Мусофирликда ҳаётимизни нолдан бошладик – Америкада касбини ўзгартирган ўзбек аёли


Сақлаш
13:21 / 18.09.2024 24 0

Лобархон Усмонова – йигирма йилдан бери оиласи билан Америкада яшайди. Асли касби журналист бўлган Лобарни қандай сабаблар айти (IT)ни ўрганишга мажбур қилди? Қаҳрамонимиз шу ҳақида ва Америкадаги сўз эркинлиги, айти соҳасидаги ютуқлар ҳамда ўзбекона қадриятлар ҳақида ҳикоя қилади.

 

Америка орзуси ва океанортидаги оилам

 

Турмуш ўртоғим билан курсдошмиз. Улар Fulbright дастури орқали Америкага ўқишга кетганларида Лобарни ҳам шу ерга олиб келаман, деб ният қилган эканлар. Шу ният Америкага келишимга энг биринчи сабаб бўлган. Улар Ўзбекистонга қайтганларидан сўнг биз турмуш қурдик, университетни тамомлаб турли соҳаларда ишлай бошладик. Ўқитувчи, таржимон, радио бошловчи, оператор сифатида ўзимизни синадик. Турмуш ўртоғим ваъдасини бажариш учун Америка визасига ҳужжат топширди ва шу тариқа 2004 йили океанорти мамлакатига келдик.

 

 

Бизни улғайтирган ва ҳаётга қўйиб юборган ота-оналаримиз, жигарларимиз бари Ўзбекистонда. Америкадаги оиламиз кичиккина: мен, турмуш ўртоғим ва тўрт фарзандимдан иборат. Катта қизим 18 ёш. Бу йил Георге Масон университетига грант асосида ўқишга қабул қилинди. Иккинчи фарзандим – ўглим 17 ёш. У юқори мактаб битирувчиси. Бир вақтнинг ўзида давлат мактаби ҳамда академияда ўқияпти. У ерга кириш имкони уч фоиз эди. Омади келиб, пазандалик санъати йўналишига қабул қилинди. Энди мактабини битириш арафасида диплом билан бирга, пазандалик сертификатини ҳам қўлга оладиган бўлди. 12 ёшли қизим ўрта мактабнинг 7-синф ўқувчиси. Мактабдан ташқари, ўзбек рақс тўгараги ва софтбалл спорт ўйини билан шуғулланади. Тўртинчи фарзандим – ўғлим 4 ёш. Уни бу йил мактабгача таълим академия мактабига бердик.

 

Мусофирликда ҳаётимизни нолдан бошладик

 

Нотаниш маскан, нотаниш одамлар, бошқа тил, таомлар, уйлар, шароитлар, кўчалар, маданият, яшаш тарзи ҳамма-ҳаммаси янги эди. Ҳар бирини бирма бир кузатиб ўргана бошладик. Ўзимизга, оиламизга фойдали тарафларини татбиқ этиб кўрдик. Бир жойга мослашиб, ўзимизга уй олгунча, кўп штат алмаштирдик. Ҳар штатнинг яшаш таомили турлича эди, хатто одамлариям. Кўп кўч-кўчда юрганимиз учун бир жойда хотиржам яшаш қийин кечган. Вақтинчалик меҳмонга келган одамдек беҳаловат, ҳижолат бўлиб яшардик. Болаларнинг мактаблари ҳам кўп ўзгаргани сабаб узоқ йиллик дўстлар орттиришга имконлари бўлмаган. Афзаллиги эса қаерга борсангиз, албатта, ўзбеклар бор. Доим қўллаб-қувватлашади, борди-келди қиласиз, яқинлар соғинчини шулар билан тўлдирасиз.

 

Журналистикага ўқиганим ёрдам берди

 

Университетда тақдир тақозоси билан япон тили ўрганган эдим. Бу тил, афсуски, Америкада умуман ёрдам бермади. Журналистика йўналишини ўрганганимиз эса бироз асқотган. Аввалига, турмуш ўртоғим радиода ишладилар. Мен эса Америкада очилган ўзбек газетасига мақолалар ёзиб берардим. Америка журналистикасида ишлашга кўп қунт қилмадим, инглиз тилим мукаммал эмаслигидан ҳижолат бўлдим. Лекин ўзбек тилида ҳозиргача турли нашрларга ёзиб тураман. Китоб ёзиш ниятим ҳам йўқ эмас.

 

 

Америкада сўз эркинлиги деярли ўзимизникидек. Биласиз, демократик давлат. Ҳар бир инсон ўз фикрини билдириш ҳуқуқи борлиги қонун билан ҳимояланган. Шу билан бирга, қонунларга амал қилиш ҳар бир фуқаронинг вазифаси. Одамлар ўз фикрини билдирганда шахсиятни ҳақоратламасдан гапиришларидан кўп нарса ўрганганман. Инсонни қай аҳволда бўлса ҳам ҳурмат қилиш, ташқи кўринишига баҳо беришдан кўра юқорироқ туради. Биз америкаликлардан шахсни ҳурмат қилиш ва сўз эркинлигининг фарқини ўрганишимиз зарур, деб ўйлайман.

 

Америкадаги ҳаёт касбимни ўзгартиришимга сабаб бўлди

 

Аввало ойлик сабаб айти (IT) соҳасини танладим. Косметика сотувчилигидан соатига 15 доллар олиб юрган вақтларим ITда энг кам иш ҳақи соатига 50 доллар бўлади, дейишди. Аввалига “Йўқ, мен аниқ фанлар одами эмасман, арифметика ва кодинглар билан бошимни қотириш ниятим йўқ, бир янги касбни бошидан ўрганишимга жуда кеч” деб, қатъий қарши бўлдим. Кейин менга таклиф қилинаётган ITни яхшилаб тушунтиришди: бу йўналишнинг кодлаштиришга умуман алоқаси йўқ. Бизнес таҳлилда одамлар билан гаплашасан, улардан саволлар сўрайсан, ҳужжат ишларини қиласан. Фақат коммуникатсия қилсанг бўлди, дейишди. Уй олишимиз учун пул керак эди. Астойдил ўқиб, тайёрландим ва ўзим ҳам кутмаганда соҳа ичига кириб кетдим. Мен танлаган IT йўналиши ҳақиқатдан ҳам кодингдан узоқда, асосан, бизнес таклифлар устида ишлаш бўлгани ва бунда журналистик маҳоратимни ишлатиш жуда қўл келгани боис тез мослаша олдим.

 

Америкага келаётган билимли қатлам қулай ҳаёт истагида айтини танламоқда

 

Америкада ахборот технологиялар (IT) соҳасига талаб жуда катта. Ҳар қандай компания у давлатникими, шахсийми, ҳар қандай бизнес, ўқув марказлари дейсизми, тиббиёт, озиқ-овқат хизматлари, сотиш, сотиб олиш – ҳамма ҳаммаси ортида катта ва узлуксиз айти хизматлари бўлади. Одамлар бу ерда нақд пул кўтариб юрмайди, ҳаммаси компютерда рақамларга айланган. Ҳаётимиз рақамлар ва компютерга муҳрланган. Қоғозбозлик камайган, ҳеч ким энди папка-папка ҳужжатлар кўтариб юрмайди. Ҳамма ёзиш-чизишлар компютерда – веб тармоқларда сақланади. Қайси офисга борсангиз, юзингизгамас, компютердаги сиз ҳақингиздаги маълумотларга қараб иш қилишади. Шуларни барига айти орқали эришилди.

 

Америкада қаерга қараманг, баланд ва чиройли айти компанияларининг биноларини кўрасиз. Бирор катта банк ёки бизнес маркази деб ўйлаган бинойингиз ичида ҳам, албатта, каттагина айти жамоаси бўлади. Талаб кўп, шунга яраша таклиф қилувчи кадрлар ҳам кўп талайгина. Соҳада ишлаш учун диплом шарт эмас, ишингизнинг устаси бўлсангиз, интервюда шуни исботлай олсангиз, жамоага қабул қилинаверасиз. Иш кўп, яхши кадр доим керак. Бир лойиҳангиз тугаб қолса, янгисини топиш ҳам осон.

 

 

Бу ердаги ватандошларимизнинг бари илк йилларда мусофирлик синовларидан ўтишади. Ёрдам ва кўмаксиз нолдан оёққа туради ҳаммаси. Қийинчиликни ҳам, йўқчиликни ҳам кўради. АҚШга келган аксар дипломли, билимли қатлам ўзига қулай ҳаётни яратишни истагани учун ҳам, бошқа тирикчилик вариантларидан кўра ITни маъқул кўрмоқда. Лекин соҳани ўрганиб, эплаб ишлаб кетганлардан кўра, дарсларини ярмидан ёки битиргач, иш қидириш жараёнида, ҳатто бир марта ишлаб кўргач ташлаб кетганлар ҳам кўп.

 

Америкада яхши яшаш яъни кўримлигина уй, машиналар сотиб олиш, болаларнинг ўқиш ва тўгараклари, йилига камида бир-икки марта саёҳат қилиш харажатлари ва истаган нарсангизни истаган вақтда бемалол сотиб олиш қурбига эга бўлиш учун камида IТ(айти) соҳасида ишлашингиз керак. Чунки яхши яшаш жуда қимматга тушади, айниқса, катта шаҳар ва унинг атрофида яшасангиз.

 

Иқтидорли кадрларимиз дунё бозорига чиқиши керак

 

Кузатувимга кўра, Ўзбекистондан асосан кодлашга ихтисослаштирилган дастурчилар кўпроқ чиқариляпти. Бу яхши, албатта. Лекин, ҳозир сунъий интеллектнинг бу ишни “олиб қўйиш” эҳтимоли юқори. Шу боис СИни кўпроқ татбиқ қилиш ва уни тажрибада кенгроқ ишлатишни ўрганиш замон талаби бўлиб боряпти.

 

ITнинг "Business Analytic", "System Analytic", "Scrum Master" йўналишлари кўп тарғиб қилинмайди Ўзбекистонда. Шуларни ҳам ўргатувчилар керак. Бундан ташқари, Ўзбекистон кадрларини дунё бозорига олиб чиқишни кенгроқ йўлга қўйиш керак.

 

Булардан ҳам аввал эса Ўзбекистондаги система хавфсизлигини мустаҳкамлаш лозим. Компания даталари ичида ишлаш ҳазилакам иш эмас. Агар интернет тизимимиз хавфсизлиги глобал компаниялар талабига жавоб беролмаса, Ўзбекистондан кадр олиш ҳали бери IT дунёси учун вариант бўла олмайди. Ҳозирда Ўзбекистонда ахборот технологияларни ривожлантириш учун жуда кўп ҳаракатлар олиб бориляпти, буни кўриб фақат хурсанд бўламан. Биз ҳам Ҳиндистон, Мексика ва бошқа рақобатчи давлат айтичилари каби дунё бозорига чиқишимизни, иқтидорли кадрларимизнинг таниқли компанияларда ишлашини жуда ҳам истардим.

 

Америкадаги ўзбек оилаларида аёл қадрланади

 

Бу ердаги ўзбек оилаларида аёллар бошқачароқ қадрланади, менимча. Масалан, мен билган эр-хотин баравар ишлайдиган оилаларда уй ишлари тақсимланган. Фарзандлар уй ишларига йўналтирилган. Агар онанинг иши кўпайиб кетса, кечки таомни ота ҳам, фарзандлар ҳам қилиб кетаверишади. Йиғилган кийимлар, идишлар онани кутиб турмайди. Тайёр тозалайдиган машинага солиб, тугмачани босишни ҳамма эплай олади. Ишлайдиган онадан уй юмушларини бир ўзи қилишини кутиш бу онага нисбатан ноҳақлик. Она ҳам оддий одам, у ҳам чарчайди, аёлга доим ёрдам ва дам керак. Ҳаммага иш ва ҳордиқ бирдек тақсимланса, бу оиладан барака, ўзаро меҳр ва тотувлик ҳеч қачон аримайди, деб ўйлайман.

 

 

Энг катта орзуйим

 

Фарзандларимизга ўзбеклигимизни эслатиб туриш ота-она сифатида бизнинг вазифамиз. Виржинияда туришимизнинг ижобий томонларидан бири – бу ерда турли миллатли оилалар кўп. Халқларимиз ўртасидаги фарқни кўрсатиш, ўзлигимизни таърифлаб, тушунтириш қулай. Бу фарқларни ўзлари ҳам мактабда кўришади, кўпчилик ўқувчилар энг камида икки тилда гаплашади. Шунинг учун уйда ўзбек тилида гапириш ва ўрганиш фарзандларимга малол келмайди. Ўтган йил онам биз билан олти ой яшаб, фақат ўзбекча гаплашганларида болаларимда тилимизни янаям кўпроқ ўрганишга қизиқиш ортганини сездим. Чет элда яшаб шуни тушундимки, келажак авлодимизга биз ўтказишимиз шарт бўлган анъана – бу тарбия, тил, маданият ва динимиз экан. Ўзбекистонда яшасангиз кўпам эътибор бермаслигингиз мумкин, чунки бу муҳитнинг ичида яшаб улғаяётгани учун болага табиатан сингиб боради. Аммо бу ерда муҳит бошқа. Ўзбекчилик фақат мен ва отасида, баъзан бўлиб турадиган ўзбек йиғинларда бор, холос. Бошқа таъсир доираси йўқ. Фарзандларимизнинг келажаги биз уларга керакли бўлган қадриятларимиз пойдеворини мустаҳкам қўйиб беролишимизга боғлиқ бўларкан, менимча. Хорижда ўзлигингизни тўлиқ сақлаб қолиш жуда қийин иш. Атроф-муҳит таъсири бўлади, албатта. Шундай бўлса-да, қўлдан келганча асраб-авайлаб, болаларга қолдиролсак, улар ҳам фарзандига ўргатишга ҳаракат қилади. Кўп такрорлайман, бошқа миллатлар эплаяпти-ку, биз ҳам эплаймиз, мажбурлаб эмас, ўзлигига ҳақиқий меҳр ва севги билан уддалаймиз бу ишни.

 

Келажак учун режаларим кўп. Аввало, тез кунларда соғинган юртимга боришни ўйлаяпман. Фарзандларимиз катта бўлиб, ўз мустақил ҳаётларини бошлаш арафасида. Уларга биз тасаввурларида уйғотган Ватанимизни кўрсатиш вақти келган. Уларни ўзимиз истагандек жамиятга, айниқса, ўзбек жамиятига фойдаси тегадиган инсон бўлиб етишишларини кўриш энг катта орзуйим бўлса, айти йўналишида катта умидлар билан ўқиб, янги қадамлар қўяётган ёки қўйишга қўрқаётган қиз ва аёлларимизга кўмак бўладиган консултатив ўқув марказ очиш энг катта режам. Ҳозир бизга айти маркетида аёлларимизни қўллаб-қувватлаш жуда керак. Ўз қолипини ёриб чиқолмаётган талантли қизларимиз кўп, мен уларга ёрдам бермоқчиман. Шу ёрдамим билан интилиш ва қизиқиши бор ўзбек аёлларимиз ҳаётига, шахсиятига ўзгариш киритолсам, ўзимни энг бахтли инсон деб ҳис этган бўлардим.

 

 Зулхумор ОРИФЖОНОВА

тайёрлади.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

15:09 / 18.09.2024 0 20
Афанди кимга хизмат қилган?





Кўп ўқилган

Барчаси

//