ўрнашиб қолгани сабаб фарқлай олмайди одамлар. Ҳолбуки, туркий тилнинг ўз илдизи бор, бир тил оиласига мансуб. Бўстон, Гулистон, Шаҳриобод каби номлар ўзбекча кўрингани билан унинг ўзаги ё арабча, ё форсча бўлади.
Тожикистонда кўплаб жой номлари тожикчалаштирилди. Туркийча бўлган Қўрғонтепа шаҳри номи Бохтар деб ўзгартирилди. Юзлаб шунақа номлар алмаштирилган ҳозир. Нега дейилса, туркийча экан, тожикча бўлиши керак, дейишади.
Подкастни тўлиқ ҳолда ҳавола орқали кўришингиз мумкин.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ