Афанди кимга хизмат қилган?


Сақлаш
20:05 / 18.09.2024 80 0

Насриддин Афанди ҳақидаги ҳикоя, ривоят, мултфильм ёки кинони қўя туринг, ҳатто унинг исмини эшитганимизда ҳам барчамизнинг юзимизда табассум, руҳиятимизда илиқлик пайдо бўлади. Унинг саргузаштлари ва кўрган-кечирганлари ҳақидаги афсоналар халқимизнинг қалби тўридан жой олган. Афанди образи нафақат ўзбеклар, балки қўшни ва қардош халқлар, форслар, араблар фольклорида ҳам учрайди. Шу сабабли Афанди ҳақидаги латифалар UNESKOнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Афанди образи Марказий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ халқлари фольклорига кирганидан то бугунги кунгача асосан у оғир вазиятлардан осон чиқа оладиган ақлли, зукко киши сифатида, оддий халқ хизматида юрувчи, зулмдан қийналган халқнинг дардига дармон бўлувчи, етимларнинг ҳақи учун курашувчи образларда гавдаланади.

 

Биз бу мақоламиз Афанди ҳақидаги латифалар билан улғайган авлод ва у ҳақида асар яратган ижодкорларнинг дилини хира қилишини истамаймиз. Фақатгина Афандиники дея иддао қилинган аксарият латифалардан шўролар даврида қай мақсадда фойдаланишгани ҳамда ушбу ҳолатнинг бугунги асоратлари ҳақида сўз юритмоқчимиз.

 

 

Насриддин Афанди тарихий шахсми?

 

Насриддин Афанди латифалари асосида унинг тарихий шахс ёки тўқима образ эканлигини аниқлаш юзасидан олиб борилган илмий тадқиқотлар натижалари бир-бирини инкор қилади. Айрим олимлар “Насриддин Афанди тўқима образ”, дейишади. Яна бир гуруҳ олимлар эса “Носириддин Тусий мазкур образнинг прототипидир”, деган фикрни илгари суришади. Бошқа кишилар эса образ ҳаётдаги реал шахс – 1206–1284 йилларда Кичик Осиё (Туркия)да яшаган Насриддин Хўжа эканлигини таъкидлашади. Шу ўринда айни сўнгги қараш ҳақиқатга яқинроқ эканини аксарият илм аҳли тасдиқлаганини қайд этмоқ жоиз. Уларнинг фикрига кўра, Хўжа Насриддин Кўния Салжуқийлари давлати пойтахти бўлган Ақшеҳир элида туғилган ва мадраса таълимини олган. Ўз қишлоғида масжидда имом, кейинчалик бир неча шаҳарларда қози лавозимларида ишлаган. Унинг Мавлоно Жалолиддин Румий билан ҳам яқин бўлгани ва сўфий сифатида кўплаб шаҳарларга боргани тўғрисида маълумотлар бор.

 

 

Сохта саргузаштлар

 

Насриддин Афанди ҳақида Можористондан Шарқий Туркистонгача, Жанубий Сибирдан Шимолий Африкагача тарқалган латифаларга кўра, гоҳида у донишманд ва ҳозиржавоб, гоҳида алдоқчи ва маккор, адолатли қози ёки сўфий сифатида гавдаланади. Афанди фольклор намуналарида бахиллар, мутаассиблар, мунофиқлар, порахўрларни масхара қилади. У сўзамоллик билан оғир вазиятлардан чиқиб кета оладиган ҳозиржавоб киши сифатида тасвирланади.

 

Мазкур катта жуғрофий маконда Афанди латифалари, айниқса, босма нашрлар ривожланганидан кейин янада кўпроқ тарқалди, оммалашди. Шўро мафкурачилари Афанди образи ва унинг латифаларидан ўз мақсади йўлида фойдаланишга ўтишди. Махсус сценарийлар асосида кинофильм ва мултфильмлар тайёрлаб, оммавий равишда халққа тақдим қила бошлашди. Бу орқали мустамлакачилар Туркистондаги хонликлар тузумини йўқ қилгани, бойлар, йирик ер эгаларининг мол-мулки тортиб олиниб, ўзлари “қулоқ” қилгани, олиму уламоларнинг қатлиом этганини оқлашга ҳаракат қилишди.

 

Қолаверса, улар Афанди образи оддий халқнинг маҳаллий зиёлиларга нисбатан муносабатини совуқлаштириш, уларни золим, жоҳил, иккиюзламачи, товламачи, порахўр қилиб кўрсатиш ва шўролар жамиятининг “адолати”га урғу беришда самарали тарғибот қуроли бўлишини яхши англаганлар. Мафкура тарғиботчилари Афанди образини Туркистоннинг золим хон ва амирлари, адолатсиз қози ва вазирлари, муттаҳам ҳоким ва аскарлари, лақма ва дангаса ер эгалари ҳамда бойларидан азият чеккан йўқсилларнинг вакили, уларнинг ҳимоячисига айлантиришга интилдилар.

 

Афанди саргузаштлари асосида тайёрланган бир нечта кино ва мултфильм 1943 йилдан бошлаб то собиқ Иттифоқ таназзулга юз тутгунича унинг ҳудудидаги кинотеатрларда, телеканалларда мунтазам намойиш қилинган. Шу тариқа ўтмишда халқ хизматида бўлган давлат амалдорларнинг “адолатсиз, жоҳил, хотинбоз, лақма, мутаассиб, очкўз”, бўлганлиги ҳақидаги сохта қарашлар зимдан халқ онгига сингдирилди. Натижада миллатга хизмат қилган хону амирларга, вазиру уламоларга, умуман нисбатан салбий муносабат шаклланди. Албатта, биз уларнинг барчаси оппоқ бўлган, деган фикрдан йироқмиз. Лекин айнан мана шундай визуал тарғибот воситалари орқали юртдошларимиз кўнглида аждодларимизга, тарихимизга ва энг ачинарлиси, ўзимизга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлди.

 

 

Немисларнинг Афандиси

 

Немис адабиётида Барон Мюнхаузен Насриддин Афандининг аналоги ҳисобланади. Қатор кино ва мултипликатсион фильмлардан яхши биламизки, у зодагонлар қатламига мансуб бўлган. Унинг ҳаёти ва саргузаштлари асосида тайёрланган сценарийларда шўролардан фарқли равишда мулкий тенгсизликка урғу берилмаган. У камбағаллар вакили эмас, ҳарбий, катта ер-мулк эгаси сифатида намоён бўлади. Ёки замонавий инглизларнинг ҳақиқий Афандисига айланиб улгурган Мистер Бинни олсак, у ҳам ё давлат агенти ёки яна бошқа вазифаларда ишлаш асносида ўзининг беўхшов хатти-ҳаракатлари ва кулгили саргузаштлари орқали жамиятдаги айрим иллатларни фош этади.

 

 

 Хулоса ўрнида

 

Агар Афанди образининг прототипи Насриддин Хўжа эканлигига ишонадиган бўлсак, унинг шўролар яратган фильмларда тасвирланганидек кинодагидек атеист эмас, балки Жалолиддин Румий, Ҳожи Бектош Вали, Юнус Эмро сингари алломалар таълимотини ўзига сингдирган тасаввуф тариқати вакили эканлигига гувоҳ бўламиз. Шу маънода, Афанди тимсолидан диний ва миллий қадриятларимизга беписанд қарайдиган сунъий қаҳрамон ясашга бўлган уринишлар ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди. Устига устак, мазкур образ воситасида ўғрилик каби иллатлар оддий ҳолат сифатида тасвирлангани ҳам ачинарлидир. Бундай талқин бировларнинг молини ўзлаштириб олиш у ёқда турсин, ўзганинг нарсасига берухсат қўл текизишни-да айб санайдиган халқимизнинг покиза табиатига ҳам мос келмайди.

 

 

Бекзод АБДИРИМОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Хоразм вилояти бўлими раҳбари

 

“Жадид” газетаси, 2024 йил 13 сентябрь 38-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10341
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//