Туркий элларни бошқарган “хотун”лар


Сақлаш
22:43 / 20.09.2024 203 0

Эски турк жамиятида, айниқса, исломгача бўлган даврда аёлларнинг ўрни қандай бўлгани масаласи бугунги кунгача ўзининг тўлақонли ечимини топмаган. Шундай бўлса-да, кўплаб изланувчилар Хун салтанати (мил. Олд. II – мил. III асрлар), Хионийлар (IV–V асрл), Эфталийлар (450–565) ва Турк хоқонлиги (552–744) каби илк туркий салтанатлар бошқарувида аёлларнинг ўрни билан боғлиқ бугунги кунгача етиб келган маълумотларга таяниб, қадимги давр ва илк ўрта асрларда туркийлар жамиятида хотин-қизларнинг ўрни бошқа эл-улусларга қараганда анча юқори бўлганига урғу берадилар. Айрим изланувчилар эса ёзма манбалардаги бошқарувда қатнашган турк аёллари тўғрисидаги маълумотлар кўпроқ юқори табақа вакилларига тегишли бўлиб, жамиятнинг барча жабҳасида аёллар унчалик эркин бўлмаган, деб қарайдилар.

 

Хитой йилномалари, юнон, суғдий, тибет, бақтрий, форс араб тилларидаги ёзма манбалар билан бирга, Ўрхун-Энасой ёзувларида туркийлар бошқарувида аёллар фаол қатнашиб, эл-юрт масалалари кўриб чиқилган улуғ йиғилишлар (тўй, қурултой)да иштирок этганликлари, буюк хоқон ўз хотун (qatun)лари билан кенгашиб, қарор қабул қилгани тўғрисида ёзилган. Бундан туркий сиёсий уюмшаларнинг хотин-қизлари ўзлари билан қўшни ёки бирмунча яқин ҳудудлар – Хитой, Сосонийлар Эрони ва Византия аёлларига қараганда бирмунча эркин бўлгани, Туркистонга келган чет элликлар, айниқса, элчилар бундан ҳайратланиб, кузатишларини қоғозга туширгани англашилади.

 

Эски турк давлатчилик анъаналарига кўра, бош хотун ҳукуматда хоқондан кейинги энг юқори мавқедаги шахс бўлиб, у асосан сарой ичкарисидаги ишларга аралашиши баробарида ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишда ҳам қатнашарди. Хитой йилномаларида Ченг-гуан (627–649) йилининг бошларида (чамаси, 630 йилларда) ҳукм сурган уйғур бошқарувчиси Пу-санинг онаси тўғрисида шундай ёзилади:

 

“Онаси Ву-ло-хун хотун маслаҳатчи эди. У даъволарга қарар, қонунни бузганларга қаттиқ жазолар тайинлар, ҳаққонийлик йўли билан адолатни юзага чиқарар эди” [Chavannes 2007: 132].

 

Шу билан бирга, туркийларнинг анъанавий оиласида патриархал характер устун, бироқ аёллар бошқа элларга қараганда анча эркин бўлганини кўрсатадиган кўплаб далилларга дуч келамиз. Буни айниқса Турк хоқонлиги бошқаруви чоғига тегишли битиктошлар, қабртошлар, тош ҳайкал “балбал”лар, сарой деворий расмлари, металлар ва сопол буюмлар сиртидаги тасвирлар тасдиқлаб турибди. Уларнинг бир қисми юқори тоифа хотин-қизлари билан боғлиқ бўлса, сезиларли бир бўлаги эса туркий жамиятдаги оддий аёлларга тегишли эканини кўрамиз.

 

 

Қадимги турк жамиятида кўп хотинлилик (оддий халқ орасида) бўлгани ҳақида билгилар деярли учрамайди. “Хотун” деганда эски турк битикларида кўпроқ олий ҳукмдор оиласига мансуб аёллар, кўпинча малика тушунилган. Масалан, Мўғулистондаги Кошо-Цайдам ўлкасидан топилган битикларда турк хоқони Билганинг, яъни олий ҳукмдорнинг онаси qatun/хотун унвони билан эслатилганини кўриш мумкин [Кубатин 2016: 90]. Зеб-зийнат буюмлари сиртига хотун номига эзгу тилаклар ёзилган, сарой этикет (сарой аҳлига хос мулозимат ва муомалалар)ида хотунга ҳам хоқонга бўлганидек тенг ҳурмат кўрсатилганига кўзимиз тушади. Мафкуравий томондан эса эски туркларда фақат хоқон (Ашина) ва хотун (Ашидэ) уруғлари бошқарувчилари орасида йўлга қўйилган сиёсий ва ҳарбий бирдамлик – никоҳ орқали иттифоқчилик негизида Турк хоқонлиги ҳокимиятининг легитимлиги (қонунийлиги) тан олинган, хоқонлик аҳолисининг тинч-тотувлиги ушбу уруғлар бирдамлигига боғлиқ бўлган [Торланбаева 2004: 29-34]. Хотун – бош маликанинг уруғдошлари хоқон ҳокимиятига содиқлик кўрсатиши орқали жамиятда ва давлат бошқарувида бошбошдоқлик ва тарқоқликнинг олди олинган.

 

Бу анъана Марказий Осиёнинг илк турк мусулмон ва ғайримусулмон давлатлари бошқаруви чоғида ҳам давом этган. Мисол тариқасида маликаларнинг улуши юқори бўлган Қорахонийлар (960–1212), Салжуқийлар (1038–1157), Хоразмшоҳ-Ануштегинийлар (1097–1231) ва Қорахитойлар (1140–1213) салтанатлари бошқарувини келтириш мумкин.

 

Эски турклар жамиятида хотин-қизларнинг ўрни билан боғлиқ тарихий маълумотлар “Тун-дян”, “Ци-фан-гуи” каби хитой йилномаларида ҳам келтирилган:

 

“Бирорта қизни ёқтириб қолган йигит ўша қизнинг оиласига одам юбориб‚ қизнинг ота ва онасининг кўнглини олишга интиларди”; “Бирон йигит биронта қизни севиб қолиб‚ унга нисбатан яхши туйғулар пайдо бўлган пайтда уйланиш учун ҳадялар билан бирга қизнинг ота­онаси ортиқча эътироз билдирмасликлари учун одам юборилиб розилик сўралади”;

 

“Ўғил болалар ўтлоқ ва дарахтзор жойларда ўйин ўйнашади. Қизлар эса чарм тўп тепишади”; “Айтишларича‚ қиз‚ йигит дарахтзор‚ майсазор жойда ўйин ўйнашади. Қиз‚ йигит ичига қил тўлдирилган чарм тўплар билан оёқ тўпи ўйнашади” [Taşağıl 2003: 98, 113].

 

 

Энди Турк хоқонлиги танга-пуллари мисолида эски турк жамиятида хотун – маликаларнинг ўрни қандай бўлганини кўриб чиқамиз. Ундан олдин қадимги туркий бошқарувга тегишли шаҳар – қўрғонларга қисқача тўхталиб ўтсам. Хоқонликнинг кунботар томони – Ғарбий Турк хоқонлиги (568–740) бошқарув марказларидан бири Чоч ўлкасидаги Жабғукат (Ҳукмдор шаҳри) ва унинг яқинида жойлашган Хотункат (Малика шаҳри) давлат бошқарувида аёлларнинг ўрнини кўрсатиши жиҳати билан диққатни ўзига тортади. Чоч ўлкасида Ғарбий Турк хоқонлиги ўрдаси – қароргоҳларидан бири – Жабғукат қўрғонининг қурилгани ҳам бу ерда хоқонлик бошқаруви анча теран бўлганини кўрсатади. Изланувчиларнинг аксарияти Жабғукатнинг Тун ябғу-хоқон (618–630) даврида қурилганига урғу берадилар. Жабғукатнинг ўрни бугунги Тошкент шаҳрининг кунчиқар томонларида сақланиб қолган бўлиб, ерли аҳоли Оқ-ота тепалиги деб атайди. Қизиғи шундаки, Тошкент–Чирчиқ шаҳарлари оралиғидаги Кавардон қишлоғи теграсида ёнма-ён жойлашиб, йирик-йирик тепаликлар кўринишида сақланиб қолган эски шаҳар қолдиқлари ҳам ерли аҳоли томонидан Хон-тепа, Хоним-тепа деб аталади. Чамаси, ҳар иккала тепалик Турк хоқонлиги даврида қурилиб, улардан бири бош ҳукмдор – хон ёки хоқоннинг, иккинчиси эса хотун (малика) – хоним яшаган қўрғонлар бўлган.

 

Айрим изланувчилар Жабғукатни Тун ябғу-хоқоннинг қишлик қароргоҳи бўлган деб санасалар-да, ушбу шаҳарнинг ундан анча олдин, Ғарбий хоқонликнинг бош ҳукмдорлари ябғу/жабғу унвони билан бошқарувда бўлган кезлар – VI асарнинг охири – VII асрнинг бошларида қурилган бўлиши ҳам мумкин. Айнан ўша кезларда жабғу унвони бир сира Ғарбий Турк хоқонлигининг бош ҳукмдорлари учун қўлланилгани ва улардан бир нечтаси айнан Чоч ўлкасига келиб-кетгани кўзда тутиладиган бўлса, Жабғукат хоқонликнинг илк бошқарув ўрдаларидан бири бўлгани англашилади. Шу ўринда араб географлари асарларида учрайдиган “Жабғукатчиройли шаҳар бўлиб, қадимда Чочнинг ҳарбий лагери – лашкаргоҳи эди” кўринишидаги билги ушбу шаҳарнинг нима мақсадда қурилганини янада ойдинлаштиради [Ҳудуд ул­олам. 2008: 32].

 

Бундан ташқари, араб географлари асарларида Жабғукат билан деярли ёнма-ён жойлашган Хотункат номли шаҳарнинг тилга олиниши, ушбу шаҳар номининг хитой йилномаларида анча олдин, 640 йилларда Ғарбий турк хоқонларидан бири Иби Дулу кехан (*Эл-Билга Тулу хоқон; 638–642)нинг Чочга қочиб, Кохотун-чэн (“Хотун шаҳри”)га сиғиниши муносабати билан учраши ҳам диққатни тортади [Бичурин I: 288; Chavannes 1903: 58]. Археологларнинг аниқлашича, Хотункатнинг ўрни бугунги Тошкент шаҳрининг шимолида, бирмунча кунчиқар томонда, Дурман қишлоғидан 4 чақирим узоқликда – кунгай (жануб) томонда, Оқ-ота тепалигининг жанубидаги Туғайтепа ёдгорлигига тўғри келади [Буряков 1975: 73–74].

 

Қизиғи шундаки, ушбу шаҳар номи остида ҳам қадимги туркий анъана – давлат бошқарувида бош ҳукмдор – хоқон билан бирга доимо унинг хотини – хотун унвонли малика ўрин олишини кўриш мумкин. Хотункат шаҳрининг айнан Жабғукат шаҳри билан ёнма-ён ўрнашган шаҳар деб эслатилишининг ўзиёқ унинг қурилиши хоқонлик билан боғлиқлигини кўрсатади. Шунингдек, археологик изланишлар ушбу шаҳарнинг ҳам Жабғукат сингари VI–VII юзйилликларда юзага келганини тасдиқлаб, Хотункатнинг хоқонлик билан боғлиқлиги борасида шубҳага ўрин қолдирмайди. Демак, Жабғукат – Хотункат параллели бу – хоқонлик сиёсий марказида ҳукмдор ўрдаси (ёки ўтови) билан ёнма-ён малика ўрдаси ўрин олиши анъанасининг Чоч ўлкасида ёнма-ён жойлашган шаҳарлар мисолида ўз тасдиғига эга.

 

 

Ғарбий Турк хоқонлиги тангаларининг кўпчилигида ҳукмдор (хоқон) ва хотун тасвирларининг ўрин олиши ўз-ўзидан бўлмай, бу ҳолат эски турк давлатчилигининг ўзига хос анъаналари билан боғланиб кетади. Хоқонликкача Ўрта Осиёда бостирилган бирорта танга турида бундай қўшалоқ тасвирга дуч келинмаслиги, Чочдан ташқари яна хоқонлик бошқаруви билан тўғридан тўғри боғланувчи Ўтрор, Шимолий Суғд, Бухоро ва Чағониён (Тўхористон) ҳукмдорликлари тангаларида ҳам эски туркларга хос ташқи кўринишга эга ҳукмдор ва хотун тасвири учраши – буларнинг барчаси шунчаки тасодиф бўлмаса керак. Бизнингча, бу эски турк бошқарув тизими билан боғлиқ бўлиб, турк хотунларининг давлат бошқарувида ўзига хос ўрин эгаллагани билан очиқланади. Қизиғи шундаки, Турк хоқонлиги бошқаруви чоғида – VII-VIII асрлар оралиғида бостирилган Ўтрор, Суғд, Бухоро ва Тўхористон тангаларида биргина қўшалоқ портрет – ҳукмдор ва малика боши тасвири учраса, Чоч тангаларида ҳукмдор (жабғу, жабғу-хоқон ёки хоқон + малика)нинг қуйидагича кўринишлари ўрин олган: 1) қўшалоқ портрет; 2) боғдош (чордона) қуриб “ўрунлиқ” (тахт)да ёнма-ён ўтирган; 3) отлиқ ва унинг олдида қўлида қандайдир бир идиш (“қут” – ҳокимият рамзи) тутган хотун. Чоч тангаларида “хотун” иккита ўринда – иккиқат хотин ёки қўлида бола тутган (?) ё бўлмаса, хоқонга ҳокимият рамзи бўлмиш “қут”ни топшираётган кўринишларда чизилган бўлиб, шу томонлари билан у “Умай”га менгзатилгани кўзга ташланади.

 

 

Эски турк тушунчаларига кўра, Умай – чақалоқларни асровчи, мўл-кўлчилик, қут-барака келтирувчи, уруш чоғида аскарларни қўриқловчи илоҳа (фаришта) сифатида қаралган. Шунингдек, Тангридан хоқонга берилувчи ҳокимият белгиси – “қут” у орқали топширилган деб тушунилган. VIII асрнинг 30-йилларида ўрнатилган Кул Тегин битиктошида Билга хоқон (716–734) ўз укаси тўғрисида сўз юритганда “Умайдек онам Элбилга-хотун қути (толеъ)си эвазига иним Кул Тегин эр (аскар) бўлиб етишди” деб урғу беришининг ўзиёқ бош хотун – қироличаларнинг Умайга ўхшатилганини кўрсатади [Абдураҳмонов, Рустамов 1982]. Қисқаси, Чоч тангаларида бу каби ўзгачаликлар хоқонлик бошқарувчиларининг ўз тангаларида эски турк инонч тизими бўлмиш Тангричиликка хос анъаналарни кўрсатишга интилганликларининг белгиси.

 

Шу ўринда Чоч ўлкасидагига ўхшаш ҳолат Турк хоқонлигининг муҳим ҳудуди – Суғд ўлкасида ҳам етакчи бўлгани, бу билан боғлиқ ёзма манба билгилари ва турли археологик топилмалар бу тўғрида етарлича маълумот беришини айтиб ўтиш кера. Айниқса, Суғд тангаларининг сезиларли бир бўлагини “Эски турк тангалари туркуми” ташкил этиб, улар орасида кўринишидаги Самарқанд тамғаси билан бостирилган шу каби танга турларида суғдий ёзувда “хоқон” унвони учрайди: 1) ўнг юзасида бироз қисиқ кўзли, соқолсиз, думалоқ юзли эркак киши тасвири, орқа юзасида эса “Турон ҳукмдори хоқон” унвони ўрин олган тангалар; 2) ўнг юзасида тўғрига қараган, бироз қисиқ кўзли, думалоқ юзли эркак киши тасвири ва унинг сўл ёнида “хоқон” унвони, орқа юзасида эса тўғрига қараган, думалоқ юзли хотин киши тасвири ва унинг сўл ёнида   кўринишидаги тамға, ўнг томонида эса “хотун” унвони ўрин олган тангалар.

 

Ўз вақтида бу туркумдаги тангаларнинг айрим турлари О.И.Смирнова томонидан γwβ  mwrnyn γnš’nh “Эзгу нишон (соҳиби) ҳукмдор Мук/рнин” деб ўқилган [Смирнова 1981: 21-22]‚ бироқ кўпчилик изланувчилар бу ўқишга қўшилмай келаётган эди. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, ҳар иккала танга турининг ўзаро бир-бири билан боғлиқ танга турлари бўлганини кўрсатадиган айрим белгилар кўзга ташланади. Биринчидан, “Турон ҳукмдори хоқон” сўзлари биргина узун сочли бошқарувчи тасвирли тангаларда эмас, иккинчи танга туридаги каби кўринишга ҳукмдор ўрин олган тангаларда ҳам учрайди. Қизиғи шундаки, ушбу “оралиқ танга” турида суғдий ёзув кўпинча тескари ёзилган кўринишда учрайди.

 

 

Бошқа томондан ўша кезларда Ғарбий турк хоқонларининг қизларига уйланиб, хоқонлик билан қариндош-уруғчиликни йўлга қўйган Самарқанд бошқарувчилари томонидан хоқонлар отига чиқарилган тангалар бўлиши мумкин. “Тан шу” йилномасида 590–620 йилларда Самарқандни бошқарган икки нафар ерли бошқарувчининг Ғарбий турк хоқонларига куёв бўлиб‚ “туркларга бўйсунгани” ва теварак (Суғд)даги қолган ҳукмдорликлар устидан устунликка эга бўлганига айрича урғу бериб ўтилади. “Бэй-ши” ва “Суй-шу” йилномаларида Кан (Самарқанд) бошқарувчиларидан Шифубининг хотини турк хоқони Даду (Тарду – 576–603 й.й.) хоқоннинг қизи экани айтилса, “Тан-шу”да эса Самарқанд бошқарувчиси Кюймучжининг Суй сулоласи (581–618) чоғида Ғарбий турк хоқони Шеху кехан (Ябғу-хоқон)нинг қизига уйлангани тилга олиниб, “у ўша кезлардан бошлаб туркларга бўйсунгани”га урғу берилади [Бичурин 1950, II:271, 281, 311; Chavannes1903: 132, 135]. Айрим изланувчилар уни VII аср боши (биринчи ўнйиллик)да Самарқанд бошқарувида бўлиб, Ғарбий турк ҳукмдори Ябғу-хоқон, яъни Тун ябғу-хоқон (618–630) томонидан куёв қилингач, ушбу хоқоннинг қўллаб-қувватлаши билан довруқ қозонганини илгари сурадилар [Skaff 2002: 364–372; Sarıtaş 2005: 475–478].

 

Суғд ўлкасига тегишли экани анчагина аниқ бўлиб, чамаси, Самарқандда ёки бугунги Самарқанд вилоятининг Уструшонага чегара шимолий ерларида бостирилган қўшалоқ тасвирли (бошқарувчи ва хотун (малика)) тангаларда суғдий ёзувда “хотун” унвони учрайди. Ушбу тангаларнинг иконографияси Чоч ўлкасида бостирилган Ғарбий Турк хоқонлигининг хос тангаларидаги тасвирлар билан ўта яқин ўхшашликка эга. Бу ўхшашлик ҳар иккала ўлка тангаларида бошқарувчи тасвирининг узун сочли, қисиқ кўзли, соқолсиз чизилиши билан бирга хотун (малика) тасвирларида уч қиррали қалпоқ кийган хотиннинг қисиқ кўзли ва думалоқ юзли чизилишида кўзга ташланади.

 

 

Қизиғи шундаки, бошқарувчи ва хотуннинг бундай кўринишда чизилиши эски туркларни эслатиб, илк бор Турк хоқонлиги бошқаруви чоғида учрай бошлайди. Изланувчилар тангалардаги бу сюжетлар Византия империяси тангаларидан олинганини илгари сурадилар [Массон 1951: 97, 99; Ртвеладзе 1998: 11; Баратова 2005: 418; Бабаяров, Кубатин 2008:3-5]. Ғарбий Турк хоқонлиги 560 йилларда Византия билан ўрнатган иттифоқчилик натижасида хоқонликнинг Чочда бостирилган хос тангаларида ўрин ола бошлаган Византия тангаларига хос тасвирлар кўп ўтмай “миллийлашув” босқичига киради. Бу эса Суғд тангаларига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Шу йўсинда Суғд ўлкасининг бу туркум тангаларидаги ўзига хосликлар (иконография, унвон ва б.)ларга таяниб, уларга Ғарбий Турк хоқонлиги билан тўғридан тўғри эмас, билвосита боғлиқ тангалар деб қаралмоқда. Бошқа томондан эса қўшалоқ тасвирли ушбу тангалар Самарқанднинг Ғарбий турк хоқонларига куёв бўлган ерли сулола бошқарувчиларига тегишли тангалар бўлиши ҳам мумкин.

 

Демак, юқорида келтирилган маълумотлардан англашиладики, Туронда хотин-қизларнинг ўрни анча юқори бўлиб, бу ҳолат биргина бошқарувчи тоифадагилар учун эмас, қадимги турк жамиятининг барча вакиллари турмуши мисолида ҳам ўз тасдиғига эга. Айниқса, Турк хоқонлиги бошқаруви чоғида туронлик хотин-қизлар анча эркин бўлгани, улар жамиятнинг бошқа вакиллари томонидан камситилмаганини ёзма манбалар тасдиқлаб турибди.

 

Феруза ЖУМАНИЯЗОВА,

ЎзР ФА Шарқшунослик институти катта илмий ходими,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Фойдаланилган адабиётлар

1. Абдураҳмонов Ғ., Рустамов А. Қадимги туркий тил. – Тошкент: Ўқитувчи, 1982.

2. Бабаяров Г., Кубатин А. К вопросу о Византийском влияния на иконографию монет Западно-Тюркского каганата // Ozbekistоn tariхi, № 4. – Tашкент, 2008. – С. 310.

3. Баратова Л.С. Византийско-согдийско-тюркский симбиоз на монетах Средней Азии // Second International Conгess on Turkic Civilization, Bishkek, October 4–6, 2004. – Bishkek, 2005. – С. 415–422.

4. Бичурин Н. Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. В 3-х томах. М. Л.: Изд. АН СССР, 1950.

5. Буряков Ю. Ф. Историческая топография Ташкентского оазиса. – Ташкент: Фан, 1975.

6. Массон М.Е. К вопросу о взаимоотношениях Византии и Средней Азии по данным нумизматики // Труды САГУ, вып. 23. Ташкент, 1951. С. 91104.

7. Кубатин А.В. Система титулов Тюркского каганата: генезис и преемственность. – Ташкент: Yanginashr, 2016.

8. Ртвеладзе Э.В. Монеты на Великом Щелковом пути // Нумизматика Центральной Азии, III. - Ташкент, 1998. – С. 517.

9. Смирнова О.И. Сводный каталог согдийских монет. Бронза.  М., 1981.

10. Торланбаева К. У. Дуальная организация и система наследования у Восточных тюрок // Shygys. – Aлматы, 2004. – № 1. – С. 29–34.

11. Ҳудуд ул­олам (Мовароуннаҳр тавсифи). Форс тилидан таржима‚ сўз боши‚ изоҳлар ва жой номлари кўрсаткичи муаллифи О. Бўриев. – Тошкент, 2008.

12. Chavannes E. Documents sur les Tou-kiue (Turks) occidentaux // Сборник трудов Орхонской экспедиции. Вып. 6. – СПб. 1903.

13. Chavannes E. Çin yıllıklarına göre Batı Türkleri. Çeviri M. Koç. – İstanbul: Selenge, 2007.

14. Sarıtaş E. Göktürk Kültürünün Gaochanglılara etkileri üzerine bazı bilgiler // XV. Türk Tarih Kongresi, Ankara, 9–13 Eylül 2002. KongreyesunulanBildiriler. – Ankara, 2005. – Cilt. III. – S. 475–478.

15. Skaff K.J. Western Turk Rule of Turkestan’s Oases in the Sixth through Eighth Centuries // The Turks, 2, Ankara, 2002. –P. 364372.

16. TaşağılA. Gök-Türk tarihi. – Ankara‚ 2003.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 42
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10403
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//