Чўлпон пьесасининг қўлёзма варианти топилди. Бунга қадар асар ҳақида нималар маълум эди?


Сақлаш
16:50 / 20.09.2024 257 0

Чўлпон беқиёс шоир бўлиши билан бирга, роман миқёсида фикрлай оладиган адиб ва моҳир драматург ҳам эди. Унинг драматик асарларининг аксарияти замон шамолларида йўқолиб кетган ёки яширилган. “Замона хотини” ҳам Чўлпоннинг бугунга қадар қўлёзма нусхаси топилмаган  нодир пьесаларидан бири эди. Сизга етказмоқчи бўлган хушхабаримиз шундан иборатки, ҳеч кутилмаганда асарнинг арабий имлодаги қўлёзма варианти топилди. Энг муҳим жиҳати, қўлёзма устидан Чўлпон хати билан тузатишлар, изоҳлар киритилган, сўзбоши ҳам ёзилган.

 

Қўлёзма бугунга қадар Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи “Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари архив фонди”да сақланган бўлиб, Фитратга доир манбалар орасида бўлган, унвон варағи йўқолгани учун кимнинг қайси асари экани аниқланмаган ва ҳужжатга ҳам ном берилмаган. Матн билан танишиш асносида унинг Чўлпон қаламига мансуб “Замона хотини” асари экани аниқланди. Буни Чўлпон томонидан ёзилган сўзбоши, матн устидан қилинган таҳрирлар ҳам исботлаб турар эди. Таҳрир ва тузатишлар, қўшимчалар Чўлпоннинг ўзи томонидан амалга оширилган бўлиб, Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи томонидан тақдим қилинган Чўлпон дастхати билан солиштирилганда, айни бир хат экани ва у муаллифнинг ўзига тегишлилиги маълум бўлди.

 

Қўлёзма ҳолатига кўра яхши сақланган бўлиб, хат бемалол англашилади. Матн аввал йўл-йўл чизиқли умумий дафтарга туширилган, ундан А4 форматидаги қоғозга нусха олинган. Умумий дафтарнинг сиёҳранг муқова қисми ва айрим бўлакларигина сақланган. Папка ичида 3 турдаги ҳужжат мавжуд: пьесага сўзбоши қилиб ёзилган матн нусхаси (матндан 26,5*36,5 ўлчамдаги қоғозга нусха олинган бўлиб, бу сўзбошининг ярми; сўнгбоши Чўлпон хатида); қўлёзма матн устидан Чўлпон ўқиб таҳрир киритган умумий дафтар бўлаклари (21*17 см. ўлчамдаги йўл-йўл дафтар; асосий матн ким томонидан кўчирилгани номаълум, ёзув табиатига эътибор қаратилса, аёл киши томонидан Чўлпон қораламасидан кўчирилганини тахмин қилиш мумкин; муаллиф томонидан айтиб туриб ёзилмаган); мазкур дафтардан олинган нусха (А4 ўлчамдаги иш қоғозида).

 

 

Бу манба топилгунга қадар асар борасида нималар маълум эди? Аввало, айтиш керакки, таянч матн мавжуд эди. Асар ҳақида бўлса айрим тахминлар илгари сурилар, олимлар қўлёзма манба топилмагани сабаб якуний хулосаларни беришдан тийиларди. Бугунга қадар қўлимиздаги ягона манба пьесанинг илк бор “Шарқ юлдузи” журналининг 1992 йил 10-сонида босилган нашр варианти эди. Иккинчи нашр варианти – Чўлпон асарлари 4 жилдилигидан жой олган бўлиб (“Академнашр”, 2016), журнал вариантининг айни ўзи (олимларнинг оғир меҳнатини қадрлаган ҳолда айтиш мумкинки, журнал вариантида йўл қўйилган хатолар китобда ҳам такрорланган).

 

Журналнинг “Мерос” рукнида жорий ёзувда муаллифнинг “Шунигина дейман...” сарлавҳали сўзбошиси билан эълон қилинган пьеса Мумтоз Муҳаммедов, Комил Яшин, Салоҳиддин Мамажонов томонидан нашрга тайёрланган. Салоҳиддин Мамажонов асар тарихи, топилиши ва нашрга тайёрланиш жараёни ҳақида тадқиқий мақола ҳам ҳавола қилган. Олим асар Мумтоз Муҳамедов қўлида пьеса ёзилган – 1928 йилдан бери яширинча сақлангани, бундан фақат Комил Яшин хабардор бўлгани, 1992 йилга келиб, мустақиллик шарофати билан оммага ошкор этилгани ҳақида ёзади. Мумтоз Муҳамедовнинг Солоҳиддин Мамажоновга баён қилиб беришича, 1928 йилда Ленинградда драматургия масалаларига бағишланган йиғин бўлиб ўтади ва унда ўзбек зиёлиларидан Чўлпон, Комил Яшин, Зиё Саид ва Мумтоз Муҳамедовнинг ўзи ҳам иштирок этади. Шу орада Тошкентдан Чўлпонга қўнғироқ қилишади, уни НКВД сўраб-суриштираётган эди. Ҳаросонликда қолган Чўлпон унутиб қолдирилган пьесасини топиб қўйишни андижонлик рус дўстига илтимос қилиб, ватанга қайтади. Чўлпон тайин этган одам Мумтоз Муҳамедов билан биргаликда асарни мажлислар залидан топади ва шу билан пьеса Мумтоз Муҳамедовнинг қўлида қолиб кетади.

 

Олимлар Сотти Ҳусайн, Салоҳиддин Мамажонов, Сирожиддин Аҳмедов умумий сюжет чизиғи, иштирокчилар ва уларнинг номларидаги бир хилликка таянган ҳолда асарнинг саҳна варианти ҳам мавжудлиги, у “Муштумзўр” дея аталиши, буни Маннон Уйғурнинг ўзи саҳнабоп қилиб тайёрлаган бўлиши мумикинлигини таъкидлайди. Биз Сирожиддин Аҳмедов билан шахсан сўзлашганимизда ҳам олим бу фикрни тасдиқлади. Олим фикрича, санъатшунослик институтида сақланаётган Чўлпоннинг “Муштумзўр” номли пьесаси бир бетлик баёни “Замона хотини”га тўла мос келади. Шунингдек, “Ўзбек миллий академик драма театри тарихи” китоби (Тошкент, 2003) муаллифлари келтирган мазкур театр репертуарида 1928 йилнинг 20 октябрида Чўлпоннинг “Муштумзўр” пьесаси саҳналаштирилгани, Маннон Уйғур ва Мумтоз Муҳамедов режиссёрлик қилгани ҳақида маълумот берилган (Б.225.). Театр репертуарига эътибор билан қаралса, кейин ҳам Чўлпон таржимасида кўплаб асарлар саҳналаштирилган, аммо Чўлпоннинг бирор муаллифлик асари саҳнага олиб чиқилмаган.

 

Олим Салоҳиддин Мамажонов мақоласида “Чўлпоннинг ўзи қайта ишлаб ниҳоясига етказган, ҳатто кириш сўзини ёзиб, ўз имзоси билан тасдиқлаган асл нусха қўлимизга кирди”, дейди. 1928 йилга мансуб ва шахсан Чўлпоннинг илтимоси билан мажлислар залидан топилган қўлёзмани ўз кўзи билан кўрганлар ўтиб кетди. Аммо 1992 йил журнал нашрига асос бўлган бу қўлёзма қаерда қолди, кимда қолди? Биз музей фондидан топган манба – сиёҳранг муқовали дафтар – Мумтоз Муҳамедов топган, Комил Яшин хабардор бўлган ва Салоҳиддин Мамажоновга тақдим қилинган нусхамиди? Агар журнал вариантига асос бўлган манба мана шу бўлса, уни ким, қачон олиб келган, кимга топширган, дафтардан А4 форматдаги қоғозга ким нусха олган, бу иш қачон бўлган? Афсуски, бу саволларга аниқ жавоб йўқ. Музейнинг қайд дафтарида, каталогларида бу ҳақида бирор маълумот учрамайди. Фақат бир нарсани айтиш мумкин, нусха олишда фойдаланилган А4 форматдаги қоғозлар “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталиги таҳририятига тегишли. Чунки айрим қоғозларнинг орқа қисмида газета номи, банк реквизитлари ва манзили кўрсатилган бўлиб, бу бизга кераксиз иш қоғозларидан фойдаланилган деган хулосани беради. Газета 1981 йилдан “Ўзбекистон маданияти” номини ўзгартириб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” номи билан чиқа бошлаганини ҳисобга олсак, демак, 80-йиллардан кейин дафтардан нусха олинган. Аммо масалани аниқлаштирувчи яна бирор ҳужжат қўлимизга кирмагунча, етарлича аниқликда жавоб бериб бўлмайди. Ҳар икки матнни тўла солиштирибгина, нисбатан аниқроқ жавоб олиш мумкин.

 

 

Аввало, Чўлпон томонидан ёзилган сўзбоши хусусида. Сўзбоши Чўлпоннинг ўз қўли билан ёзилган бўлиб, дастхат буни тасдиқлайди. Сўз сўнгида Чўлпон ўз имзосини қўйган, сўнг “1928 йил 14 май, Самарқанд” дея вақт ва манзилни кўрсатган. Журналда босилган сўзбоши фотонусхаси ва бизнинг қўлимиздаги сўзбоши айни бир нусха, матн ва матн ҳошиясидаги белгилар ҳам бир хил. Чўлпон асарни 1928 йил 13 июнда Самарқаддалигида ёзиб тамомлаган, аниқроғи, таҳрир ишларини якунлаган. Сўзбошини бўлса бир ой аввал, 14 май санасида қоғозга туширган. Чўлпоннинг ўзи асарни уч қайта ишлаганини маълум қилади:

 

1) биринчи варианти Масковда вақти икки пардали қилиб, “Замона хотини” номи билан ёзилган;

 

2) иккинчи варианти бироз кенгайтирилган ва замонга, мавжуд турмуш тарзига мосланган; унда на кулги ва на фожиа элементлари бўртиб кўринмаганлиги учун муаллиф асарни “пьеса” деб атаган;

 

3) учинчи варианти; Марказий давлат туруппаси асарни саҳналаштириш вазифасини Маннон Уйғурга юклар экан, Чўлпон Уйғурнинг талаби билан “кўпрак кулгидан иборат бўлғон бурунғи ҳолидан чиқариб, фожиага айлантир”ган. Чўлпон ўзи ишлаб чиққан учинчи вариантни мукаммал нусха сифатида кўрсатади ва шу билан “бас қилдиқ” дейди. Эҳтимол, Маннон Уйғур шу учинчи вариант асосида асарнинг саҳнавий талқинини яратган ва “Муштумзўр” номи билан 1928 йилнинг 20 октябрида томошабинларга тақдим этилган.

 

Асар ҳалоллик, меҳнат, инсон шаънини авайлаш каби азалий қадриятлар устига қурилган. Шунингдек, боласини бағрига босганча, янги ижтимоий муносабатлар ичига қисиниб-қимтиниб кириб бораётган ўзбек аёли ҳақида сўзлаб, тўғрироғи, кўрсатиб беради.

 

Эндиги вазифа – Чўлпоннинг ўзи назардан ўткизган манба асосида асарнинг мукаммал матнини тиклаш, асар мазмунига таъсир этадиган даражадаги тушириб қолдирилган сўзлар, бирикмалар, иборалар, жумлалар, диалог парчаларини ўз ўрнига қўйиш ва нашр этиш масаласидир.

 

Шаҳноза НАЗАРОВА,

ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Давлат

адабиёт музейи катта илмий ходими,

филология фанлари доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11779
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//